• Бугунги сана: Payshanba, Sentabr 21, 2017

Эгизаклар

Авлиё ота, бугун ҳузурингизда тавба қилмоқчиман. Қатл куним яқинлашаяпти, нариги дунёга ёруғ юз билан кетиш учун ҳамма гуноҳларимга иқрор бўлмоқчиман. Ҳикоям анчагина вақтингизни олсаям, илтимос, ўлимга ҳукм этилган мен бечоранинг дардига қулоқ тутинг.

Оғир жиноят сабаб менга шундай ҳукм чиқаришгани ўзингизга маълум. Мени бир одамни ўлдириб, уйидан ўттиз минг иен ўғирлашда айблашяпти. Лекин бундан ҳам мудҳиш бошқа бир жиноятда ҳам қўлим борлигини ҳеч ким пайқамади. Тўғри, яна бир кирдикорни бўйнимга олишдан ҳеч қандай маъно йўқ, шундоқ ҳам олий жазога ҳукм қилинганман.

Ҳар қандай одам ўлими олдидан иложи борича ўзидан яхши ном қолдиришга уринади. Шунинг учун ҳам мен иккинчи жиноятни хотинимдан яширмоқчи бўлдим. Қилмишимни сир сақлаш қанчалик оғир бўлганини билсангиз эди! Ўлим  жазосидан барибир қутула олмаслигимни била туриб ҳатто судда ҳам сиримни очмадим.

Лекин энди фикрим ўзгарди. Хотинимга ҳақиқатни сиз айтинг, авлиё ота. Ҳатто энг разил одамга ҳам ўлими олдидан инсоф кирар экан. Агар шу мудҳиш жиноят сирлигича қолса, гўримда тинч ётолмайман. Мен ўлдирган одам нариги дунёда қасдини олмай қўймайди. Пулини ўмариш учун ўлдирганим — ҳалиги бояқишни айтаётганим йўқ. У жиноятни бўйнимга олганман. Лекин бир неча йил аввал мен яна бир инсоннинг умрига зомин бўлдим.

Ўз акамни ўлдирдим. Аслида уни акам дейиш ҳам ноқулай   . Биз эгизак эдик, деярли бир вақтда дунёга келганмиз.

Унинг арвоҳи мени тинч қўймаяпти. Оқшомлари кўксимга ниқтаб нафас олишга қўймайди, баъзан эса кундуз куни ҳам хонамда пайдо бўлиб, нафрат билан ўқталади ёки деразадан қарайди-да совуқ илжайиб юрагимни ёргудай қўрқитади…

Акам иккимиз бир-биримизга икки томчи сувдек ўхшардик. Пулини ўмариш учун ҳалиги бечорани ўлдирган кунимнинг эртасига акамнинг арвоҳи биринчи марта кўзимга кўринди. Энди ўйлаб қарасам, иккинчи қотилликка қўл урганимга ҳам, узоқ вақт режалаштирилган бу жиноятнинг дарров фош этилганига ҳам акамнинг арвоҳи сабаб бўлган экан.

Акамни ўлдиргач, ойнага қаролмай қолдим. Одамнинг акси тушадиган ҳар қандай буюм мени ваҳимага соларди. Уйимдаги ойна-ю шиша идишларни чиқариб ташладим. Лекин бунинг фойдаси бўлмади. Чунки кўчада ҳар қадамда дераза ва ойларга кўзингиз тушади. Уларга қарамасликка қанчалик уринмай, бошимни беихтиёр ўша томонга бураверардим ва ҳар сафар ойнада менга ўқрайиб турган акамнинг аксини кўрардим. Аслида бу ўзимнинг аксим эканини билсам ҳам юрагим така-пука бўлиб кетарди.

Бир куни ойна сотиладиган дўконнинг ёнидан ўтаётганимда қўрққанимдан ҳушимдан кетишимга бир баҳя қолди. Растадаги мингга яқин катта-кичик кўзгудан менга акам тикилиб турарди.

