• Бугунги сана: Yakshanba, Noyabr 19, 2017

Бугунги дунёни англашга қодирмизми?..

Оғзи қийшиқ бўлса ҳам бойнинг ўғли гапирсин, де­йилади халқ мақолида. Ҳозирги алғов-далғов замонда бу мақолнинг муқобили топилди. Яъни катта-ю кичик, оқ-у қора, мусулмон-у христиан, ноҳақ бўлса ҳам кучли давлат гапирсин, дейдиган бўлишди. Бошқа иложи йўқ. Қақилдоқдек тун-у кун сайраётган телеканаллар, тухумдан чиққан жўжахўроздай «ҳақиқат» тонгидан дарак бераётган янги-янги сайтлар сизни чал­ғитмаслиги мумкин эмас. Илгари камбағал одам одоб сақлаб, бойнинг ўғли нимани гапирса маъқуллаб ўтирганидек, ҳозир кучсизлар андишага бориб, кучлиларнинг ҳақиқатларини маъқуллашмаса-да, бетга чопарликдан тийилиб ўтиришибди. Бироқ индамаслик – маъқуллаш аломати. Шунинг учун биз индамасликдан йироқмиз. Жумладан, мен мантиқсиз фикрлар билан муроса қила олмайман. Нимадир дегим келади.

2015 йили октябрь ойи охирроғида Сочида «Валдай» клуби иштирокчилари ўртасида мунозара бўлиб ўтди. Ўша мунозарада Чехиянинг собиқ Президенти Вацлав Клаус ҳам қатнашди. У «Террористлар дастлаб 1979 йилдан кейин Афғонистонда пайдо бўлди», деди. Тўғри, террорчи деган номни совет ҳукумати ўйлаб топди. Қаранг, иккинчи жаҳон урушида фронт ортида фашистларга қарши урушганларни партизан деб аташди, Афғонистондаги урушда эса ўзларига қарши урушган халқни террорчи деб аташди.

Ҳар қандай давлатга ўша давлат раҳбарияти ва халқининг розилигисиз ҳамда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг қарорисиз бостириб кирган ҳарбий куч босқинчи ҳисобланади ва аслида унинг ўзи террорчи ҳисобланади. Ҳозир эса ҳаммаси чалкашиб кетди. Зўравон куч бир давлатга бостириб кириб олади-да, ўзини демократ ёки қутқарувчи деб, босқинчига қарши курашган халқни эса террорчи деб атайди. Ҳозир бундай сурбетлик ва виждонсизлик шу даражада кучайиб кетдики, динсиз ёки христиан бўлса, демократ деб аталиб, мусулмон бўлса, террорчи тамғаси босиляпти. Ким, нима, нима гап – аниқлаш йўқ, мусулмон бўлса террорчи тамом-вассалом. Мен ўнлаб телеканалларни мунтазам кўриб бораман, ҳали биронта динсиз, христиан ёки яҳудий безорига, қотилга, жиноятчига нисбатан террорчи ибораси ишлатилганини эшитганим йўқ. Оддий мисол: безорилик қилса, фаластинлик ўсмир террорчи дейилади, ёш болани ўлдирган исроиллик ҳарбийга нисбатан эса ўзини ўзи ҳимоя қилди, дейилади.

Ҳозир бутун инсоният бугунги дунёнинг бундай мантиқсизлигига ҳайратланмай қўйди. Қуддусдаги муқаддас масжиднинг имоми Гитлерга бориб кўрсатма бергани ҳақида ўтган йили пайдо бўлган афсонага нима дейсиз? Уни биринчи бўлиб БМТ ва Ангела Меркель рад этди. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг кейинги 50 йилда Яқин Шарқ бўйича қабул қилган ўнлаб қарорлари нега бажарилмай келаётганлиги эса ҳеч кимнинг хаёлига келмай қўйди. Гўё мантиқсизлик деган куч бугунги дунёни сеҳрлаб қўйгандек. Ўз Ватанига бостириб кирган босқинчиларга қарши курашганларни террорчи деб бўлмас экан, унда террорчилар кимлар дерсиз? Бу ўринли савол. Унга бугунги кунда жаҳонда, аввало, Осиёда ва Африкада юзага келган геосиёсий, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, ҳарбий, маънавий, диний ва миллий-этник вазиятдан келиб чиқиб жавоб берамиз.

