• Бугунги сана: Yakshanba, Noyabr 19, 2017

Донишмандни ҳам кўр қиладиган иллат

Бугунги кунда жаҳонда терроризм, экстремизм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш қандай долзарб аҳамият касб этаётган бўлса, порахўрликка қарши кураш ҳам шу даражада долзарб бўлиб қолди. Оммавий ахборот воситалари деярли ҳар куни қўлга тушган катта порахўрлар ҳақида хабар беради. Пора ижтимоий ҳаётдаги шундай мараз иллатки, кўпинча уни кўз билан кўриб, қулоқ билан эшитиб, қўл билан ушлаб бўлмайди. Кўрган, эшитган, уюшган тақдирда ҳам уни исботлаш жуда мушкул иш. Айниқса, олди-берди икки томоннинг келишуви билан амалга оширилса, уни исботлаб бўлмайди. Чунки қарз, ёрдам, ҳадя, совға каби далиллар ҳар қандай исботни инкор этади. Айтмоқчиманки, пора олишнинг минг хил махфий йўллари бор, исботлашнинг эса ҳеч иккиланмай аниқ бир қарорга келадиган ишончли йўллари йўқ. Бу порахўр учун турли ҳийлаларни ишлатиш имконини беради.

Порахўр билан уни фош этувчи ўртасидаги ўта мураккаб тугун эҳтимол одамзод пайдо бўлганидан бери ўз ечимини топмай келаётгандир. Бу иллат минг йиллар мобайнида яшаб келаётган экан, демак, бундан кейин ҳам унинг сеҳри кучайиб, ҳийла-найранглари ортиб бораверади.

Жаҳонда шундай халқаро ташкилотлар борки, порахўрлик қайси давлатда қай даражада эканлигини аниқлаш учун турли сўровлар ўтказишади, маълумотлар йиғишади, ҳисоботлар тайёрлашади ва бу борада ким қайси ўринда эканлигини белгилаш билан ҳакамлик қилишади. Менимча, буни мутлақо ҳақиқат сифатида қабул қилиб бўлмайди. Бу тахминий хулоса, холос. Чунки порахўрликдай мураккаб ва оғир жиноятни сўров ўтказиш йўли билан аниқлаб бўлмайди. Оддий аҳоли баъзан хизмат ҳақини ёки қандайдир қонуний тўловни ҳам пора ўрнида талқин қилиш мумкин. Умуман, махфий тарзда амалга оширилган олди-бердидан сўров ўтказувчилар ёки ҳисобот тайёрловчилар қандай қилиб хабардор бўлишлари мумкин?! Ахир битта порахўрни аниқлашнинг ўзи баъзан ойлар, йиллар ҳатто бир қанча йилларгача чўзилиб кетади-ку?!

Аслида давлатга, миллатга, тузумга қараб порахўрликнинг даражасини аниқлаб бўлмайди. Порахўрлик капиталистик дунёда қандай бўлса, социалистик дунёда ҳам шундай. Импичмент билан жазодан қутилиб қолинаётган мамлакатда порахўрлик даражаси қандай бўлса, ўлимга ҳукм қилинаётган мамлакатда ҳам шундай. Бу иллат қашшоқликдан азоб тортаётган мамлакатда қандай бўлса, тараққий этган бой мамлакатда ҳам шундай аҳволда. Чунки, очкўзлик иллати давлат, миллат, диний эътиқод, йўқчилик ёки тўқчилик танламайди.

Биласизлар, бир пайтлар бизга «ўзбеклар порахўр» деган тамға босишган эди. Ҳозир ўшаларнинг ўзлари порахўрликда жаҳонга таниляпти. Бирон кун, ҳафта, ой йўқки, турли даражадаги мансабдор шахслар порахўрликда айбланиб қамоққа олинмаётган бўлсин.

Кейинги бир ярим йил мобайнида Украинадаги воқеалар муносабати билан жаҳон оммавий ахборот воситаларида билдирилган фикр-мулоҳазаларни кузатиб бордим. Кўплаб таниқли экспертлар давлат бошқаруви тизимларидаги порахўрлик мамлакатни шундай аҳволга олиб келди, деган хулосаларни билдирдилар. Менимча, очкўзлар томонидан талон-тарож қилинган украин халқи ҳам шундай фикрда. Бунда еб тўймаслар миллатчилик ниқобидан усталик билан фойдаланишмоқда. Аслида Украинадан бошқа жойларда юз бераётган турли низолар ва қарама-қаршиликнинг сабабини ҳам коррупциядан излаш лозим. Жумладан, мусулмон оламининг айрим мамлакатларида оддий халқ тортаётган жабр-ситамларнинг бош сабабларидан бири – бойликка тўймаётганларнинг хиёнаткорона очкўзлигидир.