Лекин дастлаб кўзгу билан боғлиқ бу воқеалар мени унчалик ташвишга солмади. Чунки пулни деб қўл урганим — ҳалиги қотиллик ҳеч қачон фош бўлмаслигига ишончим комил эди. Бунинг устига ҳаёт ташвишларига чалғиб кўзгудаги акамнинг акси ҳақида аста-секин унута бошладим. Аммо қамоққа тушганимдан кейин бари ўзгарди. Бу ердаги аянчли аҳволимдан фойдаланган акамнинг арвоҳи мени ўз исканжасига олди. Ўлимга ҳукм қилинганимдан кейин эса, унинг қийноқларига чидаб бўлмай қолди.

Турмада ойна йўқ. Лекин ювинишга сув келтиришганда ёки ҳаммомга чиққанимда сув бетида доим унинг юзи кўринади. Ҳатто товоқдаги шўрвадан ҳам акам менга қараб тургандай туюлади. Одамнинг юзи акс этадиган ҳар қандай буюм мени ваҳимага солади. Турмадаги тирқишдан қуёш нури тушганда соямга қарашга ҳам қўрқаман. Охирги пайтларда ҳатто баданимга қарашга ҳам ботинолмай қолдим, чунки акам иккимиз бир-биримизга қуюб қўйгандек ўхшар эдик.

Бунчалик азоб чеккандан кўра ўлганим яхши. Йўқ, мен ўлимдан қўрқмайман. Аксинча, уни кутаяпман. Фақат ўлишимдан аввал виждон азобидан қутулмоқчиман. Акам мени кечиришини, ҳеч бўлмаса унинг арвоҳи мени тинч қўйишини хоҳлайман… Бунинг учун эса гуноҳимга иқрор бўлишим керак.

Сиздан ўтиниб сўрайман, авлиё ота, иқроримни судья  ва хотинимга етказинг! Акамни қандай ўлдирганимни ҳозир гапириб бераман.

Боя айтганимдек, акам иккимиз эгизак эдик. Болдиримдаги холни ҳисобга олмаса ташқи кўринишимиз бир хил эди. Ота-онам шу холга қараб бизни бир-биримиздан ажратарди. Агар кимдир эринмай бошимиздаги сочни санаганда, ишончим комилки, соч толаларимизнинг сони ҳам бир хил чиқарди.

Айнан шу ғаройиб ўхшашлик мени қотилликка ундади. Кунлардан бир куни мен акамни ўлдиришга аҳд қилдим. Очиғини айтсам, акамдан нафратланишга ҳеч қандай асосим йўқ эди. Фақат унга ўлгудек ҳасад қилардим: тўнғич ўғил бўлган акамга ота-онамдан катта бойлик мерос қолган, менга эса арзимаган пул теккан эди. Бу ҳам етмагандек севган қизим акамга турмушга чиқди – ота-онаси оиламизнинг мероси кимга текканини билишгач, қизни қарорини ўзгартиришга кўндиришди. Аслида бу ҳолатда ҳам акамнинг ҳеч қандай айби йўқ эди. Ҳамма айб ўғилларидан бирини алқаб иккинчисига эътибор бермаган ота-онамда. Акам ҳатто мен яхши кўрган қизга уйланаётганини билмасди ҳам.

Ўрнимда бошқа одам бўлганда воқеалар бунчалик фожиали тус олмас эди. Лекин мен пулни тежаб ишлатишни билмайдиган, бетайин йигит эдим. Эртани ўйламай кайфу сафо қилиб яшадим. Балки бойлик ҳам, қаллиғим ҳам акамга насиб қилгани учун ўзимни шундай тутгандирман?  Нима бўлганда ҳам кўп ўтмай ота-онамдан менга мерос қолган маблағ тугади.

Шундан сўнг пул сўраб акамнинг олдига боришдан бошқа чорам қолмади. Тиланчилардек ялиниб кунора келаверганимдан кейин унинг тоқати тоқ бўлди ва юриш-туришимни тартибга солгунимча менга моддий ёрдам беришдан бош тортди.

Бир куни, одатдагидек, ундан гап эшитиб қайтаётганимда кўнглимда мудҳиш бир ният уйғонди. Дастлаб бу даҳшатли фикрдан этим жунжикиб, уни дарҳол миямдан чиқариб ташламоқчи бўлдим. Лекин вақт ўтиши билан ўша ният борган сари ҳаловатимни ўғирлай бошлади. Агар эҳтиёткорлик билан қатъий ҳаракат қилсам, бойликни ҳам, севган қизимни ҳам тортиб олишимга кўзим етарди. Машъум режамни уч-тўрт кун обдон миямда пишитгач, ниҳоят ишга киришдим.

