• Бугунги сана: Yakshanba, Noyabr 19, 2017

Булбулнинг ҳам эркаги сайрайди…

Бугунги ўзбек миллий (!?) эстрадасининг қўштирноқ ичидан чиқиши мавҳумлигича қолаётган майда-майда “юлдуз”ларию кўзга кўринган унвондор вакиллари ўз яллалари билан бирга қўшиқчилик санъатига “ўзига хос” ёмон жиҳатларни олиб киришди. “Шилқим қўшиқ”лар, “танноз” яллалар шу даражада авж олдики, уларнинг шовқини катта-катта тадбирларни ҳам маҳв этди. “Ўлдирасан”, “Ёндирдинг, куйдирдинг”, “Ноз қиламан”, “Адо қиламан”, ”Қошимга ўсма қўйсам” ва шунга ўхшаш нағмалар. “Акажон”, “оғажон”лардан “асалим”, “шакарим”га ўтишибди аёл хонандалар ҳам.

Эътибор берган бўлсангиз, кейинги пайтлари “Мен биттаман”, “Ҳеч ким менга ўхшамайди”, “Қоматим адо қилади” қабилидаги гаплар кўплаб аёл хонандалар томонидан қўшиқ қилиб айтиляпти. Ҳатто қўшиқ орқали “Мендайин гўзал қизни онам бошқа туғмайди” дейишяпти. Уларнинг эл назарига тушиб улгурганлари бундай яллаларни серияли қилиб олган.

Бир тингловчи ўшалардан биттасини назарда тутиб: “Аксарият қўшиқлари учинчи шахсга аталган” деганида жуда тўғри “ташхис” қўйган эди. Ҳа, қўшиқ ёр қолиб, бошқасига ноз-карашма қилиш, шунчаки ўзини кўз-кўз қилиш ёки “ҳуснда тенгсиз” эканлигини айтиш учун ижро этиляпти. “Ўзим бир донаман, ягонаман” дея нақарот қилинавергандан кейин шундай хулосага боради киши.

Бундайлар илгари ҳам кўп бўлган, шекилли, ҳақгўй адиб Абдулла Қаҳҳор ўз вақтида ўхшатиб айтган экан: “Классикларда ҳам, халқ адабиётида ҳам одатан йигитлар яхши кўрган қизларини мақташар эди: кўзинг ундоқ, ўзинг бундоқ дейишар эди, ҳозирги кўп ашулаларда қизлар ўзларини мақташади: у ёғим бундоқ, бу ёғим бундоқ дейишади. “Эй шоир, ташаббус эркакдан бўлиши керак, булбулнинг ҳам эркаги сайрайди-ку!” дейдиган одам йўқ”.

Тўғридан-тўғри “қоматингиз адо қилади”, “келмасангиз, ўлиб қоламан” деб дод солаётганлар-чи! Ўзим аллақачон уларни эшитмай қўйганман, лекин ўшаларни берилиб тинглаётган, нағмаларига алданаётган, йўлдан чалғиётган норасидалар ҳеч кўз ўнгимдан кетмайди. Э, айтса гап кўп, буларнинг овозини ўчирадиган одам йўқ…

Беҳзод Фазлиддин


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>