• Бугунги сана: Dushanba, Avgust 21, 2017

Дунёни ким бошқармоқда?

Дунёни ким бошқармоқда? Доно киши бу саволга “Яратган эгам” дея қисқа жавоб беради. Аммо бугунги серғалва замонамизда сайёра миқёсидаги сиёсат, иқтисодиёт, маданият, турли-туман инқилобу эврилишларни назорат қилувчи, уни исталган йўриққа сола олувчи аллақандай кучлар, гуруҳлар ёки муайян бир давлат мавжудми деган саволга қандай жавоб бериш мумкин? Албатта бу ҳақда кўп гапириш мумкин. Фикрлар, қарашлар бисёр. Ушбу мақола муаллифи Херардо Лопес Алонсонинг фикрича, кўпчилик ўйлаганидек, дунё ҳозир АҚШ, Хитой ва Россиянинг қўлида эмас.

Жаҳон матбуоти саҳифаларида яна дунёни ким бошқараётгани ҳақидаги фикр-мулоҳазалар пайдо бўлди. Кўпчилик муаллифларнинг фикрича, дунё ҳозир АҚШ, Хитой ва Россиянинг қўлидадир.

Албатта, жилов кимнинг қўлида эканлигини, унинг хаёлини қандай ўйлар, ташвишлар банд этганини билиш қизиқ бўлур эди.

Ҳозир кўпчилик биз қандай бетартиб ва хавфли дунёда яшаётганимиз ҳақида, «оламшумул янгича тартиб» пайдо бўлгани ҳақида гапиришни хуш кўради.

1991 йилда СССР тарқалиб кетгандан сўнг «оламшумул янгича тартиб» ғояси кўпларнинг фикру ёдини банд қилиб олди.

Эски дўстларимдан бири Карлос Флория менга абадийдек туюлган совет системаси инқирозга учрагандан сўнг ўз бошидан кечирган бир воқеани айтиб берган эди. Ўшанда Ватикан бир семинар уюштирган, унда асосан иккита масала муҳокама қилинган экан: абадийдек туюлган давлат нега бирдан йўқ бўлиб кетди? Воқеалар бундай тус олишини нега ҳеч ким олдиндан кўра олмади?

Семинарнинг барча иштирокчиларининг фикри бир жойдан чиқди: Совет Иттифоқининг бунчалик тез қулашини ҳеч ким кутмаган экан. Мен 1982 йили СССРда бўлганман ва жуда яхши эслайман, дунё харитасида Совет Иттифоқи деган давлат буткул йўқолиши ҳақидаги фикр хаёлимга ҳам келмаган, менга бу давлат минг йил турадигандай туюлган эди.

Семинар иштирокчилари аслида нима юз берганлиги ҳақида биз ҳеч нима билмаймиз деган хулосага келишди.

Ҳозир гап уч «буюк давлат» ҳақида кетмоқда. Дунёни айнан улар бошқармоқда дея ўзимизни алдай оламизми ёки келажагимизни кўз олдимизга келтиришга журъатимиз етадими?

Бундан бир неча йил аввал лорд Кейнс ҳаётимиз шунчалик мураккабки, эртага нима бўлишини олдиндан билиб бўлмайди деган эди. Яъни, 21-асрнинг охирида дунё қандай бўлишини ҳеч ким билмайди. Аммо бундан келажак қандай бўлишини тахмин қилишдан фойда йўқ деган хулоса чиқармаслик керак.

Ёддан чиқармаслик керакки, 1960-йилларда Кариб ҳавзасидаги кичкинагина мамлакат — Куба давлатни қайта қуриш учун тараққиётнинг совет модели ғоясини асос қилиб олгач, бу ғоя тезда бутун Лотин Америкаси минтақасига тарқалиб, марксистик партизан ҳаракатлари пайдо бўлишига олиб келди. Улар ҳануз кураш олиб боришмоқда.

Агар биз сайёрамизда кучли учлик мавжудлигини тан оладиган бўлсак, ушбу мамлакатларнинг ўзаро муносабатлари унчалик яхши эмаслигини ҳам эътироф этишимиз лозим. Россия Хитойга ишонмайди, Хитой Россияга ишонмайди, АҚШ ҳам ҳеч кимга ишонмайди. Қўшма Штатларнинг ЯИМ 15 триллион долларга тенг, ЯИМ ҳажми бўйича Хитой дунёда иккинчи ўринда, Россия эса атиги саккизинчи ўринда туради.

Хитой бугунги кунда дунёдаги энг тез ривожланаётган мамлакат ҳисобланади. ХХР раиси Си Цзинпин ортга йўл йўқлигини бир неча марта таъкидлади. Унга ишонмаслик учун асосимиз йўқ. ХКП МК сиёсий бюросининг ҳозирги таркибидан фақат Си Цзинпин ва ХХР Давлат кенгаши бошлиғи Ли Кэцянгина партиянинг либерал қаноти вакиллари ҳисобланади, сиёсий бюронинг қолган етти аъзоси консерваторлардир.

Шуни яхши билиш керакки, бугунги кунда дунёда ҳеч ким Хитой ёки Россияни ривожланган мамлакат деб ҳисобламайди. Уларга «ривожланаётган давлатлар» атамаси кўпроқ мос келади.

