• Бугунги сана: Dushanba, Dekabr 11, 2017

Чин юртида етти кун (иккинчи мақола)

Мақоламизнинг биринчи қисмида Пекин шаҳрида кўрган-кечирганларимизни ҳикоя қилган эдик. Хитой пойтахтида икки кун бўлгач, куннинг иккинчи ярмида Пекин—Шанхай йўналиши бўйича қатновчи тезюрар поездда Нанкин шаҳрига йўл олдик.

Пекин—Шанхай тезюрар темирйўлининг узунлиги 1318 километрга тенг. Ушбу темирйўлнинг қурилиши 2008 йилнинг 18 апрелида бошланиб, 2010 йилнинг 15 ноябрида тугалланган. У 2011 йилнинг 30 июнида расман очилган эди.

Тезюрар темирйўл қурилишида 135 минг ишчи меҳнат қилган. Темир¬йўлда бир вақтнинг ўзида манзилнинг бошидан охиригача иккитомонлама ҳаракатланиш мумкин. Поездларнинг максимал тезлиги 380 км/соатни ташкил этади.

Йўловчиларга электрон табло орқали поезднинг тезлиги, ташқаридаги ва ичкаридаги ҳарорат, навбатдаги станциялар ҳақида маълумот бериб борилади. Электрон таблони доимий равишда кузатиб борганим йўқ, ўзим кўрган энг катта тезлик 326 км/соат эди.

Пекиндан биз бораётган Нанкин жанубий темирйўл станциясигача бўлган масофа — 1018,6 км. Ушбу масофани 4 соату 34 дақиқада босиб ўтдик. Демак, соатига ўртача 223 км йўл босганмиз.

Ушбу темирйўл фойдаланишга топширилган вақтда дунёдаги энг тезюрар темирйўл тармоғи ҳисобланган. Айни пайтга келиб ушбу мақом 2009 йилнинг декабрида очилган Вухан—Гуанчжоу тезюрар темирйўлига тегишли.

Шанхай–Нанкин ва Пекин–Тянцзин шаҳарлараро темирйўли Пекин–Шанхай тезюрар темирйўли билан деярли параллел равишда ўтган. Аммо уларда поездлар алоҳида-алоҳида қатнайди.

Пекиндан Шанхайгача оддий поездда 10 соатда борилса, тезюрар поездда 330 км/соат тезликда юрилганда йўлга кетадиган вақт 4 соатгача қисқаради. Тезюрар темирйўлда CRH-380A сериясидаги поезд вагонларидан фойдаланиларкан. Битта эшелон 16 та вагондан иборат ва у 1050 та йўловчига хизмат кўрсата олади. Битта эшелоннинг истеъмол қуввати 16 МВт.ни ташкил этади. Демак, битта йўловчига камида ўртача 80 киловатт/соат энергия сарфланади.

Пекин–Шанхай тезюрар темирйўлининг бир кунлик йўловчилар оқими 220 минг кишига тенг. Тиғиз пайтларда поездлар ҳар уч дақиқада жўнайди. Умуман, поездларнинг вокзалга кириб келиш ва чиқиб кетиш графиги қатъий белгиланган. Шу боис йўловчилар чиптада кўрсатилган вақтга қатъий амал қилишади, йўқса поезддан қолиб кетишлари тайин.

Эътиборимизни тортган жиҳат Пекинда ҳам, Нанкинда ҳам вокзалларнинг шаҳар чеккасида қурилгани бўлди. Бундан йўлларда транспорт оқимини камайтириш, тиқилинчларнинг олдини олиш, қолаверса, шаҳар атмосферасини ифлосланишдан сақлаш кабилар кўзланган бўлса керак.

Хитойда йўловчилар оқимига мос равишда вокзаллар ҳам, кутиш жойлари ҳам жуда катта. Одам қанчалик кўп бўлмасин, ўриндиқлар ҳаммага етарлидай кўринди. Қолаверса, ҳожатхоналари мутлақо бепул, тозалиги аъло даражада экан.

Мавриди келганда Тошкент темирйўл вокзали ва бошқа вокзал мутасаддилари айни шу жиҳатлар бўйича истеъмолчиларга кўнгилдагидай хизмат кўрсата олмаслигини айтиб ўтиш жоиз. Масалан, Тошкент темирйўл вокзалида ўриндиқлар сони йўловчилар оқимига нисбатан анча кам. Боз устига вокзал ҳожатхоналари пулли. Бундан вокзал маъмурияти уялиши керак. Агар кимлардир раҳбарлардан бекитиқча бу ишдан даромад олаётган бўлса, уларнинг қинғирлигига чек қўйиш лозим.

Шу ўринда бир жиҳатни тилга олиб ўтмасам бўлмайди. ¤зим Сурхондарёга кўпинча поездда қатнайман. Секин юрса-да, узоқ масофага машинада тиқилиб кетгандан поездда оёқни узатиб кетганга нима етсин?! Аммо Тошкент вокзалида кутиш залидан то перронгача етиб бориш минг азоб. Перронга ер ости йўлидан ўтилади. Йўл эса жуда тор, икки томонлама ҳаракат вақтида аҳвол баттар ёмонлашади. Юкингиз енгилгина бўлса-ку хўп-хўп, аммо узоқ жойга кетаётганлар ёки келувчиларнинг юки одатда оғиргина бўлади. Йўловчилар орасида қариялар, беморлар бор. Улар бу йўлдан юкларини кўтариб олиб ўтолмасликлари тайин. Ноилож юк ташувчиларнинг хизматидан фойдаланишади, хизмат эса пулли.

