• Бугунги сана: Payshanba, Dekabr 14, 2017

«Энди ўзбекларга ўхшаб кийинаманми?»

Жуда қизиқ ҳолат, кўча-кўйда, жамоат жойда соф ўзбекча гапирган бошқа миллат вакилини кўрганда аксарият ҳолларда кўпчилик ҳайратланиб кетади. Худди бундай бўлиши мумкин эмасдек. Аксинча, агар ўзбеклар бошқа тилда, масалан рус тилида гапирса ҳеч ким эътибор бермайди. Керак бўлса унга қўшилиб биз ҳам русча гапириб юборганимизни сезмай қоламиз. Бунга одатдаги ҳолдек қараймиз. Нега шундай-а, ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

Яқинда кўчада бир танишимни учратиб қолдим. Республикамизнинг донгдор газеталаридан бирида мухбир бўлиб ишлайдиган қаламкаш дўстимиз Бўстонлиқ туманидаги қайсидир бир оромгоҳда бўлиб ўтган катта бир тадбирдан келаётган экан. Ҳамкасбимиз тадбир яхши ўтганини, у ерда олган таассуротларини мен билан ўртоқлашди:

— Тадбирда саккиз ёшли бир қизча ҳаммани ҳайратда қолдирди. Ишонсангиз нақд тўрт тилда ҳаммани табриклади, шеър ва қўшиқ айтиб берди. Инглиз, француз, корейс, рус тилларида худди биз она тилимизда гапиргандек бемалол гапирар экан-ей!

— Хорижлик бир қиз бўлса керак-да?

— Э, йўқ, ўзбекистонлик, миллати ҳам ўзбек.

— Унда қойил, саккиз ёшида хорижий тўрт тилни билса!

— Шуни айтинг.

— Ундан интервью олдингизми?

— Олдим, фақат таржимон орқали гаплашдим.

— Нима? Нега?

— Ўзбек тилини яхши билмас экан. Тутилиб-тутилиб гапирар экан.

— Ўз она тилида-я?

Қизчанинг кўпчиликни ҳайратда қолдирганича бор экан. Бир эмас, тўртта хорижий тилни ўзлаштирибди-ю, ўз она тилини ҳаминқадар ўрганибди.

Ҳеч эътибор берганмисиз? Фарзандини боғчага ёки бошланғич мактабга бераётган аксарият ота-оналар уларни рус ёки инглиз тилига ихтисослашган таълим муассасаларга беришга интилишади. Улардан бунинг сабабини сўрасангиз қуйидагича изоҳлашади: хорижий тилини ўрганади, тарбиячилар ёки ўқитувчилар яхши тарбиялайди, ўқитишади, боланинг «кругазори» кенг бўлади… Балки уларнинг айтганича ҳам бордир. Ёшликдан олган билим худди тошга ўйилган нақшдек қолиб кетади. Жаҳон тилларидан бўлмиш рус ва инглиз тилини ўрганади. Лекин бошқа бир томони эътибордан четда қолмаяптимикин? Ҳали ўз она тилини яхши ўзлаштирмаган, унинг жилосидан баҳраманд бўлмаган боланинг миясига бошқа бир тилни тиқиштириш, уни руслаштириш ёки инглизлаштириш, қўпол қилиб айтганда чаламулла қилиш тўғри бўлармикин?

Яқинда фарзандим етти ёшга тўлди. Уни қайси мактабга бериш борасида таниш-билишлардан маслаҳат сўрадим. Кимдир рус тилига ихтисослашган мактабга беришимни маслаҳат бериб, у ерда имкониятлар яхшилигини айтса, яна бошқаси ўзбек мактаблари яхшилигини билдирди. Ёши каттароқ ҳамкасбимизнинг фикрлари ўғлимни ўзбек мактабига беришимга туртки бўлди. «Фарзандларимни рус тили мактабига берганимга ҳозир афсусланаман, — дейди у куйиниб. — Кимларнингдир тавсиясига ишониб, шундай қилгандим. Бошида уларнинг рус тилида бийрон гапираётгани кўриб қувондим. Бора-бора улар уйда ҳам русча гаплашадиган, ҳатто бизга ҳам «папа», «мама» дея мурожаат қиладиган бўлди. Фарзандларинг худди ўртоғига гапиргандек «сен» деб мурожаат қилса ғалати бўларкансан. Биз доим ишда бўламиз, фарзандларимнинг асосий куни мактабда ўтади. Русча гаплашади, русча ўқийди. Бориб-бориб русча фикрлайдиган ҳам бўлиб қолди. Баъзида танишларимнинг уйига бориб қолсам болалари «Ассалому алайкум» деб кутиб олганини, ўзбекона урф-одат бўйича ота-онасига, меҳмонларга мулозамат қилганини кўрсам эзилиб кетаман. Мен уйга борсам фарзандларим «привет, папа» деб бепарво ўтиб кетади…». Балки сиз бундай бўлишга ота-она айбдор, уларни назорат қилиш керак эди, дея ўйлаётгандирсиз. Лекин ҳамма ота-она ҳам фарзанди олдидаги масъулиятни тўла англаб етавермайди.

