• Бугунги сана: Yakshanba, Noyabr 19, 2017

Дунёни ташвишга солаётган трансмиссив хасталиклар

Хавотир уйғонмоқда

7 апрель санаси ҳар йили Умумжаҳон саломатлик куни сифатида нишонланади. БМТнинг ихтисослашган ташкилоти – Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ташкил топган кун (1948 йил)ни шундай тарзда нишонлаш анъанага айланган. Энг муҳими, мазкур сана муносабати билан жаҳонда саломатлик билан боғлиқ муаммоларга эътибор қаратилади. Буни ҳар йили 7 апрелни дунё ҳамжамияти турли шиорлар билан кутиб олишида ҳам кўриш мумкин. Масалан, жорий йилда Умумжаҳон саломатлик кунининг асосий мавзуси трансмиссив хасталикларга қарши курашдир. Бундан мақсад одамларни саломатликка таҳдид солаётган бундай хасталиклардан огоҳ этиш, оилаларга, жамиятга, трансмиссив касалликлар авж олаётган мамлакатларга ёрдам беришдир. Келинг, дунё жамоатчилигида ташвиш, хавотир уйғотаётган бу касалликлар ҳақида кенг­роқ тўхталиб ўтайлик.

Трансмиссив касаллик (лотинча «transmissio» сўзидан олинган, бошқаларга юқтириш маъносини англатади) – юқумли хасталик бўлиб, уларни қон сўрувчи бўғимоёқлилар тарқатади (ҳашарот ва кана).

Маълумотларга кўра, ўлимга кўп сабаб бўлаётган трансмиссив касаллик безгак экан. Масалан, безгак оқибатида 2010 йилда дунёда 660 минг киши ҳаётдан кўз юмган. Ачинарлиси, бу фожиа қурбонларининг аксарияти африкалик болалардир. Шунингдек, бугун инсон саломатлигига жиддий таҳдид солаётган ва тез суръатларда тарқалаётган трансмиссив хасталик бу – денге ҳисобланади. Статистиканинг кўрсатишича, барча юқумли касалликларнинг 17 фоизи айни пайтда трансмиссив хас­таликлар улушига тўғри келмоқда. Ҳа, рақамлар жиддий бош қотиришга ундайди. Маълум бўлишича, сўнгги 50 йил ичида бу касалликка чалинганлар 30 баробарга ўсган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, глобаллашув, атроф-муҳит ва иқлимнинг ўзгариши, урбанизация билан боғлиқ муаммолар транмиссив касалликларнинг шаклланишига хизмат қилмоқда.

Шу ўринда айрим трансмиссив касалликлар ҳақида маълумот бериб ўтсак.

Сариқ безгак

Фото: forum.awd.ru

Сариқбезгак – вирусли хасталик бўлиб, Африка ва Американинг тропик ҳудудларида кўпроқ учрайди. Асосан одам ва маймунга шикаст етказиб, «Aedes» деб номланувчи чивинлар орқали юқади. Айрим хасталарда сариқ касаллигини келтириб чиқаргани учун уни шундай номлашади. Маълумотларга кўра, йилига дунёда 200 мингга яқин шундай касалликка чалинганлик ҳолати қайд этилмоқда. Улардан 30 минги эса ҳаётдан кўз юмяпти.

Сўнгги 20 йил ичида аҳолининг инфекцияга иммунитети пасайиши, ўрмонларнинг кесилиши, урбанизация, аҳоли миграцияси ва иқлим ўзгариши сабабли сариқ безгакка чалиниш ҳолатлари ортаётир. Бу юқумли касалликка қарши курашишнинг муҳим йўли эмлашдир. Мутахассисларнинг фикрича, эмланган кишиларда 30-35 йилгача сариқ безгакка қарши кучли иммунитет шаклланаркан.

Умумжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан берилган маълумот шуни кўрсатмоқдаки, 900 миллиондан кўп аҳоли яшайдиган Африка ва Лотин Америкасининг 45 та мамлакати аҳолисига тилга олинаётган хасталик кўпроқ таҳдид солмоқда. Яъни Африкада 32, Лотин Америкасида эса 13 мамлакатга (хусусан, Боливия, Бразилия, Колумбия, Перу ва Эквадор).