Акам нафратимга лойиқ ҳеч қандай ёмонлик қилмаганини яна бир бор такрорлайман. Уни ўлдиришимга сабаб бойлиги ва хотинини тортиб олиш эди. Аслида мен одам ўлдирадиган даражада довюрак эмасман. Лекин ўйлаб топган режам шунчалик мукаммал эдики, зиғирча ҳам таваккалчиликка ҳожат қолмасди. Ҳар қалай менга шундай туюлганди.

Хуллас, дастлаб акамнинг юриш-туришини ипидан-игнасигача ўрганиб чиқиш учун уникига тез-тез меҳмон бўлиб бордим ва кундалик одатларини беш қўлдек билиб олдим.

Бир ойдан кейин унга ишлаш учун Кореяга кетаётганимни айтдим. Бўйдоқлигим сабаб бу ниятим уни ажаблантирмади. Аксинча, ниҳоят укамга эс кирибди, деб роса қувонди. “Мендан қутулаётганингга хурсанд бўлаяпсан-а?”, деб ўйладим ичимда. Нима бўлганда ҳам сафар харажатлари учун акам менга бир даста пул берди.

Кўп ўтмай акам ва келинойим ҳамроҳлигида Токио вокзалига йўл олдим ва Симоносэкига кетадиган поездга ўтирдим. Лекин Ямакитадаги биринчи бекатдаёқ қарама-қарши йўналишга ўтиб Токиога қайтдим. Бу орада станциядаги ҳожатхонага кириб оёғимдаги холни қаламтарош билан ўйиб олишга ҳам улгурдим. Энди акам иккимизнинг бир-биримиздан ҳеч ким ажратолмасди.

Эрта тонгда Токиога етиб келгач, нақшлари ва ранги акамники билан бир хил кимоноимни кийиб унинг уйига йўл олдим ва девордан ошиб ўтиб оёқ учида боғнинг бир четидаги эски қудуқ ёнига келдим.

Бу ташландиқ қудуқ менинг режамда муҳим ўрин тутарди. Суви қуриб қолгани учун акам уни кўмдирмоқчи бўлиб, ёнига бир уюм тупроқ тўктирганди. Мен “Кореяга кетишим”дан аввал боғбонни чақириб эртага тонгда уни кўмишни буюрувдим.

Хуллас, буталар орасига беркиниб акамни кута бошладим. У ҳар тонг боғда сайр қиларди. Борган сари асабларим таранглашиб, ҳаяжондан қўл-оёғим титрай бошлади. Баданимдан совуқ тер чиқиб юрагим тўхтовсиз дуккиларди. Акамдан эса дарак йўқ. Ниҳоят уч соатлардан кейин узоқдан унинг қадам товуши эшитилди. Жуфтакни ростламаслик учун бор иродамни ишга солишимга тўғри келди.

У ёнимдан ўтаётганида буталар орасидан югуриб чиқдим-да бўйнига сиртмоқ солиб бўға бошладим. Акам қотилининг кимлигини билиш учун жон талвасасида бошини бурмоқчи бўлди. Мен эса бунга йўл қўймоқчи эмасдим. Лекин охир-оқибат акам бари бир менга қаради ва зўриқишдан шишиб кетган юзи даҳшатдан қотиб қолди – унинг чақчайган кўзларини умримнинг охиригача унутолмайман. Кейин у бир тўлғонди-да жони узилиб ерга қулади. Жасадни гумдон қилишдан аввал зўриқишдан акашак бўлиб қолган қўлларимни узоқ вақт уқаладим.

Кейин уни қудуққа ташлаб устидан тупроқ тўкдим. Агар ўша воқеани кимдир кўрганда акамни ўзининг нусхаси бўғиб ўлдирганини ақлига сиғдиролмай эси оғиб қоларди!

