• Бугунги сана: Dushanba, Noyabr 20, 2017

Чин юртида етти кун (биринчи мақола)

25 август куни «China Southern Airlines» авиакомпаниясининг «А330» аэробусида Чин юртига парвоз қилдим. Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкиллаштирган бир ҳафталик медиатурда мен ва яна олти нафар ҳамкасбим Хитойнинг Пекин, Нанкин ва Жинан шаҳарларидаги тарихий масканлар, диққатга сазовор жойларда бўлдик. Энг муҳими, ҳудудий ва республика миқёсидаги нашрлар таҳририятлари, телекомпания ва интернет сайтлари фаолияти билан яқиндан танишдик. ХХРнинг Ўзбекистондаги элчихонаси атташеси Дай Янли хоним сафар давомида бизга ҳамроҳлик қилди.

Шанба куни тонгда Хитой пойтахти Пекинга етиб бордик. Бош-қаларни билмадиму, шахсан мен олти соатлик парвоз, ҳар икки мамлакат аэропортидаги расмиятчиликлардан сўнг қаттиқ толиққан, шу боис кун тартибимиздаги саёҳату бошқа тадбирлар ҳам татимаётганди. Аммо аэропортдан чиқаверишда бизни кутиб олган гидларнинг хушчақчақлиги, илиқ муомаласи чарчоқларимни тарқатиб юборди.

Сафаримизнинг илк кунлари шанба-якшанбага тўғри келди. Шу боис бу икки кунда асосан Пекиннинг диққатга сазовор масканларига саёҳат қилдик. Дастлаб шаҳар марказидаги Жянанмен майдонига бордик. Номи ўзбекчага таржима қилинганда, «Осмон сокинлиги дарвозаси» деган маънони англатувчи ушбу майдон хитой халқининг рамзий юраги ҳисобланаркан. 440 минг м² жойни эгаллаган ушбу майдон Хитой парламенти — Халқ мажлислари уйи ва ультразамонавий Миллий катта опера театри биноларига туташган.
Жянанмен майдонининг шимолида 720 минг м² майдонни эгаллаган, 980 та бинони ўз ичига олган дунёдаги энг катта сарой меъморий мажмуаси жойлашган. «Тақиқланган шаҳар», «Гугун» («Собиқ ҳукмдорлар саройи»), «Қирмизи шаҳар» каби кўплаб номлар билан аталувчи ушбу мажмуадаги саройлар Мин сулоласи императорлари давридан бошлаб Цин сулоласи ҳукмронлигигача хизмат қилган. Қурилиши 1420 йили бошланган мазкур саройда салкам 500 йил мобайнида, яъни 1912 йилгача 24 нафар император, уларнинг оилалари яшаган. Империянинг сиёсий ва тантанавор маркази ҳисобланган мажмуа тўрт томонидан баҳайбат деворлар билан ўраб олинган, душмандан ҳимоя қилиш мақсадида саройнинг атрофида махсус ариқ қазилган.

Саёҳатимиз давомида нафақат ўрта асрларнинг ноёб меъморий ёдгорлиги — «Гугун» саройи жуда яхши сақланганига гувоҳ бўлдик. Айни пайтда бу ерда миллиондан ортиқ маданият ёдгорликлари сақланмоқда. Бу каби мажмуа жаҳоннинг бирор бир мамлакатида учрамайди. Шу боис мазкур меъморий комплекс ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.

Хитойга борган ҳар бир киши ўрта асрларнинг етти мўъжизасидан бири бўлмиш Буюк хитой деворини ўз кўзи билан кўришни хоҳлаши табиий. Маҳаллий аҳоли мамлакат тарихининг ярмидан кўпини ташкил қилувчи Буюк хитой деворини кўрмаганлар Хитойни тушунмайди деб ҳисоблайди. Қолаверса, Хитойнинг ўтмишдаги раҳбарларидан бири Мао Цзэдуннинг «Агар Буюк хитой деворини кўрмаган бўлсанг, сени хитойлик деб атаб бўлмайди» деган сўзлари сайёҳларга кўринарли жойга ёзиб қўйилган. Шунинг учунми, бу ер йил-ўн икки ой нафақат хорижий, балки маҳаллий сайёҳлар билан ниҳоятда гавжум бўларкан.

Хитойнинг шимоли-ғарбий қисмида қад ростлаган, Сариқ денгиздаги Ляодун қўлтиғидан бошланиб, ғарб томон чўзилган бу мудофаа девори кўҳна Чин меъморчилигининг улкан ва ноёб намунасидир. У милоддан аввалги IV-III асрларда ҳоқон Син Ши Хуандий фармонига биноан ташқи душманлар тажовузидан сақланиш, чегараларни мустаҳкамлаш, савдо карвонлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тикланган. Девор қурилиши милодий XVII асрга қадар давом этган.

Девор мамлакат пойтахти Пекин шаҳридан 40-45 километрча шимоли-ғарбда жануби-ғарбга бурилади, сўнгра Сужоу шаҳридан ўтиб, Гансу ўлкасидаги Сзяюйгуан қалъасида тугайди. У тарошланган қаттиқ ва рангдор тоғ жинслари, ғишт ҳамда лойдан тикланган. Ҳар 60-100 метрда миноралар, муҳим стратегик аҳамиятга эга ҳудудлар ва тоғли йўллар ёқасида истеҳкомлар мавжуд бўлган. Иншоот ниҳоятда қалинлиги боис устидан жанг аравалари, отлиқ қўшинлар бемалол саф тортиб ўтишган.

