• Бугунги сана: Yakshanba, Noyabr 19, 2017

Бухоро бедарвозами ёки суд қарори қачон ижро этилади?

“Tafsilot.uz” электрон почтасига Бухородан хат келди. Ғиждувон тумани “Ғовшун” ҚФЙ, “Қуйи қирғизлар” аҳоли пунктида яшовчи Норбибиш Тошовадан келган мурожаатда таъкидланишича, фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро судининг 2014 йил 14 ноябрдаги қарори қарийб бир ярим йилдирки ижро этилмаётгани, мазкур масала юзасидан мутасадди идораларга ёзган аризаларидан ҳеч қандай наф бўлмаётгани ўкинч билан баён этилади.

“Қишлоғимизда аҳоли фойдаланиши учун ҳовузга ер ажратилган эди. бир неча йиллардан бери одамлар ундан фойдаланиб келарди. Бироқ қишлоғимизда яшовчи Дилшод Норов туман захира ерлар фонди ҳисобида бўлган ҳовуз (умумий ер майдони 800² метр) ҳудудида қонунга зид равишда қурилиш ости ер майдони 12² метрдан иборат иншоот тиклаб, атрофини шифер девор билан ўраб олди.

Дилшод Норовга хатти-ҳаракатлари ноқонуний эканини айтиб, агар ўзбошимчалик билан эгаллаб олган жойини тарк этмаса, тегишли жойларга мурожаат қилишимиз ҳақида огоҳлантирдик. Аммо гапларимиз унга заррача таъсир қилмади. Шундан сўнг ушбу ҳолат юзасидан ечим сўраб, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳовузни аҳолига қайтариб беришни сўраб мурожаат қилдик. Бизга туман ҳокимининг ўринбосари номидан 2014 йилнинг 2 октябрь куни бу масала ижобий ечим топиши, шу мақсадда фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро судига даъво аризаси киритилгани ҳақида жавоб хати келди (1-расм).

Шунингдек, 2014 йилнинг 10 октябрида Бухоро вилоят ҳокимлиги аппарати котибияти мудири номидан келган жавоб хатида ҳам Д.Норовнинг иши ўзбошимчалик экани аниқлангани, барпо этилган қурилмаларни бартараф этиш мақсадида Ғиждувон туман ҳокимлиги томонидан 2014 йилнинг 2 октябрь куни 2792-сонли даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро судига киритилганлигини маълум қилган.

javob_xati_2

Бироқ судга ҳеч қандай даъво аризаси киритилмаган шекилли бугунга қадар ҳам мазкур ҳолат юзасидан ҳеч бир чора кўрилмади.

Вилоят ҳокимлигига қилган мурожаатимиз юзасидан Бухоро вилояти архитектура ва қурилиш бош бошқармаси бошлиғи номидан келган жавоб хатида бу ишнинг ҳақиқатан ҳам ўзбошимчалик билан қилингани, ушбу ер майдони ҳовуз, қишлоқ аҳолиси дам оладиган ва байрам маросимлари ўтказиш учун сақлаб қолиниши лозимлиги айтилиб, улар туман ҳокимлиги томонидан огоҳлантирилгани билдирилган.

javob_xati

2015 йилнинг 14 март куни туман ҳокимининг биринчи ўрибосари номидан келган жавоб хатида ҳам мазкур ҳолат ноқонуний экани, мазкур ҳолат юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро судига даъво аризаси киритилганлиги маълум қилинган.

Гарчи мурожатларимиз эътиборсиз қолдирилмаётган, мутасадди идоралар талабимиз асосли эканини таъкидлашаётган бўлишса-да, муаммога ҳалигача ечим топилгани йўқ. Умумфойдаланув ер майдони бўлган, фавқулодда ёнғин бўлган ҳолларда захира сув сақлаш учун ҳовуз вазифасини ўтайдиган, бундан ташқари қишлоқ аҳолиси дам оладиган ва байрам маросимлари ўтказиладиган ушбу ҳудудни қайтариб олишимизда амалий ёрдам беришимизни сўрайман”.

Юртдошимизнинг ёзғирганича бор. Ғалати парадокс. Ҳамма шикоят асосли экани, унда келтирилган важлар тўғрилигини тан олса-ю, муаммо икки йилдан бери ҳал этилмаса?! Яна денг ушбу масала даъво тарзида судга киритилган бўлса. Ўзи Судга даъво киритилганмикин ё йўқми?

Фуқаро мазкур масаланинг тагига етиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ҳам муроаат қилган. Бухоро вилояти прокуратурасидан берилган жавоб хатида ёзилишича, чиндан ҳам ушбу масала судда кўрилган экан. Вилоят прокурорининг ўринбосари Б.Эрматов имзо чеккан 2015 йил 8 октябрдаги 14/12-15-сонли жавоб хатида, жумладан, шундай дейилади:

“…Аниқланишича, ФИБ Ғиждувон туманлараро судининг 2014 йил 14 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар — Ғиждувон туман ҳокимлигининг жавобгар — Д.Норовга нисбатанг “ноқонуний эгалланган ер майдонида ўзбошимчалик билан қурилган бинони, шифердан қилинган деворни бузиш ва ер майдонини қайтариш тўғрисида”ги даъво талаби қаноатлантирилиб, жавобгар Д.Норов томонидан ноқонуний эгалланган ер майдонида қурилган 12² метрдан иборат бино ва 20,0 п/метр шифер деворни жавобгарнинг ҳисобидан бузиб ташлаш ҳамда ер майдонини ўз ҳолига келтириш ва ер участкаси туман ҳокимлигига қайтарилиши белгиланган.

