• Бугунги сана: Juma, Aprel 28, 2017

Фуқаролик ишлари бўйича судга қандай мурожаат қилинади?

Ҳаётда шундай вазиятлар бўладики, муаммонинг ечими судга бориб тақалади. Бироқ ҳамма ҳам судга мурожаат қилишнинг тартиби, йўл-йўриғини билавермайди. Шундан келиб чиқиб, бу борада ўқувчиларга асқотадиган айрим маълумотларни бериб боришни мақсад қилдик.

Аввало шуни англаб олиш керакки, суд аксарият одамлар тасаввур қилгани каби жазоловчи муассаса эмас, балки адолатни қарор топтирадиган, бузилган ҳақ-ҳуқуқларни тиклайдиган органдир. Конституциямизнинг 44-моддасида ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Фуқароларнинг мурожаатини судларда кўриб чиқиш тартиби ва муддати Фуқаролик-процессуал кодекси, “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида”, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган.

Қайси суд кўриб чиқади?

Тасаввур қилайлик, сиз дуч келган “бошоғриқ”ни фақат суд ҳал қилиб бериши мумкин. У ҳолда мурожаатингизнинг тааллуқлилигини, яъни фуқаролик ёки жиноят ишлари бўйича судларнинг қай бирида кўриб чиқилишини аниқлаштириб олишингиз керак. Дейлик, ишингиз фуқаролик ҳуқуқига оид. Демак, сиз даъво аризаси билан фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судларига мурожаат қилишингиз лозим.

“Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 37-моддасида фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) суди қонун билан унинг ваколатлари доирасига берилган фуқаролик ишларини ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиши белгиланган. Фуқаролик процессуал кодекси (ФПК)нинг 4-моддасига кўра фуқаролик суд ишларини юритиш вазифалари фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини, эркинликлари ва манфаатларини, шунингдек, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролик ишларини тўғри, ўз вақтида кўриб чиқиш ва ҳал этишдан иборатдир.

Фуқаролик ишлари бўйича судларда кўриладиган даъво турлари:

  • ишга тиклаш;
  • зарарни қоплаш;
  • алимент ундириш;
  • оталикни белгилаш;
  • ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш;
  • никоҳни бекор қилиш;
  • тураржойдан кўчириш;
  • уй-жой билан боғлиқ низолар;
  • мулк ҳуқуқи билан боғлиқ низолар;
  • мулкни рўйхатдан чиқариш ҳақидаги даъволар;
  • ерга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар ва ҳ.

Фуқаролик суд ишларини кўриш ва ҳал этиш ФПК ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.

Нималарни билиш керак?

Cудга мурожаат қилиш ҳақида қатъий қарорга келдингизми? У ҳолда қуйидаги масалалалар бўйича маълумотга эга бўлишингиз фойдадан холи бўлмайди:

— судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгамисиз-йўқми;

— даъво аризасини қандай ёзиш керак;

— суд процессида кимлар иштирок этиши мумкин ва улар қандай ҳуқуқ, мажбуриятларга эга;

— судда ишингизни ўзингиз юритмоқчимисиз ёки вакилингиз орқалими;

— ўз ҳуқуқларингизни ҳимоя қилиш учун судга қандай далиллар келтирмоқчисиз;

— қандай ҳолатларда суд иш юритишни тўхтатиб туриши шарт;

— қачон суд аризани кўрмасдан қолдириши ёки иш юритишни тугатиши мумкин;

— қанча давлат божи тўлаш керак бўлади, яна қандай чиқимлар бор;

— агар судда ютқазсангиз, қаерга ва қандай тартибда шикоят қилиш мумкин ва ҳ.

Мабодо сиз далиллар тўғрисида олдиндан ўйлаб қўймасангиз, гарчи ҳақ бўлсангиз ҳам, суд процессида ютқазиб қўйишингиз мумкин. Агар юқори турувчи судга кассация шикояти бериш тартибидан бехабар бўлсангиз, бундай шикоят қилиш муддатини ўтказиб юборишингиз ҳеч гап эмас.

Судга мурожаат этишдан олдин малакали адвокатга мурожаат қилишни маслаҳат берамиз. Адвокат ҳуқуқларингизни тушунтириб беради, даъво аризасини ёзишга кўмаклашади, судга қандай далиллар тақдим қилишингиз бўйича маслаҳат беради. Шунингдек, у судда манфаатларингизни ҳимоя қилиши ҳам мумкин. Албатта, адвокатнинг ёрдами учун ҳақ тўлаш лозим бўлади. Лекин унинг кўмагида судда ютиб чиқишингиз эҳтимоли ортади.

Судда кимлар иш қўзғатишга ҳақли?

