• Бугунги сана: Yakshanba, Mart 26, 2017

Давлат рўйхатидан ўтиш учун нима қилиш керак?

Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар жараёнида тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш ва рухсатномалар бериш механизмларини замон талабларига мослаш, такомиллаштириш масалалари ҳам эътибордан четда қолаётгани йўқ. Маълумки, мамлакатимиз қонун ҳужжатларига мувофиқ, ҳар қандай тадбиркорлик субъект­и давлат рўйхатидан ўтиши шарт. Хўш, тадбиркорлик субъекти нима учун давлат рўйхатидан ўтказилади?

Тадбиркорлик асосан икки мақсадни кўзлаган ҳолда, яъни:

  • тадбиркорлик тизимини ноинсоф рақобатдан, ўз мансабини суиистеъмол қилувчи давлат амалдорлари тазйиқидан ҳимоялаш тизимини яратиш;
  • давлат ва маҳаллий бюджетга солиқ ва тўловлар тушишини назорат қилиш учун давлат рўйхатидан ўтказилади.

Амалдаги қонунчиликка кўра, тадбиркорлик субъектларини рўй­хат­дан ўтказувчи органлар қуйидагилардир:­

  • Ўзбекистон Республикаси Адлия­ вазирлиги,
  • Қорақалпоғистон Республикаси Ад­лия вазирлиги,
  • вилоят адлия бошқармалари,
  • туман (шаҳар) Давлат солиқ инспекциялари,
  • туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги Тадбиркорлик субъ­ектларини рўйхатдан ўтказиш инс­пекциялари.

Тижорат фаолияти учун мўлжалланган товарларни олиб келувчи жисмоний шахслар (четдан товар олиб келувчилар)ни юридик шахс бўлмасдан якка тартибдаги тадбиркорлар сифатида давлат рўйхатидан ўтказиш жис­моний шахснинг яшаш жойи­даги туманлар (шаҳарлар) Давлат солиқ инспекцияларида (ҳозир бўлиш тартибида) амалга оширилади.

Бошқа тадбиркорлик субъ­ектлари, шу жумладан, хорижий сармоя иштирокидаги корхоналар (банклардан ташқари) – туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекцияларида рўйхатдан ўтказилади.

Аудиторлик ва суғурта ташкилотлари, биржалар, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати қарорлари билан ташкил этиладиган акциядорлик компаниялари (шу жумладан, давлат акциядорлик компаниялари ва холдинг ком­­паниялари) шаклидаги давлат бош­қаруви органлари, шунингдек, хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар ва Тошкент шаҳрида ташкил этиладиган бозорлар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа ташкилотлар – Ўзбекис­тон Рес­публикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилади.

Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ва тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ташкил этиладиган бозорлар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа ташкилотлар – Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда вилоятлар адлия бошқармаларида рўйхатдан ўтказилади.

Тадбиркорлик субъектларини юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтказиш учун ариза берувчи (муассис ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ муассислар томонидан вакил қилиб тайинланган шахс) рўйхатдан ўтказувчи органга ариза-хабарнома тақдим этади. Давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги ариза-хабарномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

– давлат тилидаги таъсис ҳужжатларининг белгиланган тартибда нотариал тасдиқланган икки асл нусха­си, бунда давлат корхоналари негизида ташкил этилган акциядорлик жамиятлари учун таъсис ҳужжат­ла­ри­нинг нотариал тасдиқланиши талаб этилмайди (юридик шахсни давлат рўйхати­дан ўтказувчи органга тақдим этиладиган таъсис ҳужжатлари: устав ёки таъсис шартномаси ва устав­ ёки фақат таъсис шартнома­си; бунда масъулияти чек­ланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар учун таъ­сис шартномаси ва устав; тўлиқ ва коммандит ширкатлар учун эса фақат таъсис шартномаси; акциядорлик жамиятлари, хусусий корхоналар, фермер хў­жаликлари ҳамда юридик шахс бўлган деҳқон хўжаликлари учун фақат устав);

– давлат божининг ёки рўйхатдан ўтказиш йиғимининг белгиланган миқдори тў­лангани ҳақидаги банк тўлов ҳужжати (деҳқон хў­жаликлари, шунингдек, давлат корхоналари негизида таш­кил этиладиган акциядорлик жамиятларидан таш­қари);

– бир хил ёки адаштириш­ даражасида ўхшаш бўлган фирма номи мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотноманинг асл нусхаси;

– уч нусхада муҳр ва штамп эскиз­лари илова қи­линади.

Юқорида санаб ўтилганлар ҳар қандай хўжалик юритувчи субъектни­ давлат­ рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилади. Бироқ амалдаги қо­нун­чилик бўйича ташкил этилаётган хўжалик юритувчи субъектнинг хусу­сиятидан келиб чиққан ҳол­да рўйхатдан ўтказувчи органга қўшимча ҳужжатлар ҳам тақдим этилиши лозим.

Якка тадбиркорни давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этиладиган ариза-хабарномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши лозим:

– 3х4 см ўлчамдаги иккита фотосурат;

– рўйхатдан ўтказиш йи­ғимининг белгиланган миқдори тўлангани тўғрисидаги банк тўлов ҳужжати;

– уч нусхада муҳр ва штамп­ эскиз­лари (якка тадбиркор хоҳишига кўра);

– паспорт нусхаси.

