• Бугунги сана: Seshanba, Oktabr 17, 2017

Бўлмағур касб

Дин Баррет

Бу каталакдай хонада деворга илинган ёғоч хочдан бўлак нарса йўқ эди. Пружиналари чиқиб ётган пачоқ диван, бўёғи кўчган стол ва бир жуфт қийшиқоёқ курси ичкарига кирган одамни ё қўрқитар, ё кўнглини беҳузур қиларди. Алмисоқдан қолган бу жиҳозлар хонага келтирилгунча юз йил қўлма-қўл сотилганга ўхшарди.

Бузуқ телевизорнинг устига батартиб тахлаб қўйилган кулранг костюм ва сочиқни ҳисобга олмаганда хонада бирорта янги буюм кўзга ташланмасди. Стол ёнида Хоган исмли ўрта ёшлардаги барзанги киши револьверини тозалаб ўтирарди. Столдаги спорт саҳифаси очилган газета устига мой солинган идиш, беш дона ўқ ва қуролни тозалашда ишлатиладиган майда-чуйда асбоблар қўйилганди. Хоган тез-тез қуролини ёруғга тутиб ствол ва ўқдонининг ичидаги кир ва зангни артарди. Бу девкелбат нусха сира шошилмайдиган тепса тебранмас одамга ўхшарди.

Эшик тақиллади.

— Ким? — деб ўшқирди Хоган ишдан бошини кўтармай.

Эшик яна тақиллади.

— Кираверинг.

Худди мафия ҳақидаги эски фильмлар қаҳрамонидек кийинган йигирма беш ёшлардаги йигит ичкарига кирди. Эгнида қора костюм, бўйнига қиммат бўйинбоғ тақилган олифта йигитнинг учи учқур пойабзали ялтираб турарди. Ҳеч нарсадан тап тортмайдиган устомонлардек ясаниб олган бўлса-да, аслида унинг қўлида бит ҳам ўлмаслигини бир қарашдаёқ сезиш қийин эмасди. Йигит бўсағада бир оз талмовсираб турди-да кейин эшикни ёпиб столга яқин келди.

— Эшикни қулфламабсиз-ку? — олифтанинг асабий овози шанғиллаб эшитиларди.

— Қулфлаб нима қиламан? — Хоган пинак бузмай револьверини артаверди.

— Агар ҳозир мен эмас, анави кириб келганда нима бўларди?

— Анави деганинг ким? — деди Хоган йигитга кўз қирини ташлаб.

— Ким эмиш! Бизга гумдон қилиш буюрилган одамни айтаяпман! Ахир у каллакесарларнинг ичида энг ашаддийси-ку. Тирик афсона!

Хоган елка қисди.

— Ажали етса афсоналар ҳам ўлади.

— Мендан олдин келиб сизни тинчитганда-чи?

— Ўзингни бос болакай. Унақа одамлар доим вақтида келади.

Шунча гапдан кейин йигит ниҳоят Хоганга қўл узатди.

— Менинг исмим Жимми.

— Ҳеч қачон исмингни бегоналарга айтма, — деди Хоган. — Бизнинг ишда янгимисан дейман?

— Ўқ узишни ўрганганимга анча бўлган, — Жимми гердайиб хонада у ёқдан бу ёққа юра бошлади. — Бу ерда анчадан бери ўтирибсизми?

— Ҳа, сени Мэнни ёлладими?

— Бошқа ким ҳам ёлларди?

— У сенга мижоз ҳақида нима деди?

— Мижозинглар ҳам сизлар қиладиган иш билан шуғулланади. Лекин у каллакесарларнинг орасида энг зўри, деди.

— Хўш, биз нима иш билан шуғулланарканмиз?

Жимми масхараомуз ҳиринглади.

— Ўзингизни гўлликка солманг. Биз муаммоларни ҳал қиламиз. Кераксиз одамларни йўқотамиз. Яқинда Мэйсон деган бир нусхани ўзим тинчитдим.

— Ие, Мэйсонни сен ўлдирган экансанда?

