• Бугунги сана: Chorshanba, Aprel 26, 2017

Бугунги кунда фармацевтика бозорининг 75 фоизини импорт маҳсулотлари ташкил этмоқда

Бугунги кунда фармацевтика бозорининг 75 фоизини импорт қилинадиган, яъни мамлакатимизга хориждан олиб келинадиган дорилар ташкил этмоқда. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари билан яқинда бўлиб ўтган учрашувда айтиб ўтган.

Давлатимиз раҳбарининг қайд этишича, республикамизда ишлаб чиқарилаётган дорилар аҳолининг эҳтиёжини умуман қопламаяпти. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу масала билан шуғулланиш ўрнига шу вақтгача томошабин бўлиб ўтирган:

“Бу вазир деган одам ўзи ёниши керакми-йўқми?! Тиббиёт соҳаси дегани бу — энг катта энг катта, одамлар билан бевосита мулоқот виладиган соҳа”, — деди Шавкат Мирзиёев қоғоздаги маърузасидан четга чиқиб.Бу борада дорихоналар фаолияти қўйилган талабларга жавоб бермаслигини алоҳида таъкидлаш зарур. Уларда сотилаётган бир хил номдаги дори-дармон нархлари икки уч баробар фарқ қилади. Лекин вазирлик бунга ҳеч қандай чора кўрмайди”.

Учрашувда Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимидаги бир қатор муаммоларни кўрсатиб ўтди. Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Соғлиқни сақлаш вазири Адҳам Икромов ҳамда бошқа раҳбар-ходимларга уларни бартараф этиш юзасидан аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берди.

Эслатиб ўтамиз, аҳоли ва тиббиёт муассасаларининг арзон ва сифатли дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминланганлик даражасини янада ошириш, уларнинг нархини белгилаш бўйича очиқ-ошкора механизмни жорий этиш, мамлакатимизда арзон ва сифатли препаратлар бўлишига қарамасдан ташхис қўйиш ва даволаш стандартларида кўзда тутилмаган ҳамда асосан қиммат импорт дори-дармон воситаларини тавсия этиш каби номақбул амалиётнинг олдини олиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида 2016 йилнинг 31 октябрида Ўзбекистон Президентининг “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.

Мазкур қарор ва унинг шарҳида ҳам фармацевтика корхоналарининг дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқариш учун хорижий хомашё ҳамда материалларга боғлиқлик даражаси юқорилигича қолаётгани бу борадаги жиддий муаммо экани, мамлакатимиз корхоналарида айрим фармакотерапевтик гуруҳлардаги дори-дармон воситалари, яъни онкологик, эндокринологик, махсус препаратлар ва психотроп воситалар ишлаб чиқарилмаслиги, дорихона муассасалари тармоғини янада оптималлаштириш масаласини ҳал этиш зарурлиги, дорилар нархларининг асоссиз оширилаётгани, шунингдек, бир хил дори воситаларининг нархларида катта фарқ борлиги кузатилаётгани танқид қилинган ва дорихоналарда дори-дармон воситаларига нарх белгилаш тизимини такомиллаштириш ва улар фаолияти устидан назоратни кучайтиришга доир шошилинч чоралар кўриш заруратини юзага келтираётгани қайд этилган эди. Мазкур муаммоларни зудлик билан ҳал этиш бўйича қарорда мутасаддилар зиммасига бир қатор вазифалар белгилаб берилганди.

“Tafsilot.uz” маълумоти:

Ўзбекистонда айни пайтда фармацевтика саноатида 132 та корхона фаолият юритмоқда. Улар томонидан 2 минг турдан ортиқ дори-дармон воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Ўзбекистон ҳудудида фаолият кўрсатаётган хусусий дорихона ва уларнинг филиаллари сони 8472 тани ташкил этади. Бундан ташқари, “Дори-дармон” акциядорлик компанияси тизимига кирувчи 1437 дорихона ишлаб турибди.

Ўзбекистон Президентининг 2016 йил 16 сентябрдаги ПҚ-2595-сонли қарори билан тасдиқланган 2016–2020-йилларда республика фармацевтика саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастурига мувофиқ янги фармацевтика корхоналарини ташкил этиш ва фаолият кўрсатаётган корхоналарни модернизация қилишга доир умумий қиймати 223,9 миллион АҚШ долларига тенг 67 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Бу аҳоли ва тиббиёт муассасаларида эҳтиёж юқори бўлган импорт ўрнини босадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаришни 2,5 баробар ошириш имконини бериши кутилмоқда.

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>