АҚШ ўзини нефт билан тўлиқ таъминлайди, мамлакат иқтисодиёти эса ўсмоқда. Словен файласуфи Славой Жижекнинг фикрича, Америка муаммоси унинг бошқаларнинг ишига аралашиши, дунёда янгича тартиб ўрнатишга ҳаракат қилишида эмас. Асло!

Гап шундаки, бошқа ҳар қандай мамлакат сингари Қўшма Штатлар ҳам жаҳонда етакчи бўлишга интилишни эмас, ўз миллий манфаатларини ҳимоя қилишни ва ўз уйида тартибни сақлашни ўйлайди. Буш ва Обаманинг АҚШ президенти сифатидаги фаолияти шундан далолат беради.

Бинобарин, ушбу уч давлат учун халқаро муаммолар устувор аҳамиятга эга эмас. Уларни «ўз томорқа»ларининг дахлсизлигини сақлаб қолиш кўпроқ ташвишлантиради, шу боис халқаро вазиятга улар ўз манфаатларидан келиб чиқиб ёндашадилар.

Демак, дунёни ушбу уч давлат бошқармоқда дейиш хатодир.

Покистон ва Шимолий Корея, можаролар гирдобида қолган Яқин Шарқни (Эрон ва Исроил ҳам шунга киради) ёдга олмаган тақдиримизда ҳам дунёда АҚШ, Хитой, Россиядан ташқари Германия, Япония, Буюкбритания, Ҳиндистон, Осиё-Тинч океан минтақаси мамлакатлари бор.

Бизни «араб баҳори» оқибатлари, яъни ўрта йўл тутувчи сиёсатчилар ўрнига мутаассиб Мусулмон биродарлар ёки фелдмаршал Абдулфаттоҳ Сисийнинг мустабид режими ҳокимиятни эгаллаши ташвишлантирмаслиги мумкин эмас.

Бразилияда юзага келаётган вазиятга ҳам хотиржам қараб туролмаймиз, у ерда ўтказилган президент сайловида Дилма Роусефф саноат маркази бўлмиш Сан-Паулуда кўпчиликнинг овозини ололмади, мамлакатнинг камбағал шимоли-ғарбий районларидагина одамлар уни ёқлаб овоз беришди.

Ҳақиқатда дунёни бошқараётган ҳеч қандай учлик мавжуд эмаслиги учунгина шунга ўхшаш воқеалар юз бермоқда. Сайёрамизда ташқи оламга бошқа мамлакатлардан кўра кўпроқ таъсир кўрсатишга қодир бўлган давлатлар «директорати» мавжуд дейиш тўғрироқ бўлур эди. У ўз қароргоҳига ҳам, доимий ҳамкорларига ҳам эга бўлмаган ўзига хос норасмий ташкилотдир. Унинг ишида у ё бу муҳим масала юзасидан маслаҳатлашув ўтказилаётган мамлакатлар ҳам қатнашади.

Консенсусга эришиш учун баъзан махфий дипломатияни қўллашга ҳам тўғри келади.

Давлатлар директорати ўзига хос норасмий «жаҳон ҳукумати»дир, унга трансмиллий корпорациялар, расмий ва норасмий бирлашмалар қўшилиб кетади.

«Жаҳон ҳукумати» узоқ вақтдан бери фаолият кўрсатиб келмоқда. Семантик шубҳа бизни «оламшумул янгича тартиб» сўз бирикмасини суистеъмол қилмасликка ундайди. Биз кўпинча тепада нима борлигини кўришга қизиқиб тоққа тирмашаётган, чўққига чиққач у ерда қизиқарли ҳеч нима йўқлигини кўрган алпинистга ўхшаймиз.

«Жон Ф. Кеннеди» филмидаги Доналд Сазерленд шундай деган эди: «Далласда отилган ўқлар — чормихга тортишнинг ўзгинасидир». Одамлар атрофда юз бераётган воқеаларнинг аниқ ва ишончли сабабларини топишга ҳаракат қиладилар. Аслида ҳеч қандай сабаб мавжуд бўлмаслиги мумкин.

Ҳасан Карвонли тайёрлади

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Абдураззоқ Жавоб бериш
    7 oy олдин

    Хокимлар Ўзбекистонни бошқаришмоқда сабаб :ПРОКУРОР ХОКИМНИНГ ЖИНОЯТИГА ҚАРШИ ЧОРАСИЗ ХОЛДЕК ЮҚОРИГА ЁЗАДИ ХОЛОС ЧУНКИ… ҚОНУН ШУНДАЙ «Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларини ижро этиш мақсадида ўтказилган текширувлар давомида давлат бошқаруви органлари ва ҳокимларнинг қонун ҳужжатлари нормаларига номувофиқ бўлган ҳужжатлари аниқланган тақдирда, Бош прокурор бу ҳужжатларни тўхтатиб туриш ёки бекор қилиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритади.
    Давлат бошқаруви органлари ва ҳокимларнинг ҳужжатлари фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини жиддий равишда камситаётган бўлса, Бош прокурор бу ҳужжатларни тўхтатиб туриш ёхуд бекор қилиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритиши мумкин»;

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>