• Бугунги сана: Payshanba, Dekabr 14, 2017

Эркинлик руҳи болаликдан сингади

Бобомнинг қўлидан ушлаб қишлоғимизнинг кўчаларини сайр қилганларим ҳеч ҳам ёдимдан чиқмайди. Ушбу сайрларнинг мени энг кўкларга кўтарган ва ҳалигача руҳимга мадад бўлган томони шунда эдики, бу сайрлар пайтида бобом билан учрашган, у кишининг таниш-билишлари (бобом қишлоғимизда ўта бообрў одам эди) мен билан ҳам худди катталар билан кўришгандай кўришар, уларга қилинадиган муомалани қилар эди. Ўша сабоқлардан бўлса керак, менинг болаликдан ўсмирликка, ўсмирликдан катталар оламига ўтишим қийин кечмади.

Мана, кўп йиллар ўтиб ортимга қарасам, мени ўз қаноти остида катта қилган бобом ўта руҳшунос, тарбияда олим киши ҳам бўлган экан, деган хулосага келаман.

Шу воқеалар ёдимга келар экан, руҳшунос мутахассис сифатида бугунги кун болалар тарбияси ҳақида бир фикрни ўртага ташлагим келди.

Кўпчиликка маълум, бўлғуси шахс оилада уч-тўрт ёшларда алоҳида шахс сифатида, аммо ҳаётий тажрибаси кам бир инсон сифатида шаклланиб улгуради. Бу пайтда оила аъзолари болага нисбатан гўёки тарбиявий объектга қарагандай муомалада бўлмаслиги керак. Масалани лўндароқ қилиб айтадиган бўлсак, болани тарбиялашнинг ўрнига у билан дўст, ҳамфикр, ўйин ва унинг кундалик машғулотларида ўртоқ бўлинг. Бирор ўйинни бирга ўйнар экансиз, албатта, у билан «мана бундай қилсакчи», деб маслаҳат қилинг. Шундай ҳолда уч-тўрт яшарлик бола ўз фикрини айтади. У бунга ё рози бўлади ёки муаммога болаларча ўзига хос бир ечим таклиф қилади. Айнан шу ечимни топиш, ташаббусни ўз қўлига олиш, маълум муаммо олдида эсанкирамаслик унинг руҳига ўша пайтда жойлашади ва бутун ҳаётида у бу хусусиятни йўқотмайди.

Агарда сиз ўша ўйин давомида ташаббусни ўз қўлингизга олиб, ҳаётий тажрибаси кам инсонни ранжитган ҳолда, мана бундай бўлади, деб ишни бажариб қўяр экансиз, сиз бу ҳаракатингиз билан бола руҳида қийинчилик олдида эсанкираш, кимдандир нажот кутиш руҳини пайдо қиласиз.

Шунинг учун бола билан муомалада унга шахс сифатида эътибор кўрсатишни унутманг. Шундай ҳолдагина унинг руҳида ўзига бўлган ҳурмат, ташаббускорлик, ўзи учун унинг ўзи ҳаракат қилиш майли сўнмайди.

Маълумки, ҳар қандай шахсдаги бошқаларга ҳурмат руҳи шахснинг ўзининг-ўзига бўлган ҳурмат руҳи билан чамбарчас боғлиқ бўлади. Шахс қанчалик ўзига паст ҳурмат руҳи билан қарар экан, у шунчалик бошқаларга ҳурмат тушунчаси билан эмас, қандайдир бир қўрқиш, номаълумликдан чўчиш, ўзини улардан камситиш руҳи билан қарайдиган бўлади.

Ушбу мисоллардан келиб чиққан ҳолда, кичик бир хулоса қилишимиз мумкин. Бу ҳам бўлса болага ҳар доим тарбияланувчи объект, деб қарамасдан, у билан дўст бўлинг, тарбия беришдан дўстлашиш осонку, демоқчиман.