Мен мана шундай оғир гуноҳга қўл урдим – акамни ўлдирдим. Одам ўз акасини ўлдириши мумкинлигини тасаввур қилолмаётгандирсиз, авлиё ота? Лекин ўзингизни менинг ўрнимга қўйиб кўринг. Биз ака-ука бўлганимиз учун ҳам мен уни ўлдиришга аҳд қилдим. Агар билсангиз, ака-ука ва яқин қариндошларни бир-бирига меҳр эмас, нафрат боғлайди. Бу ҳақда ҳатто китобларда ҳам ёзилган. Қизиғи, ака-укалар ўртасидаги адоват етти ёт-бегоналарнинг хусуматидан анча кучли бўлади. Агар аканг сенга қуюб қўйгандек ўхшаса-чи? Шу ўхшашликнинг ўзиёқ одамни қуюшқондан чиқариб, зулм йўлига етаклаши мумкин. Хуллас, акамни шафқатсизларча бўғиб ўлдиришимга айнан нафрат сабаб бўлди…

Уни қудуққа кўмгач, боғдан қочиб чиқишга шошилмадим. Ярим соатлардан кейин йўлакчадан боғбон ва унинг ёрдамчисининг қадам товуши эшитилди. Энди уларга ўзимни акамдай қилиб кўрсатишим керак эди. Ёнимга келишгач, кулимсираб гап бошладим:

– Ниҳоят боғбон жаноби олийлари ҳам етиб келди. Сизларга кўмаклашиш учун қудуққа бир оз тупроқ тўкиб қўйдим. Қолганини ўзинглар бир амалларсизлар-а?

Шундай дедим-да акамдай ғоз юриш қилиб уй томонга йўл олдим.

Бу ёғи хамирдан қил суғургандай осон кечди. Куни билан акамнинг хонасидан чиқмай унинг кундалик ва ҳужжатларини титкиладим. Кечга яқин эса худди акамдек ҳазил-ҳузил қилиб келинойим билан роса гап сотдим. Собиқ севгилим энди фақат меники эди. Тунда юрак ҳовучлаб унинг ётоғига ҳам кирдим. Бекорга хавотирланган эканман – келинойим мени акам деб ўйлаб қучоқ очиб қарши олди. Хуллас, яна гуноҳга ботдим – акамнинг хотинини йўлдан урдим.

Шундай кейин бир йил кайфи-сафо қилиб яшадим. Акамнинг баъзан безовта қиладиган арвоҳини ҳисобга олмаганда ҳаётим эртаклардагидек мароқли эди.

Лекин бора-бора бир маромдаги сокин турмуш менинг бадимга урди. Акамнинг хотини ҳам жонимга текканди. Оқибатда аввалгидек айш-ишратга берилиб, пулни аямай сарфлай бошладим ва кўп ўтмай акамнинг мероси тугаб қарзга ботиб қолдим. Энди яна жиноят кўчасига киришдан бошқа иложим йўқ эди.

Аслида акамни ўлдирган пайтимдаёқ бу ишни яна такрорлашимни билардим. Атрофдагилар мени акам деб ўйлаши ишимни фақат осонлаштирарди. Қандай қилиб дейсизми? Мен исталган пайтда Кореяга кетиб дом-дараксиз йўқолган “ука” қиёфасига кириб жиноятга қўл уришим ва яна “ака”га айланиб сувдан қуруқ чиқишим мумкин эди.

Бунинг устига акамнинг хонасидан топилган бир нарса мушкулимни яна ҳам осонлаштирди.

Бир куни, одатдагидек, акамнинг кундалигига қайдларимни ёза бошладим. У тириклигида ҳар куни кундалик тўлдирарди ва атрофдагиларда шубҳа уйғотмаслик учун мен ҳам шу ишни қилишга мажбур эдим. Унинг ёзувига тақлид қилиш осон эмасди ва бир амаллаб уч-тўрт сатр ёзгач кундаликнинг орқа бетини очиб акамнинг ёзуви билан солиштирмоқчи бўлдим. Шу пайт кўзим ўша бетнинг ҳошиясидаги сиёҳга булғанган бармоқ изига тушди.

Баданимдан совуқ тер чиқиб кетди: бу бармоқ изи менинг сиримни фош қилиши ҳеч гап эмасди. Мен акам иккимизни фақат оёғимдаги хол бир-биримиздан ажратади, деб ўйлаб бармоқ излари ҳақида бош қотирмабман. Иккита одамнинг бармоқ изи ҳеч қачон бир-бирига мос келмаслиги ҳаммага аён-ку!

