• Бугунги сана: Payshanba, Mart 23, 2017

Болани компьютердан чалғитиш учун фойдали маслаҳатлар

Баъзан фарзандингизнинг компьютер қаршисида ўтказаётган вақтини кузатиб ташвишга туша бошлайсиз. Компьютер болангиз учун ҳақиқий ҳаётнинг ўрнини эгаллай бошлайди, ён-атрофдаги ҳаёт у учун қизиқарли бўлмай қолади. Уни тенгдошлари билан мулоқот ёки ота-онаси билан биргаликдаги турли машғулотлар ҳам ўзига жалб қилмай қўяди. Нега бу каби ҳолатлар бизни ташвишга солади?

Биринчи навбатда компьютерга бундай боғлиқлик боланинг соғлиғига яхши таъсир қилмайди.

Келинг, боланинг виртуал ҳаётга бунчалик кириб кетиш сабабларини чуқурроқ ўрганиб кўрамиз. Шуни англашимиз керакки, «бола ва компьютер» ўртасидаги мулоқотни қатъий таъқиқлаш яхши натижага олиб келмайди. Бундай пайтда ота-оналардан ақллироқ бўлиш талаб этилади.

Агар фарзандингизнинг ёши кичикроқ бўлса, ушбу муаммони ҳал қилиш осонроқ кечади. Чунки унинг характери ҳали энди шаклланмоқда ва сиз унга таъсир қила оласиз.

Нима сабабдан компьютер ҳақиқий реал ҳаётдан кўра ўзига кўпроқ жалб этишини ўрганиб чиқамиз.

Энг кўп тарқалган сабаблардан бири – тенгдошлар билан мулоқот қилишнинг ўзига хос қийинчиликлари. Компьютер билан мулоқот ўрнатиш осонлигига қўшилмай иложимиз йўқ. Ахир у уришмайди, хафа ҳам бўлмайди, насиҳат қилмайди.

Қандай ечим топиш мумкин? Шуни ёдда тутингки, мулоқот қилиш билан боғлиқ муаммони бирданига ҳал қилишнинг иложи йўқ. Бунинг учун вақт ва сабр талаб этилади. Кўпроқ меҳмонлар, айниқса болаларни таклиф қилинг. Болангизни турли машғулотлар, тўгаракларга беринг. У жамоат жойларида кўпроқ вақтини ўтказсин. Одамлар билан танишишда, мулоқот қилишда ва дўстона муносабатларни ўрнатишда ўзингиз унга ўрнак бўлинг.

Иккинчи сабаб компьютер билан ўйнаш масъулият талаб этмайди. Чунки ундаги бирор нарса сиз хоҳлагандек бўлиб чиқмаса ёки жонингизга тегса, ундан воз кечиш жуда осон. Ҳақиқий ҳаётда эса ёқмаган нарсаларни ярим йўлда ташлаб кетиш ярамайди. Виртуал ҳаётда энг ақлли, кучли ва эпчил бўлиш жуда осон. Реал ҳаётда эса бунинг учун кўпроқ меҳнат қилиш, қийинчиликларни енгиб ўтиш ва баъзан муваффақиятсизликларни ҳам бошдан ўтказишга тўғри келади.

Ота-онанинг қарори. Фарзандингизга бошлаган ишини охирига етказишни ўргатинг, унинг ўзига нисбатан баҳосини оширинг! Унинг кичкина муваффақиятларига ҳам эътибор қаратиб, тез-тез мақтаб туринг. Хатолари учун узоқ койиш ярамайди. Ота-онадан боланинг ёнида туриб, ўз муҳаббати ва қўллаб-қувватлашини кўрсатиш талаб этилади.

Компьютер ўйинларида хато қилиб қўйса, ҳаммасини қайтадан бошлаш мумкин. Ҳақиқий ҳаётда эса бундай йўл тутиб бўлмайди. Хато қилишни ҳам билиш, ўз айбини тан олиш, кечирим сўраш, камчиликларни тўғрилаш ва баъзан жазоланишга ҳам тўғри келади.

Ота-онанинг қарори. Фарзандингизнинг хатоларига файласуфона ёндашишга ўрганинг. Ахир катталар ҳам хато қилади-ку. Болангиз хато қилишдан қўрқмасин, хатони тузатишни ўргансин. Жуда қаттиққўл бўлмасликка ва болани ҳар бир нарса учун уришмасликка ҳаракат қилинг.

Компьютер ўйинларини ўйнай туриб, сценарийни ҳам, ўйин қоидаларини ҳам ўзингиз танлашингиз мумкин.

Ҳаётда эса аксинча, ота-оналар томонидан ўрнатилган қоидаларга бўйсунишга тўғри келади. Бу эса ҳар доим ҳам болаларга ёқавермайди.

Сизнинг қарорингиз. Болангизга ҳаддан ортиқ ғамхўрлик қилаверманг, унга кўпроқ кенглик ва мустақиллик беринг. Турли машғулотлар ва ўйинларни танлашда унинг хоҳишини инобатга олинг. Унинг характеридан келиб чиқиб, ўқиш ва ўйин вақтлари белгиланган жадвал тузиб чиқинг.

Компьютер бола учун вақтни қизиқарли ўтказишнинг ягона усули бўлиб қолади. Ота-она томонидан унинг ўрнига ҳеч қандай муқобил вариант таклиф этилмайди ёки ташаббус чиқмайди.

Ечим. Бу сафар ҳаммаси тушунарли – бола учун кўпроқ вақт ажратинг, у билан кўпроқ мулоқот қилинг. Ҳақиқатан ҳам қизиқарли бўлган ўйинчоқларни ўйнаш, биргаликда китоб ўқиш ёки сайр қилиш учун алоҳида вақт ажратинг. Ишонинг, фарзандингиз бундай ҳаракатларингизга муносиб баҳо беради.

Фарзандингизни қандай муаммо қийнаётганлигини аниқлаб, уни ҳал қилишга ёрдам беринг ва шу тариқа унинг реал ҳаётга қайтишига ёрдам беринг. Асосийси болани компьютердан узоқлаштиришни аста-секинлик билан ва зўрламасдан амалга оширинг!

Дилноза Абдувалиева

Манба: farzand.uz

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>