• Бугунги сана: Payshanba, Dekabr 14, 2017

Чин юртида чин футбол

2009 йил Мадриднинг «Реал» жамоасида улкан ислоҳотлар юз беради. Жамоа президенти этиб Флорентино Перес тайинланади ва «Янги галактикос»нинг қурилиш ишлари бошланиб кетади. Роналду, Кака, Бензема ва Хаби Алонсо каби футболчиларнинг клуб билан шартнома имзолашлари катта шов-шувларга сабаб бўлади.

Ўша пайтларда жамоада иқтидорли ҳолландиялик футболчилар — Роббен ҳамда Снейдер тўп суришарди. Аммо улар қанчалик иқтидорли ва кучли футболчилар бўлишмасин, барибир Роналду ва Каканинг соясида қолиб кетишлари аниқ эди. Табиийки, бу ҳолат футболчиларнинг ўзларига ҳам, клубга келган янги президентга ҳам маъқул келмайди ва футболчилар трансферга қўйилади. Шундан сўнг, Роббен «Баварияга», Снейдер эса «Интер» жамоасига трансфер қилинади.

Воқеалар ривожи қай тариқа тус олганлигидан хабарингиз бор, албатта. Ўша мавсумнинг ўзидаёқ, Мануэл Пеллегрини қўл остидаги «галактикос» Чемпионлар Лигасининг 1/8 финалида қоқилишади. Жамоани тарк этган ҳолландиялик футболчилар эса, аксинча, ЕЧЛ финалида бир-бирига қарши майдонда тўп суришади. Уэслининг омади чопади ўшанда ва «Интер» «Бавария» устидан 2-0 ҳисобида зафар қучади.

Уэсли Снейдер ҳамда Арьен Роббен «Реал» жамоасидан кетиб, тўғри қарор қабул қилишганларига амин бўлишди. Натижада, Ҳолландия терма жамоаси ўша мавсумнинг ёзида ЖАР майдонларида кечган жаҳон чемпмонати финалига қадар етиб боради ва «қизил фурияга» аламли тарзда 0-1 ҳисобда мағлуб бўлади. Албатта, финалда мағлуб бўлиш жуда аламли, лекин умуман олганда мавсум ушбу икки футболчи учун жуда омадли келганлиги бор гап. Дарҳақиқат, бундай йирик мусобақаларда финалга қадар етиб боришнинг ўзи катта иш ҳисобланади. Ахир, бунинг замирида қанчадан-қанча тер тўкишлар, қанча машаққатли кунлар ётмаган эди, дейсиз.

Уэсли Снейдернинг фаолияти бир маромда давом этмаган бўлса-да, Роббен учун аксинча бўлди. У ўз фаолияти давомида «Бавария» сафида бир неча маротаба «Галактикосга» рўбарў келди ва ғалабаларга ҳам, мағлубиятларга ҳам учради. Умуман олганда, Робеннинг «Бавария» ютуқлари олдида хизматлари беқиёсдир. Чиндан ҳам, жуда иқтидорли футболчи. Снейдер ҳам шу. Флорентино Перес бундай футболчиларнинг хизматларидан воз кечганлигига пушаймон бўлган бўлса ажабмас. Футболчиларнинг ўзлари эса, «Реални» тарк этиб, тўғри қарор қабул қилишган эдилар. Уларни футбол аҳли ҳурмат қилади. Ўз клубларида ва терма жамоаларида ўчмас из қолдираолган буюк футболчилар!

Бундай мисолларни футбол оламида жуда кўп келтириб ўтишимиз мумкин. Мисол учун, ўша мавсумда Самуэл Это’О ҳам «Барселонани» тарк этиб, «Интер» билан чемпионлар лигасида ғалаба қозонган эди. Дринкуотер ҳам ўз вақтида «Манчестер Юнайтедни» тарк этган ва ўтган мавсумда ўзимиз гувоҳи бўлганимиздек, «Лестер» билан Англия премьер-лигасида чемпионликка эришди. Айтмоқчи бўлганим шуки, футболчи ўз фаолияти давомида турли қийинчиликларга рўбарў бўлиб қолган даврида, бурилиш ясашни эплай олиши керак. Гарчи, четдан қараганда, ушбу бурилиш орқага ташланган қадам сифатида эътироф этилса ҳамки, барибир шу йўлни танлашда ўзида куч ва ирода топиши лозим. Ана ўшанда бирон бир совринга эришиши мумкин бўлади. Шундагина, у ўз олдига янги марраларни забт этиш вазифасини қўяди ва ўсишга эришади. Шубҳасиз, бу ишлар унинг фаолиятига салбий эмас, аксинча ижобий таъсир ўтказади. Барчаси футболчининг ўзига ҳамда жамоани бошқарадиган мураббийга боғлиқ. Юқорида тилга олинган футболчилар бош мураббий борасида муаммога дуч келишмади. Бу уларнинг бахти. Айнан шу омил туфайли ҳам улар шу ютуқларни қўлга киритишга муваффақ бўлишдилар.

