• Бугунги сана: Dushanba, Dekabr 11, 2017

Уч мушкетёр. Европанинг 7 та энг ҳужумкор триоси

Европада ҳозир Суарес, Месси ва Неймар учлигига етадигани йўқ. Шиддат, тезкорлик, маҳсулдорлик борасида айни пайтда улар тенгсиз бўлиб турибди.

Мана, Премеронинг сўнгги турида «Барселона» «Райо Вальекано»ни 5:1 ҳисобида доғда қолдирди. Голларнинг учтаси Мессининг ҳисобига ёзилди. Ушбу муваффақиятдан сўнг  каталонияликларнинг мағлубиятсиз ўйинлари сони 35 тага етди. Бу испан жамоалари учун мутлақ рекорд ҳисобланади. Гарчи Неймар ва Суарес бу гал майдонни голсиз тарк этишган бўлса-да, эрилишган ғалабада уларнинг ҳиссаси катта бўлганини ҳаммамиз кўрдик.

Tafsilot.uz кўҳна қитъанинг кучли беш чемпионати вакиллари орасидан Суарес, Месси ва Неймарга рақобат қилиши мумкин бўлган триоларни қидириб кўрди.

  1. Агуэро, де Брейне, Стерлинг – 41 (19+12+10)

Англия премьер лигасида киши бошига урилган голлар бўйича энг ҳужумкор учлик «Манчестер Сити»да. Ушбу мавсумда Агуэро, де Брейне ва Стерлинг барча турнирларда 41 та тўп киритишди. «Шаҳарликлар» юлдузларини «Лестер»нинг ҳужумкор учлиги изма-из таъқиб этиб келмоқда. Варди (19), Маҳрез (15) ҳамда Оказаки (5) ҳозиргача 39 гол уришди. «Тулкилар»нинг еврокубокларда қатнашмаётганиниям инобатга олиш керак.

Англия чемпионати тўпурарлари жадвали

  1. Игуаин, Инсинье, Кальехон – 48 (26+12+10)

«Наполи»нинг тўпурарлик бобида «Ювентус»дек грандни, умуман, Италия чемпионатининг барча иштирокчиларини ортда қолдириши какдан кам учрайдиган ҳолат. Ҳар ҳолда яқин орада бундай бўлмаганди. Айни пайтда «А Серия»нинг энг яхши тўпурари бўлиб турган Игуаиннинг ҳисобида 24 та ўйинда урилган 26 та гол бор. Ҳисоб-китоблар унинг майдонга тушган ўйинларида ҳар 91,2 минутда гол ураётганини кўрсатмоқда.

Италия чемпионати тўпурарлари жадвали

  1. Ибраҳимович, Кавани, ди Мария – 59 (29+17+13)

«ПСЖ» барча кўрсаткичларга кўра Франциядаги энг яхши жамоа, Иброҳимович эса энг яхши тўпурар. Швед «ПСЖ» сафида ушбу мавсумдаги голларини қўшиб ҳисоблаганда Франция тарихидаги энг яхши тўпурарга айланди. Ҳозир унинг ҳисобида 98 та гол бор. У бу натижага 112 та ўйинда эришганини алоҳида эътироф этиш керак.

Франция чемпионати тўпурарлари жадвали

  1. Обамейянг, Мхитарян, Ройс – 66 (32+18+16)

2015 йил якунлари бўйича Африканинг энг яхши футболчиси деб эътироф этилган Обамейянг ушбу мавсумдаги дастлабки 8 турда майдонни голсиз тарк этмай рекорд ўрнатди. Бундеслига тарихида ҳалигача ҳеч ким бунинг уддасидан чиқмаган эди. Обмамейянг — Германия чемпионатидаги тўпурарлик пойгасида Левандовскига рақобат қилиши мумкин бўлган ягона ўйинчи. Мхитарян ва Ройсдек шериклари бор Обамейянг исталган рақибга даҳшат солиши мумкин.

Германия чемпионати тўпурарлари жадвали

  1. Левандовски, Мюллер, Роббен – 67 (35+25+7)

Ушбу учликни бор-йўғи еттита голи билан Роббен орқага тортиб турибди. Бунинг сабаби учар голланднинг жароҳати билан боғлиқ. Агар мана шу жароҳат бўлмаганда, «Бавария» бизнинг рейтингда учинчи эмас, балки кўп эҳтимол билан иккинчи ўринда бўларди.

  1. Роналду, Бензема, Бэйл – 74 (36+24+14)

Ўтган тур ўйинидан сўнг Роналду агар «Реал»даги ҳамма ўйинчилар у каби ўйнашганда ҳаммаси бошқача бўлишини айтиб ўтди. Қанчалик баландпарвоз туюлмасин бу айни ҳақиқат. Чиндан ҳам унинг ҳужумдаги шериклари у сингари 35 тадан гол уришса, «Қироллик клуби» ҳозир турнир жадвалининг 1-поғонасида жойлашган бўларди.

Бу мавсумда миллий чемпионатга қараганда Европа чемпионлари лигасида икки карра самаралироқ ўйнамоқда. Премерода бир ўйинда ўртача 0,85 та гол ураётган бўлса, ЕЧЛда бу кўрсаткич 1,7 тани ташкил этаётир.

  1. Суарес, Месси, Неймар – 99 (45+32+22)

Аслида бошқа клублар билан солиштирганда «Барселона»нинг бошқа жамоалардан устунлиги унчалик катта эмас. Каталонияликлар клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам иштирок этишди. Бошқа учликларникига нисбатан уларнинг голлари анчагина кўплиги ана шунга ҳам боғлиқ. Мазкур мусобақада Месси ва Суарес иккита ўйинда олтита гол уришди. Буни қуйидагича изоҳлаш мумкин: «Барселона» турли турнирларда кўп ўйнаётгани учун кўп гол уришмоқда. Айнан кўп гол уришаётгани учун ҳам турли турнирларда қатнашишмоқда.

Испания чемпионати тўпурарлари жадвали

Адҳам Ўрол ўғли тайёрлади


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Калит сўзлар: , ,

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Исматуллаев Мухрииддин Жавоб бериш
    2 yil олдин

    реални жарохатлар қийнамоқда Раналду ёлғизланиб қолаябти Бейл кўп ўйинларни ўтказиб юбораябти травмалари туфайли Бенземахам травмалардан холис эмас. Агар еътибор берган бўсайиз ББС триоси анчадан бери бирга ўйнашмаябти бу эса голлар сони камлигига об келаябти.

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>