Юридик шахс бўлмаган деҳқон хўжаликларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этиладиган ариза-хабарномага қуйидагилар илова қилинади:

– туман ҳокимининг деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкаси ажратиб бериш тўғрисидаги қарори;

– муҳр ва штамп эскизлари уч нусхада (ариза берувчининг хоҳишига кўра);

– паспорт нусхаси.

Тақдим этилган ҳужжатларнинг тўғрилиги ва қонун ҳужжатларига тақдим этилган таъсис ҳужжатларининг мувофиқлиги учун муассис (лар) жавобгар бўладилар. Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи тўланади.

Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилиши ҳам мумкин. Бунга:

– тегишли бўлмаган рўйхатга олиш органига мурожаат қилиш;

– белгиланган ҳужжатларнинг тўлиқ ҳажмда тақдим этилмагани;

– таъсис ҳужжатлари ва муҳр ҳамда штамп эскизларида кўрсатилган фирма номининг бир хил ёки адаштириш даражасида ўхшаш бўлган фирма номи мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотномада кўрсатилган фирма номига мос келмаслиги;

– таъсис ҳужжатлари ва муҳр ҳам­да штамп эскизларида кўрсатилган ташкилий-ҳуқуқий шаклнинг Ўзбекистон қонун ҳужжатларида назарда тутилган ташкилий-ҳуқуқий шакл турларига мос келмаслиги;

– таъсис ҳужжатларида қонун ҳуж­жатлари билан тақиқланган фаолият турларининг кўрсатилиши. Шунингдек, давлат рўйхатидан ўтказишда қонун ҳужжатлари билан устав фондининг миқдори бўйича талаблар ўрнатилган тадбиркорлик субъектлари – юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш учун қўшимча равишда таъсис ҳужжатларида кўрсатилган устав фонди миқдорининг қонун ҳужжатлари билан тегишли тадбиркорлик субъектлари учун белгиланган устав фонди миқдорига мос келмаслиги асос бўлиши мумкин.

Юридик шахсларга юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома ва рўйхатдан ўтказувчи органнинг муҳри билан тасдиқланган, «рўйхатдан ўтказилди» деган белги қўйилган таъсис ҳужжатларини, шунингдек, муҳр ва штамп эскизи билан биргаликда муҳр ва штамп тайёрлашга рухсатномани беради. Якка тартибдаги тадбиркор ёки юри­дик шахс бўлмасдан ташкил этиладиган деҳқон хўжалигига эса якка тар­тибдаги тадбиркорнинг ва юридик шахс бўлмасдан ташкил этилган деҳқон хўжалигининг давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳномани, шунингдек, муҳр ва штамп эскизи билан (уларнинг хоҳишига кўра) биргаликда муҳр ва штамп тайёрлашга рухсатнома беради.

Барча зарур ҳужжатлар тадбиркор­лик субъектига бир вақтда берилади­.

Тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганингиз тўғрисидаги гувоҳномани ол­гач­ ва банкда ҳисоб-рақам очгач, ўз­­ фаолиятингизни амалга оширишга киришишингиз мумкин. Сизга омад тилаймиз!

Давлат рўйхатидан ўтгандан кейин барча табдиркорлик субъектлари солиқ органига рўйхат (идентификация) рақами олиш учун давлат рўйхатидан ўтган вақтдан эътиборан 10 кун мобайнида мурожаат қилишлари лозим.

Янги корхонани ташкил этишнинг якунловчи босқичида иштирокчилар ўз омонатларини тўлалигича киритади (рўйхат­дан ўтгандан кейин бир йилдан кечикмаслик керак), банкда доимий ҳисоб рақамини очади, корхона туман солиқ инспек­циясида рўйхатга олинади, ўзининг думалоқ муҳри ва бурчакли штампига эга бўлади. Шу вақтдан бошлаб корхона мустақил юридик шахс сифатида фаолият кўрсата бошлайди.

Маълумот ўрнида яна шуни айтиб ўтиш мумкинки, Жаҳон банкининг ҳисоботида Ўзбекистон «Бизнесни рўйхатга олиш» кўрсаткичи бўйича 42-ўринни эгаллаган. Агар 2014 йил якунларига кўра, тадбиркорлик фаолиятини рўйхатдан ўтказиш учун еттита жараёндан ўтиш керак бўлган бўлса, 2015 йилда ушбу рақам бештагача камайган.

Экспертлар бундай кескин ўзгаришни қуйидаги омиллар билан боғламоқда: биринчидан, соҳага доир кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишни интернет орқали амалга ошириш механизмининг амалга киритилиши; иккинчидан, бизнесни Интерактив давлат хизматлари ягона портали (my.gov.uz) орқали рўйхатга олиш Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш жараёнини анча соддалаштирди.

Шубҳасиз, ислоҳотлар шу билан якунланиб қолмайди. Хусусан, тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш тизимини тубдан ислоҳ этиш бўйича таклиф қилинаётган тизим корхонани онлайн режимида 30 дақиқа ичида рўйхатга олиш имконини беради. Шу билан бирга, у аризачини рўйхатга олувчи орган, рўйхатга олиш учун давлат божини тўлаш керак бўлган банк кассасига бориш заруратидан озод этади.

Жорий йил 5 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи – Бош вазир Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармон хусусий мулкни хуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун янада қулай шароитлар яратиш, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга йўналтирилган бўлиб, соҳага доир давлат сиёсатининг сифат жиҳатидан янги даражага ўтишидан далолат беради.

grant-bildirgi

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>