• Бугунги сана: Dushanba, Noyabr 20, 2017

Мақсад — «G10». Болтани ташланг!

  1. Вазият оғир, жуда ҳам оғир!

Бугун дунё ҳамжамиятида жуда ҳам оғир вазият ҳукм сурмоқда. Вазиятнинг оғирлиги эса сиёсий муносабатларда асл сиёсий мақсадларнинг ҳамиша ҳам ошкора маълум бўлмаслигида. Кичик бир мисол келтираман.

Қатарга нисбатан бир кунда бирданига еттита араб давлати ультиматум эълон қилган ҳолатни олайлик. Ултиматум важлари, сабаблари келтирилди. Уларнинг орасида террорни қўллаш, исломий аҳкомларга зид ҳаракат айбловлари қатори турли сиёсий-дипломатик айбловлар ҳам бор. Дунё аҳолисига булар сабаб қилиб кўрсатилди. Ҳамма нарса очиқ-ойдин айтилди гўёки. Аслидачи? Ўқувчининг ёдида бўлса, бу воқеалар жаҳон мамлакатларига демократияни экспорт қилишга одатланган давлат раҳбарининг Саудия Арабистонига ташрифидан кўп ўтмай содир бўлди.

Бу ташрифдан сўнг, аввалига кутилмаганда валиаҳд шаҳзода «алмаштирилиб», уй қамоғига ташланди. Унинг ўрнига дунёга гегемонлик қилиш истагидаги давлатнинг сиёсатига хайрихоҳ бўлган шаҳзода тайинланди (мамлакат мудофаа вазири бўлмиш янги валиаҳд анчадан бери Эронга уруш очиш кераклигини илгари суриб келарди). Сауд оиласининг бошқа шаҳзодаси эса навқирон ёшида юрак хуружидан вафот этди.

Сўнгра бир кунда Қатар давлатига ультиматум қўйилди. Ҳодисани четдан кузатган дунё аҳолиси бир араб давлатига бошқа араб давлатлари «сиёсий важлар» сабаб ультиматум қўйган деб қабул қилди. Воқелик шундай сингдирилди. Аммо бу воқеаларни келтириб чиқарган асл ҳақиқат яширилди ва ҳамон сир тутилмоқда. Ҳақиқат шуки, президенти Саудияга келган «буюк давлат»нинг ташқи қарзи 15 триллион доллардан ошиб кетган, Қатарнинг эса 10 триллион доллардан ортиқроқ пули бор эди… Зийрак ўқувчи учун ортиқча изоҳга ҳожат йўқ деб ўйлайман.

Бу кичик бир мисол эди холос. Аслида, жаҳонда кечаётган тенденциялар жуда катта муаммоларнинг мавжудлигидан дарак беради. Буни ҳар бир онгли инсон тушуниб, ҳис қилиб турибди. Дунё бўйлаб илм-фан, саноат, қишлоқ хўжалиги, армия ва саводхонлик масалалари таназзулга учраётир. Жаҳон миқёсида туғилиш, ахлоқ, таълим кўрсаткичлари тушиб кетмоқда. Болалар ўлими, фоҳишабозлик, гиёҳвандлик даражаси ўсиб бораяпти. Бунинг сабаблари ҳақида ўйлаган инсон ич-ичидан дунёда учинчи жаҳон уруши ҳиди анқиётганлигини сезади.

Чунки бугунги дунё урушнинг ноанъанавий усули билан юзлашди. Қайсидир Давлатлар ёки Кучлар ғолиб бўлаяптию, ИНСОНИЯТ МАҒЛУБ БЎЛМОҚДА. Ҳозирги ҳолат истасакда, истамасакда Иккинчи Жаҳон Уруши олдидан вужудга келган вазиятга жуда ўхшайди. Ўшанда Вермахтнинг фаоллиги кузатилган бўлса, бугун агрессив информацион қўшинларнинг фаоллиги кучаймоқда. Бугун мазлум ва золим кимлигини ҳақиқат эмас, ОАВ ва ижтимоий тармоқ имкониятларидан ким кўпроқ ҳамда унумлироқ фойдаланётганлиги белгиламоқда.