Энди асосий мавзуга ўтамиз. Сезиб турганингиздек, бугун терма жамоамиз сардори Одил Аҳмедов тўғрисида фикр юритмоқчиман. Унинг яқинда Хитойнинг «Шанхай СИПГ» жамоасига ўтиб кетганлиги натижасида, бу ҳолат мухлисларимизда катта қизиқиш уйғотди. Бундан таассуротлар турли хил бўлди, фикр билдиришлар ҳам бир-биридан фарқ қилади. Футболимиз иҳлосмандларининг ярми бу қарор ўзини оқламагани ҳамда бу унинг фаолияти давомида орқага ташланган илк қадам дея ҳисоблашса, иккинчи ярми буни ижобий баҳолашмоқда. Қуйида мен ҳам ушбу трансфер борасида ўз фикрларимни сизлар билан биргаликда баҳам кўрмоқчиман.

Хўш, терма жамоамиз сардорининг Хитойга трансфер қилинганлиги унинг учун фойдалими ёки аксинча? Терма жамоамиз бундан нима йўқотадию, нима ютади? Шу мавзу борасида батафсилроқ ўз фикрларимни ёритишга ҳаракат қилиб кўраман.

Одилнинг собиқ жамоаси «Краснодар» тўғрисида гап кетганида, энг авввло ушбу жамоа Россия чемпионатида гранд қаторига кирмаслигини қайд этишимиз даркор. Тўғри, жамоа сўнгги йилларда чемпионатда ҳам, Европа лигасида ҳам барқарор ўйин намоиш этиб келмоқда. Аммо шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, бу ютуқларнинг барчасига жамоанинг собиқ бош мураббийи Олег Кононов улкан ҳисса қўшишга эришган. Унгача жамоа Россия премьер-лигасида ўртамиёна жамоа бўлиб юрган. Айнан Кононовнинг маҳорати эвазига «Краснодар» ўз тарихида илк бора бронза медалини қўлга киритди. Бош мураббийнинг ўйин фалсафаси асосан марказдан ташкил этиладиган ҳужумлардан иборат эди ва айнан шу тактика эвазига Одил Аҳмедов жамоада етакчи ролни ўйнарди. Унинг ўнинчи рақам остида тўп сургани ҳам бежизга эмас. Афсуски, ушбу мавсумда чемпионатда қўлга киритилган қониқарсиз натижалар туфайли Кононов ўз лавозимидан бўшатилди ва жамоани Игорь Шалимов қабул қилиб олди.

Юқорида таъкидлаганимдек, «Краснодар» гранд жамоа эмас. Жамоа асосан Кононовнинг ажойиб фаолияти эвазига ўз мухлисларига ушбу ғалабаларни тақдим этишга муваффақ бўлган эди. Мураббий алмашгач эса, ушбу жамоа яна аввалги ҳолатини тиклай олишига шахсан менинг ишончим паст. Биринчидан, жамоа «Зенит» ёки «Спартак» каби трансферларга кўп пул сарф қилолмайди. Кучли футболчиларни ўз сафига жалб этолмайди. Иккинчидан, краснодарликлар ЦСКА каби ўз академиясига таянган ҳолда, кучли ўйин намоиш қила олишмайди. Учинчидан, уларда Қурбон Бердиев йўқ. Ана шу мантиқдан ўйлаб қаралса, жамоа чемпионатда юқори ўринлар учун кураш олиб бораолиши эҳтимоли юқори эмас. Қўшимчасига, янги бош мураббий Одил Аҳмедовни асосий таркибга туширмаганини бир неча маротаба кузатдик. Демак, унинг фалсафасига Аҳмедов тўғри келмаяпти ёки у ушбу универсал футболчимиздан бошқа позицияда майдонда ҳаракат қилишини талаб этмоқда. Бу ҳам ўз навбатида футболчимиз учун турли ноқулайликлар туғдириши мумкин бўларди.