Денге солаётган хавф

Қирим-Конго геморрагик безгаги

Фото: vrachfree.ru

«Nairovirus» канаси ҳамда уй ҳайвонлари (шохдор қорамоллар, қўй, эчкилар) орқали юқади. Африкада, Болқон мамлакатлари, Яқин Шарқ ва Осиё мамлакатларида мазкур безгак эндемик ҳисобланади. Қирим-Конго геморрагик безгагига чалинганларнинг 10-40 фоизи ҳаёт билан видолашиши мумкин. Туяқуш Қирим-Конго геморрагик безгаги инфекциясига таъсирчан экан. Бундан бир неча йил олдин Жанубий Африкада мазкур касаллик кенг ёйилиб кетишига айнан туяқуш сабаб бўлган.

Денге безгаги

Фото: vrachfree.ru

Бу касаллик ҳам «Aedes» деб номланувчи чивинлар чақиши орқали юқади. Касаллик дунёнинг тропик ва субтропик ҳудудларида тарқалган.

Афсуски, сўнгги ўн йилликда денге билан глобал равишда касалланиш тез суръатларда ўсмоқда. Ҳатто, дунё аҳолисининг деярли ярми бу юқумли касаллик хавфи остида яшаяпти. Янаям аниқроқ қилиб айтганда, 2,5 миллиарддан ортиқ киши, яъни курраи заминдаги инсонларнинг 40 фоиздан кўпроғида денгени юқтириш хавфи бор.

Денге ёки оғир денге илк бор 1950 йилда Филиппин ва Таиландда эпидемия пайти аниқланган. 1970 йилда денге эпидемияси 9 та мамлакатга тўғри келган бўлса, айни пайтда 100 дан зиёд мамлакатда мазкур хасталик эндемик характер касб этган. Африка, Америка, Шарқий Ўрта ер денгизи ва Тинч океанининг ғарбий қирғоқларидаги мамлакатлар шулар сирасига киради. Хасталикнинг энг юқори даражаси Америка, Жануби-шарқий Осиё ва Тинч океанининг ғарбий қисмидаги мамлакатлар улушига тўғри келмоқда.

Умумжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳар йили ўртача 50-100 миллион киши денге вирусини юқтирмоқда. 2010 йилда биргина Американинг ўзида денге хасталиги билан боғлиқ 1,6 миллион ҳолат қайд этилган. Бугунги кунда денге Европага ҳам жиддий таҳдид солиб турибди.

Тиббиётдаги филлашув

Лимфатик филяриоз

Тиббиётда филлашув, йириклашув (тери ва териости клетчаткаларининг кескин қалинлашуви туфайли бирор аъзонинг, кўпинча оёқларнинг ғоят катта, йирик бўлиб кетиш касаллиги) деб ҳам номланиб, вирус чивин чақиши орқали инсон организмига тушади. Умумжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, 73 мамлакатдаги 1,4 миллиард киши бу касаллик хавфи остида яшашмоқда.

Фото: ecoportal.su

Айни пайтда дунё бўйича тахминан 120 миллион киши лимфатик филяриоз инфекциясини юқтирган бўлиб, 40 миллионга яқини ҳатто кўримсиз ҳолатга келган ва ногирон бўлиб қолган. Хасталик вирусини юқтирганларнинг 65 фоизи Жануби-шарқий Осиёда, 30 фоизи Африка ҳудудида, қолгани бошқа тропик ҳудудларда истиқомат қилишади. Лимфатик филяриоз турли хил чивинлар орқали юқади. Масалан, шаҳар ва шаҳар атрофи ҳудудларида «Culex», қишлоқларда «Anopheles», Тинч океанининг эндемик оролларида эса «Aedes» чивинлари бу хасталик келиб чиқишига сабабчидир.

«Plasmodium» номли паразит

Фото: habrastorage.org

Безгак. Уни инфекция юқтирган чивин чақиши оқибатида юзага келадиган «Plasmodium» номли паразит қўзғайди. Паразит инсон организмига тушар экан, жигарда кўпаяди ва қизил қон таначаларини заҳарлайди.

