• Бугунги сана: Payshanba, Oktabr 19, 2017

Фарзандим Қиммат ё Эгрига ўхшамасин десангиз…

Марҳум адибимиз Неъмат Аминовнинг «Чолболанинг эртаклари» асари эсингиздами? Улуғбек мадрасасида бир кун ухлаб, кўрган туши сабаб «дунё кўрган эртакчи чол» бўлиб қолган Умиджон-да! Шу асарни, назаримда, ҳар бир бола, албатта, ўқиб чиқиши керак.

Негаки, бугун болаларимизда ўзлари эртак тўқий олиш қобилияти жуда юқори, дейиш қийин. Ўзи болаларнинг эртакларга ишончи ҳам сусайиб кетаётгандек. Телеканалларимизда баъзан 6-7 ёшли болаларнинг мавжуд эртакларни ҳам тенгқурларига қийналиб, зўрма-зўракилик билан айтиб бераётганига кўзим тушиб, бунга сабабчи асли ўзимиз — боламизга эплаб эртак айтиб бера олмаётган ота-оналар айбдормиз, деб ўйлаб қоламан.

Хўш, бошқалар қандай фикрда? Бу ҳақда бир қатор ота-оналар ва мутахассисларнинг фикрлари билан қизиқдик.

Абдували БОЙЗОҚОВ,

муҳандис:

— Йўқ, ўйлаб қарасам, фарзандларимга бирор марта эртак айтиб бермабман. Тонгда ишга кетаётганимда, уйғонмаган бўлишади. Тунда қайтиб келганимда эса ухлаб қолишади. Бу масалада кўпроқ аёлимга ишонаман: у эртак айтишга уста.

Шоҳида СУҲРОБОВА,

тикувчи:

— Албатта, фарзандлар тарбиясида эртаклар муҳим аҳамиятга эга. Лекин бугун замон бошқа: ҳар қандай эртакнинг аудио вариантлари кўп. Турли тилларда. Мультфильмлар ҳам анча: танлаш имконияти кенг.

Кўпинча, эртак айтаётиб, ухлаб қоламан. Дадаси эса уч жойда ишлайди: умуман вақти йўқ. Шунинг учун ҳар ҳафта янги эртак-мультфильмлар, ҳужжатли фильмлар дискларини оламиз. «Bolajon» телеканали ҳам бу борада анча асқотади.

Салима ВАФОЕВА,

психолог:

— Тўғри, аудио ё видео эртаклар бугун анча. Лекин, ота-она ҳар қандай вазиятда ҳам фарзандига эртак айтиб бериш учун вақт топиши керак. Чунки болани фақат мультфильм воситасида тарбиялашга уриниш — бўтқа ё сигир сути билан боққандай гап. Ахир улар ҳеч қачон она сути ўрнини боса олмагани каби фарзандга ҳам ўз ота-онаси айтган эртаклар тез ва самарали таъсир қилади.

Содиқжон Тешабоев,

таълим фахрийси:

— Бугун кўп ёш оилалар алоҳида яшашга ҳаракат қилади. Ота-она тирикчилик билан овора бўлгач, фарзанд тарбияси ўз ҳолида қолиши табиий. Шунинг учун болалар бобо-момоси билан улғайгани яхши. Чунки улар болага энг яхши тарбиячидир.

Фантазия — фикрлаш йўли. Идрокни ривожлантиради. Ўйлаш завқини беради. Бугун барча соҳада янгиликка интилган, инновация сирларини пухта эгаллаган кишиларгина ғолиб чиқмоқда. Ҳар қандай ихтиро — фантазия меваси, у эса айнан болаликда эшитилган эртак-афсоналар, достон-маталлар воситасида шаклланади. Масалан, бир пайтлар боболаримиз айтган «ойнаи жаҳон» бугун ҳар уйда бор, «учар гилам»лар ҳам самолёту вертолёт шаклида осмонда парвоз қилиб юрибди-ку!

Сарвиноз ҚУРБОНОВА,

талаба:

— Бугун тўғри талаффуз ва ёзиш қонун-қоидаларини, сўзларнинг маъноларини яхши ўзлаштира олмаган болаларга тез-тез дуч келяпмиз. Назаримда, бу уларнинг айнан кам эртак-достонлар тинглагани оқибатидир. Чунки бола эртак эшитаётиб, бирор сўзни тушунмаса, унинг маъносини айтувчидан сўраб олиши мумкин. Лекин экран орқали унга ҳеч ким ёрдам бера олмайди. Яна бир масала — болаларга кўпроқ миллий эртаклар айтиш, шу орқали уларда миллий ғурурни, ўзбек фарзанди эканидан фахр-ифтихор туйғуларини шакллантириш мумкин. Бу масалага жиддий ёндашиш керак.

Қумри ая,

пенсионер:

— Тўрт фарзандим ҳам олий маълумотли, ўзидан тинчиган. Уларнинг барчасини эртак айтиб бериб улғайтирганмиз: уларда бирор қусурни сезсам, дарров буни ўша кунги эртакларга қўшиб айтиб берардим. Шунда болаларим ўша ёмон одатни дарҳол ташлар эди. Бугун невараларимга ҳам эртак айтиб беришни яхши кўраман. Тарбия усулим ўша-ўша. Чунки эртаклар чиндан ҳам яхшиликка етаклаши исботини ўз ҳаётимда кўрдим, амин бўлдим.

Абдужаббор БОРЛИБОЕВ ёзиб олди.

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>