— Ҳа-да. Қандай ўлдирганимни эшитгандирсиз?

— Мэйсоннинг ўлими ҳақида бутун шаҳар эшитди. Айтишларича, қотил тап тортмай унинг тансоқчилари орасига кириб боёқишни отган-у, ҳеч нима бўлмагандек нари кетган эмиш. Мэйсоннинг тансоқчилари эса қимирлашга ҳам ботина олишмаганмиш.

— Худди шундай бўлган. Совуққонликда менга тенг келадигани йўқ, — Жимми дарз кетган ойнага қараб бўйинбоғини тўғрилади. — Бугун биз ўлдирадиган одам эса Мэннини алдаб кетган.

— Шунақа де?

— Ҳа. Тафсилотлари менга номаълум, лекин Мэннининг жаҳлини чиқарган экан, демак уни дарров гумдон қилиш керак. Хуллас, Мэнни сиз билан мени ёллади… Манави костюм билан сочиқнинг нима кераги бор?.. Э ҳа, тушундим! Яхши ўйлабсиз!

Хоган мийиғида кулиб қўйди.

— Қуролингизни артишингиздан тозаликни яхши кўришингиз сезилиб турибди, — бидирлашда давом этди Жимми. — Эгнингиздаги кийимга қон сачраса манови костюмни киясиз, шундайми?

Хоган жавоб қайтармай унга тикилиб тураверди.

— Ҳар сафар одам ўлдиргач кийим алмаштирасизми? Одатингиз шунақами дейман?

— Кўп гапирмай қуролингни тозаласангчи.

Жимми костюмининг остига қўл солиб автоматик тўппончасини чиқарди.

— Менинг қуролим доим тоза ва шай.

— Ундай бўлса дуруст. Бугунги мижозимиз анойилардан эмас. Ўзинг айтганингдек — тирик афсона.

— Тўғрисини айтсам, Мэнни кўрсатган расмда мен уни таниёлмадим, — деди Жимми тўппончасини белидаги ғилофга солиб.

— Болакай, агар бизнинг ишимизда сени ҳамма таний бошласа ажалингдан беш кун бурун ўласан.

Лекин олифта йигит Хоганнинг гапига эътибор бермай яна хонани гир айланишга тушди.

— Шунақа уйдаям одам яшарканми-а? Бу вайронанинг эгаси ким ўзи?

— Эгасини танимаганинг маъқул.

— Мижозимизни Мэнни бу ерга янги буюртма бериш учун чақирган, — деди Жимми кафтларини бир-бирига ишқаб. — Аммо бу сафар овчининг ўзи ўлжага айланади! Биз эса уни ов қиламиз! Зўр-а? — У тоқатсизланиб соатига қаради. — Тезроқ кела қолмайдими энди.

— Бўзчининг мокисидай гир айланавермай ўтирсанг-чи.

Шу пайт Жиммининг кўзи столга тушди.

— Ие! Бу ахир…

У столдаги револьвер томонга қўл чўзган эди, Хогман бир зумда уни йиқитиб бўғзига пичоқ тиради.

— Г-газетангизда “Никс” жамоаси ғалаба қозонгани ёзилган экан… Шуни кўрмоқчи эдим, — деди йигит кўзи ола-кула бўлиб.

Хоган хато қилганини тушуниб Жиммини қўйиб юборди-да пичоғини яшириб яна револьверини арта бошлади.

— Узр, болакай. Мен сени ҳалиги… ўзинг тушунасан-ку.

Жимми титраётган қўллари билан бўғзини пайпаслади.

— Шуям инсофданми? Биз ахир шериклармиз-ку!

— Сен тажрибали каллакесарсан, шундайми?

— Шундай.

— Кўп одам ўлдиргансан, тўғрими?

— Тўғри.

— Унда нега чакагинг тинмай бунча жаврайсан?

Жимми диванга ўтириб бирпас жим қолди.

— Тил бўлгандан кейин гапираман-да. Айтингчи, сиз нега револьвердан фойдаланасиз. Ахир унга бор-йўғи бешта ўқ сиғади-ку?

