• Бугунги сана: Seshanba, Sentabr 19, 2017

Ниғматилла Йўлдошев: “Давлат ҳокимияти ва бошқарув соҳасида етарли тажрибага эга эмасман”

Аввал хабар қилганимиздек, 2016 йилнинг 8 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси бўлиб ўтган эди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни вақтинча юклаш масаласи кўриб чиқилган эди.

Конституциянинг 96-моддасига кўра “Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Президенти ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг зиммасига юклатилиши, бунда уч ой муддат ичида, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунга тўлиқ мувофиқ ҳолда мамлакат Президенти сайлови ўтказилиши” керак эди.

Бироқ мажлисда сўзга чиққан Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев ўзининг конституциявий ваколатидан воз кечиб, бу қарорини давлат бошқаруви соҳасида етарлича тажрибаси йўқлиги билан изоҳлади ва депутат ва сенаторларга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёевнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида раҳбарлик лавозимларидаги кўп йиллик тажрибасини, аҳоли ўртасидаги ҳурмат-эътиборини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифа ва ваколатларини бажаришни унинг зиммасига вақтинча юклаш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги таклиф билан мурожаат қилди.

Қуйида Ниғматилла Йўлдошевнинг парламент палаталари қўшма мажлисидаги нутқи билан танишишингиз мумкин: 

“…

Ҳурматли парламент аъзолари!

Конституциямизнинг 96-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Президенти ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Олий Мажлис Сенати раисининг зиммасига юклатилади. Бунда уч ой муддат ичида “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунга мувофиқ Президент сайлови ўтказилади.

Бироқ шунга эътиборингизни қаратмоқчиманки, Президент вазифаларини юклатиш тўғрисида қарор қабул қилиш жиддий масъулиятни талаб этади. У расмиятчилик эмас, балки ҳар томонлама пухта ўйланган, тўлақонли сиёсув ёндашувни талаб этади. Айниқса, бугунги ўта мураккаб халқаро шароитда давлатимиз, жамиятимиз олдидаги вазифалар кўламини инобатга олишимиз лозим.

Энг асосийси, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддасига мувофиқ Президент вазифаларини бажарувчи шахс республика суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза этиш, олий ҳокимият ва бошқарув органларининг баҳамжиҳат ишлашини таъминлаши, мамлакат ичкарисида ва халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси номидан иш кўриши, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Олий Бош қўмондони сифатида қатор жиддий масалаларни ҳал этиши ҳамда Конституциямиз ва қонунларимизда назарда тутилган бошқа ўта муҳим вазифаларни бажариш учун етарли билим ва амалий тажрибага эга бўлиши зарур.

Мен меҳнат фаолиятим давомида асосан прокуратура ва адлия органларида ишлаганман. Бироқ давлат ҳокимияти ва бошқарувнинг бошқа идораларидаги раҳбарлик лавозимларида етарли тажрибага эга эмасман. Бир ярим йил мобайнида Сенат раиси лавозимида орттирган тажрибам мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ривожланишига, жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир муҳим масалаларни ҳал этиш учун етарли эмас деб ўйлайман.

Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифаларини вақтинча бажариб туриш қанчалик катта масъулият эканини тўлиқ ва чуқур англаган ҳолда Сизлардан бу вазифа ва ваколатларни бажаришни менга юкламасликларингизни илтимос қиламан.

Сизларга яхши маълумки, Ўзбекистон Республикасининг бош вазири Шавкат Миромонович Мирзиёев мустақиллик йилларида барча соҳаларда амалга оширилган ислоҳотлар жараёнида биринчи Президентимизга елкадош бўлди. Шавкат Миромонович 1992—2003-йилларда Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ҳокими лавозимларида, 2003 йилдан буён эса Ўзбекистон Республикаси бош вазири лавозимида фаолият юритиб, катта маҳорат мактабини ўтади.

Ўтган йилларда мамлакатимизда амалга оширилган йирик тадбирлар, дастурлар ва бошқа лойиҳаларнинг рўёбга чиқарилишида бевосита раҳбарлик қилган ҳамда ўзини моҳир ташкилотчи сифатида намоён этган Шавкат Миромонович бутун халқимиз ўртасида самимий ҳурмат қозонди. Шунингдек, у хорижий давлатлар раҳбарлари ҳукуматлари орасида ҳам катта обрўга эга. Бинобарин, Президентнинг вазифа ва ваколатларини вақтинча бажаришга Шавкат Миромонович ҳар томонлама муносиб деб ҳисоблайман.