Ҳар қандай давлатда ҳам очиқ ёки ёпиқ ҳолда бўлсин, ҳокимият тепасида турган ҳукумат олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатга, иқтисодда ва ижтимоий масалаларда, диний эътиқодда, маънавият ва маърифатда танланган йўлга нисбатан муросасиз бўлган қарама-қарши кучлар бўлади. Агар ҳукумат муроса қилиб, уларнинг ҳам истак-хоҳишларини инобатга олиб, мамлакатда миллий бирлик ва аҳилликка эришиб, бун­ёдкорлик, тараққиёт, тинчлик ва барқарорликни таъминлашда оптимал йўлни танлаб, сиёсат олиб борса, ҳаммаси жойида бўлади. Борди-ю, ҳукумат ўзининг геосиёсий ва бошқа манфаатларини кўзлаган ташқи кучлар таъсирига берилиб, қандайдир «катта оға»дан паноҳ топиб, унинг йўриғига йўрғалайдиган бўлса, бундай ҳукумат мамлакат ичидаги, аввало, ўз халқининг, қолаверса, очиқ ёки ёпиқ ҳолда ҳаракат қиладиган турли кучларнинг ишончини йўқотади. Оқибатда ички қарама-қарши кучлар ё ҳокимият учун кураш бошлайдилар, ё бирлашиб амалдаги ҳукуматни қулатишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўядилар. Қарабсизки, улар мухолифатдаги жиддий кучга айланиб қолади. Айтгандай, бундай кучлар ҳам ташқаридан мадад ва маблағ оладилар. Шундай қилиб, фуқаролар уруши бошланиб, мухолифатчилар ҳукуматни сотқинликда айблашса, ҳукумат ўзи паноҳ топган «катта оға»нинг кўрсатмаси билан уларга террорчи тамғасини босади. Оқибатда, битта халқ иккига бўлиниб қолади. Бири бировнинг ёрдамида ўз халқини бомбалаб ўлдириб, демократия учун курашчи номини олса, бошқаси ўз халқини портлатиб, жиҳодчи номини олади.

Ҳар иккала ҳолатда ҳам гўдак болалар, аёллар, қариялар, ногиронлар қурбон бўлади. Ваҳоланки, қуролсиз кишини, тинч аҳолини ўлдириш исломга бутунлай ёт. Афсуски, ташқи ғаразгўй кучлар айрим мамлакатларда мусулмонлар бир-бирларини қандай қилиб ўлдираётганликларини «ҳузур» қилиб томоша қилар эканлар, ўз нодонликларидан ор қилишмаяпти. Эҳтимол, вақти келиб, бу қотилликларни яна бошқа бир масжиднинг имомига тўнкаб қўйишар.

Унутманг, ҳокимиятни эгаллаш ёки кимдандир ўч олиш, кимнингдир буйруғини бажариш ёки жиҳод қилиш билан ёш болалар, аёллар ва қарияларнинг ўлимига сабаб бўлаётганлар содир этаётган жиноят билан осмондан бомба ёғдириб юз минглаб, миллионлаб тинч аҳолига қирон келтираётганлар қилаётган жиноят ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Бировларни ўлдириб, ўзлари ўлганларнинг ҳукми Яратган изнида, лекин бировларни ўлдириб, ўзлари ўлмай қолган «қанотли қотиллар» ҳақида халқ ўз сўзини айтиши керак. Акс ҳолда бу дунёда одам ўлдириш эрмакка айланиб қолади. Ҳозир Сурияда шундай бўляпти.