Дарҳол лупа сотиб олдим-да, оппоқ қоғозга бармоғимни босиб, кундаликдаги акамнинг бармоқ изи билан солиштирдим. Дастлаб улар бир хилдек туюлди. Лекин диққат билан разм солиб барибир фарқ борлигини пайқадим. Ҳар эҳтимолга қарши акамнинг хотини ва уйдаги хизматкорларнинг бармоқ изини ҳам уники билан солиштирдим. Бу излар бир-бирига сира ўхшамаскан. Эгизак бўлганимиз учун ҳам акам иккимизнинг бармоқ изимизда ўхшашлик бор эди.

Бошқа жойда ҳам акамнинг изи йўқмикан, деб бутун хонани титкилаб чиқдим. Хайрият, жавон, тортма ва китобларда унинг изи қолмаганди. Энди кундаликнинг ўша бетини йиртиб ташласам олам гулистон. Лекин шу пайт миямга ғалати бир фикр келди.

Акамнинг бармоқ изидан нусха олиб, кейинги жиноятимда ундан фойдалансам-чи? Шайтон одамни қай йўлларга бошламайди дейсиз?

Яна кимнидир ўлдиришимга тўғри келиб қолди, дейлик. У ҳолда дарров Кореядан қайтган бетайин “ука” ролига кираман – бунинг қийин жойи йўқ. Айни вақтда иккинчи  қиёфам – “ака” учун ишончли алиби тайёрлайман. Турган гапки қотиллик жойида ҳеч қандай из қолдирмайман. Лекин мабодо кимдир мендан шубҳаланса акамнинг бояги бармоқ изи жуда қўл келади. Шу изнинг ўзиёқ ҳар қандай ҳолатда менинг айбсизлигимни исботлайди. Полиция бармоқ изининг эгасини юз йил қидирса ҳам тополмайди…

Миямга шу фикрлар келгач, кучимга куч қўшилгандек бўлди. Энди мен доктор Жекилл ва мистер Хайднинг ғаройиб воқеасини ҳаётга татбиқ қила олардим!

Лекин ўша пайтларда қотилликка қўл уришимга ҳожат йўқ эди. Чунки акамдан қолган бойлик ҳали тугаб битмаганди.

Шундай бўлса-да кўп ўтмай тажриба ўтказиб кўрдим. Яқин дўстимнинг йиғиб юрган пулини ўмариб жиноят жойида акамнинг бармоқ изини қолдирдим. Бир пайтлар наққош бўлиб ишлаганим учун буюмларга бармоқ изини тушириш хамирдан қил суғургандек осон кечди. Шундан кейин пул керак бўлса тап тортмай ўғрилик қилаверадиган одат чиқардим. Қизиғи, ҳеч ким мендан гумонсирамасди. Кўпинча жабрдийдалар полиция чақиришга ҳам истиҳола қилишарди. Кимдир маҳкамага сим қоққан тақдирда ҳам далилларнинг камлиги сабабли жиноят иши кўп ўтмай тўхтатиларди. Хуллас, доим сувдан қуруқ чиқардим. Ўзимга бўлган ишонч шу даражага етдики охир-оқибат яна қотилликка қўл урдим.

Ўша воқеанинг тафсилотларидан хабардордирсиз, шунинг учун батафсил тўхталиб ўтирмайман. Қарзларимни узиш учун кўп пул топишим керак эди.

Бир куни яқин дўстим сейфида ўттиз минг иен борлигини айтди. Бу маблағни аллақандай сиёсий партияни молиялаштириш учун йиғган экан. Қўлим эгрилигидан бехабар дўстим сирини ўз уйида, хотини ва уч-тўртта меҳмони даврасида ошкор қилди.