ФПКнинг 1-моддасида белгиланганидек, ҳар қандай манфаатдор шахс бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилиш учун қонунда белгиланган тартибда судга мурожаат қилиши мумкин.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, судга мурожаат қилаётган киши низо предмети бўлган ҳуқуқ (ёки қонуний манфаатлар) соҳиби бўлиши шарт. Масалан, қизининг никоҳидан норози бўлган она мазкур никоҳни бекор қилишни сўраб судга мурожаат қила олмайди. Чунки бу ҳолатда она ҳуқуқ соҳиби эмас. Никоҳнинг бекор қилинишини сўраб мазкур никоҳда бўлган эр ёки хотин судга мурожаат қилиши мумкин.

Судда ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга ошириш ҳамда иш юритишни вакилига топшириш лаёқати вояга етган фуқароларга ва ташкилотларга тегишли.

Вояга етмаган, яъни ёши ўн тўртдан ўн саккизгача бўлган фуқароларнинг, шунингдек, муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини судда уларнинг қонуний вакиллари, бинобарин ота-оналари, уларни фарзандликка олганлар ва ҳомийлар ҳимоя қилади. Аммо бу ҳол вояга етмаганларни ва муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқароларни бундай ишларда шахсан иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.

Меҳнат билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлардан ва олинган иш ҳақини ёки бошқа даромадни тасарруф этиш билан боғлиқ битимлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича вояга етмаганлар судда ўз ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини шахсан ҳимоя қила олади. Суд бу каби ишларда вояга етмаганларга ёрдам бериш учун уларнинг ота-оналарини, уларни фарзандликка олганларни ёки ҳомийларни жалб қилиши ҳам мумкин.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар мамлакатимиз судларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, улар процессуал ҳуқуқлардан ҳам Ўзбекистон фуқаролари билан баравар фойдаланади. Бундан ташқари, чет эл ташкилотлаpи республикамиз судлаpига муpожаат қилиши ва ўзлаpининг манфаатлаpини ҳимоя қилиш учун пpоцессуал ҳуқуқлаpдан фойдаланиши мумкин.

Суд қуйидаги ҳолларда фуқаролик ишини қўзғатади:

1) ўзининг ҳуқуқи ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилишни сўраб мурожаат қилган шахснинг аризаси бўйича;

2) прокурорнинг аризаси бўйича;

3) агар давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва айрим фуқаролар қонунга мувофиқ бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат этишга ҳақли бўлсалар, уларнинг берган аризалари бўйича.

ФПКнинг 1-моддасига мувофиқ судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан воз кечиш ҳақиқий эмас. Яъни сиз бу ҳуқуқдан воз кечсангиз ҳам бу ҳуқуқ сизда қолаверади. Шу боис шартномада тарафлардан бири судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан воз кечиш мажбуриятини олган бўлса, бундай шартноманинг айнан шу қисми ноқонуний ҳисобланади. Яна шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, фуқаролар ўзларига тегишли бўлган ҳуқуқлардан ўз ихтиёри билан фойдаланадилар.

Даъво қаерда кўриб чиқилади?

Даъвогар ё жавобгар яшайдиган ёки жойлашган ердаги судга, ё ўзининг яшаш жойидаги судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. ФПКнинг 145-моддасида судловга тааллуқлиликнинг умумий қоидалари кўрсатиб ўтилган бўлиб, унга кўра аризалар жавобгар доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги судга берилади. Бир неча квартира ёки ҳовлига эга бўлган фуқаронинг доимий яшаш жойини ёки кўп вақт яшайдиган жойини аниқлаш қийин бўлган ҳолларда паспорти бўйича рўйхатдан ўтган манзил унинг яшаш жойи ҳисобланади. Демак, бундай ҳолларда даъво фуқаронинг рўйхатдан ўтган жойи бўйича қўзғатилади.

Жавобгар даъво қўзғатилгандан кейин яшаш жойини ўзгартирган тақдирда иш даъво тақдим этилган судда кўрилаверади. Турли манзилда жойлашган бир неча жавобгарга нисбатан даъво даъвогарнинг танлови бўйича жавобгарлардан бири жойлашган ерда қўзғатилиши мумкин. ФПКнинг 241-моддасига биноан яшаш жойи номаълум бўлган жавобгарга нисбатан даъволар унинг мол-мулки турган жойда ёки унинг сўнгги яшаш жойидаги судга тақдим этилиши мумкин.

Вояга етмаганларнинг, шунингдек, васийлик ёки ҳомийликдаги шахсларнинг яшаш жойи уларнинг қонуний вакиллари — ота-оналари, фарзандликка олганлар, васийлар ёки ҳомийларнинг яшаш жойи ҳисобланади.