  1. Навбатдаги лойиҳа: Марказий Осиё…

Мақоламиз таҳлилий руҳда бўлса ҳам, биз бу ерда мамлакатлар исмларини келтирмаймиз. Чунки гап ким ёки қайси мамлакат ҳақида кетаётганини зиёли ўқувчи шундоқ ҳам билади.

Маълумки, гегемонликка даъвогар мамлакатлар воситасида дунёни парда ортидан бошқаришга интилаётган кучларнинг Яқин Шарқ лойиҳаси ниҳоясига етди. Араб баҳори билан бошланган бу лойиҳа сўнггида Яқин Шарқ тамоман вайрон бўлди. Давлатлар вайронага айлантирилди, миллионлар Ватансиз қолди. Асл мақсадга ҳам эришилди…

Хўш бўлди тамомми? Шу билан геосиёсий ўйинлар тугадими? Асло йўқ! Шайтони лайн қиёматга қадар инсонни йўлдан урушдан тўхтолмагани каби, Ҳақ ва Ботил урушини абадий давом этгани каби, энг кучли бўлиш даъвогарлари ҳам тўхтамайдилар. Эндиги навбат Марказий Осиёга. Нега?

Биринчидан, Марказий Осиё — дунёга гегемон бщлиш истагиданги учта давлатнинг манфаатлари кесишадиган нуқта. Иккинчидан, муқобил энергетика ва биотехнология ривожланиб боргани сайин нефть ва газнинг аҳамияти аста секин пасаймоқда. Олтин, уран ва ториумнинг қиймати ошмоқда. Ҳозирча ториум фақат Туркия тупроқларида кўплиги маълум, олтин ва уранга бой тупроқлар эса Марказий Осиёда. Учинчидан, Ироқ кимёвий қуролни йўқ қилиш баҳонасида, Ливия диктаторликни йўқ қилиш баҳонасида, Сурия терроризмни молиялаш айблови ва «мазлум мусулмон шиа»ларни «зулмдан озод этиш» баҳонасида хонавайрон қилинди. Яъни ҳар бир хонавайронгарчилик қайсидир «эзгу» мақсад йўлида амалга оширилиб келинмоқда. Юқорида мисол келтирганимиз каби асл сабаблар эса бошқа. Марказий Осиё минтақасида эса бундай «эзгулик»ни амалга оширишга замин ва баҳона тайёр. Бу — Афғонистон.

Навбат айнан Марказий Осиё лойиҳасига келганининг мисолларини санаб адоғига етиб бўлмайди. Мақсадимиз бу ҳақиқатни қайта исбот қилиш эмас. Мақсадимиз дунё сиёсий саҳнасидаги вужудга келган бундай таҳликали ҳолатда миллий давлатчиликни сақлаб қолиш баробарида, мамлакатимизда тинчликни ва иқтисодий ривожлантиришни сақлаб қолиш учун нима қилмоқ керак деган саволга жавоб топиш.

  1. Юракни асраш керак!

Ўзбекистон — Марказий Осиёнинг юраги. Бу минтақадаги сиёсий мувозанатни сақлашдаги асосий таянч нуқта — Ўзбекистон. Умумэътироф этилган ва исбот талаб бўлмаган ҳақиқат — бу. Марказий Осиё минтақасида нотинчлик истаган кучлар (ким бўлишидан қатъий назар — террористик ташкилотларми, уларни вужудга келтирган турли давлатлар махсус хизматларми ёки парда ортидаги кучларми, фарқи йўқ), энг аввало, бизнинг мамлакатда нотинчлик келтириб чиқаришга ҳаракат қилади. Чунки, Ўзбекистон иқтисоди ҳозирча Марказий Осиёда энг кучли бўлмаса-да, геостратегик жойлашувига кўра у барибир геосиёсатда биринчи ўринни эгаллайди.

