• Бугунги сана: Chorshanba, Oktabr 18, 2017

Чандиқли киши

Дастлаб юзидаги чандиғи туфайли у менинг эътиборимни тортганди. Чандиқ энли ва қизғиш бўлиб, унинг иягигача тушганди. Чандиқ ҳунук жароҳатдан далолат берар ва уни қилич ёки снаряд парчасининг иши бўлса керак деб ўйлагандим. Бу ерларда унинг тўладан келган, кулимсираб турадиган юзи кўзга ғалати кўринарди. Унинг юз бичими қорувли гавдасига номутаносиб эди. Келбатидан ўрта бўйли одамларга қараганда кучли кўринарди. Уни доимо кўп кийилган кулранг костюмда, мошранг кўйлак ва соябони катта эски шляпада кўрардим. Афт-ангори хийла кир эди. Ҳар куни одам гавжум пайтида у Гватемала Ситидаги Палас Отелга келар ва лотерея билетларини сотишга уринарди. Ҳеч қачон бу билетларни биров сотиб олганини кўрмаганман, аммо гоҳи-гоҳида унга ичиш учун бирор нарса таклиф қилишаётганига кўзим тушарди. У столлар орасидан юрар, бироз кулимсираган қиёфада ҳар бир стол олдида тўхтаб, лотерея билетларини таклиф килар ва ўзига эътибор беришмаган пайтларда худди шундай табассум билан нари кетарди. Назаримда, у кўпинча ширакайф юрарди.

Бир куни кечқурун танишим билан қовоқхонада ўтирганимизда ўша чандиқли киши бизнинг олдимизга келди. Адашмасам, бу ерга келган пайтларимдан бери йигирманчи мартадир, у менга лотереяларини чўзди. «Йўқ» деган маънода бошимни чайқадим. Лекин ҳамроҳим илтифот билан унга салом берди.

– Ишлар қалай, генерал?

– Унча ёмон эмас. Бизнес юришмаяпти, лекин бундан баттар бўлиши ҳам мумкин эди.

– Нима ичишни хоҳлайсиз, генерал?

– Бренди.

У брендини ичди ва қадаҳни қайтиб пештахтага қўйди. Ҳамроҳимга қараб бош ирғади.

– Раҳмат.

Шундай деб у ортига бурилди ва биздан нарироқда турган одамларга лотереяларини таклиф қила бошлади.

– Дўстинг ким? – сўрадим мен. – Юзидаги чандиғи жуда ваҳимали-ку.

– Ҳа, чандиқ унинг ҳуснига ҳусн қўшмаган, тўғрими?.. У никарагуалик қувғинди. Йўлтўсар ва босқинчи бўлгани билан барибир ошна сифатида ёмонмас. Гоҳи-гоҳида мен унга озроқ чақа бераман. У исёнда қатнашган, қўзғолончилар қўшинида генерал эди. Агар ўқи тугаб қолмаганида, ҳукуматни ағдарарди ва ҳозир у Гватемалада лотерея сотиб юриш ўрнига ҳарбий министр бўларди. Уни штаби билан бирга қўлга олишиб, ҳарбий судда суд қилишди. Ўзинг биласан, бу давлатларда бунақа ишларни ҳаш-паш дегунча тинчитишади. У тонгда отувга ҳукм қилинди. Назаримда, қўлга олингандаёқ у ўзини нима кутаётганини билган. Ҳукм ижро этиладиган пайтгача у вақтни турмада ўтказди. Қамоқхонада улар жами беш киши эди, ҳаммалари вақтни покер ўйнаб ўтказишди. Ютуқни ҳисоблашда улар гугурт чўпларидан фойдаланишди. Айтишича, ҳаётда ҳеч қачон бунчалик омадсизликка учрамаган: у кетма-кет, бутун ўйин давомида ютқазган. Тонг отиб, аскарлар қамоқхонадан уларни қатл қилиш учун олиб чиқишга келишганларида, у бир одам ҳаётида ишлатиши мумкин бўлганидан ҳам кўпроқ гугурт чўпини бой берганди.

Улар қамоқхона ҳовлисига олиб чиқилди ва бешови ҳам ёнма-ён, деворга тираб турғазилди, қуролланган гуруҳ уларга юзма-юз турарди.

Орада озроқ танаффус бўлди ва ошнамиз гуруҳни бошқараётган офицердан нима учун уни кутишга мажбур қилишаётганини сўради. Офицер қўшин қўмондони – генерал қатлда иштирок этишга хоҳиш билдирганини ва унинг етиб келишини кутишаётганини айтди.

– Демак, битта сигарет чекиб олишга вақтим бор экан, – деди бизнинг ошнамиз.

Бироқ у эндигина сигаретини ёндирганида генерал ҳовлига кириб келди. Одатдаги расмиятчиликлар бажарилди ва генерал маҳкумлардан: «Қатл ижро этилишидан аввал қандай тилакларинг бор?», – деб сўради. Беш кишидан тўрттаси «йўқ» дегандек бошларини чайқашди. Лекин бизнинг ошнамиз:

– Ҳа, мен хотиним билан видолашсам дегандим, – деди.

– Яхши, – деди генерал. – Бунга эътирозим йўқ. У қаерда?

 – Қамоқхона эшиги олдида кутиб турибди.