Даъвогар алимент ундириш тўғрисидаги, оталикни белгилаш ҳақидаги ва майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етганлик ёхуд боқувчининг ўлими натижасида кўрилган зарарни қоплаш тўғрисидаги даъволарни ўзи яшаб турган жойда ҳам тақдим этиши мумкин.

Турли жойларда яшовчи ёки турувчи бир неча жавобгарга нисбатан ёки турли манзилда жойлашган юридик шахсларга нисбатан даъво даъвогарнинг танлаши бўйича жавобгарлардан бири яшайдиган ёки турган жойда тақдим этилади.

Ғайриқонуний ҳукм қилиш, ғайриқонуний равишда жиноий жавобгарликка тортиш, эҳтиёт чораси сифатида ғайриқонуний қамоққа олиш ёхуд маъмурий қамоққа олиш ёки ахлоқ тузатиш ишлари тарзидаги маъмурий жазони ғайриқонуний қўллаш натижасида фуқарога етказилган зарарни қоплаш, меҳнат, пенсия ва уй-жойга доир ҳуқуқларни тиклаш, мол-мулкни ёки унинг қийматини қайтариб бериш тўғрисидаги даъволар даъвогарнинг яшаш жойида ҳам тақдим этилиши мумкин.

Агар даъвогар вояга етмаган болалари борлиги, шунингдек, ногиронлиги ёки оғир касаллиги туфайли жавобгар яшаб турган жойдаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судига боришга қийналса, никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги даъво даъвогар яшайдиган жойда тақдим этилиши мумкин.

Бедарак йўқолган деб ёхуд руҳий ҳолатининг бузилгани (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар, шунингдек, уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар билан никоҳни бекор қилиш ҳақидаги даъволар, даъвогарнинг хоҳишига қараб, унинг яшаш жойида кўрилиши мумкин.

Юридик шахсга нисбатан даъво ташкилотнинг органи ёки мол-мулки жойлашган жойда, юридик шахснинг филиали фаолиятидан келиб чиқадиган даъволар эса филиал жойлашган манзилда ҳам тақдим этилиши мумкин. Умумий қоидага кўра ташкилотга ёки унинг филиалига нисбатан даъво унинг жойлашган жойида қўзғатилади. Ташкилот давлат рўйхатидан ўтган манзил (юридик манзил) у жойлашган жой ҳисобланади.

Ижро қилиш жойи кўрсатилган шартномалардан келиб чиқадиган даъволар шартномани ижро қилиш жойида ҳам тақдим этилиши мумкин.

ФПКнинг 242-моддасида белгиланишича, иморатга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги, мол-мулкни хатлашдан чиқариш ҳақидаги, ер майдонидан фойдаланиш тартибини белгилаш тўғрисидаги даъволар иморат, мол-мулк ёки ер майдони жойлашган ҳудуддаги, мерос қолдирувчининг кредиторлари мерос ворислар томонидан қабул қилингунига қадар тақдим этган даъволар мерос мол-мулк ёки унинг асосий қисми жойлашган ҳудуддаги, йўловчи, багаж ёки юк ташиш шартномаларидан келиб чиқадиган даъволар белгиланган тартибда талаб қўйилган транспорт ташкилотининг органи жойлашган ҳудуддаги судга тақдим этилади.

Маълумот учун:

Суд тизими қуйидаги уч гуруҳга бўлинади:

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди;

умумий юрисдикция судлари — Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича олий судлари, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоят ҳамда Тошкент шаҳар судлари, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, шунингдек, ҳарбий судлар;

хўжалик судлари — Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди, Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди, вилоят ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари.

*      *      *

“Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 2-моддасида давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва мансабдор шахсларнинг судга шикоят қилишга лойиқ коллегиал ёки якка тартибдаги хатти-ҳаракатлари (қарорлари) жумласига фуқаронинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузган; фуқаронинг ўз ҳуқуқлари ва эркинликларини рўёбга чиқаришига монелик туғдирган; фуқаро зиммасига қонунга хилоф равишда қандайдир мажбурият юклатилишига сабаб бўлган хатти-ҳаракатлар (қарорлар) кириши белгилаб қўйилган.

*      *      *

Айрим ҳолларда даъво аризаси билан бирга даъвони таъминлаш тўғрисида ариза ҳам берилиши керак. Масалан, мол-мулкни бўлиш ёки пул маблағларини ундиришда даъвогарда жавобгарнинг низоли мол-мулкни тасарруф этиши борасида шубҳа бўлса ва даъвогарнинг манфаатига путур етказилиши аниқ бўлган ҳолларда шундай қилинади.

grant-bildirgi

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>