Айниқса, муҳим бир нуқтага эътибор қаратмоқчимиз: нега Ўзбекистон дунё бузғунчи кучлари, жумладан террористик ташкилотлар учун жуда муҳим аҳамиятга эга? Табиий бойликлар сабабгина эмас! Сабаби Ислом оламида (!) Ислом дини учун муқаддас саналган (!) биратўла икки шаҳарга эгалик қиладиган иккитагина мамлакат бор: бири Макка ва Мадина жойлашган Саудия Арабистони, иккинчиси Бухоро ва Самарқанд жойлашган Ўзбекистон!

  1. Юракни қандай асраймиз?

Бундай таҳликали ва мураккаб вазиятда мамлакатда барқарорликни сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш учун қилиниши керак бўлган иккита асосий ва бир-бири билан узвий боғлиқ вазифа бор.

Биринчиси, ривожланган мамлакатлар инвестицияларини кўпроқ ҳажмда ва қисқа муддатда Ўзбекистонга жалб этиш керак. Чунки, ривожланган мамлакатлар ўзлари қилган инвестицияни ҳимоя қилиш учун ўша мамлакатда барқарорликни сақлашга ўз ҳиссаларини қўшишга мажбур бўлишади. Иккинчиси, кучли, янги ички ғоявий сиёсат керак. Бусиз давлатнинг ички хавфсизлигини таъминлаш имконсиз.

  1. Танлов: ғамсиз ўйинчоқ ёки ақлли ўйинчи

Бекорга дунё сиёсатини шахмат доскасига ўхшатишмайди. Бугун биз оғир танлов олдида турибмиз. Миллат сифатида ёки минтақадаги энг кучли ўйинчи мақомини эгаллаймиз ёки кимларнингдир ўйинчоғига айланамиз. Ўйинчоқ бўлишдан осони йўқ. Изтироб чекилмайди, ҳаракат қилинмайди, тушуниш керакмас, ҳатто ўйлаш ҳам керакмас. Аммо ўйинчи бўлиш оғир: ўйлаш керак, изтироб чекиш керак, ҳаракат қилиш керак.

Буларнинг барчасидан ҳеч қачон чарчамаслик керак. Тинимсиз ҳаракат керак. Оддий тилда айтсак: ё ғамсиз қул (аммо ҚУЛ), ё изтиробли ҲУР бўлишни танлашимиз керак. Токи танлов боракан, биз ҲУРмиз. Агар ҚУЛ бўлсак бизга ҳеч ким танлов ҳуқуқини ҳам бермайди. Фикримизни сўрамайди ҳам.

  1. Келажакнинг чегараси

Агар биз онгли миллат сифатида табиийки ҲУРликни танлар эканмиз, биз бу оғир йўл эканлигини англашимиз, олдимиздаги машаққатларга аввал руҳан тайёр бўлишимиз керак. Биз ҳаммамиз оддий инсон сифатида ҳам, бутун бошли миллат сифатида ҳам буюк келажак ҳақида орзу қиламиз, тўғрими? Аммо қачон буюк келажакка қадам қўямиз деб ҳеч ўйлаб кўрганмизми? Келажакнинг бошланиш чегараси қаерда?

Биз орзу қилаётган келажакнинг бошланиш чегараси бугун ва ҳозир эканлигини тушунаяпмизми? Бу мақолани ўқиётганингиз мана шу секундлар сайин келажакка кириб келаётганимизни билаяпмизми? Эртага камолини кўришни орзу қилганимиз фарзандларимиз бўлиши учун, умидларнинг эртанги рўёби учун, бугун тўлғоқ азобини кўришимиз кераклилигини, бугундан ҳаракат қилишимиз кераклилигини англаяпмизми? Кўпчилик англар балки. Аммо бугунги изтиробсиз эртанги буюкликка эришиб бўлмаслигини ҳис қилаяпмизми? Айтмоқчи бўлганим, буюк келажак орзу қилаётганимиз ҳолда бугунги машаққатли меҳнатга тайёрмизми?