— Бир сафар автоматик тўппончам ишламай қолиб, нариги дунёга равона бўлай деганман.

— Менинг тўппончамда ўн тўрттта ўқ бор.

— Агар отишма пайтида қуролинг ишламаса ўқинг юзта бўлсаям отолмайсан. Ўз ишининг устаси барини олдиндан режалаштириши керак.

— Ҳали кўрасиз, бир кун келиб менинг номим тилларда достон бўлади! — деди Жимми завқланиб.

— Йўғ-э, шунчалик чапдастмисан?

— Бўлмасам-чи.

— Кўп пул топсанг керак-а?

— Сўраманг, — Жимми чўнтагидан “Лаки страйк” қутисини чиқариб сигаретни ёқди.

— Бу ерда чекиш мумкин эмас.

— Ҳазиллашаяпсизми?

— Мен касалхонада чириган ўпкам бўғзимга тиқилиб ўлмоқчи эмасман. Ундан кўра ўқ еб ўлганим яхши.

  • Жин урсин! — Жимми ғижиниб сигаретни ўчирди. Шу пайт ташқаридан қадам товуши эшитилди-ю у ўрнидан сапчиб туриб қуролини қўлга олди. Хоган эса пинак бузмай револьверини тозалайверди. Қадам товуши узоқлашиб ниҳоят эшитилмай қолгач Хоган ёш шеригига масхараомуз илжайди ва Жимми қуролини яшириб яна жойига ўтирди.

— Балки эшикни қулфлаганимиз яхшидир? — деди йигит тутақиб. — Анави нусха ҳозир кириб келса ғафлатда қоламиз… Менга қаранг, револьверингизни артавериб тешиб қўйманг тағин.

— Бизнинг ишда иккита қоида бор, болакай. Биринчиси — қуролингга эътиборли бўл. Иккинчиси — рақибингни ҳурмат қил.

— Шунинг учун ҳам эшикни қулфлаш керак деяпманда.

— Йўқ. Эшик очиқ туриши керак.

— Ахир..

Шу пайт Хоган бошини кескин буриб ичкари хоналарга олиб ўтувчи тор йўлак томонга қаради-да кўрсаткич бармоғини лабига босди.

— Жим!

— Нима бўлди?

— Ичкарида нимадир тиқирлади. Сен эшитмадингми?

Жимми ўрнидан турди.

— Йўқ…

— Эрталаб келганимда ичкаридаги хоналарни текширишни унутибман, — деди Хоган елка қисиб.

— Жин урсин!

Жимми тўппончасини чиқариб йўлакка кириб кетгач, Хоган ҳам револьверини ўқлаб шайланиб турди. Бир пайт Жимми ранги докадек оқариб додлаганча хонага қайтиб келди.

— Ваннада мурда ётибди! Ҳаммаёғи қон! Эшитаяпсизми?

Хоган бир ҳамлада йигитнинг қалтираётган қўлларидан тўппончани юлиб олди-да, бошига револьвернинг дастаси билан уриб уни ерга қулатди.

— Қимирлама!

Жиммининг тўппончасини ўзининг камарига таққач Хоган унда бошқа қурол йўқлигига амин бўлиш учун уст-бошини титкилаб чиқди-да ортга чекинди.

— Ҳаммасига энди тушундим, — деди тиз чўкиб турган йигит шошиб. — Мижозимиз мендан аввал келган ва сиз уни ўлдириб ваннага тиққансиз. Мэнни берадиган иш ҳаққини фақат ўзингиз олмоқчисиз, шундайми? Мен розиман! Мэннига кеч қолдим, шеригим мижозни ўзи гумдон қилди, дейман. Фақат илтимос, мени ўлдирманг!..

— Сен ҳеч нарсани тушунмадинг, болакай, — деди Хоган унга қуролини ўқталиб. — Сен бугун бирга ишлаш учун келган шеригингнинг мурдаси ваннада ётибди. Мен эса сизлар ўлдирмоқчи бўлган каллакесарман.