Қош-кўзлари қоп-қора қўғирчоқдек Комила исмли жияним бор. Рус тилига ихтисослашган боғчага борарди. Баъзида ёқимли овози билан русча гапириб, шеър айтиб, ҳаммамизни лол қолдиргани ҳам бор гап. Ўтган йили ўша жияним боғчани томомлаб, мактабга борадиган бўлди. Онаси уни рус тилига ихтисослашган мактабга беришга қарор қилди. Лекин бироз вақт ўтиб жияним онаси айтган мактабга эмас, ўзбек мактабига бораётганини билдим. Режанинг бундай ўзгариб кетганига тушунмай бунга опамдан изоҳ сўрадим:

— Шу десанг эртага мактабга чиқадиган куни жиянингга атласдан кўйлак-лозим тиктириб бердим. Уни кийиб, Комила жуда чиройли бўлиб кетди. Кўз тегмасин «туф-туф» деб турсак бир пайт ўзини ойнага солаётган жиянинг русчалаб «Ие, энди ўзбекларга ўхшаб атлас кўйлак кияманми?» дейди менга қараб. Жойимда тош бўлиб қотиб қолдим. Эндигина етти ёшга тўлган боланинг русча бийрон гапиришидан хурсанд бўлиб юраверибмиз-у, унинг ўз тилини, ўзлигини унутаёзганини англамабмиз. Комиланинг ана шу бир оғиз гапи менга жуда ёмон таъсир қилди, кўзимни очди. Вой-войига, қаршилигига қарамай уни ўзбек мактабига топширдим…

Келинг, шу ерда бир мулоҳаза юритиб кўрайдик. Нега кўпчилик ўзбек, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ милллатидагилар фарзандлари рус ёки инглиз тилини ўрганишини хоҳлашади. Шу тилларга ихтисослашган мактабларга беришади, репетиторларга пул тўлаб ўқитишади. Балки сиз журналист бунга қарши экан деб ўйлаётгандирсиз. Йўқ, асло. Бунга менинг заррача эътирозим йўқ. Ахир киши қанча кўп тил билса шунча яхши-ку! Тил билган жаҳон кезади дейишади. Лекин кузатишларим мобайнида ўзбек тилини ўрганаман, фарзандимни ўзбек мактабига бераман, деган бошқа миллат вакилларини деярли учратмадим. Бир-иккита учраганлари ҳам ё бизнинг урф-одатларимини ўрганишга киришган туристлар ёки тилшунослар бўлиб чиқади. Нимага бундай? Наҳотки бизнинг она тилимиз — ўзбек тили ўрганишга арзимаса? Балки бошқа миллат вакилларининг уни ўрганмаслигига биз ўзимиз сабабчидирмиз. Қандай қилиб дейсизми? Жуда оддий. Бу ҳолга сиз жуда кўп дуч келгансиз. Келинг, ўша вазиятни яна бир бор кўз олдимизга кетирамиз. Сиз бир ташкилотга иш билан бордингиз. Зарур хонага кирганингизда у ерда уч нафар ўзбек бўлмаган бошқа миллат вакиллари ўтирган бўлади. Сиз уларга қандай мурожаат қиласиз? Турган гапги «Здравствуйте» дейсиз. Рус тилини унчалик яхши билмасангизда у тилда гапириб, бу ерга келишдан мақсадингизни, муддаонгизни тушунтиришга уринасиз. Кўча-кўйда ҳам шу аҳвол. Кўчада бирор манзилни тополмай қолган вақтингизда биринчи учраган йўловчи ўзбек бўлмаса унга ҳам билсак-билмасак ҳам русча мурожаат қилишга одатланганмиз. Энг эътиборлиси, бундай ҳолатда бошқа миллат вакиллари бутунлай бошқача йўл тутишади. Учта ўзбек ўтирган хонага кириб келганда рус миллатига мансуб киши «Ассалому алайкум» деб эмас, ўз она тилида «Здравствуйте» деб мурожаат қилади. Ўз ташрифидан мақсадни ҳам ўз она тилида давом эттиради. Уларни айблашдан йироқмиз. У ўз она тилида гапириб, уни улуғлаяпти, ҳурмат қилаяпти. Биз-чи!?