Буюк келажак буюк миллатларгагина насиб этади. Миллат сифатида буюклик эса, қонунлар устувор бўлган давлатларда вужудга келади. Қонунлар сўзсиз ишлаган жамиятларда буюк миллатлар етишади. Қўрқувлари, фобиялари йўқ миллатгина буюк бўлади. Эътиқодли миллатгина буюк бўлади. Агар биз бунга фақатгина умуммиллат сифатидагина эмас, ҳар биримиз алоҳида шахс сифатида тайёр бўлсак, аввалги мақолаларимда таъкидлаганимдек ёлғонлардан воз кечиш билан бирга тафаккуримизни кенгайтиришимиз, муаммоларга ёндашувимизни ўзгартиришимиз керак.

  1. Компасга тегманг!

Раҳматли Чингиз Айтматов ва Икеда суҳбатида бир гап айтилган эди: «Ҳозирги тараққиёт даври — чексиз уммон бўлса, жамият — унда сузиб кетаётган бир кема. Эътиқод омили худди компас каби чексиз уммонда сузиб кетаётган кемани адашишдан сақлайди. Манзилига талофатсиз етишини таъминлайди.

Дунёга назар солинг: диний байрамида яҳудий худони танисин дея боласини сенагогга, христиан черковга, буддист храмга олиб боради. Ҳатто мамлакатимизда ҳам черков ёки сенагогга уларнинг диний байрамларида борсангиз ота-оналар чақалоғигача олиб борганини кўриб қувнайсиз. Озод юртда ана шунақа бўлади-да! Тинч тотув ва қонун устувор мамлакатда ҳамманинг диний эркинлиги таъминланади-да!

Аммо!!!

Аҳолисининг аксар қисми мусулмон бўлган мамлакатимизда нега Рамазон ҳайити ёхуд Қурбон ҳайити намозларига гўдак болангиз билан борсангиз формали ва формасиз одамлар масжидга киришга рухсат беришмайди? Нега мусулмон сифатида болам Худони танисин, унга ибодат қилсин деб Ҳайит намозига олиб бориш имконсиз?!

Мен ўз юртимда юртдошим, ватандошим — насроний, яҳудий ёки бошқа дин вакили бўлган фуқаро каби дин эркинлигидан, эътиқод эркинлигидан нега бир хилда фойдалана олмаслигим керак?! Саволимдан мақсад диний масалани эмас, қонун, Конституциявий ҳуқуқ нега бу соҳада тўлиқ ишламаётганлигини аниқлаштиришдир. Шахсан мен ўқувчилар дарсни ташлаб намозга югуриб кетишига қаршиман! Илм ибодатдан афзал! Аммо эътиқод жамият компаси экан, у компас билан ўйнамаслик керак!

Гарчи мақолага тўғридан-тўғри алоқаси йўқдир, аммо, ўрни келгани учун бир нарсани ҳам айтиб ўтишимиз керак. Бугун дунё мусулмон умматининг аҳволига бир назар ташланг: уламолар авом олдида масала талашган, мусулмон мусулмонни диний қарашлари учун бўғизлаган, бир-бири билан таҳоратда оғиз тўрт марта чайилса нима бўлади, мубоҳми, мубоҳ эмасми каби масалалар устида тортишган, бизнинг уламоларимиз кўп хотинлилик жоизми-йўқми қабилидаги масалаларни муҳокама қилиб юрган вақтда, бошқа дин вакиллари қуёшга зонт жўнатмоқда, инсонга манфаат келтирадиган технологик янгиликлар қилмоқда, бедаво касалликларга дорилар яратишмоқда, атмосферани кирлантирмаслик муаммоларини ўрганишмоқда…

Бизда эса… Ҳажга бориш учун пора бериш гуноҳ эканини билмайдиган, кеча Самарқандда бўлганидек Каъба зиёратига отланиб, 75 грам опиум билан қўлга тушган «ҳожи ака»лар пайдо бўлмоқда. Таассуф!

  1. Президентни тушунинг! Унга дастак бўлишимиз керак!

Мен юқорида бежиз дунё сиёсат майдонидаги ҳолатни таҳликали эканига мисоллар келтирмадим. Бу билан дунё ҳамжамиятидаги шундай оғир бир вазиятда, ҳам халқаро сиёсий майдонда сиёсат юритиш, ҳам мамлакат ичида унинг муаммоларини ҳал қилиш, умуман Ўзбекистондек геостратегик муҳим нуқтада жойлашган мамлакатга раҳбарлик қилиш осон эмаслигига эътиборингизни қаратмоқчи эдим.