— Қ-қанақасига?.. Бўлиши мумкин эмас!

— Рақибингни доим ҳурмат қил деб айтдим-ку сенга. Тузоққа илингдингми энди мендан ўпкалама…

— Ўтинаман! Ундай қилманг!

— Ҳаётда шунақаси ҳам бўлади, ошна. Баъзан ўзинг қўйган тузоққа ўзинг илинасан. Хафа бўлма. Қийналмаслигинг учун тўғри миянгга ўқ узаман. Дарров жон берасан. Тўғри, юрагинг яна уч-тўрт дақиқа уриб туради-ю, кейин тананг совуб омонатингни топширасан.

Жимми ўкириб йиғлаб юборди.

— Менга раҳмингиз келсин!.. Пул бераман! Ҳамёнимни олинг!..

— Мен учун одам ўлдириш пашша ўлдиришдек гап. Биласанми, айримлар кўзини чақчайтириб жон беарди, бошқалар кўзини юмади. Сен қайсисини танлайсан?

— Худо ҳаққи, менга шафқат қилинг!

— Болакай, кўнглингга оғир олма. Айтаяпман-ку, мени ишим шунақа. Бугун мен сени ўлдирмасам, эртага сен мени ўлдирасан.

— Ўлдирмайман! Сизни бошқа безовта қилмасликка қасам ичаман!

— Сендай тажрибали қотилнинг қўлидан ҳар иш келади. Ахир сен, кимсан Мэйсонни тинчитган-ку!

— Айтганларимнинг бари ёлғон! Мен умримда одам ўлдирмаганман! Каллакесар амакимга ҳавас қилиб бугун биринчи марта бу ишга қўл ургандим. Ўтинаман, мени қўйиб юборинг! Қайтиб қорамни кўрсатмайман!

— Гапларингга ишонаман, болакай. Чунки … агар билсанг, Мэйсонни мен ўзим ўлдирганман.

— Ё, худо!

— Ўшанда тўппончам ишламай қолгани учун унга манави револьвердан ўқ узганман. Шундан бери фақат револьвердан фойдаланаман… Демак, сен ҳали қўлидан ҳеч иш келмайдиган ҳаваскор экансан. Бу жуда ёмон. Келажакда менга ўхшаган тажрибали мерган билан ишлаб ҳаммасини расво қилишинг мумкин. Мен бунга йўл қўёлмайман.

Жимми уввос солиб йиғлашга тушди.

— Онамнинг қабри билан қасам ичаман! — деди у дир-дир титраб. — Қайтиб қўлимга қурол олмайман! Ҳамёнимни олиб мени қўйиб юборинг!

— Агар ваъдангда турмасанг-чи?

— Агар қасамимни бузсам ўзингиз мени отиб ташлайсиз. Ўтинаман, мени қўйиб юборинг!

Хоган револьверини секин туширди.

— Унда гапимни қулоғингга қуйиб ол, тирранча. Агар яна қўлингга қурол олганингни эшитсам, ўзим сени тинчитаман, тушундингми?..

— Тушундим, — деди йигит юм-юм йиғлаб.

— Бу ердан қорангни ўчиришинг учун сенга икки сония вақт.

Жимми ўрнидан ирғиб турди-да ташқарига отилиб чиқиб жон ҳолатда югура кетди. Унинг қадам товуши тингач Хоган револьверини ғилофига жойлаб, столдаги ашқол-дашқолларни қутига сола бошлади. Шу пайт ичкаридан кийим-боши шалаббо, ҳаммаёғига қонга ўхшаш қизил суюқлик суртилган Блейк чиқиб келди.

— Анави лаънати ваннада яна беш дақиқа ётганимда чўкиб кетишим аниқ эди, — деб тўнғиллади у ва телевизорнинг устидаги сочиқни олиб артинди. — Энди бошим касалдан чиқмайди. Диванда ётаверсам ҳам бўларди-ку, Хоган?

— Ишончлироқ чиқсин дедим-да.

