• Бугунги сана: Yakshanba, Noyabr 19, 2017

Фарзандингизни стрессдан асранг!

Яқинда ўзим учун кутилмаган ҳолатга дуч келдим. Фарзандимни тиббий кўрикдан ўтказиш учун невропатолог қабулида бўлдик. У болани текшираркан шикоятингиз борми, деб сўради. Мен эса ўз одатимча ўғлим жудаям шўхлиги, тиниб-тинчимаслиги, энди боғчага бериб қутулмоқчи эканлигимни айтдим. Шифокор эса бола ҳам боғчада сиздан қутулиб, енгил нафас олади. Сиз уни стрессга солиб қўйибсиз, деб бир-иккита дорилар ёзиб берди. Мутахассиснинг бу гапи мени ўйлантириб қўйди. Наҳотки, стресс бугун болаларимизни ҳам ўз домига тортиб улгурди? Биз, катталар болалар дунёсини ҳеч қандай муаммосиз, бахтли ва хотиржам деб ўйлаймиз. Лекин ҳаттоки, жуда кичик ёшдаги болаларнинг ҳам ўз муаммолари бор ва улар ҳам асабий зўриқишларга дуч келадилар.Фарзандимиз қанча улғайса, бизнинг унга қўядиган талабларимиз ҳам ортиб боради ва бола бундан ҳам асабийлашар экан. Биз эса фақат айтганимиз бажарилган-бажарилмаганлигига қизиқамиз. Борди-ю, бажарилмаган бўлса дарров болани айблашга ўтамиз. Унинг нега бу ишни қила олмагани билан эса, заррача қизиқмаймиз.

Хўш, боламиз стрессга тушганини қандай билишимиз мумкин? Болада бешафқатлик белгилари кўринади, у ака-укаларини аямай уришиб, тишлаб олиши мумкин. Ёки аксинча серсавол паҳлавонимиз ҳатто, сиз севимли сериалингизни кўраётган вақтда ҳам умуман гапирмайди.Тенгдошларига қўшилиб ўйнашни хоҳламайди. Бундай вазиятда нима қилмоқ керак? Аввало, фарзандингизга кўпроқ вақт ажратинг. Дилбандингиз билан фақат у ҳақида суҳбатлашинг. У нимадандир шикоят қилса, ўша муаммони муҳокама қилинг. Боладаги руҳий зўриқиш сизникидан ҳам кучлироқ бўлишини унутманг. Аслида бола нимадан сиқилади? Бола кўпроқ янги шароитга мослаша олмаётганда, масалан, боғча, мактабга борганида ёки уйда янги фарзанд туғилганида стрессга тушаркан. Шунингдек, у биз уйда ишдаги муаммоларни гапирганимизни эшитади, бирор бемор қариндошимизни ўйлаб қайғураётганимизни кўриб туради. Баъзан эр-хотин ўзаро келишолмай қолсак, у бунинг ихтиёрсиз гувоҳига айланади. Шунинг учун ота-оналар ўз ташвишлари ҳақида болалар олдида гапирмаганлари маъқул. Чунки бола ҳар бир кўнгилсизликни тезда ўзига олади, баъзан ўша муаммони ҳал қила олмаслигидан азоб чекади. Шунингдек, телевизор орқали қўрқинчли уруш ҳақидаги кино ва лавҳалар ҳам болани чуқур изтиробга солади. У айнан ўша уруш, сув тошқини, ёнғин каби фалокатлар бизда ҳам содир бўлса-чи, деб хавотирланади. Шунингдек, боланинг яқин одамларидан бирининг ўлими ҳам уни стресс ҳолатига тушириб қўйиши мумкин. Қайсидир бола учун боғчага бориш азоб бўлса, бошқаси учун асабий она билан уйда қолиш ҳақиқий стрессни келтириб чиқаради. Стрессни бошдан кечираётган бола ўз муаммосини турлича ечади. Кимдир қўл бармоқларини сўрса, кимдир кечқурун яхши ухлолмайди. Хўш, сиз болангизни руҳий зўриқишдан олиб чиқиш учун, фарзандингиз стрессни енгиши учун қандай йўл тутиш кераклигини биласизми?

Энг аввало, фарзандингизни тинглаш учун вақт ажратинг. Ҳеч бўлмаса кечқурун ундан нимага безовталигини сўранг. Сиз билан ўз муаммоларини бўлишаркан, бола ўзининг ёлғиз эмаслигини билиб анча тинчланади. Болани кутилмаган ҳолатларга тайёрланг. Ноаниқлик, мавҳумлик болани қўрқитади. Сиз уни боғча, мактаб, у ердаги муҳит билан олдиндан таништиринг. Шунда бола у ерга борганда ортиқча ваҳимага тушмайди. Бола билан у тушунадиган тилда гаплашинг. Масалан, сиз икки кунга сафарга кетаяпсиз. Унга яна икки марта ухлаб турсанг, ёнингда бўламан, денг. Боладан қўлидан келмайдиган ишни талаб қилманг. Болалар стрессининг энг кўп тарқалган сабабларидан бири бу, ота-онам ишончини оқлай олмайман, деган қўрқув. Сиз фалон ўртоғинг бу ишни уддалади, сен эплай олмадинг, десангиз, у ўзига бўлган ишончини йўқотади. Болага ўзингиз дуч келган муаммолар ва уларни қандай қилиб ҳал қилганингиз ҳақида ҳикоя қилиб беринг. Бу унга муаммоларни меъёрий ҳолат ва у ҳар бир тенгдошида учраши мумкинлигини билдиради. Ота-онанинг муҳаббати болада ҳимояланганлик туйғусини шакллантиради. Бола у қандай бўлишидан қатъи назар ота-онаси уни севишини ҳис қилсин. Унутманг, стресс сурункали давом этаверса, болада невроз келиб чиқиши, чарчаган вужуд эса турли юқумли касалликларга чалинувчан бўлиб қолиши мумкин. Шундай экан, кўзимизнинг оқу қораси фарзандимизни СТРЕСС аталмиш совуқ ҳолатга бериб қўймайлик.

Зуҳра РЎЗИЕВА

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>