• Бугунги сана: Chorshanba, Avgust 16, 2017

Фитна қўзғаманг, тинч яшайсиз

Телеканаллардан бири даниялик кекса рассом билан бўлган суҳбатни берди.

– Қандай яшаяпсиз? – сўради мухбир.

– Ёмон, – деди рассом, – ўн йилдан бери мени мусулмонлар ўлдирмоқчи бўлишяпти, доим битта полициячи қўриқлаб юради.

– Шундай экан, мусулмонларнинг муқаддас қадриятларини карикатура қилишни тўхтатиб қўя қолмайсизми?! – деди мухбир.

– Асло! Олдин уларнинг пайғамбарини карикатура қилган бўлсам, энди бошқа қадриятла­ри-ю урф-одатларини ҳам карикатура қиляпман, – деди рассом.

– Бунақада ҳаётингиз яна хавф остида қолади-ку!..

– Ўлсам ҳам мен бу йўлдан қайтмайман, аксинча, мусулмонларнинг жазосини бериш керак!

Мен бу суҳбатни фитна қўзғаш деб қабул қилдим. Исломофобия дардига мубтало бўлган рассомнинг ҳиссиётини яна қўзғаш шартмиди?!

АҚШ билан Эрон ўртасида ядро қуроли масаласида тарихий шартнома имзоланганидан сўнг, бир телеканал Яқин Шарқ бўйича бир номдор «мутахассис»ни студияга таклиф қилибди. Кўрсатувни олиб борувчи унга мурожаат қилиб, деди:

– Яхши бўлди-да, энди Тель-Авив билан Теҳрон ўртасидаги муносабатлар ҳам яхшиланиши мумкин.

– Тель-Авив деганда қайси мамлакатни назарда тутяпсиз? – сўради «мутахассис» такаббурлик билан.

– Исроилни-да, – деди журналист.

– Эсдан чиқарманг, Исроилнинг пойтахти Қуддус, – деди алоҳида таъкидлаб Яқин Шарқ «билимдони».

Журналист эсингиз жойидами, дегандай анграйиб қолди.

«Мутахассис» яна тилга кирди:

– Шу пайтгача Қуддус Исроилнинг пойтахти бўлмаган бўлса, энди бўлади, умуман, АҚШ Эронга ишониб хато қиляпти, ҳеч қачон мусулмонларга ишонмаслик керак, бу шартнома урушга сабаб бўлса бўладики, ҳеч қачон тинчлик олиб келмайди. Агар насронийлар билан яҳудийлар бирлашмаса, мусулмонлар бутун минтақани босиб олади.

Яқин Шарқ бўйича «мутахассис» ниқобидаги бу бузғунчининг номини айтмасак ҳам яхши биласиз. У 2014 йилнинг бошидаёқ турли телеканалларга такрор-такрор чиқиб: «Яқин кунларда «Ислом давлати» Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистонни босиб олади, бироқ Россияга ҳам, Кавказга ҳам ўтмайди», деб фақат Марказий Осиё халқлари қалбига ғулғула солган одам. Энди у бузғунчиликни Яқин Шарққа кўчирибди. Мақсад – мусулмонларни ёмон кўрсатиш орқали АҚШ билан Эрон ўртасидаги шартномага соя солиш.

Ўша куни журналист уни студияга таклиф қилганидан афсуслангандай бўлди. Чунки уни тезда сайрашдан тўхтатиб қўйди. Орадан 15–20 дақиқа ўтгач, студияда бошқа мутахассис пайдо бўлди ва ҳеч бир миллат ва динни, ҳеч бир давлат ва халқаро ҳамжамият қабул қилган тартиб-қоидаларни камситмаган ҳолда АҚШ, Эрон, Исроил ва Фаластин билан боғлиқ масалаларда холис фикрлар билдирди.