Терроризмни юзага келтираётган яна бир ҳолат ҳақида мулоҳаза юритмоқчимиз. Яқинда Буюк Британиянинг собиқ Бош вазири Тони Блэйр оммавий ахборот воситаларига баёнот бериб, Ироққа бостириб кирилганлиги катта хато бўлганини англаб етдик, ўшанда хавфсизлик ва разведка билан боғлиқ махфий хизмат ходимлари нотўғри маълумотлар бериб, бизни чалғитишган экан, деди. Бошқа бир нуфузли давлатнинг собиқ раҳбари эса Ироқда ядро қуроли бор деб ўйлаган эдик, аслида йўқ экан, деди гўё ҳеч нарса бўлмагандай бамайлихотир. Ўшанда Ироққа бостириб киришни маъқуллаган Европадаги бир қанча мамлакатларнинг собиқ раҳбарлари бўлса, Ироққа Ғарбнинг демократиясини, яъни турмуш тарзини жорий этишга уриниш тескари натижа берганини тан олишди. Бўлар-бўлмас иш бўлиб ўтганидан кейинги «афсус-надоматлар». Афсуски, ўшанда БМТ Бош котиби Кофи Аннанни ҳеч ким тингламаган эди. Мана энди Аннан ҳақ бўлиб чиқди.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, Ироқ олти минг йиллик тарихга эга қадимги давлат. Бу ердаги халқ шу пайтгача ўзининг турмуш тарзини, урф-одатлари ва миллий анъаналарини ўзгартирмай яшаб келган. Ана энди бу халқ қандай қилиб Европада сунъий равишда ўйлаб топилган ва ҳеч қандай тарихий, маънавий ва диний асосга эга бўлмаган турмуш тарзини қабул қилсин?! Миллий урф-одат ва анъаналарни ҳимоя қилиш ҳам Ватанни ҳимоя қилишдай муқаддас. Оқибатда халқ қўлига қурол олишга мажбур бўлди. Қарабсизки, тинч жойда «террорчи»лар пайдо бўла бошлади. Ахир инсон бекордан бекорга қўлига қурол олмайди-ку!.. Бу ерда ҳам Афғонисондаги тажриба қўлланилди. Яъни оғмачилар, хиёнаткорлар ва мунофиқларга демократия ҳимоячилари статуси берилди, қайсарлар, қайтмаслар, қўрқмасларга эса «террорист» тамғаси босилди. Албатта, кучлар тенг эмас эди. Демократия ҳимоя­чилари ўзгаларнинг осмондан ёғдирилган бомбаларига таяниб, «террорист» мақомидагилар эса жиҳодчиларга умид боғлаб, бир-бирларини ўлдиришни бошладилар. Ҳозирги ғаразгўй ташқи кучлар эса ёлғон гапириб, уриштириб қўйишдан ҳузур қилишади.

Гап терроризм ҳақида борар экан, яна бир ҳақиқат ҳақида гапирмасак бўлмайди. Бугунги дунёнинг устунлари ва ҳакамлари ҳисобланган айрим давлатлар турли низоли, ўта нозик ҳамда мураккаб халқаро масалаларни кўриб чиқиш ва қарорлар қабул қилишда халқаро ташкилотларга таъсирини ўтказиб, баъзи давлатларнинг ҳамда халқларнинг манфаатларига зарар етказадилар. Бу эътиборсиз қолмайди, албатта. Баъзан ҳатто жабрланган томон қораланиб, жабр етказган томон ҳимояга олинади. Бундан ғазабланган баъзи инсонлар ўз давлатини, миллатдошларини, диндошларини ҳимоя қилиш мақсадида турли гуруҳлар, оқимлар, жангарилар сафида ноҳақлик қилаётган давлатларга нисбатан қўпорувчилик ҳаракатларида қатнашадилар. Афсуски, ўзларининг оммавий ахборот воситаларидаги тарғибот-ташвиқот ишларида ўз ҳақиқатлари ва манфаатларидан бошқа ҳақиқатни ҳам, манфаатни ҳам тан олмайдиган айрим давлатлар кўпроқ ана шундай қўпорувчилардан, яъни террорчилардан зорланмоқдалар. Демак, долзарб халқаро масалаларни ҳал қилишдаги хато ва камчиликлар ҳам терроризмнинг кучайишига сабаб бўлмоқда. Агар ҳакам холис ва одил бўлса, ҳеч ким унга қарши курашмайди. Шунинг учун ҳакамлик БМТ ваколатига берилгани маъқул ва бу ташкилот бутунлай ислоҳ қилиниши шарт.