Ҳурматли депутатлар ва сенаторлар!

Юқоридагиларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини Ўзбекистон Республикасининг бош вазири Шавкат Миромонович Мирзиёев зиммасига вақтинча юклаш тўғрисидаги таклифимни қўллаб қувватлашингизни сўрайман. Менинг мазкур таклифим Сенат кенгашининг бугун (8 сентябрь назарда тутилмоқда — “Tafsilot.uz”) бўлиб ўтган мажлисида кўриб чиқилди ва уни қўллаб-қувватлаш тўғрисида алоҳида қарор ҳам қабул қилинди. Ушбу қарорнинг Сизлар томонингиздан ҳам инобатга олиниши юртимиз равнақи, ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигига хизмат қилишига ишонаман”.

Олий Мажлис Сенати раисининг бу таклифи парламент палаталарининг қўшма мажлисида овозга қўйилди ва у 147 нафар депутат, 94 нафар сенатор томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди.

Н.Т.Йўлдошевнинг таржимаи ҳоли:

Йўлдошев Ниғматилла Тўлқинович 1962 йилнинг 5 ноябрида Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти — олий. 1985 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети)нинг ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаган. Мутахассислиги — ҳуқуқшунос.

Меҳнат фаолияти:

1986—1987-йиллар — Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар прокуратурасида стажёр;

1987—1991-йилларда Олмалиқ шаҳар прокуратурасида бош терговчи;

1991—1993-йилларда Тошкент шаҳри Юнусобод туман прокуратураси терговчиси;

1993—1994-йилларда Тошкент шаҳар прокуратураси бош терговчиси;

1994—1999-йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма прокурори;

1999—2000-йилларда Бош прокуратура Бош тергов бошқармаси ташкилий-методик бўлими бошлиғи;

2000—2003-йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ички хавфсизликни таъминлаш инспекцияси бошлиғи;

2003—2006-йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқ тартибот ва назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчисининг прокуратура органлари фаолияти бўйича етакчи инспектор;

2006—2008-йилларда Бош прокуратура ҳузуридаги солиқ ва валютага оид жиноятлар, ноқонуний даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаменти бошлиғи;

2008—2011-йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари;

2011—2015 йилларда Ўзбекистон адлия вазири;

2015 йилнинг 20 январида Президент фармони билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси этиб тайинланган. У Олий Мажлиси Сенатининг 2015 йил 22 январда бўлиб ўтган мажлисида Сенат раиси этиб сайланган.

“Tafsilot.uz” маълумоти:

2016 йилнинг 9 сентябрь куни “Ўзбекистон” телеканалида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси тафсилотларига бағишланган махсус кўрсатув намойиш этилди. Қуйида ана шу кўрсатувни тўлиқ томоша қилишингиз мумкин:

https://www.youtube.com/watch?v=RyQWgpR6GFY

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Муваққат Президентни тайинлашда Конституция нормалари бузилмади(ми?) | ТАФСИЛОТ Жавоб бериш
    1 yil олдин

    […] мажлисда сўзга чиққан Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев ўзининг […]

  • Рустам Азимов: Шавкат Мирзиёев — Ислом Каримовнинг сиёсий фарзанди, сиёсий меросхўри | ТАФСИЛОТ Жавоб бериш
    1 yil олдин

    […] мажлисда сўзга чиққан Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев ўзининг […]

  • Депутат: “Қўшма мажлис қарори қонунийлигидан шубҳаланиш Конституциямизнинг 16-моддасини бузишдир” | ТАФСИЛОТ Жавоб бериш
    1 yil олдин

    […] мажлисда сўзга чиққан Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев ўзининг […]

  • Акмал Саидов: “Президент ваколатларини Бош вазир зиммасига юклаш ноқонунийлиги хусусидаги мақолалар асоссиз” | ТАФСИЛОТ Жавоб бериш
    1 yil олдин

    […] мажлисда сўзга чиққан Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев ўзининг […]

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>