Маълумотларга кўра, 2012 йилда безгак 627 минг кишининг ёстиғини қуритган. Айниқса, африкалик болалар ўлими кўп бўлмоқда. Мутахассислар 2012 йилда тахминан 207 миллион киши безгакка чалинганини таъкидлашмоқда. Тўғри, саъй-ҳаракатлар туфайли 2000 йилдан эътиборан безгак туфайли ўлим билан боғлиқ ҳолатлар дунёда 45 фоизга, Африка ҳудудида эса 49 фоизга камайган. Айниқса, Африкада 2000 йилдан бери безгак оқибатида болалар ўлими 54 фоизга камайган. Шундай бўлса-да, Африкада ҳар минутда безгакдан битта бола нобуд бўлмоқда.

Айтиш лозимки, безгак «Anopheles» чивини чақиши оқибатида юқади. Дунёда худди шундай чивиннинг 20 га яқин тури мавжуд экан. Бу паразит асосан тунда чақади. Заҳарланган чивин чаққандан тахминан 7 кун ўтиб, безгакка қарши иммунитети шаклланмаган инсонда симптомлар пайдо бўла бошлайди. 2013 йилда 97 мамлакатда безгак тарқалиши кузатилган.

Уйқу касаллигини биласизми?

Фото: med36.com

Онхоцеркоз хасталиги «Onchocerca volvulus» номли филярияни келтириб чиқариб, майда пашша (Simulium spp.) чақиши оқибатида юзага келади. Бундай пашшалар дарё ва кўлларнинг тезоқар жойларида кўпаяди.

Африка трипаносомози ёки уйқу касаллиги деб номланувчи хасталик «Trypanosoma» оиласига мансуб паразитлар орқали юқади. У инсонларда одатда цеце пашшаси чақиши натижасида келиб чиқади.

Шагас хасталиги

Фото: vrachfree.ru

Бу касаллик, шунингдек, Чагас, америкача трипаносомоз деб ҳам юритилади. Илк бор фанга бразилиялик тадқиқотчи Карлус Чагас 1909 йилда олиб киргани учун унинг номи билан аталади. Бу хасталик фақат Лотин Америкасида учрайди. Яъни Чили ва Аргентинадан то Мексикагача учраши мумкин. Уни Trypanosoma cruzi типидаги трипаносомалар келтириб чиқаради. Маълумотларга кўра, 2005 йилда 1,8 миллион мексикалик ушбу касалликка чалинган.

Чикунгунья

Фото: tourprom.ru

Инфекция юқтирган чивиндан одамга ўтади. Чикунгунья безгаги Африка, Осиё ва Ҳиндистон субконтинентида учрайди. Сўнгги ўн йилликда чивинлар чикунгуньяни Европа ва Америкага ҳам тарқатди.

Фото: larazon.net

Масалан, 2007 йилда бу хасталик Европада ҳам илк бор рўйхатга олинди. Айни пайтда дунёнинг 40 та мамлакатида мазкур касаллик рўйхатга олинган. Чикунгунья бўғинларда кучли оғриқни юзага келтиради. Чанқоқлик, чарчаш, мушак ва бош оғриғига сабаб бўлиши мумкин.

Шистосомоз

Фото: cdc.gov

«Schistosoma» турига мансуб қон сўрувчи паразитлар мазкур касалликни келтириб чиқаради. У ўткир ва сурункали паразитар касаллик ҳисобланади. 2012 йилда 249 миллион кишини шистосомоздан профилактик даволашга тўғри келган. Қайд этилган маълумотларга кўра, 2012 йилда дунё бўйича 42,1 миллион киши мазкур хасталик бўйича даволанган. Шистосомоз тропик ва субтропик ҳудудларда, айниқса аҳоли талабга жавоб бермайдиган ичимлик суви истеъмол қиладиган жойларда кенг тарқалган. Статистиканинг кўрсатишича, шистосомозга чалинган ва даволанишга муҳтожларнинг тахминан 90 фоизи Африкада яшайди.

Ҳа, трансмиссив касалликлар ва улардан огоҳ бўлиш борасида бонг урилмоқда. Муаммо жиддий ўйлашга, чора-тадбирлар кўришга ундамоқда. Нафсимизни ўйлаб табиатга, жамиятга ўтказаётган таъсирларимиз оқибати бу.

И.Қурбонов тайёрлади


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Abror Жавоб бериш
    2 yil олдин

    Крим Конго геморрагик иситма касаллиги факат каналардан ва касалланган одамлардан гемоконтактда булганда юкади.
    Хайвонлардан одамларга юкмайди.
    Ушбу хабарда хайвонлардан юкади деган нотугри маълумотлар берилган.

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>