  

Айтишларича, деворнинг баландлиги 6,6 метр, айрим жойлари бундан-да баландроқ. Пойдеворининг кенглиги — 6,5 метр, устки қисминики — 5-5,5 метр. Ҳозир деворнинг 6 минг (айрим манбаларга кўра 4 минг) километрлик қисми сақланиб қолган. Мамлакатнинг 16 вилояти ҳудудида вайроналари мавжуд. Буюк хитой девори коинотдан ҳам кўринадиган сайёрамиздаги ягона иншоот ҳисобланади. Буюк хитой девори 1962 йили Хитой миллий ёдгорликлари рўйхатига, 1987 йили эса ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилиб, давлат муҳофазасига олинган.

Хитойда энергия ресурслари етарли. Бироқ сўнгги йилларда ҳукумат энергия тежовчи, экологияга зарар етказмайдиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириши натижасида мамлакатда электр энергияси билан ҳаракатланувчи транспортлар — тезюрар электропоэздлар, электромобиллар, мотоцикллар ва велосипедлар ишлаб чиқариш жадал ривожланди. Биз фаолияти билан танишган «Beijing Automotive Industry Holding Co. Ltd.» корхонасида замонавий электромобиллар ишлаб чиқарилади. 1988 йили асос солинган заводда ишлаб чиқарилаётган «Senova D20 Hatchback» хетчбеки, «BAW Yusheng 007» кроссовери, «Foton View» микроавтобуси ва бошқа кўплаб моделларга талаб катта.

Хитойда 2020 йилга бориб жамоат транспорти тенг ярми электрлаштирилиши режалаштирилган. 2016 йилнинг охиридаги маълумотларга кўра, мамлакатда 160 мингдан ортиқ йўналишдаги автобуслар ва 18 мингта такси электромобиллар билан алмаштирилган. Бундан ташқари, полиция, тез ёрдам хизматлари фаолиятида электромобиллар кенг қўлланмоқда. Қолаверса, хитойларнинг ўзлари ҳам ана шундай автомобиллардан фойдаланишга ўтишаяпти.

2011 йили ХХРда йилига 10 минг дона электромобиль ишлаб чиқарилган бўлса, 2015 йили бу кўрсаткич 370 мингтага етган. 2016 йили эса ХХРда 507 мингта электромобиль сотилган. Сўнгги икки йилдан бери Чин юрти бу борада етакчиликни қўлдан бой бермай келмоқда. Жумладан, «Roland Berger» халқаро консалтинг ташкилотининг маълум қилишича, 2017 йилнинг 2-чораги натижаларига кўра, Хитой ҳамон электромобиллар саноатида етакчилик қилмоқда.

Хитой автомобилсозлик ассоциацияси вакили Хэ Пэннинг айтишича, электромобиллар ишлаб чиқарилиши ва савдосининг ортиши технологияларнинг жадал ривожланаётгани, соҳага фан-техника ютуқлари фаол татбиқ қилинаётгани билан боғлиқ. Масалан, беш йил олдин электрдан қувватланган аккумуляторлар автомобилни кўпи билан 100 км.гача юргизган бўлса, ҳозир электромобиллар 300 км. масофагача қувват олмай юриши мумкин. Шунинг баробарида машиналарнинг таннархи тахминан 50 фоизгача камайган.

Хитой ҳукумати электромобиллар сони бундан-да кўпайиши ва умумфойдаланишдаги транспортларнинг электрлашишига хайрихоҳ. Буни мазкур соҳада фаолият юритувчиларга давлат томонидан кўплаб имтиёз ва преференциялар берилаётганидан ҳам англаш мумкин. Ҳукумат томонидан эълон қилинган лойиҳага кўра, 2018 йилнинг охиригача электромобилларни қувватлантиришга мўлжалланган 800 мингта станция қурилади ва улар бир вақтда 5 миллион машинага хизмат кўрсатади. «Beijing Automotive Industry Holding Co. Ltd.» корхонасига ташрифимиз чоғида электромобилларни қувватлантиришга мўлжалланган станциянинг прототипини кўрсатишди. Илгари бундай автомобилларни қувватлантириш узоқ вақтни талаб қилган бўлса, бугунги кунда бунинг учун бир ярим дақиқа кифоя қиларкан. Яъни шу вақт ичида махсус дастур асосида ишловчи роботлар қувватсизланган аккумулятор панелини янгисига алмаштириб беради.

Хитойга боргунимча электромобиллар секин ҳаракатланувчи, тез-тез қувватлаш зарур бўлган, устига-устак жуда қиммат транспорт деб ўйлар эдим. Ишлаб чиқариш жараёни билан танишиш жараёнида англаб етдимки, электромобилларнинг ўртача тезлиги бугунги кунда ички ёнув двигателли автомобилларникидан қолишаётгани йўқ. Бундай машиналарнинг таннархи ҳам, харажатлари ҳам анъанавий автомобилларникидан анча арзонга тушаркан. Фақат зарур инфратузилма яратилса бўлгани.

Энг муҳими, бундай автомобилларнинг атроф-муҳитга, атмосферага зарари йўқ. Мутахассисларнинг таъкидлашича, уларни техник кўрикдан ўтказиш жуда осон, йўл-транспорт ҳодисалари вақтида электромобилларнинг ёниб ёки портлаб кетиши хавфи кам.

Умуман олганда, автомобилсозлик Хитой иқтисодиётида етакчи тармоқлардан. Бу ерда енгил автомобиллардан ташқари автобуслар, оғир юк автомобиллари, ҳарбий машиналар, махсус техникалар ҳам ишлаб чиқарилади. Айнан шундай транспортларни ишлаб чиқарувчи «Sinotruk» заводида бўлдик. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган «Sinotruk», «Howo» русумли юк машиналаридан юртимиздаги қурилиш компаниялари унумли фойдаланишаяпти.

Жамшид Ниёзов,
«Iste’mol madaniyati» газетасидан олинди.

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>