• Бугунги сана: Seshanba, Dekabr 12, 2017

Фарзанднинг нархи қанча?!

Юзга айтганнинг заҳри йўқ, дейдилар. Мақола тугул сарлавҳани ўқиб энсангиз қотган бўлса, дангал айтаверинг. Бинобарин, фарзандингиз бебаҳо эканини мен ҳам яхши биламан. Фақат билагида қуввати, куч-ғайрати тўлиб турган ота ва гўёки турмуш ташвишларидан безган онанинг арзимас пулга ўз норасидасини сотганини ҳеч бир мезонга сиғдира олмадим.

Ўзбек бутун умрини болаларига, авлодларининг келажагига бахшида қилади. Бугунги кунда бутун республикамиз бўйлаб ҳар бир муассасада оилаларни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбиясига эътибор қаратиш, уларнинг тақдири учун қайғуриш масаласига бирламчи вазифа сифатида ёндашилмоқда. Бошқалар фарзанд тарбияси учун ёниб-куяётган бир пайтда ёш оилалардан бири эндигина туғилган қизалоғини тирикчилик қурбонига айлантириб, сотиб юборса!?

Ҳаммаси узундан-узун орзу-ҳаваслардан бошланди. Қишлоқ шароитида битта фарзандни яхшигина тарбиялаб, едириб-ичириб катта қилаётган Низомиддин билан Ёқутойнинг кўнгиллари шаҳарда яшашни тусаб қолди. Улар тез орада ўзларини тиклаб, бошқалардан ўзиб кетишни ўйлаганди. Худди шаҳарга боришса кифоя, улар учун ҳамма нарса тайёрлаб қўйилгандек туюлганди. Жоҳилона жасорат билан ҳеч қандай режасиз шаҳарга отланишди.

Пойтахтимизнинг Чилонзор туманидан ижарага топилган уй порлоқ келажакдан дарак бераётгандек эди. Ярим тунгача ширин орзулар ҳақида гурунглашиб, уйқуга кетдилар. Айниқса, Ёқутойнинг севинчи ичига сиғмасди. Тушида ҳам ўзини жаннатмакон жойда кўрди. Ажойиб бир гулзорда сармаст сайр қиларди. Бироз эгилган кўйи гуллардан бирини тўйиб-тўйиб ҳидлади. Бошини кўтарар-кўтармас нотаниш бир кимса унинг райҳонини узиб кетди.

Тонг отди, кун ботди. Низомиддиннинг вақти иш қидириш билан ўтаверди. Табиийки, оилани моддий таъминлаш оғирлаша бошлади. Бу маҳалга келиб Ёқутойнинг ой-куни яқинлашиб қолганди. Шу алфозда экан, қўшниларидан бири – Клара исмли аёл қиз бола асраб олмоқчи эканини айтиб қолди. Қалб кўзини парда қоплаб олган эр-хотин туғилажак фарзандини ўша аёлга сотишга қарор қилишди.

Осонгина пул топишни ўйлаб, Клара опанинг эшигини қоқиб боришди.

Салом-аликдан кейин муддаога кўчдилар.

— Кейин афсусланиб қолмайсизларми? — деб сўради Клара опа умиди ушалаётганига ўзининг ҳам ишонгиси келмай.

Низомиддин билан Ёқутой афсусланмасликларини айтиб, бола туғилганидан кейин барча ҳужжатларни расмийлаштиришларини таъкидладилар.

Кўп ўтмай Клара опа билан Ёқутой поликлиникага йўл олдилар.  Туғилажак фарзанднинг қиз эканлиги маълум бўлди. Харажатларга тайёр турган Клара опадан олдиндан 600 минг сўм олиб, кунларини бинойидек ўтказа бошлашди.

Кунларнинг бирида “тез ёрдам” чақириб, Ёқутойни Тошкент тиббиёт академияси қошидаги туғруқхонага олиб боришди. Дори-дармон учун Клара опадан яна 200 минг сўм олинди. Қизалоққа Кибриё деб исм қўйдилар. Унга меҳри уйғонган она энди қизини бериб юборишга қаршилик қила бошлади. Лекин анчагина пул олиб ишлатиб юборилганди.