— Ҳа, жуда ишончли чиқди, — деб кесатди Блейк. — Сенинг шарофатинг билан оёғимдан сочимгача помидор қиёмига булғандим.

— Агар диванда ётганингда у сени ростдан ҳам ўлганми, йўқми деб текшириб кўриши мумкин эди. Ваннада ўз қонига беланиб ётган мурдани текширишга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмайди.

— Ўргилдим сендақа билағон режиссёрдан, — Блейк кийимларини ечиб уст-бошларини тозалашга тушди. — Умримда биринчи марта мурда ролини ўйнашим. Сен ҳам бирор марта мурда бўлиб кўрганмисан?

— Ҳеч қачон, — деди Хоган.

— Анави мишиқининг ҳамёнини нега олмадинг? Ўзи таклиф қилди-ку?

— Мен талончи эмасман.

— Бергандан кейин олавериш керак-да, — Блейк аксирди. — Ана, кўрдингми? Ҳалитдан тумов тутаяпди. Агар билсанг, менда тиббий суғурта йўқ, сенда-чи?

— Мендаям йўқ, — деди Хоган столдаги газетани чиқинди челагига ташлаб.

— Иккаламиз суғуртагаям пул тополмаймиз. Биз бугун қўрқитган мишиқи эса яқинда коллежга кириб эрта-индин миллионерга айланади. Алам қиларканда одамга, — Блейк телевизорнинг устидаги тоза костюмни кийиб диванга ёнбошлади. — Анави Мэнни бугунги меҳнатимиз учун кўпроқ тўласаям бўларди.

— Ёш болани қотилликдан қайтариш учун ҳар биримизга минг доллар берди. Менимча, бу кам эмас.

— Агар билсанг, ўша ёш боланинг амакиси Мэннига бизни ёллаш учун бундан анча кўп тўлаган.

— Мэнни қанча пул топгани билан нима ишим бор. Ўзи бу ғалва менга бошиданоқ ёқмаётганди, — деди Хоган хўмрайиб.

— Нега?

— Мен профессионал актёрман. Бунақа расво томошаларда қатнашиш жонимга тегди. Мен ўзимни бошқа одам қилиб кўрсатдим, тушунаяпсанми? Анави болани алдадим! Ўзимни худди суюқоёқлардек ҳис қилаяпман.

— Агар ёқмаса бугунги иш ҳақингни менга беришинг мумкин, — деди ойнанинг олдида жингалак сочини тараётган Блейк. — Менга қандай йўл билан пул топишнинг фарқи йўқ. Муҳими — чўнтак қаппайсин.

— Мениям анави Жиммидек биров ёшлигимда бу касбдан қайтарса эди.

— Қанақа касбдан?

— Ўзимизнинг ахмоқона касбдан-да.

Блейк бошини буриб ҳамкасбига қараб қўйди-да яна аксига разм солди.

— Сени нима жин урди, қария? Мишиқи хаёлингни буздими дейман. Мэйсонни боплаб ўлдирганман, деб алдагани учун ҳам унинг ҳамёнини тортиб олиш керак эди.

— Мэйсонни ростдан ҳам боплаб тинчитишган, — деди Хоган ўзи билан ўзи гаплашаётгандек. — Ҳеч қандай из қолдиришмаган.

Блейк “Бунинг томи кетганми”, дегандек кўрсаткич бармоғини чаккасига тираб буради-да, тароғини чўнтагига солди.

— Хоҳласанг шу ерда ўтиравер, ошна. Мен кетдим.

Шериги ташқарига чиққач, Хоган қуролни тозалашда ишлатиладиган асбоблар солинган қутини олди-да эшикка қараб юрди.

— Қани энди Мейсонни гумдон қилган ўша чапдастнинг ўрнида бўлиб қолсам, — деб шивирлади у револьверини дастасини силаб. Кейин ортига ўгирилиб хонага яна бир бор қаради ва эшикни беркитиб кўчага чиқди.

Рус тилидан А.Отабоев таржимаси

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>