Касб тақазоси билан кўплаб тадбирларда иштирок этамиз. Унча кўп бўлмади, яқинда пойтахтимиздаги катта бир меҳмонхонада матбуот анжумани бўлиб ўтди. Турли газета ва журналлардан, телевидение ва радиодан журналистлар таклиф этилди. Матбуот анжуманини ўтказаётган катта бир ташкилот раҳбари тадбирни очишидан олдин йиғилганларга бир қур назар солиб, кейин деди:

— Орамизда русийзабон журналистлар ҳам бор экан. Ҳамма тушунади-ку, русча гапирсам ҳам бўлар!

Раҳбарнинг гапига ҳеч ким эътироз билдирмади. Ростдан ҳам русчани тушунамиз-ку! Шу ерда давлат тилимизнинг мавқеини ошириш, уни кўкларга кўтариш, талашиб-тортиш ўрнига кўпчиликнинг миясидан бир лаҳзада ўтган битта ана шу иқрорга рози бўламиз-қўямиз. Бунга қарши чиқиб гапирган битта-яримта эса ё «қора мушукка» айланади ёки бир-икки кишининг наздида миллатчи бўлиб қолади. Ваҳоланки, тадбирга ташриф буюрган йигирмадан зиёд ОАВ ходимларидан икки нафаригина рус миллатига мансуб эди.

Одатда 21 октябрь куни мамлакатимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган куни сифатида катта байрам қилинади. Ўша кун арафасида сана муносабати билан ташкилотларда, муассаласаларда кўплаб тадбирлар уюштиради, журналистларимиз кўнглининг туб-тубида йиғилиб қолган баъзида аччиқ, баъзида муаммоли мулоҳазаларини кўтариб чиқади, тўкиб солади. Ўтган йили шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон Миллий Авикомпанияси тизимига қарашли учувчилар мажмуасида бўлиб ўтганди. Энг ажабланарлиси, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан ташкил этилган тадбир бошидан охиригача рус тилида олиб борилди. Ақали давлат тилига ҳурмат юзасидан бир оғиз ўзбек тилида гапирилмади. Кўзбўямачиликка, хўжакўрсинга, ҳисобот учун ўтказиладиган шундай тадбирни ўтказишдан мақсад нима? Бундан ким манфаатдор, кимга кераги бор? Бунинг ўрнига қайсидир бошқа миллат вакили давлат тилига ҳурмат юзасидан соф ўзбек тилида икки қатор шеър айтиб берса ёки ўзбекча саҳна кўриниши уюштирса тадбирнинг аҳамияти анчайин ошмасмиди? Ана шунда давлат тилига ҳурматни намойиш этган бўлмасмиди.

Болливуд киноижодкорлари суратга олган «Боғбон» бадиий фильмини кўпчилигингиз кўргансиз. Ундаги бир ҳолат мени кўп ажаблантиради. Агар эътибор берган бўлсангиз, Амитабах Баччан ўйнаган асосий қаҳрамон узоқ вақтдан буён кўришмаган турмуш ўртоғидан мактуб олади. Лекин кўзойнаги синиб қолганлиги учун уни ўқишга қийналиб, шу ерда танишган тамаддихона эгасидан уни ўқиб беришни илтимос қилади. У эса мактубга бир қур кўз ташлаб, «ие, ҳиндийда ёзилган экан-ку», деб ўқий олмаслигини билдириб қўяди. Кейин ҳиндийни биладиган турмуш ўртоғини чақириб унга ўқиттиради. Шу ерда менда бир савол туғилганди: «Наҳот ўзи ҳинд бўла туриб ҳиндийни билмаса». Балки ўқувчиларимиз орасида «Ҳиндистонда ҳинд ва инглиз тили давлат тили ҳисобланади, бундан ташқари мазкур давлат ҳудудида аҳоли 30 тил, 1600 лаҳжада сўзлашади, шунинг учун ҳиндийни билмаслиги мумкин-ку», дегувчилар ҳам топилар. Лекин инсон қайси тил, қандай лаҳжада сўзламасин, ўз давлат тилини билиш керак эмасми?

Ҳар хил масасалар юзасидан турли ташкилот, муассасаларда бўламиз. Афсуски, давлат тилига нисбатан ҳурматсизликни борган жойларимизда ҳам кўришимиз мумкин. У банк, тўлов идоралари, кўнгилочар жойлар бўлиши мумкин, барчасида шундай вазиятга дуч келиш мумкин. Одатда мурожаат қилиб келувчиларга маълумот бериш учун кўриниб турадиган жойларга эълонлар, нархлар кўрсаткичи, ҳар хил норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар осилган бўлади. Лекин баъзида улар орасидан ўзбек тилида ёзилган биронта мантни тополмай кўнгимиз хижил бўлади. Унча кўп бўлмади, пойтахтимизнинг муҳташам Юнусобод спорт комплексига ўғлимни сузиш тўгарагига бериш учун боргандим. Сузиш хавзасига кирадиган жойда икки ўзбек миллатига мансуб киши кириб-чиқаётганларни назроат қилиб турган экан. Мен маълумот олиш учун шу атрофга ёпиштириб, қистириб ташланган матнларга бир қур кўз югуртирдим. Ўзим учун керакли маълумотни топгендек бўлдим: сузишга бир ойда қанча пул сарфланади, нималар керак бўлади, нечи ёшдан қабул қилади… Лекин мени ажаблантирган нарса мантлар орасида биронта давлат тилида ёзилганини тополмадим. Зора битта бўлса ҳам топилиб қолар деган умидда ҳарқанча изламай фойдаси бўлмади.