Бугун президентга жуда оғир. Қандай таҳликали бир даврда, Марказий Осиё юраги саналмиш Ўзбекистонга раҳбарлик қилиш қанчалар оғир ва масъулиятли эканлигини ҳис қилинг. Шунга қарамай Президент тиним билмаяпти. Ҳали у вилоятга, ҳали бу туманга, ҳали бу давлатга, ҳали у давлатга тинимсиз бориб келаяпти. Нега? Давлат раҳбари ўйнагани бормайди чет элга. Вилоятларга ҳам шунчаки айлангани чиқмайди. Мана шу давлатни кучли қилиш учун, миллатни хавфлардан асраш учун соатлаб асаб чарчатар муҳокамалар ўтказади, оғир қарорлар қабул қилади. Бу сўздан мақсадимиз Президентни мақтаб кўкларга кўтариб маддоҳлик қилиш эмас. Балки Президент келажак гарови эканлигини, унга ҳам осон эмаслигини, унга дастак, суянч кераклигини англатиш!

Биз Президентимизни тўла қўллаб-қувватлаймиз, ишонамиз унга, уни яхши кўрамиз деб ҳаммадан баландроқ бақирадиган, оғиз йиртадиганларга айтмоқчи бўлганимиз шуки — бўш идишдан баланд овоз чиқади. Президентга бугун қуруқ мақтовчилар эмас, айтилган ишнигина қиладиганлар эмас ўз ишини индамай билиб-билиб қиладиганлар, ўз ташвишларидан ташқари кечаси давлат тақдирини ўйлаб уйқуси қочиб, мушоҳада қиладиганлар, чин маънода изтироб чекадиган ва конструктив ечимлар топадиганлар керак.

  1. Рангли туш

Мен рангли тушларимда Ўзбекистонни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси сифатида ўтирганини кўраман. Тушларимда у инсон ҳуқуқларини поймол этгани учун АҚШ, Франция ёхуд Германияга нисбатан санкция эълон қилаётган, ВЕТО ҳуқуқидан фойдаланиб, гегемон давлатлар ёқлаб овоз бераётган БМТ қарорини тўхтатиб қўётган, жаҳоннинг иқтисоди ривожланган энг кучли ўнталикка кирган ДАВЛАТ сифатида намоён бўлади. Ўзбекистон КАТТА ЎНЛИК ДАВЛАТЛАРИ (G-10)нинг ичида бўлишини орзу қиламан.

Бальзакнинг бир ҳақиқати бор: «эркак қобилияти худди аёлдаги чирой каби — бор йўғи ваъда холос». Биз ҳақиқатда қобилиятли миллатмиз. Маънавиятимиз ҳам бой, маърифатимиз ҳам юксак, ўтмишимиз ҳам шонли, келажакдан умидимиз ҳам катта. Аммо ҳануз ривожланаётган мамлакатлар қаторидамиз. Нега? Чунки, қобилиятни рўёбга чиқариш учун қобилиятга яраша юрак ва ирода керак.

  1. Муаммони тушуниш.

Мамлакатни юксалтириш — энг аввало муаммоларни тушунишдан бошланади. Ўзбекистонда бугун муаммо жуда ҳам кўп. Ҳал этилаётган, ҳал этилиши лозим бўлган ва ҳал этилмаётганлари ҳам бор.

Шукурки бугун биз муаммолар борлигини тан олишни ўргандик. Улар ҳақида гапиришни бошладик. Ана шунинг ўзи миллат учун жуда катта қадам бўлди. Аммо, бу ҳали биринчи қадам. Ўз гуноҳини ич-ичидан тан олган банда Яратганнинг наздида бир поғона даражаси кўтарилганидек, муаммолари борлигини тан олган жамият ҳам юксалишда бир даража илгарилаган бўлади.

  1. Болтани ташланг!