– Беш минутдан кўп вақт бермайман.

– Бу вақт етиб ортади, жаноб ге-нерал.

– Уни четга олиб чиқинглар.

Иккита аскар олдинга чиқди ва маҳкум исёнчи уларнинг ўртасида кўрсатилган жойга юриб борди. Генерал бош ирғаб розилик берганидан сўнг қуролланган гуруҳни бошқарувчи зобит отишга буйруқ берди ва тўрт киши йиқилди. Улар ғалати тарзда, бирин-кетин, бесўнақай ҳаракатлар билан йиқилишди. Худди жонсиз қўғирчоқдай. Офицер уларга яқинлашди ва битта чалажон маҳкумнинг устига келиб, револверини бўшатди. Бу пайт ошнамиз сигаретини чекиб бўлди.

Дарвоза қия очилди. Аёл ҳовлига тез-тез юриб кирди, кейин кўққисдан қўли кўксида, тўхтади. У йиғлаб юборди ва қўлларини узатганча олдинга югурди.

– Жин урсин, – деди генерал.

Аёл қора кийимда, сочларида тўр, юзи эса мурданикидек оппоқ оқариб кетган. У бўй етган қиздан бироз каттароқ кўринар, кичкина чиройли юзли ва катта кўзли ҳурилиқо эди. Югурганида оғзининг хиёл очилгани ва чиройли юзидаги изтироб унга шундай назокат бағишлардики, ҳатто қараб турган беэътибор аскарлар ҳам ҳайратдан «эҳ» деб юборишди.

Исёнчи уни қарши олиш учун бир-икки қадам олдинга юрди. Аёл ўзини унинг қўлларига отди ва «жоним» деган эҳтиросли ҳайқириқ билан исёнчи лабларини унинг лабларига босди. Шу пайт у йиртиқ кўйлаги ичидан пичоқ чиқарди, ҳайронман, қандай қилиб у пичоқни яшириб юришни уддалаган экан ва аёлнинг бўйнига пичоқ урди. Кесилган шоҳтомирдан тирқираб қон отилди ва исёнчининг кўйлагини бўяди. Кейин у қўллари билан аёлни маҳкам ушлаб, лабларини унинг лабларига босди.

Бу шунчалик тез рўй бердики, кўпчилик нима бўлганини англамай ҳам қолди, лекин бошқалар даҳшатдан бақириб юборишди: аскарлар олдинга сакрашиб, уни ушлаб олишди. Қизни эса ерга ётқизишди, бироқ энди қонни тўхтатишнинг иложи йўқлигини билишарди. Бироздан кейин қизнинг олдида тиз чўкиб турган офицер ўрнидан турди.

– Қиз ўлди, – пичирлади у. Қўзғолончи чўқиниб олди.

– Нима учун бундай қилдинг? – сўради генерал.

– Мен уни севардим.

Тўпланиб турган одамлар «оҳ» тортиб юборишди ва таажжуб билан қотилга қарашди. Генерал сукут сақлаб, унга бироз тикилиб қаради.

– Бу мардлик, – деди генерал ниҳоят, – мен бу одамни қатл этолмайман… Машинамни олиб уни чегарага элтиб қўйинглар. Мен сени ҳурмат қиламан, сеньор. Чунки бир жасур эркак бошқа жасур эркакни ҳурмат қилиши керак.

Исёнчи бир сўз демай, икки аскар ўртасида, кутиб турган машинага қараб юрди…

Дўстим гапиришдан тўхтади ва мен жимиб қолдим. Айтишим керакки, у гватемалалик эди ва менга испан тилида гапирди. Мен ҳам унинг айтганларини қўлимдан келганча сизга ҳикоя қилдим, бироқ унинг анча бўрттирилган нутқини ўзгартиришга уринганим йўқ. Ростини айтганда, менингча, бу ҳикояга ярашади.

– У чандиқни қандай қилиб орттирган? – сўрадим ниҳоят.

– Ў-ў, бунга шиша бутилка сабаб бўлган. У очаётган пайтда идиш ёрилиб кетган. Занжабил виносининг идиши.

– Бу нарсани умуман ёқтирмайман, – дедим мен.

Инглиз тилидан Алишер Отабоев таржимаси

«Tafsilot.uz» маълумоти:

Инглиз адабиёти тарихида машҳур ёзувчи ва драматург Сомерсет Моэм (1874 – 1965) ижоди алоҳида ўринга эга. Адиб ўзининг асарларида қаҳрамонлар руҳий оламини теран очиб бергани, бадиий сўз имкониятларини юксак маҳорат билан намойиш этгани боис жуда кенг китобхонлар оммасининг эътиборини қозонди.

Адибнинг «Инсоний эҳтиросларнинг уқубатлари»(1915), «Ой ва чақа» романлари, «Давра» (1921) сингари кўплаб пьесалар ва айниқса, 1926 йили нашр этилган «Казуарин дарахти» тўпламидан жой олган бир қанча ҳикоялари аллақачон жаҳон халқларининг талай тилларига таржима қилиниб, чоп этилган. Бу ҳикояларида ёзувчи китобхонни инсон руҳиятининг мураккаб дунёсига олиб киради, ҳаётга янгича назар билан – ҳам куюниб, ҳам кулиб қарашга мажбур этади.

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>