Беш кундан кейин туғруқхонадан чиққан ота-она ўз қишлоғига,   болани олган Клара опа турмуш ўртоғи билан ўз уйига жўнаб кетди.  Чақалоқни сўраганларга аввалига касалхонада қарашаяпти деб айтишди.  Аммо Ёқутой ухлай олмайдиган бўлиб қолди. Нуқул тушида нотаниш кимса унинг райҳонини узиб кетади, у эса онасининг муқаддас китоблардан ўқиб айтган гапларини эслаб, йиғлайверади: “Болалар жаннат райҳонларидир!”.

Нега энди эртароқ қишлоғимга қайтиб қўя қолмадим? Арзимаган муаммоларни деб ўз жигаргўшасидан кечган қандай бахтсиз онаман!? Ўзи мен оналикка лойиқманми? Бундан кўра ўзим сотилганим, ўлганим яхши эмасмиди?

Ёқутойнинг хаёлига келган сиртмоқ ягона нажотдек бўлиб кўринди. Қайнонасининг кўзини шамғалат қилиб, оғилга мўралади. Бир неча бор қўлда арқон билан ожизлигидан юм-юм йиғлади. Мурғак гўдак, ёруғ дунёга келибоқ зулматга сингиб кетган аржумандининг мадорсиз йиғиси қулоғига чалинаверарди.

У сўнгги кучларини тўплаб фарзандини яна қўлга олиш учун айбига иқрор бўлишга, мутасадди идоралар билан боғланишга қарор қилди. Жаҳолатдан маърифат, ориятдан муҳаббат устун келган паллада Қумқўрғон туман прокуратурасига ариза билан мурожаат қилди. Илгари бундай ҳолат ҳеч қачон бўлмаганини баён қилиб, турмуш  ўртоғи бола учун 1,5 миллион сўм олганини, унга ҳамфикр бўлиб янглишганини ҳам яширмади.

Бироқ ғишт қолипдан кўчган, улар тузатиб бўлмас хатони содир этиб бўлгандилар. Тарихдан ҳам маълумки, соғлом ва ривожланган жамият биринчи ўринда инсон ҳақида қайғуради. Янги авлодни тўғри тарбия қилишга  эса биринчи галда ота-оналар масъулдирлар. Ота-оналик масъулиятидан қочган Низомиддин билан Ёқутой эса  ўзларини ана шундай бахтдан маҳрум қилиб, суднинг қора курсисида ўтирибди. Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди биносига йиғилганлар ҳам бу ҳодисани ақлига сиғдира олмаяпти. Бир тарафда Клара Сергеевна ўз фарзандидек бўлиб қолган қизчасидан айрилиб қолишдан чўчиб, ҳимояланади: қиз асраб олмоқчи бўлганини, Низомиддин билан Ёқутой ўз болаларини олишни, моддий томондан қийналиб қолишганини, уни туғиб ўстиришга имконлари йўқлигини айтишганини, ҳозир чақалоқ соғлом, жуда яхши ўсаётганини қайта-қайта такрорлайди.

Суд Н.Суҳробов, Ё.Нурматованинг жиноий қилмиши одам савдоси сифатида ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми “а” банди билан тўғри малакаланган деб ҳисоблади. Уларнинг айбига тўлиқ иқрорлигини, илгари судланмаганини ЖКнинг 55-моддасига кўра жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб, жиноятни ғаразгўйлик ва паст ниятларда содир этганлигини ЖКнинг 56-моддасига асосан жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб баҳолади.

Суд Ё.Нурматова содир этган жиноят ўта оғир жиноятлар туркумига кирса-да, унинг аёл киши эканини, қарамоғида вояга етмаган фарзанди борлигини, пушаймонлигини, мазкур жиноятни очишда ёрдам берганини инобатга олди. Судланувчилар турли муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Клара Сергеевна тарбиясидаги қизнинг тақдири нима бўлди деб сўраётгандирсиз?!

Кибриёнинг тақдирини ҳал қилиш Чилонзор тумани Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими қошидаги болаларни муҳофаза қилиш бўлими зиммасига юклатилди.

Азиз Норқулов


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook»,«Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>