• Бугунги сана: Seshanba, Oktabr 17, 2017

Давлат дастурида нималар акс этишини хоҳлайсиз?

2016 йил мамлакатимизда “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилинганидан хабарингиз бор. Айни пайтда Ҳукуматимиз томонидан йил номи билан аталувчи давлат дастури шакллантирилмоқда, мутасадди вазирлик ва идоралари, давлат ҳамда нодавлат ташкилотларининг бу борадаги таклифлари, ташаббуслари кўриб чиқилмоқда.

Балки биларсиз, балки йўқ, мазкур жараёнда сизу биз ҳам иштирок этишимиз мумкин. Қандай қилиб дейсизми? Бу жуда осон.

Аввало, таклиф қандай бўлиши ҳақида тасаввурга эга бўлишингиз керак. Бунда сизга муқаддам қабул қилинган давлат дастурлари ёрдам беради. Масалан, энг сўнгги “Кексаларни эъзозлаш йили” давлат дастури ёки бўлмасам, тасаввур қилишингиз янада осон бўлиши учун “Соғлом авлод” (2000 й.), “Она ва бола” (2001 й.), “Баркамол авлод йили” (2010 й.), “Соғлом бола йили” (2014 й.) давлат дастурларини кўриб чиқишингиз мумкин. Улар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (lex.uz) сайтида жойлаштирилган бўлиб, фойдаланиш мутлақо очиқ ва бепул (интернет учун сарфланадиган мегабайтларингизни ҳисобга олмаса, албатта).

Таклифлар турли соҳаларга оид бўлиши мумкин: соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, таълим, молия… Таклифларни ўзингиз дуч келаётган, кўпдан қийнаб юрган масалалардан келиб чиқиб тайёрлашингиз мақсадга мувофиқ. Шунда уларнинг инобатга олиниши эҳтимоли ортади.

Шу ўринда эслатиб ўтиш керакки, ҳамма таклифлар давлат дастурига киритилавермайди. Фақат асосли ва кўпчилик томонидан сўралган масалаларгина дастурда акс этиши мумкин. Янада аниқроқ тасаввурга эга бўлиши учун tafsilot.uz сайти томонидан “Соғлом она ва бола йили” давлат дастури учун юборилган айрим таклифларни келтириб ўтамиз:

— Кейинги пайтларда ҳомиладор аёллар, айниқса, биринчи ва иккинчи фарзандига ҳомиладор бўлганларда ҳомиланинг тушиб қолиш хавфи кўпкузатилмоқда. Шу боис улар хавфдан сақланиш учун туққунларига қадар бир неча марталаб туғуруқхоналарга ётиб даволанишга мажбур бўлишмоқда. Йилдан-йилга кўпайиб бораётган бундай ҳолатнинг олдини олиш учун қуйидагилар таклиф этилади: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳомила тушиб қолиш хавфи нимадан юзага келаётгани бўйича мутахассислар ўртасида гранд танлови эълон қилиш, тадқиқот натижалари асосида ўсмир ёшдаги қизларда ана шундай муаммоларнинг олдини олиши чораларини ишлаб чиқиши таклиф этилади;

— никоҳдан олдин ўтказиладиган тиббий кўриклар рўйхатига эр-хотиннинг бир-бирига физиологик жиҳатдан муносиблиги, эртага уларнинг резус факторлари, уруғлари бир-бирига мос эмаслиги ва бошқа омилларга кўра фарзандсизлик (ёки фарзанд бўлса ҳам ҳмила пайтида нобуд бўлиши ёхуд туғилгандан кейин кўп яшамаслиги) ҳолатлари, шунингдек, ҳомила тушиб қолиши хавфи юзага келишининг олдини олишга қаратилган тиббий кўрикни қўшиш таклиф этилади;

— Ишлаётган, аммо хизмат вазифалари ҳомиласига салбий таъсир ўтказиши мумкин бўлган, шунингдек, ҳомиласи тушиб қолиши хавфи туфайли тез-тез даволанишга мажбур бўлган аёлларни ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган механизмларни (масалан, биринчи марта ҳомиладор бўлганларни эртароқ декретга чиқариш, ҳомиласи тушиш хавфи мавжуд, шунингдек, токсикоз даври ўта оғир кечадиган аёлларга қисқартирилган иш куни белгилаш ёки ўртача иш ҳақи сақланган вақтинча таътилга чиқариш ва ҳоказо) ишлаб чиқиш таклиф этилади.

F_4577

Таклифларни кимга юбориш керак дейсизми? Тааллуқлилиги бўйича вазирлик ва идораларга: масалан соғлиқни сақлаш соҳасига оид таклифлар Соғлиқни сақлаш вазирлигига, ижтимоий ҳимоя билан боғлиқлари эса Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва ҳоказо… Таклифларни норма ижодкорлиги бўйича давлатнинг ваколатли органи — Адлия вазирлиги, ёки бўлмасам, «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича Республика комиссияси (Ш.Мирзиёев)га ҳам юбориш мумкин.

Унутманг, биз барпо этаётган фуқаролик жамияти мамлакатдаги барча жараёнларда фуқароларнинг фаол иштирок этишини англатади. Бунда, айниқса, қонун ижодкорлиги муҳим аҳамиятга эга. Чунки қабул қилинадиган қонунлар, дастурлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси бевосита сизу бизга дахлдор бўлади, ҳуқуқ ва манфаатларимизга хизмат қилади.

Фақат шошилинг. Ҳадемай давлат дастури эълон қилиб қолиниши мумкин. Шу боис таклифларни орқага сурмай бугундан ҳаракатга киришинг.

Жамшид Ўрол ўғли

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>