Ҳозир жаҳонда порахўрлик тугатилганлиги билан мақтана оладиган давлат йўқ. Ҳатто порахўрлик учун ўлим жазоси белгиланган, пора олган қўллар чопиб ташланадиган, бундай ҳолат учун давлат ва ҳукумат раҳбарига нисбатан ишончсизлик билдирилаётган мамлакатларда ҳам бу иллат ўз сеҳрини кўрсатяпти. Масалан, кейинги ўн йилда Хитой, Жанубий Корея, Япония ва бошқа бир қанча мамлакатларда шундай ҳолатлар кузатилди. Хитойда аниқланган порахўрлик тугул оддий тамагирлик ҳам жазосиз қолмайди. Аввало, тамагирни ўша жойнинг ўзида одамлар дўппослаб кетишади. Шунда ҳам бу иллат чекинай демайди. Жанубий Кореяда 2004 йилда мансабдорларнинг пора олишлари билан боғлиқ можаролар туфайли парламент президентга импичмент эълон қилди. Саудия Арабистонида тамагир одам пора олган қўлидан ажраб қолиши ҳеч гап эмас. Пора донишмандни кўр қилади, дейишганича бор.

Спорт – порахўрлик авж олган соҳа. Футбол ва спортнинг бошқа турларида ҳакамларнинг сотилиши, олди-берди йўли билан ўзаро келишиб ўйин ўтказишлар, спорт мутасаддиларининг порахўрликлари ҳақидаги гаплар кўпдан бери оғиздан тушмай келарди. Бугун ФИФАда юзага келган аҳвол барча миш-мишлар тагида ҳақиқат борлигини исботлаб турибди. Энди бундай доғни ювиш осонмас. Жаҳон миқёсида катта шов-шувга сабаб бўлаётган бундай шармандали ҳолатлар спортнинг бошқа турларида ҳам бўлиши мумкин. Умуман, ҳаётнинг тамагирлик дардига йўлиқмаган бирорта жабҳаси бормикан?!

Очиғи, бу иллатдан биз ҳам ҳоли эмасмиз. Буни яширмаймиз ҳам. Очкўзлик йўлдан оздираётганлар бизнинг одамлар орасида ҳам бор. Порахўрлар ва тамагирлар ҳақида оммавий ахборот воситаларида маълумотлар бериляпти, минбарларда гапириляпти, суднинг қарорлари ўқиляпти, одамлар инсоф-диёнатга чақириляпти. Қонунларимиз ишлаб турибди. Суд-тергов идораларида кўрилаётган ишлар оз эмас, айб­дорлар қилмишларига яраша жазога тортиляпти. Шунга қарамасдан порахўрлик барҳам топмаяпти. Аксинча, ишингиз тушиб бирон-бир идорага борсангиз баъзан тамагирларга дуч келасиз. Бермасангиз ишингиз битмайди. Шикоят қилсангиз сарсон бўласиз.

Агар мансабдор одам очкўзлик дардига йўлиқса иш чатоқ. Унинг тезроқ ўмариб қолиш хумори тутганда тўсиқ бўлсангиз белингизни синдиради, кўриб кўрмаганга олсангиз ишончини қозонасиз, борди-ю «дарди»га дармон бўлсангиз мансабингизни оширади. Ҳаётда шундай пасткаш ўмарувчилар борки, ҳеч қандай ҳожати бўлмаса ҳам ўзи раҳбарлик қилаётган идора биносини қайта-қайта таъмирлаш баҳонасида шахсий томорқасида шоҳона уй-жой қуриб олади, иш жойида дам олиш хонаси қуриш ниқобида дала ҳовлисини созлаб олади. Хуллас, ўмаришнинг йўли кўп. Энг ҳайратланарлиси шундаки, кечагина қўй оғзидан чўп олмаган мулойим одам мансаб курсисига ўтирган заҳоти дарахтларга қирон келтирадиган сувсардек топганини уйига ташмалай бошлайди. Мен ҳаётда бундай одамларни кўп кузатдим. Улар узоқ вақт раҳбарлик курсисида ўтиришга ишончлари йўқлигиданми тезроқ улгуриб қолиш пайида бўлишади. Айнан шундай одамлар мансаб курсисидан ажралгандан кейин ҳаётдан норози бўлиб юришади. Аксинча, ҳалол ва пок одамлар ҳаётдан завқланиб, борига шукур қилиб яшашади.

