• Бугунги сана: Juma, Dekabr 15, 2017

Эл оғзига қачон элак тутамиз?

“Топганинг тўйларга буюрсин!” — нақадар пурмаъно дуо. Топганинг яхши, қувончли кунларга буюрсин, ҳалолдан топганингни яхшиликларга сарфла, покдомон ниятли кишиларгина тузингни татисин, яхши кунларда ҳамроҳинг бўлсин… Топганинг тўйга буюрсин, ёмон кунларингга, дарду ташвишларнинг аритишга эмас.

Ушбу дуодан англаганларим шу сингари ўй‑хаёлларга жам бўлади. Аммо сўнгги вақтларда мазмуни эзгуликкагина йўғрилган ушбу дуонинг қадру қиммати камайиб, обрўси, аввалги тароватини йўқотгандек. Унинг маъноси аслида топган‑тутганингни фақат тўйга сарфла, бошқа кунлари рўшнолик кўрма, дегани эмас ҳар ҳолда.

Бугун тўйларимиз ҳолатига назар ташлаб, йиғлашни ҳам, кулишни ҳам билмай қоласиз. Кимлардир қандайдир янгилик киритиб, азалдан эъзозлаб келинаётган қадриятларни оёқости қилса, бошқалар унга қарши чиқиш ўрнига, қўллаб‑қувватламоқда, ўзлари ҳам такрорламоқда…

Эндигина мактабни тамомлаб, ҳаётнинг аччиқ‑чучугини татиб улгурмасимиздан бир ўртоғимизни ота‑онаси уйлантириб қўйди. Синфдош‑дўстлар ичидан биринчи бўлиб уйланаётгани бўз болалар учун оламшумул янгилик бўлиб, тўйни дабдаба, шов‑шувли қилиб ўтказиш машаққати гўёки бизнинг зиммамизга тушиб қолган эди.

15‑20 чоғли бўз йигитлар тўёна учун йиғиладиган пул миқдорини икки кило гўштнинг нархи билан белгиладик. Қолаверса келину унинг қиз‑дугоналарини қаердан бўлмасин, қатор‑қатор машиналарда олиб келиш ҳам бизнинг зиммамизга тушди. Ушбу “анъана” бошқа уйланувчилар учун ҳам давом этишга келишиб, ўн‑ўн беш автоулов билан Жиззахдан Самарқанд вилоятига келинни олиб келгани йўлга чиқдик. Қий‑чув қилган маст‑аласт ёшлар ҳайдовчиларни қистаб, ортда қолмасликка ундаб узоқ йўлни қувишиб бориб-келган эдик ўшанда.

“Анъана” яна давом этди, улғайганимиз сари талабларимиз ортди, тўйимда у машинани эмас, бу машинани гаплашинглар, йўлда ресторанда базм уюштирамиз, видеога, сурат(фотосессия)га тушамиз,  ундай қиламиз, бундай қиламиз сингари янгидан‑янги урф‑одатлар қўшилди. Шунга яраша харажатлар ҳам ортиб борарди.

Аммо биргина синфдошимиз уйланишда бошқача йўл тутди. “ЗАГСга бормаймиз, менга машина пулини йиғиб берасизлар, ўзимизга телевизор ёки музлаткич оламиз” деган талабни қўйди. Эшитиб хурсанд бўлиб кетдим. Ҳисоблаб чиқар бўлсак, шу ортиқча, мутлақо кераксиз бўлган ишдан воз кечиб, дўстим 2 миллион сўмдан зиёдроқ пулни исрофдан сақлаб қолиб, фойдали бўлган буюмни сотиб олди (2013 йилги гап).

Энг қизиғи, уни ҳеч ким маломат қилмади, ортидан ғийбату гап‑сўзларни тарқатмади. Бўларкану. Мен айтиб ўтган ҳолат тўйларимизда беҳуда, кераксиз орзу‑ҳавасларга сарфланаётган маблағларнинг арзимасгина қисми холос.

Ўтган 2015 йилда эса хонадош дўстим уйланди. Жиззахлик куёв Қорақалпоғистондан келин олиб келди. Аксарият воҳа тўйлари ичкиликсиз ўтмаслиги маълум. Аммо ҳар иккала тўйда ҳам ичкилик қўйилмади. Энг қизиғи, одамлар нега ароқ қўймадинг, деб жанжал қилмади. Эҳтимол тўйга фақат ичиш учун борадиганлар нолигандир, аммо тўй рисоладагидек, балки ундан ҳам чиройли ўтди.

Бу тўйнинг бир ижобий томони бўлса, келин-куёвнинг саҳнага миллий либосда – куёв дўппи ва зарчопон, келин эса қорақалпоқ миллий либосида чиқиб келгани олқишларга сабаб бўлди. Тўғри, оқ либос кийиш ҳар бир қизнинг орзусига айланган. Аммо дунёқараши кенг, маънавий жиҳатдан етук ёшлар қадриятлар, миллий анъаналарни замонавий одатлардан устун қўя олади.

Кўриниб турибдики, тўйнинг исроф ва одоб доирасида ўтиши ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. “Одамлар нима дейди” дея ҳар турли қийинчиликларни ўзига раво кўраётганлар эса бир нарсани ёдда тутишлари шарт: тузингни еб, ортидан сени ғийбат қиладиганлар учун бундай дабдабали тўй қилишдан кўра, исрофдан сақланган пулларни ўз дилбандингиз, ҳар куни кўзингиз тушиб турадиган фарзандларингиз учун сарфлаш минг чандон аъло.

Сизни чин юракдан қадрлайдиганлар эса ёзадиган дастурхонингиз ёки чақиридагин артистларингиз учун тўйингизга бормайди. Улар қувончли кунларда ёнингизда туриш учун таклифингизга бажонидил рози бўлишади.

Санжар Саид


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Фотих Султон Жавоб бериш
    2 yil олдин

    Санжар Саидни «Тафсилот»га килган ташрифидан кувондик. Ажойиб макола учун алохида рахмат. Андижонлик бир танишим айтиб берди: куда булаётган икки оила сохиблари, туйнинг хамма харажатларини камайтириб, уни одмигина утказиб, уртада иктисод килиб колинган пулга келин куёв учун уй олиб беришибди. Тафсилотларини сурамадим, балки бунча пул йигилмагану, етмаганини кушгандирлар, балки накд пулни банкка топшириб, ипотека кредити олгандирлар. Мухими бу эмас, асосийси, кераксиз харажатларни камайтириб, ёш оилани уйлик килганларида.

  • Санжар Саид Жавоб бериш
    2 yil олдин

    Албатта, бундай ибратли ишнинг этадиган тутганлар кўп. Қани эди ўзига тўқ, бой-бадавлат оилалар ҳам манманлик, риё учун тўйларини дабдабали ўтказмасдан намуна кўрсатишса. Аслида кўп бидъатлар ўшалардан келиб чиқаяпти

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>