Хитойдаги вокзалларда аксинча, ҳамма нарса одам, яъни истеъмолчилар учун бунёд этилганини кўриш мумкин. У ёқда ҳеч қандай ер ости йўлларини кўрмадим. Перронлар биз борган ҳамма вокзалда кутиш залининг тагида экан. Поезд қайси йўлга қўйилишига қараб бошқа-бошқа жойдан тушиларкан. Сиз чиқадиган поездингиз қайси йўлга қўйилиши, биздагидан фарқли ўлароқ, темирйўл чиптасида кўрсатилган бўларкан. Вокзалдан чиқишда ҳам, перронга тушишда ҳам эскалаторлардан фойдаланилади. Яъни инфратузилма йўловчиларнинг манфаатларини ҳисобга олиб яратилган.

Ҳа, яна бир гап. Тошкентда ҳам, вилоятларда ҳам перронга чиққандан кейин ўзингиз чиқадиган вагон қаерда тўхташини билолмайсиз. Ўзимизнинг тезюрар поездларга чиқмаганман, аммо шаҳарлараро қатновчи поездларда аҳвол шундай. Пекин, Нанкин ва Жинан шаҳарларидаги вокзалларда бундай эмас экан. Йўловчилар қайси вагон қаерга келиб тўхташини аниқ билишади (бу чиптада кўрсатилган бўлади). Перронда вагон рақами сариқ, яшил, оқ бўёқларда ерга ёзилган бўлиб, қайси рейс учун қайси бўёқдаги кўрсаткичлар амал қилиши овозкучайтиргичлар орқали эълон қилиб туриларкан.

Умуман олганда, тезюрар поездлар Хитойдаги энг оммалашган транспорт турларидан бири ҳисобланади. Юқори тезлик шаҳарлар ўртасидаги йўлга сарфланадиган вақтни анча-мунча тежайди. Қолаверса, Хитойда тезюрар поездларнинг чиптаси бошқа давлатларникидан анча арзонлиги билан ажралиб туради.

2008 йили тезюрар поездлар жами йўловчи поездларнинг бор-йўғи 6 фоизини ташкил этган бўлса, 2013 йилга келиб бу кўрсаткич 79 фоизга етган. «Хитой темир йўллари» давлат компаниясининг маълумотига кўра, айни пайтда мамлакатда соатига 380 км/соат тезликда ҳаракатлана оладиган тўрт юзга яқин темирйўл эшелони бор. Хитойда бир неча марта тезюрар поездларнинг тезлиги билан боғлиқ жаҳон рекордлари ўрнатилган. Аммо уларнинг барчаси синовлар пайтида қайд этилган бўлиб, бу вақтда поездларда йўловчилар бўлмаган.

Тезюрар поездлар ғояси 1970-йилларда Японияда пайдо бўлган бўлиб, XXI асргача кунчиқар мамлакат бу борада пешқадам ҳисобланган. Тезюрар поездларнинг пайдо бўлиши дунё миқёсида оммавийлигини йўқота бошлаган темир¬йўлларнинг рақобатбардошлигини қайтаргани билан аҳамиятлидир. ХХ аср охирига келиб Италия, Испания, Франция, Германия ва Белгия Япония тажрибасини ўзлаштиришди. XXI аср бошига келиб бундай поездлар тезлиги 380 км/соатгача етди.

Хитойда тезюрар темирйўл тармоқлари аср бошида қурила бошлаган. Гарчи бу соҳага бош¬қа давлатларга нисбатан анча кейин қўшилган бўлса-да, Чин юрти қандайдир 10 йил ичида дунёда етакчилар сафига чиқиб олди. Тезюрар темирйўл тармоқлари қурилиши авжига чиққан 2010-2012-йилларда Хитой ҳукумати соҳани ривожлантириш учун 355 млрд. доллар ажратган эди. Кейинги йиллар давомида ҳам соҳани риожлантиришга эътибор сусайгани йўқ. Биргина 2017 йилда бунинг учун 104 млрд. доллар ажратилгани сўзларимизни тасдиқлайди.

Агар 2008 йили деярли барча тезюрар поездлар Япония, Германия ва Франциядан сотиб олинган бўлса, 2011 йилга келиб Хитой ўзининг миллий маҳсулотини ишлаб чиқара бошлайди. Эътиборлиси шундаки, улар хориждан сотиб олинган тезюрар поездлардан фойдаланиш билангина кифояланмасдан, уларни чуқур ўрганиш натижасида ишлаб чиқаришни ўзлаштиришади. Ҳозир Хитой заводлари ҳар йили юзлаб ана шундай поездларни ишлаб чиқариб, ҳам ички бозорни таъминламоқда, ҳам хорижга экспорт қилишмоқда. Режага кўра 2020 йилга бориб Хитойда тезюрар темирйўл тармоқлари 30 минг километрга етади.

Жамшид Ниёзов
(Ушбу мақола «Iste’mol madaniyati» газетасининг 2017 йил 4 октябрдаги 18-сонида чоп этилган)

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Элмурод Жавоб бериш
    2 oy олдин

    Ака, зўр! Қойил! Ўқиган одам мазза қиладиагн қилиб ёзибсиз.

  • Элмурод Жавоб бериш
    2 oy олдин

    Ака, зўр! Қойил! Ўқиган одам мазза қиладиган қилиб ёзибсиз.

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>