— Ака, мана бу матналарни ўзбек тилида ҳам ёзиб қўйсаларингиз бўлмайдими? — дедим пул санаётган кишига.

— Ҳа, нима, тушунмаяпсизми? — саволга савол билан жавоб берди «эшикбон».

— Тушунишга-ку тушундим, лекин бизда давлат тили қайси тил? Мен тушунарман, аммо рус тилини билмайдиганлар нима қилади? Ҳамма тушунади деб, рус тилида ёзиб қўйиш сизнигча тўғрими?

У «э, ўзи сен етмай турвдинг ўзи», дегандек мендан нари кетди. Ана сизга давлат тилига бўлган беписандлик, ҳурматсизликнинг яна бир кўриниши.

Бир ҳақиқатни ҳеч ким инкор этолмайди. Мамлакатимизда турли миллат вакиллари тинч-тотув, эмин-эркин яшайди, умргузаронлик қилади. Бошқа миллат вакилларини камситишга, тилини оёқости қилишга йўл қўйилмайди. Бу Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида ҳам ўз аксини топган: «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади».

Тўғри, ўзга миллат вакилларини, уларнинг тилини ҳурмат қилиш яхши. Лекин уларни кўкка кўтариб, ҳурматлаб, ўз она тилимизни ер ости қилиш, унга ҳурматсизлик қилиш тўғримикин? Қирғиз халқининг буюк адиби Чингиз Айтматов тил ҳақида шундай бир гап айтганди: «Миллатнинг умрбоқийлиги унинг тили биландир». Шундай экан, миллатимиз яшаши учун тилимиз ҳам ривож топиши, соф ҳолда сақланиши, янада сайқалланиши лозимдир. Она тили — умуммиллат мулки. Ўзини ўзбекман деган ҳар бир инсон ўзбек тили учун қайғурмоғи керак. Ўзимизни маданиятли, билимли қилиб кўрсатиш учун кўча-кўй, ижтимоий тармоқ бўладими хорижий тилда «биди-биди» қилмай соф ўзбек тилида гаплашайлик, ёзишайлик. Ўзбек тилини янада бойитиш, уни ҳамма ўрганишни хоҳлайдиган оммабоб тил бўлишига интилайлик.

Лекин бу ерда бир ҳақиқатни ҳеч ёдимиздан чиқармаслигимиз лозим. Ўз тилимиз — ўзбек тилининг мавқеини бошқа миллат вакиллари ёки чет элдан юртимизга ташриф буюраётган меҳмонлар келиб ошириб кетмайди, уни кўкка кўтармайди. Ўзбек тилининг янада мавқеи ошиши, худди инглиз ва рус тиллари каби оммабоб бўлиши фақат ва фақат ўзимизга боғлиқ.

Азиз ўқувчи! Сиз шуни истайсизми? Унда ўзбекча гапиришдан уялмайлик. Катта-кичик мажлис бўладими, кўча-кўй ёки ишхона бўладими, ижтимоий тармоқлар бўладими, ўзбекча гапиришдан, ёзишдан уялмайлик, орланмайлик. Ўзимизни ҳурмат қилагандек, давлат тилимизни ҳам ҳурмат қилайлик. Ахир бу бизнинг она тилимиз, давлатимизнинг ягона тилидир!

Фозил Муҳаммад Шариф


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


  • SaidA'zam Жавоб бериш
    2 yil олдин

    To’g’risini aytaman, mavzu ham, e’tibor ham ko’p qaratilgan noqulaylik haqida bundan ko’p gapirilsa ham yangi gap topilishi qiyin bo’lgan yo’nalishda qalam tebratibsiz. Biroq, nima o’zgaradi deydiganlar tiqilib yotgan paytda bir narsani aytaman: masalani yechimi bilan taklif qilish kerak! Aks holda barg shabodadan engil silkinib qo’ygandek samarasiz mehnat toifali intilish bo’lib qolaveradi.
    Bizning bugunimiz shu demang,biz bugunmiz, ertaga boshqalar esa bugunimiz deb tutadigan holatni o’zgartirishga intilish kerak.
    So’zlarim tanqid emas, taklif sifatida qabul qilinishini istardim. Mehnatingizdan rozi bo’ling!

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>