Ўша куни ярим тунда яна “ука”га айланиб унинг хонасига билдирмай кирдим. Қўлқоп кийиб сейфни бир амаллаб очдим-да пулга чанг солдим. Шу пайт кутилмаганда кимдир хонанинг чироғини ёқди. Қарасам бўсағада дўстим турибди. Уни ўлдиришдан бошқа иложим йўқ эди. Ҳар эҳтимолга қарши олиб юрган пичоғимни чиқариб юрагига санчдим…

Хайрият уйдагилардан бирортаси шовқиндан уйғонмади. Чўнтагимдан акамнинг бармоқ изи туширилган қоғозни чиқардим-да дўстимнинг қонига белаб, изни деворга туширдим. Кейин хонада бошқа из қолмаганига ишонч ҳосил қилиб жуфтакни ростладим.

Эртаси куни уйимга терговчи келди. Мен уни пинак бузмай қарши олдим. Чунки айбимни исботлай олмаслигини билардим. Терговчи қайта-қайта узр сўраб, марҳумнинг сейфидаги пулдан хабардор бўлганим учун менга бир-иккита саволи борлигини айтди. Кейин жиноят жойидан топилган изларга солиштириш мақсадида бармоқ изимни олишга рухсат сўради.

Бажонидил рози бўлиб, унинг мушкулини осон қилгач  бояқиш дўстимнинг фожиали ўлимидан жуда қайғуда эканимни айтдим ва терговчига қотилни топишда муваффақият тиладим.

У кетгач яна сувдан қуруқ чиққанимга хурсанд бўлиб, дўстимнинг пулига кайф-сафо қилгани йўлга тушдим.

Лекин бир-икки кундан сўнг терговчи яна келди — кейин билсам  у шаҳардаги энг тажрибали изқуварлардан экан. Унинг юзидаги истеҳзоли табассумни кўриб юрагим шиғ этди. Изқувар столга бир парча қоғозни қўйди. Бу мени ҳибсга олиш ҳақидаги буйруқ эди. Нима қиларимни билмай гангиб турганимда қўлимга кишан солишди. Энди қаршилик қилиш бефойда эди.

Бу сафар ҳам жазодан қутулиб қолишга турмада ҳам ишончим сўнмади. Чунки мен ҳеч ким айбимни исботлай олмайди, деб ўйлардим. Прокурор айбномани ўқиб эшиттиргандан кейингина адойи тамом бўлганимни тушундим. Мен аҳмоқ ҳовлиқиб кулгили бир хатога йўл қўйгандим. Ким билади, балки мени акамнинг қарғиши ургандир?

Акамнинг кундалигидаги бармоқ изи аслида уники эмас, меники экан. Сиёҳ теккан бармоғимни артаётиб билмасдан ўзим кундаликка қўл теккизибман. Қизиғи, прокурорнинг айтишича, буни бармоқ изи дейиш ҳам унчалик тўғри эмас экан. Аслида бу бармоқ терисидаги сиёҳ изи бўлиб, фотографлар тилида негатив дейиларкан. Оқ қоғоздаги бармоқ изимга кундаликдаги изнинг нега тўла мос келмаганини энди тушунгандим.

Лекин дастлаб буларнинг барига ишонгим келмади. Шунда прокурор бунақа ҳолатлар аввал ҳам бўлганини айтиб бир мисол келтирди.

1913 йили Фукуоко шаҳрида асирга тушган немис зобитининг хотини ваҳшийларча азоблаб ўлдирилган экан. Қотилликда гумон қилинган одамнинг бармоқ излари жиноят жойидаги изга ўхшаса-да тўла мос келмабди. Шунда полициячилар тиббиёт соҳасида довруғ қозонган бир олимни ёрдамга чақиришибди ва ўша олим иккала бармоқ изи ҳам битта одамга тегишли эканини исботлабди. Ўшанда ҳам қотиллик жойида негатив из қолдирилган экан. Олим эса бармоқ изларининг расмини катталаштириб негативдаги қора ва оқ рангларнинг ўрнини алмаштирибди. Натижада бу из гумондорнинг бармоқ изига тўла мос тушибди.

Шунақа гаплар, авлиё ота. Кўп вақтингизни олганим учун мени кечиринг. Илтимос, айтганларимнинг барини судья ва хотинимга етказинг. Йўқса нариги дунёга тинчгина кетолмайман. Қатлга ҳукм қилинган мен бечорага ёрдамингиз шу бўлсин.

Рус тилидан А.Отабоев таржимаси


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook»,«Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>