Аслида телеэкранга чиқиб, сиёсатда бузғунчилик қилиш, диний ва миллий-этник низо қўзғаш, ахборот уруши орқали ғаразли мақсадга эришиш ўта жирканч ишдир. Афсуски, айрим ахборот воситаларида бу ҳолат тобора авж олиб бораяпти. Ҳозирги кунда мусулмонларни ёмонлаш, уларга турли тамғаларни босиш, айниқса, миллионлаб қочоқнинг бугунги аҳволларини кўриб, раҳм-шафқат қилиш ўрнига уларнинг устидан кулиш Ғарб дунёси оммавий ахборот воситаларининг бош мавзуси бўлиб қолди. Шафқатсиз урушлар, диний ва миллий-этник низолар, зулм-зўравонликлар, давлатларни, халқларни, ҳукуматлар ва мухолифатдаги кучларни бир-бирларига қарши гиж-гижлаш туфайли ўн миллионлаб одам ўз ватанларини ва уй-жойларини ташлаб қочяпти, миллионлаб одам ҳарбий учқичларда осмондан ёғдирилаётган бомбалар остида қолиб ўляпти, юз минглаб одам денгизга чўкиб, жон таслим қиляпти.

Осиё ва Африкадаги бир қанча давлатларнинг ички ишларига аралашиб, кўплаб халқларнинг тақдирига суиқасд қилиб, бундай фожиаларнинг юз беришига сабабчи бўлган Ғарб дунёси эса бу муаммо билан жиддийроқ шуғулланиш ва бу масалада БМТга амалий ёрдам бериш ўрнига мусулмонларни ёмонотлиқ қилиб кўрсатишда давом этмоқда. Ҳатто, бутун Европа бўйлаб жойсиз, сувсиз, нонсиз изғиб юрган миллионлаб қочоққа нисбатан муносабатда ҳам сиёсий мезондан келиб чиқиб ёндашмоқдалар. Айтайлик, Сурияданмисан – келақол, Афғонистонданмисан – бор йўқол, тарзида.

БМТнинг 70 йиллик юбилейи нишонланганига унча кўп бўлмади. Албатта, катта анжуманда «асл» демократлар ҳам, демократияни ниқоб қилиб олган зўравонлар ҳам ва уларнинг йўриғига юриб, юртини, халқини қонга белаган мунофиқлар ҳам, шунингдек, мустақил ташқи сиёсат юритиб, долзарб халқаро масалаларда холис ва одил йўл танлаганлар ҳам ҳисоб бергандай бўлишди, бутун бир давлатлар ва халқларнинг фожиаси ҳам тилга олиб ўтилди. Кимдир кимларгадир ёрдам ваъда қилинди. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳақида кўп сафсата сотилди. Демократияни тилга олмаса, кўнгли таскин топмайдиганларга сўз берилди. Халқлар демократиянинг Ғарб­да ишлаб чиқилган стандартлари бутун жаҳонда ғалаба қилишини таъминлаш учун курашни давом эттиришга даъват этилди.

Тўғриси, буларнинг ҳаммаси эски ҳаммом, эски тосдай гап. Бойхўжанинг таёғи ҳамманинг жонига тегди. Аввало, БМТ ва унинг Хавфсизлик Кенгаши ислоҳ қилиниши керак. Одам 70 ёшга етганда, ҳикмат даражасида фикрлайди. Халқаро ҳакам ҳам шундай бўлиши керак. Бугун бутун жаҳоннинг тақдирни ҳал қилишга бешта қози камлик қилади. Беш қози жаҳондаги етакчи турли миллат ва дин вакилларидан иборат бўлиши керак. Шунда ер юзидаги икки миллиард мусулмонга ҳадеб тош отилавермайди. Кам сонли, қашшоқ, ҳақ-ҳуқуқи поймол қилинган, яъни босиб олинган ва қамал қилинган, камситилган, қандайдир фожиа ва офатлардан зарар кўрган давлат ёки миллатни ҳимоя қилиш вето қўллаш ҳуқуқи билан БМТ Бош котибига берилиши керак.

Ҳозир жаҳонда давом этаётган зўравонлик ва босқинчилик урушлари, бир давлат ёки халқнинг бошқа бир давлат ёки халқнинг ички ишларига аралашуви, бир халқ сайлаган раҳбарни ташқи куч таъсирида қулатиб, ўрнига бошқасини тайинлаш, ҳарбий тўнтаришлар уюштириш, бир халқнинг миллий, диний қадриятлари ва урф-одатларини камситиб, ўрнига бошқа сунъий қадриятларни ва турмуш тарзини мажбурлаш, ўзгаларнинг сиёсий ҳамда мулкий ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилиб, уларни ўз йўриқларига юритиш каби ҳолатлар нафақат айрим давлатлар, балки БМТ шаънига ҳам доғ бўлиб тушяпти. Агар ана шундай ҳолатларнинг олди олинмаса, БМТ ва унинг Хавф­сизлик Кенгаши ҳақ-ҳуқуқсиз ҳакамга айланиб қолади.

