• Бугунги сана: Juma, Avgust 18, 2017

Борма-а-а-а, куясан!

Инсон боласи бу ёруғ оламга этни жунжиктирувчи чинқириқ билан қадам қўяди. Айнан мана шу илк чинқириқданоқ инсоннинг мустақил ҳаётга, ён атроф-муҳитга мослашуви, қамрови кенгроқ қилиб айтганда оламни таниш, улғайиш азоби бошланади.

Чақалоқ учун йиғи атроф билан алоқа қилишдаги восита кўприги. Ушбу чинқириқ орқали у атроф-муҳит билан боғланади, ўзига керак нарсани талаб қилади. Аммо болакай бўйнини тутиб эмаклай бошлар экан унинг ташвиши ҳам кўпаяди. Энди у нималарнидир ушлаб кўради, оғзига солади, шундай қилиб у дунёни ўрганади.

Ҳар ҳолда бу ташвишлар болакайлар учун унчалик оғир кечмайди, чунки улар бу тажрибалар билан оила муҳитида машғул бўлади.

Биз ҳаммамиз ҳам бола бўлганмиз ва ҳозиргача ўша дамларни қўмсаймиз. Болаликка хос хусусият; болаликка хос хусусиятлардан бири бўлмиш бу интилиш бизда доим шундай қолади, биз шундайлигимизча қоламиз, деб юрамиз ва ота-онамиз бағридан бизни ҳеч ким сиқиб чиқара олмайди, деган хаёл каттарганимизда ҳам бизни тарк этмай юради. Лекин бундай эмас. Келинг, юқоридаги мулоҳазаларимизни давом эттирайлик.

Хуллас, улғайишнинг илк поғоналарини бола ўзи туғилган хонадонда эгаллайди ва шу ерда олинган илк кўникмалар инсон ички ва ташқи оламининг тамал тоши бўлади, десак янглишмаймиз. Айнан мана шуни ҳисобга олиб ёш болага «Унга тегма, иссиқ, куясан, бунга тегма, совуқ»,  – деб уни таъқиб қилавериш ярамайди. Майли, тегсин, ўйнасин, лат есин. Ахир, шу йўсинда у ҳаёт тажрибасини бойитиб боради. Бу унинг шахсий ва ҳаётий тажрибаси бўлади. Акс ҳолда у ҳамма нарсадан ҳадиксирайдиган, шубҳаланадиган бўлиб қолади. Унинг қалбида шиддат ва шижоат йўқолади. Бу эса ўз ўрнида уни ҳаётдан бездиради. қўрқоқ, шижоатсиз боланинг ҳаётда ўз ўрнини топиб олиши қийин бўлишини тушунтириб ўтириш шарт бўлмаса керак.

Мана бир мисол: Олти ёшли Алибек оиланинг тўнғичи, у эркатой. Унинг айтгани-айтган, дегани-деган бўлиб ўсмоқда. Ҳозир у сариқ касалига чалинган. Уйда ётибди. Атрофда куймаланиб юрган унинг 4 ёшли укаси Санжар эса оилада ажабтовур таъқиб остида тарбияланаяпти. Яъни, Алибекка мумкин бўлган кўпгина нарсалар унга мумкин эмас. Алибекнинг таъсири ва бевосита назорати унинг руҳига анча сингиб кетган. Акаси Алибексиз у кўчага чиқа олмайди. Чунки эсини танибдики, бир ўзи кўчага чиққанини эслай олмайди. Бошида ота-онаси шунга ўргатишган, бугун эса онаси «ташқарига чиқ, аканг олдида ўралашма», деб дашном бермоқда. Табийки, бу унга ёқмади ва уйнинг тўрига ўтиб у ҳам ётиб олди. Онаси бундан хавотирланиб «сенга нима бўлди?» – деб сўраса, у «Акам сариқ касал бўлса, мен яшил касал бўлдим», деб яшил бўёққа бўялган қўлларини кўрсатди.

Мана, кўриб турибсизки, Санжар атроф-муҳитнинг илк қийинчиликларидан қочиб, ўз тинчини таъмин қилиш чорасини топди. Бу унинг хулқидаги туғма, аммо ривож топмаган эркинликдан, уйғониш азобидан қочишнинг илк намунаси.

Биз, ота-оналар бундай ҳодисаларга кўп ҳам эътибор бермаймиз, боламизнинг ҳаёт ташвишларидан, маълум даражада унинг қийинчиликларидан қоча бошлаганини сезмаймиз, аксинча, уларнинг шундай қилишига замин  яратамиз, ўзимиз шиддатсизликка ўргатамиз.

Ваҳоланки, биз, катталар, болани мана шу «азобда», назаримиздан четга қочирмаган ҳолда чиниқтириб, ҳаёт, яшаш нашидаси мана шу «азоб», ҳаётни ўрганиш, унинг тўсиқлари устидан ғалаба қилиш ортида эканлигини унинг онгига сингдириб боришимиз зарур.

Маҳмуд Йўлдошев,

психология фанлари номзоди

Муаллиф ҳақида икки оғиз:

Маҳмуд Йўлдошев 1945 йилда Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги Аъламли қишлоғида туғилган. 1966—1971-йилларда Москва давлат педагогика институтида таҳсил олган. “Хотирада сақлаш усуллари”, “Раҳбарлик психологиясида ахлоқ”, “Тасвирий тарғибот усуллари”, сингари психология, “Оилада руҳий муҳит ва унинг тарбияга таъсири”, “Тарбия тасвирлари”, “Жажжи даҳолар тарбияси” каби педагогика, болалар тарбиясига оид ўн саккиздан ортиқ китобларнинг муаллифи.

P.S: ушбу рукнда эълон қилинаётган материаллар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳимояланган. Уни сайтлар, электрон ва босма оммавий ахборот воситаларида чоп этиш ёки бошқа йўсинда фойдаланиш учун муаллифнинг розилигини олиш талаб этилади.

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>