Энди Хитой тўғрисида фикр алмашамиз. «Шанхай СИПГ» сафида Халк ва Оскар каби жаҳон юлдузлари тўп тепишини эслатиб қўйиш лозим. Бундан ташқари, жамоани таниқли португалиялик бош мураббий Андре Виллаш-Боаш бошқариб келмоқда. Бу номдор исмлар янграшининг ўзиёқ, Одил Аҳмедовнинг янги жамоаси эскисидан кўра кучлироқ эканлигидан далолат беради. Боз устига, сўнгги пайтларда Хитой футболига катта сармоялар киритилаётганлиги замирида мамлакатда Дидье Дрогба, Тевес, Витцель, Алекс Тейшейра, Жексон Мартинес ҳамда Бразилия терма жамоасининг етакчи футболчилари Паулиньо, Халк ва Оскар каби жуда иқтидорли футболчилар пайдо бўлишди. Мамлакатда шунингдек, номдор бош мураббийлар орасида Сколари, Виллаш Боаш, Марчело Липпи, Пеллегриниларнинг номлари зикр этилган. Турган гапки, Хитой чемпионати бугунги кунда Россия премьер-лигасидан анча илгарилаб кетган. Тўғри, Россияда тўп суриб, Европа ҳавосидан баҳраманд бўлиш мумкиндир, балки. Бироқ, мени кечирасизлар-ку, ҳолландиялик Промес («Спартак») ва эронлик Сардор Азмун («Ростов») чемпионатнинг энг кучли легионерлари дея эътироф этилаётган бу мамлакатнинг ўртамиёна жамоасида майдонга тушишнинг ўрнига, Хитойда тўп суриш афзалроқ эмасми?

Бугунги кунда, шубҳасиз, Осиёда барча ички чемпионатлар орасида энг илғор саналган Хитой чемпионатида иштирок этиш ҳам ёмон натижа эмас. Ўз нуқтаи назаримга таянган ҳолда шуни айтишим керакки, кучли футболчи деярли йўқ бўлган чемпионатда иштирок этишдан кўра, футбол оламидаги «юлдузларни» ўзида мужассам этган Хитой чемпионатида чемпионлик учун курашишликни юқори санайман.

«Шанхай СИПГ» футбол клуби биринчи навбатда бир неча йиллардан буён гегемонлик қилиб келаётган «Гуанчжоу Эвергранд» жамоасига қаршилик кўрсатишни истайди ва айнан мана шу мақсадда ўз таркибини кучайтиришга эришди. Биз ҳам ўз навбатида Одил Аҳмедов ва унинг янги жамоасига омадлар тилаб қоламиз. Ўйлайманки, кучли футболчилар сафида майдонга тушиб ва бошқа кучли легионерларга қарши тўп суриб, футболчимиз янада ўсишга ҳамда очилмаган қирраларини кўрсатишга эришади.

Дарвоқе, бошида мен ҳолландиялик икки юлдузни бекорга эсламадим. Орқага ташланган қадам баъзида футболчининг фаолиятини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин. Баъзида янги чўққиларнинг забт этиш йўлида айнан мана шундай «орқага ташланган қадамлар» хизмат қилиши мумкин. Фақат бунга тўғри ёндошилса, кифоя. Хўш, бу чиндан ҳам орқага ташланган қадамми ёки олдингами? Аҳмедов осиёликларнинг кучсиз ўйинларига қараб, пассивлашиб кетадими ёки кучли легионерларга суянган ҳолда прогрессга эришадими? Бундан кейин терма жамоамиз ўйини заифлашиб кетадими ёки аксинча жамоамиз сардорининг сермаҳсуллиги ортидан барча қийинчиликларни енгишга эришадими? Одил Аҳмедов Снейдер каби «йўқолиб» қоладими ёки Роббенга ўхшаб энг кучлилар қаторидан жой эгаллайдими? Буларнинг ҳаммаси ёлғиз футболчининг ўзига боғлиқ. Тағин, яна ким билади, дейсиз, балки тақдир тақозоси билан ҳолландиялик футболчилар билан содир этилган воқеа такрорланиб, янги мавсумда айнан икки футболчимиз Сардор Рашидов («Ал Жайиш») ҳамда Одил Аҳмедов («Шанхай СИПГ») ОЧЛ финалида бир-бирига қарши майдонга тушиб, икки йилдан сўнг Осиё кубогида терма жамоамиз сафида финалга қадар етиб боришар? Юрак қурғур, ҳар доимгидек, ўшалмаётган орзуларнинг ўшалишини истайди-да, нима қилай?!

Темур Малик,

блогер

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Абдурашид Жавоб бериш
    11 oy олдин

    Хитой клубида Одил асосий таркибда уйнаш учун хам кураш олиб бориши керак. Бу клубга утди дегани асосий таркибни кафолатламайди. Мана, Арда Туран хам Хитойга йул оляпти.

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>