Бундай инсонлар нега кераклигини биласизми? Президент қабул қилган қайсидир «қарорнинг сўзсиз ижросини таъминлаш» каби юксак иборалар жаранглаши учун эмас, бу — салкам уч ярим минг йиллик қадим давлатнинг боқий туриши учун, миллатнинг қони тўкилмаслиги учун, бу юртда тинчлик ҳукмронлик қилиши учун, бу мамлакат тараққий этиши учун, мен кабилар орзу қилгандек БМТ Хавфсизлик Кенгаши тўрида Ўзбекистон ўтириши учун керак.

Шу ўринда муҳим гап бор. Хитой яқин тарихида рўй берган чумчуқлар билан боғлиқ воқеани эсга олайлик. Чумчуқлар қишлоқ хўжалигига катта зарар етказаётгани сабабли уларга қарши кураш эълон қилинган эди. Натижада бу масалага ақл билан эмас, «болта» билан ёндалишиб чумчуқлар қириб ташланган. Натижада бир неча йил давомида мамлакат бошқа бир офат — чигиртка балосига йўлиқди. Бир неча йиллик улкан йўқотишлардан сўнггина бу балодан қутулишди. Кейин ҳисоб-китоб қилинганда, чумчуқлардан кўриладиган зарардан кўра чигирткалар етказадиган зарар бир неча ўн баробар кўплиги аниқланган.

Бу билан нима демоқчиман?! Мақсадимиз камида Катта ўнлик давлатлари (G10), яъни сайёрамизнинг мутараққий 10  та давлати сафига кириш! Бунинг учун эса, салла деса каллани олиб келишдан, ўринсиз мақтовдан, масъулиятсизликдан тийилишимиз, энг асосийси бир муаммони ҳал қилишда болта билан эмас ақл билан иш кўришни ўрганишимиз керак. Бизга Будёновлар эмас, Айтматовлар керак!

Саид Абдулазиз Юсупов, сангтарош уста,
(самарқандлик сангтарош Мўмин Камоловнинг шогирди).

P.S. Мен миллатимни бошқарилувчи эмас бошқарувчи, тарошланувчи эмас тарошловчи сифатида кўришни орзу қиламан.

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Улугбек Жавоб бериш
    3 oy олдин

    Ажойиб макола…теран фикрлар….ажойиб. муаллиф айтгандек G-10 киришнинг режасини тузишимиз керак. хитойларга ухшаб сабр билан уз максадимиз сари дадил одимлашимиз керак. G-50 качон, G-30 качон ва нихоят муаллиф айтганидек G-10 аъзоси боламиз. Лекин бунинг учун роса каттик ва узок мехнат килишимизга тугри келади. Иктисодиётимизнинг кесимини пухта урганиб нимага ургу беришимиз кераклигини ва нималарни камайтиришимизни аниклаб олишимиз керак тезрок!!!! Вакт кетяпти, шошилишимиз керак…

  • Botirjon Жавоб бериш
    3 oy олдин

    Бекорга дунё сиёсатини шахмат доскасига ўхшатишмайди. Бугун биз оғир танлов олдида турибмиз. Миллат сифатида ёки минтақадаги энг кучли ўйинчи мақомини эгаллаймиз ёки кимларнингдир ўйинчоғига айланамиз. Ўйинчоқ бўлишдан осони йўқ. Изтироб чекилмайди, ҳаракат қилинмайди, тушуниш керакмас, ҳатто ўйлаш ҳам керакмас. Аммо ўйинчи бўлиш оғир: ўйлаш керак, изтироб чекиш керак, ҳаракат қилиш керак.
    Nima uchun?!
    Chumki, biz ha, ha, biz o’zbeklar doimo buyuk davlatchilik goyasi bilan yashaganmiz. Bizning bobolarimiz ramzlarida boysunmaslik va doimo birovning «noģorasiga òynamaydigan» – Bòri tasvirlangan. Biz ularning shonli yolini davom ettirishimiz va mustaqillik uchun berilgan jonlar bejizga ketmaganini isbotlashimiz kerak.

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>