• Бугунги сана: Tuesday, February 28, 2017

Эркинлик чегарасини билган инсон эркин бўлади

erkinlik

Қуёш тонгда ўрмалаб чиқиб келаверади. Аммо биз ҳаммамиз бу буюк қонуниятни ўзимиз учун кашф қилишимиз керак. Буни биримиз узоқ йиллар давомида кўриб, сезиб келсак-да, қачондир бир куни алоҳида мулоҳаза юритиб ўзимиз етиб борсак, бошқамизга сиқув, буров, ниқтов орқали кимлардир томонидан ўргатилади. Бошқа биримиз эса, мана шу ҳаёт гирдобини ҳар куни ҳис қилиб, унинг ҳар бир унсурига тиш тегизиб, илк кашфиётларни ҳали ўзимиз тушуниб етмай ҳам қилиб улгурган бўламиз.

Биринчи йўл бош тошга текканда ўрганиш бўлса, иккинчиси, вой-дод емайман йўли бўлади, учинчиси, ҳар биримиз учун шайтон аравани қайта ихтиро қилиш йўли бўлиб қолиши мумкин. Бу жойда ҳар учаласининг ҳам ижобий ва салбий томонлари борлигини қайд қилиб ўтамиз, холос. Бизга қолса, учинчи йўл ёқимлироқдир.

Бу ўринда Ўзбекистонимизнинг Фарғона водийсидаги болаларга муносабат бизга жуда ёқади. Водийликларнинг кўпчилиги боланинг райини қайтаришмай, «сизлаб» катта қилишади. Болага айнан мана шундай муносабатни Америкаликларда ва кўплаб Ғарб мамлакатларда ҳам учратамиз. Бола хатти-ҳаракатининг умумий чегараси назорат қилиниб, ички эркинлик имкони яратиб берилади. Шунинг учун бола тенгдошлари орасига тушганда биринчи кунданоқ ўзини эркин сезади.

Бола тарбиясида водийлик дўстларини кузатган, чет эл педагогикасига оид китоблардан хабари бор Мурод оиласида болаларини эркин ўстирди. Янги олиб келинган ўйинчоқ ўғли Норали томонидан бир бошидан ечилиб, бузилиб қайта терилишига қаршилик қилмади. Ўғли ўйинчоқни қайта теролмаган пайтида унинг ёнида ёш боладай бирга терлаб-пишиб ёрдам берди ва ўғлининг ўйинчоғи қайтадан тузатилиб юргизилган пайтида қувонганини кўриб, алоҳида қувонди. Чунки айнан мана шу йўл билан у Норалига ўйинчоқларни, кейинчалик эса бутун уй асбобларини тузатишни ўргатди. Ҳа, шунинг учун ҳам, тўрт ёшли Норали ўзи мустақил равишда магазинга чиқиб, кичкинагина бармоқчасини кўрсатиб, «менга мана бунча нон беринг», деб юрганини кўрган қўшни ва танишлар бир пайтлар Муродни оқлашмаган эди. Лекин, бугунги кунда ҳаёт бутунлай бозор муносабатларига ўтган бир пайтда Муроднинг ўғли Норали институтга ўзи кирди, ўқиб юрган пайтидаёқ бир корхонада ишлади, ўқишни битирмасдан хизмат поғонасида юқори кўтарилди, институтни битирганданоқ бир корхонанинг бошлиғи этиб тайинланди.

Одатда, Мурод бу ҳолни жуда оддий тушунтиради. Болалари ҳақида, мен уларга ҳеч нарсани қаттиқ айтмаганман, бир кун билиб олар, деб кутмаганман ҳам. Умуман улар билан узоқ-узоқ суҳбатлашишни яхши кўраман, дейди. Болалари ўзи учун ажойиб, диллари очиқ, мулоҳазали суҳбатдошлигидан алоҳида бир фахр билан қувонади. Шунинг учун ҳам унинг болалари мулоҳазали суҳбатдош, фикр доиралари кенг инсонлар бўлиб ўзларини ўтга-сувга урмайдиган ажойиб инсонлар бўлиб етишган.

Маҳмуд Йўлдошев,

психология фанлари номзоди

Tafsilot.uz маълумоти:

Маҳмуд Йўлдошев 1945 йилда Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги Аъламли қишлоғида туғилган.

1966—1971-йилларда Москва давлат педагогика институтида таҳсил олган.

“Хотирада сақлаш усуллари”, “Раҳбарлик психологиясида ахлоқ”, “Тасвирий тарғибот усуллари”, сингари психология, “Оилада руҳий муҳит ва унинг тарбияга таъсири”, “Тарбия тасвирлари”, “Жажжи даҳолар тарбияси” каби педагогика, болалар тарбиясига оид ўн саккиздан ортиқ китобларнинг муаллифи.

P.S: ушбу рукнда эълон қилинаётган материаллар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳимояланган. Уни сайтлар, электрон ва босма оммавий ахборот воситаларида чоп этиш ёки бошқа йўсинда фойдаланиш учун муаллифнинг розилигини олиш талаб этилади.

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>