Кейинги пайтда халқаро ҳаётда ўта ташвишли бир ҳолат кузатилмоқда. Илгари демократия ниқоб қилинганидек, ҳозир терроризмга қарши кураш баҳона қилиниб, кучли давлатлар ўзларининг ҳарбий куч-қудратларини очиқ намойиш қилишга ўтиб олишди. «Сен икки йил бомбалаб нимага эришдинг, мана мен бир ойда аниқ мўлжалга олиб шунча объектни йўқ қилдим, қани кимнинг қуроли зўр экан» қабилида сирли рақобат боряпти. Бундан кўзланган мақсад фақат террорчиларни йўқ қилиш эмас, бу иккинчи даражали вазифа, ҳарбий қуролни жаҳонда кўз-кўз қилишдан ва телеканалларда унга туну кун мадҳия айтишдан кўзланган асосий мақсад, бошқаларни ҳарбий қурол сотиш бозорига жалб қилишдир. Эътибор беринг, ҳозир жаҳондаги кўпгина давлатларда ҳарбий қурол-яроғ сотиб олишга қизиқиш ортиб боряпти. Бу жаҳонда қуролланиш пойгасини кучайтиришга ҳамда зўравонликни ва милитаризмни авж олдиришга олиб боради.

Ҳозир уруш бўлаётган, турли низолар ва қарама-қаршиликлар кучайиб бораётган жойларда томонларни яраштириш, низоларни тинч йўл билан бартараф этиш ёки урушни тўхтатиш ҳақидаги гапларни эшит­япсизми, йўқ, албатта. Аксинча, нуқул кимга қандай қурол етказиб бериш ёки ҳарбий ёрдам кўрсатиш, кимни яхшироқ қуроллантириш зарурлиги ҳақида гап бор­япти. Сурия билан Ироқнинг ҳар бирида тўрттадан қарама-қарши кучлар бор. Уларнинг ҳеч бири қурол-яроғнинг камлигидан зорланаётгани йўқ.

Қуйидаги ҳақиқатни айтмасак, фикримиз чала бўлиб қолади: Россиянинг айрим телеканаллари Самарқандда Марказий Осиёдаги бешта давлат ва АҚШ ўртасида Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида имзоланган қўшма декларацияни Россияга қарши қаратилган ҳужжат деб шарҳлади. Мен уни Марказий Осиёдаги қардош халқлар ўртасига рахна солиб, уларни ўз йўриғига юритиш мақсадида айирмачилик қилаётган кучларга берилган зарба, деган бўлардим. Туркистонликлар битта халқ. Ўшдаги воқеа энди такрорланмаслиги керак. Ҳар қандай масалада ўзаро ҳамкорликнинг сиёсий мулоқот йўли танланибдими, биз буни табриклаймиз.

Назаримда, бугунги кунда инсоният ўзига чоҳ қазиётгандай. Демак, Иккинчи жаҳон урушининг фожиа­ли оқибатидан ҳали тегишли хулоса чиқарилмабди. Олти миллион халқи ёқилган миллат вакили фашизмни оқлаб, битта имомни айбдор қилганидан кейин бугунги мантиқсиз дунёни англашга қодирмизми-йўқми, билмай қолдик.

Иброҳим Норматов,

сиёсий шарҳловчи

Tafsilot.uz маълумоти:

Иброҳим Норматов — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

1943 йили Асака шаҳрида туғилган.

1959—64-йилларда Янгийўл медицина билим юртида таҳсил олган.

1964—1967-йилларда ҳарбий хизматда бўлган;

1967—1988-йилларда “Сирдарё ҳақиқати” газетасида турли лавозимларда фаолият юритган;

1967—1973-йилларда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультети (сиртқи бўлим)да таҳсил олган;

1988—1995-йилларда “Ўзбекистон” радиосида бош директор ўринбосари;

1995—1997-йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Девони етакчи консультанти;

1997—2001-йилларда “Ўзбекистон телерадиокомпанияси” раисининг ўринбосари;

2001—2009-йилларда “Туркистон-пресс” ахборот агентлиги бош директори ўринбосари вазифаларида фаолият юритган.

1997 йили “Ўзбекистон Республикасида  хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони билан тақдирланган.

2002 йили “Йилнинг энг фаол журналисти”, 2004 йили “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловлариида ғолиб бўлган; 2006 йили “Олтин қалам” I миллий мукофоти учун ўтказилган халқаро танловда матбуот йўналиши бўйича ғолибликни қўлга киритган.


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>