Албатта, ходимнинг раҳбарга пора бериши кўп учраб тургани ҳолда раҳбарнинг ходимга мурувват кўрсатиши кам учрайдиган ҳолат. Раҳбар мурувват кўрсатган тақдирда ҳам ўз ҳисобидан эмас, балки корхона ёки ташкилот ҳисобидан кўрсатади. Пора эса ходимнинг ўз ҳисобидан берилади. Сўзсиз, пора бериш ҳам, уни олиш ҳам гуноҳ, жиноят. Бироқ баъзан ходим беришга мажбур бўлади ёки мажбур қилинади. Раҳбар эса ихтиёрий равишда олади. Агар раҳбар виждонли одам бўлса барибир олмайди. Эсингизда бўлса, совет даврида порахўрликка қарши бир кампания бошланиб, берганга ҳам, олганга ҳам бирдай жазо берилганди. Амалда бу тескари натижа берди, яъни берган одам билан олган одам ўртасидаги муносабатларда махфийлик кўпайди ва порахўрлик яширин ҳолатда оммавий тус олди.

Менинг назаримда, пора йўлидаги биринчи ғов, аввало, инсоннинг ўзи. Тарбия кўрган, виждонли, инсоф-диёнатли, пок эътиқодли, борида шукур ва йўғида сабр-қаноат қиладиган, ҳалол луқмага ўрганган одам порадан ҳазар қилади. Инсондаги бундай хислатлар ҳар қандай қонундан ва жазодан устун туради. Порахўрликка қарши курашиш учун, шубҳасиз, мукаммал қонунлар ҳам, қаттиқ жазолар ҳам, ҳукуматнинг қарорлари-ю тадбирлари ҳам керак. Бироқ инсоннинг маънавий тарбиясини унутишга ҳаққимиз йўқ. Пок эътиқод ҳам маънавий камолотнинг таркибий қисми. Эҳтимол қонундан, жазодан қўрқмаган одам Оллоҳдан, охиратдан, ҳаромнинг касофатидан қўрқар.

Шу ўринда бир гап: мен диндорларнинг, аввало, домла-имомларнинг ҳаммаси ҳам покиза, ҳалол-пок, шариат қонунларидан ва бировнинг ҳақидан қўрқадиган тақводор дейиш фикридан йироқман. Ҳаётда етим-есирлар ва бева-бечораларга аталган хайр-эҳсон ва садақаларни ўзлаштириб олаётган диндорлар, ҳадяга ҳирс қўйган, закотга умидвор ва оддий фуқароларнинг диний тадбирларига савдолашиб бораётган домла-имомлар борлигини ҳам яхши биламиз. Биз маънавий поклик ва ҳалоллик деганда фақат покиза инсонларни назарда тутаяпмиз. Бундай инсонлар орамизда оз эмас. Улардан ибрат олсак, ўзимизни ўзимиз тарбиялаган бўламиз.

«Пора берувчи ҳам, уни олувчи ҳам дўзахга маҳкумдир» дейилади Ҳадисда. Демак, донишмандни ҳам кўр қиладиган иллатдан ҳазар қилайлик. Қалби пок инсон ҳалол луқма еб, икки дунё саодатига эришишни ният қилиб яшайди. Илоё, шундай яшаш ҳар биримизга насиб этсин!

Иброҳим Норматов,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Tafsilot.uz маълумоти:

Иброҳим Норматов — 1943 йили Асака шаҳрида туғилган.

1959—64-йилларда Янгийўл медицина билим юртида таҳсил олган.

1964—1967-йилларда ҳарбий хизматда бўлган;

1967—1988-йилларда “Сирдарё ҳақиқати” газетасида турли лавозимларда фаолият юритган;

1967—1973-йилларда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультети (сиртқи бўлим)да таҳсил олган;

1988—1995-йилларда “Ўзбекистон” радиосида бош директор ўринбосари;

1995—1997-йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Девони етакчи консультанти;

1997—2001-йилларда “Ўзбекистон телерадиокомпанияси” раисининг ўринбосари;

2001—2009-йилларда “Туркистон-пресс” ахборот агентлиги бош директори ўринбосари вазифаларида фаолият юритган.

1997 йили “Ўзбекистон Республикасида  хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони билан тақдирланган.

2002 йили “Йилнинг энг фаол журналисти”, 2004 йили “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловлариида ғолиб бўлган; 2006 йили “Олтин қалам” I миллий мукофоти учун ўтказилган халқаро танловда матбуот йўналиши бўйича ғолибликни қўлга киритган.


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>