Албатта, ахборот урушига қарши курашда ҳамда айрим давлатлар ва халқларни, динлар ва бошқа муқаддас қадриятларни ҳақоратлаш борасидаги хатти-ҳаракатларнинг пайини қирқишда ҳам БМТнинг ҳакамлик ҳақ-ҳуқуқини кучайтириш зарур. Бу борада халқаро ҳуқуқий меъёрларни ишлаб чиқиш ва уларнинг ижросини қатъий назорат қилиш шарт. Жаҳон ҳар ким хоҳлаганини қиладиган карвонсарой ёки зўрликнинг хўрлигига чидайдиган қамоқхона эмас.

Яратганнинг олдида барча халқлар бирдай ҳақ-ҳуқуққа эга. Ҳеч кимга бировга чоҳ қазиш ёки тамға босиш ҳуқуқи берилмаган. Ғарб дунёсида ўрмонга ўт тушса ҳам, учқич ёки автомобиль ҳалокатга учраса ҳам, омбордаги газ балони ёки бировнинг газ плитаси портласа ҳам мусулмонлардан кўриш одат тусига кириб бормоқда.

Мана, янги мисол. 2015 йилнинг август ойи ўрталарида Банг­кокда кучли портлаш юз берди. Шу куниёқ Ғарб дунёсининг айрим телеканалларида ҳеч қандай тахминсиз таваккалига «Таиланднинг жанубида оз сонли мусулмонлар яшайди, улар султонлик тузмоқчи эди, буни ўшалар қилишган», деган хабар тарқалди. Қаранг, ҳали Таиланд ҳукумати баёнот бергани йўқ, шубҳа-гумонлар айтилгани йўқ, кейинги уч-тўрт йилда Таиландда юз берган нотинчлик пайтида ҳеч ким «мусулмон» ёки «султонлик» сўзини эшитгани йўқ. Ғарблик журналист­ларнинг «топқирлиги»дан ҳатто ҳукумат вакиллари ҳам ҳайратланишди.

Энди инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда «жаҳон жаннати» номини олган Европадаги бугунги манзарага яна бир бор назар ташлайлик. Афғонис­тон, Сурия, Ироқ, Ливия ва Африканинг бир қанча давлатларидаги биродаркушлик урушларидан қочган миллионлаб қочоқ, минг бора узр, бошқа сўз топа олмадим, дайди итдай санқиб юришибди. Улар «жаҳон жаннати» номини олган қитъа бизни қучоқ очиб кутиб олади, деб ўйлаб, катта хато қилишганини бугун англаб етишди. Мурдалари сув бетида, денгиз қирғоғида қолиб кетмай қуруқ ерга етиб келганлари бугун очликдан, совуқдан, касалликдан азоб чекиб, кўчаларда ётишибди, ҳомиладорлари йўл бўйида туғиб қўйишяпти, гўдаклари азобга чидолмай жон таслим қилиш­япти, ёш болали аёллар сувсиз ва нонсиз эски омборларга қамаб қўйиляпти, эркаклари қароқчи ҳайдовчилар қўлида одам савдоси қурбони бўлишяпти. Кун-у тун инсон ҳуқуқлари ҳақида сафсата сотадиган айрим давлатларнинг «демократ» арбоблари эса: «Биз қочоқлар ичида христианлари бўлса қабул қиламиз, бироқ мусулмонларни қабул қилмаймиз», деб очиқ айтишяпти.

Телеэкрандаги манзараларни кўришнинг ўзи даҳшат.