Мазкур фуқаролик иши бўйича ижро варақаси 2014 йил 9 декабрь куни суд ижрочиларининг Ғиждувон туман бўлими иш юритувига келиб тушган.

Суд ижрочиларининг Ғиждувон туман бўлими томонидан “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 23-моддасига асосан ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб,, қарор нусхаси Д.Норовга юборилган.

Ижро ҳужжати талаблари Д.Норов томонидан ихтиёрий муддатда бажарилмагани сабабли 2014 йил 17 декабрь куни унга нисбатан “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг тегишли моддаларига асосан 592 минг сўм миқдорида ижро йиғими қўлланган.

Суд ижрочиларининг Ғиждувон туман бўлими томонидан 2015 йил февраль ойида Д.Норовга огоҳлантириш хати юборилган.

Шунингдек, суд ижрочилари томонидан 2015 йил октябрь ойида мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилиб, ноқонуний эгалланган ер майдонида ўзбошимчалик билан қурилган 20,0 п/метр шифер девор бартараф қилинган ва 12² метр ер майдонига қурилган бинони ихтиёрий равишда бузиш учун 2015 йилнинг 18 октябрь кунига қадар муддат берилиб, бу ҳақда далолатнома тузилган.

Суд қарори Д.Норов томонидан қонунда белгиланган муддатда ихтирий равишда бажарилмаган тақдирда суд ижрочиларининг Ғиждувон туман бўлими томонидан мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилади”.

Прокуратуранинг жавоб хатига эътироз бўлиши мумкин эмас. Ҳар ҳолда бошқа идораларникига нисбатан батафсил, аниқ ва асосли жавоб берилган.

Судга ҳам эътироз йўқ. Суд ўз ишини қилиб бўлган. Эътироз суд қарорининг ижро этилмаётганида. Ҳолбуки суд қарори 2014 йилнинг ноябрида чиққан. Вилоят прокуратурасининг жавоб хатида 2015 йил октябрь суд ижрочиларининг талабига кўра ноқонуний эгалланган ер майдонида ўзбошимчалик билан қурилган 20,0 п/метр шифер деворни бузилгани қайд этилади (афсуски, орадан кўп ўтмай у яна тикланган ва ҳозир ҳам ўз ўрнида турибди). Наҳотки бундан ижрочилар бехабар бўлишса?!

Шунингдек, жавоб хатида 12² метр ер майдонига ноқонуний равишда қурилган бинони ихтиёрий равишда бузиш учун Д.Норовга 2015 йилнинг 18 октябрь кунигача муҳлат берилгани, бу ҳақда далолатнома тузилгани айтилади. Аммо бу муҳлат соб бўлганига олти ой бўлаяпти, бироқ уй ҳалигача ўз ўрнида турибди.

Бундай вазиятда қонуннинг ишламаётгани, суд қарори ҳеч бир кучга эга бўлмай қолаётгани фуқаролар ўртасида норозилик, суд ва давлат органларига нисбатан ишончсизликни келтириб чиқармайдими? Жавобгар ва суд ижрочилари атайлаб, ўзаро тил бириктириб, суд қарори ижросини пайсалга солаяпти деган гумонларни туғдирмайдими? Балки ростан ҳам шунақадир? Йўқса қарор нега ижро этилмаяпти?!

Яна бир эътироз Бухоро вилояти ва Ғиждувон тумани прокуратураларига. Фуқаронинг аризасига ўз вақтида кўриб чиқиб, атрофлича жавоб беришгани таҳсинга лойиқ. Бироқ жавоб хатида суд қарорининг фалон қисми фалон вақтда бажарилади деган жойи бор эди. Бироқ ушбу банднинг ўз вақтида бажарилишини назорат қилинмаган. Ҳолбуки, бу прокурорларнинг ваколат доирасидаги масала. Мазкур мурожаат ижросининг назоратга олинмагани ва суд қарори ижроси ҳалигача таъминланмагани натижасида суд қарори чиққанидан бир ярим йил, ижро учун охирги муҳлат белгиланганидан олти ой ўтганига қарамай бир гуруҳ фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланмасдан қолаётир.

Умид қиламизки, Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳамда Республика суд ижро департаменти мутасаддилари ушбу мақоладан кейин йўл қўйилган камчилик ва муаммоларни бартараф этишади.


Ўзингизни қийнаётган масалалар юзасидан бизга мурожаат қилинг. Электрон почтамиз: tafsilot@umail.uz. Аризангизда исм-шарифингиз, яшаш жойингиз, телефон рақамингиз аниқ кўрсатилсин. Аноним мурожаатлар кўриб чиқилмайди.


Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>