Болага катталарга бўлган муомаладай муомала қилинганда унинг қалбида ўзига ишониш руҳи кучайиб ўзига бўлган ишонч ортиб боради. Ахир уни ҳаётнинг мураккаб ҳолатларида унинг ўзига бўлган ишонч кучигина уни ҳаётий мураккаб ҳолатларда сақлаб қолади. Сиз у билан бир умр бирга бўлмайсиз. Шундай экан, руҳшунослик тили билан айтганда, болангизнинг, неварангизниг қўлини ҳаёт саҳнига етаклаб чиққанингиздан кейин қўйиб юборинг. У ўзига ишонч руҳида бошқалар билан мустақил мулоқотда бўлсин, ҳаёт уммонида ўз услуб ва усулида сузсин. Чунки у иссиқ чойнакни ушлаб кўрмас экан иссиқ сўзи ва тушунчасинининг нималигини билмайди.

Сизнинг бақувват қўлингиздан жажжи қўлини узмасдан сизга дуч келган, сиз билан узоқ суҳбатлашиб турган (лаққироқ) танишингиздан неварангиз «Амаки соатингиз неча бўлди», деб сўраса уни койиманг. Ўша соатни сўраш билан у ўзлик руҳини намоён қилаяпти. Шахс сифатида одамлар орасида муомала қадамини қўяяпти. Ҳатто, ўзи билиб-билмай сизга ёрдам бераяпти. Эҳтимол, ушбу (лаққироқ) танишингизнинг сергаплиги туфайли неварангиз билан музейга кечикаётгандирсиз. Бола бир жойда узоқ турса тез зерикади, бир жойда тик туришдан бола тез чарчайди, демак, у сизга ўзининг чарчаганлигидан, зерикканлигидан хабар бераяпти.

Шундай экан, боланинг ўзини англашдаги илк қадамларини «катталарнинг гапига аралашма», каби унчалик ҳам ўз ўрнида тўғри бўлавермайдиган сўзлар билан шаштини қайтарманг. Бир маротаба шашти қайтган боланинг иккинчи бор катталардан шижоат қилиб бирон нарсани сўраши қийин бўлади. Кейинчалик бундай бола, журъатсиз, шижоатсиз, ҳаётда ташаббуссиз, оқимга қараб оқадиган, жамият орасидаги фаолиятда лаёқатсиз бўлиб ўсади.

Катталардан соатни сўрашга шижоат кўрсата олган бола шу жойнинг ўзида ички бир ҳиссиёт билан ўзига ўзи баҳо беради, ютуғидан қувониб ўзининг иккинчи шижоатига қалбида замин яратади. Аммо бирор шижоат катталар томонидан сўндирилар экан, бу ҳолда бола руҳида кескин равишда ўзига ишонмаслик, қўрқинч, иккиланиш руҳи пайдо бўлади.

Тарбия жараёнида, айниқса дўстона муомала шаклида олиб борилганида бола биринчидан – ўзини бошқалар томонидан тенг қабул қилинаётганини сезиши керак; иккинчидан – бола мустақил равишда бирор иш қила олишига ва бу ишни яхшигина уддалашига ўзида кўникма орттириб ўз кучига ишониб бориши керак; учинчидан – шундай мустақил ҳаракатлар билан у ўзини ўзи яратиб бораётганини сезиши керак.

Маълумки, ҳарқандай шахс ўзи ўзи ҳақида ўйлаган меъёрга тенг бўлмай, ўзи ўйлаётган ўйлару ўз меҳнати маҳсулигагина тенгдир.

Ушбуларни баён қилар эканмиз, болалар ва катталар орасидаги азалий келишмовчиликлар жуда кўп ҳолатларда болаларга дўстона руҳда муомала қилинганда бу келишмовчиликларнинг олдини олиш мукин бўлар эди, деб ишонч билан айтишимиз мумкин.