«Биз ҳайвон эмас, одаммиз-ку, айбимиз мусулмонлигимизми?!» дейишади чақалоқлари чинқириб йиғлаётган аёллар зўравонларга ёлвориб. Туркия раҳбарлари инсонга нисбатан бундай ваҳшийликни бир неча бор қораладилар. Яқинда Хитой раҳбари ҳам: «Бизнинг халқимиз бошқа халқларга ҳеч қачон жабр-ситам етказмайди», деди. Греция ва Македония каби давлатлар дини ва миллатидан қатъи назар барча қочоқларга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатди. Германияни бу борада ибрат қилиб кўрсатса арзийди. Бироқ инсон ҳуқуқлари ҳақида кўп гапириб, бошқаларга там­ға босадиган давлатлар негадир жим. Ажабо, бир қизча ёки йигитча ўз ҳукуматини танқид қилса, унга инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида халқаро мукофот берадиган ташкилотлар нега миллатларнинг ҳақ-ҳуқуқи бузилаётган ҳолатларга нисбатан томошабин бўлиб турибди?!

Бизнинг ўзларини инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари деб атовчиларга, умуман, барча дин ва миллат вакилларига айтадиган гапимиз битта:

– Тинч яшашни истасангиз, фитна қўзғаманг!

Бу гап, аввало, хорижнинг оммавий ахборот воситаларида ишлаётган ҳамкасбларимга ҳамда ўзга дин вакилларига нисбатан душманлик ғояси билан заҳарланган бузғунчилар-у миллатчиларга тегишли. Аслида фитна қўзғаш оғир жиноятга тенг қабиҳликдир.

Иброҳим Норматов,

сиёсий шарҳловчи

Tafsilot.uz маълумоти:

Иброҳим Норматов — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

1943 йили Асака шаҳрида туғилган.

1959—64-йилларда Янгийўл медицина билим юртида таҳсил олган.

1964—1967-йилларда ҳарбий хизматда бўлган;

1967—1988-йилларда “Сирдарё ҳақиқати” газетасида турли лавозимларда фаолият юритган;

1967—1973-йилларда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультети (сиртқи бўлим)да таҳсил олган;

1988—1995-йилларда “Ўзбекистон” радиосида бош директор ўринбосари;

1995—1997-йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Девони етакчи консультанти;

1997—2001-йилларда “Ўзбекистон телерадиокомпанияси” раисининг ўринбосари;

2001—2009-йилларда “Туркистон-пресс” ахборот агентлиги бош директори ўринбосари вазифаларида фаолият юритган.

1997 йили “Ўзбекистон Республикасида  хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони билан тақдирланган.

2002 йили “Йилнинг энг фаол журналисти”, 2004 йили “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловлариида ғолиб бўлган; 2006 йили “Олтин қалам” I миллий мукофоти учун ўтказилган халқаро танловда матбуот йўналиши бўйича ғолибликни қўлга киритган.


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


  • СаидАъзам Жавоб бериш
    1 yil олдин

    Ассалому Алайкум!
    Тўғрисини айтиб қўя қоламан, мен бу мақоладан хурсанд ҳам хафа ҳам бўлмадим. Нимага? Бу ерда кўрсатилган кўплаб факт (далил) ларнинг сонини кўпайтириш ҳам мумкин, буларга қўшимча равишда кўплаб воқеалар билан бойитиш ҳам мумкин, аммо ғоя ўзгармай қолади, яъни «исломофобия» тарғиботи борлиги кўрсатилаверади. Шундай экан мақоланинг ютуғи «Тинч яшашни истасангиз, фитна қўзғаманг!» дея хитоб қилинганлиги деб ўйлайман.
    Аслини олганда тарихдан маълумки «исломофобия»ни яҳудийлар ва насронийлар анча ўн, юз йиллардан буён давом эттириб келишаябди. Аммо бу ерда кўрсатилган турли «мутахассис»лар масаласини кўпроқ эътиборга олиш таклифи менга маъқул тушди. Чунки шундай «муутахассис»ларни ўзларини нотўғри қилган башоратлари, таклифлари ва ваҳималарини кўпроқ ўртага чиқариш муҳим!

    Шундай экан, азиз ижодкор Сизни бу мақола билан табриклайман, илло қаламингиз тиғи янада ўткирлашиб аслича муаммолар ечимини ёрита оладиган кучга айлансин! Ҳурмат ва эҳтиромимни қабул қилинг!

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>