Аммо, азалий, катталар ва ёшлар, ота-она ва фарзанд деган тушунчаларда учрайдиган жумбоқнинг боши ҳам шундаки, катталар болаларни ёш, тажрибасиз дейишмайдида, уларни қаттиқ, исканжали “тарбия” остига олишади. Тарбия бўлганда ҳам болага катталарнинг фикри ва амрини сўзсиз қабул қилдириш усулини қўллашади ва натижада бир фарзандимиз қайсар бўлиб ўсса, бу шахснинг ўзлигини асраб қолишдаги уринишлар натижаси, бошқаси ташаббуссиз, лоқайд бўлиб қолади. Бу эса ўз ўрнида боланинг руҳиятидаги катталар амрини, буйруғини сўзсиз бажаришлар натижасидаги кўникмаларнинг бола хулқига кўчган шакли. Катталар, тарбиячилар, ўқитувчилар, умуман ёшлар билан муомалада бўладиган ҳар бир киши ҳеч қачон ёнида алоҳида бир шахс шаклланаётганини унутмаслиги керак. Унинг ички, эндигина шаклланаётган ниҳол қалбига қўпол таъсир қилмаслик лозим. Дўстона ўргатиб, уни тенг қабул қилиб иложи борича унга фикрини айтишга шароит ва имкон яратиб беринг. Шу билан унинг шаклланишига ёрдам берган бўласиз.

Ёдингизга олиб кўринг, мактабда ҳам ким доскага кўп чиқса, ким кўпроқ саволларга жавоб берса, ўша кишининг ўз фикрини бошқаларга етказиши енгилроқ бўлган. Айнан мана шундай ташаббускор болалар, ҳатто билими кучли бўлмасада, журъатсиз, аммо билимдон бўлган болалардан жамиятда олдинда юради. Бу табиий ҳол.

Болага ёшликда қанчалик эркинлик руҳи сингдирилса, у келгусида шунчалик шахс сифатида «ранг-баранг» бўлиб етишади.

Кўпгина тараққий қилган давлатлар педагогикасидаги асосий тамойиллардан бири – бола бола эркинлиги ва уни сщндирмаслик бщлиб синфда лозим бўлган пайтда боланинг зарур ишини, бошыаларга халаыит бермасдан қила олишидадир. Аммо бу ўринда болага демократиянинг асосий шарти бўлмиш келгуси ҳаётида унга асқотадиган талаб, унинг ҳаракати бошқаларга халақит бермаслик, талаби қўйилади.

Бола ёшликда эркин руҳда тарбия топсагина, эркинликни чегарасиз тушунча, деб қабул қилмайдиган бўлади. Эрикнликнинг қадрини эркин бўлган кишигина билади. Доим сиқувда, тажовузда, назорат остида ўсган, руҳан эркин бўлмаган бола кейинчалик жамиятда ҳам ўзини эркин сеза олмайди. Бундай бола катталар билан ёшлигида бўлган муомаласидангина андоза олади. Шундай экан, болаларимиз онггига ёшлигидан, улар билан шахс сифатида сўзлашиб муомала қилиш жараёнида руҳий эркинликни сингдирайлик. Бу нафақат бир кишига, қолаверса бутун миллатимизга ҳам ўта зарур туйғулардан биридир.

Маҳмуд Йўлдошев,

психология фанлари номзоди

 

Муаллиф ҳақида икки оғиз:

Маҳмуд Йўлдошев 1945 йилда Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги Аъламли қишлоғида туғилган. 1966—1971-йилларда Москва давлат педагогика институтида таҳсил олган. “Хотирада сақлаш усуллари”, “Раҳбарлик психологиясида ахлоқ”, “Тасвирий тарғибот усуллари”, сингари психология, “Оилада руҳий муҳит ва унинг тарбияга таъсири”, “Тарбия тасвирлари”, “Жажжи даҳолар тарбияси” каби педагогика, болалар тарбиясига оид ўн саккиздан ортиқ китобларнинг муаллифи.

 

P.S: ушбу рукнда эълон қилинаётган материаллар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳимояланган. Уни сайтлар, электрон ва босма оммавий ахборот воситаларида чоп этиш ёки бошқа йўсинда фойдаланиш учун муаллиф ва “Tafsilot.uz”нинг розилигини олиш талаб этилади.

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>