• Бугунги сана: Chorshanba, Avgust 16, 2017

Болага велосипед қандай танланади?

Бола велосипед ҳайдашга қийналмаслиги, кам йиқилиб, кам жароҳатланиши учун велосипеднинг техник кўрсаткичларига алоҳида эътибор қаратиш, шунингдек у боланинг ёши ва жисмоний ривожланиш даражасига мос бўлишига ҳаракат қилиш керак. Болани велосипед ҳайдашга уч ёшидан бошлаб ўрганган маъқул.

  1. Боланинг ёши 

Уч яшар бола учун уч ғилдиракли, мустаҳкам ва енгил модел танлаш тавсия қилинади. Бола педални айлантиришга қийналмаслиги керак. 5-6 яшар болага икки ғилдиракли велосипед олиб бериш мумкин. Кўпчилик моделлар комплектига икки ёнга ўрнатиладиган қўшимча ғилдираклар ҳам киради. Кейинчалик уларни олиб ташлаш мумкин. Қулайлиги шундаки, велосипед ҳайдашни эндигина ўрганаётган бола улар ёрдамида мувозанат сақлашни ўрганади. Сотиб олаётганда иложи борича қўшимча ғилдираклари металдан бўлган велосипедни харид қилишга ҳаракат қилинг.

  1. Боланинг бўйи 

Велосипед харид қилаётганда боланинг ёшинигина эмас, бўйини ҳам эътиборга олинг. Велосипед ғилдирагининг диаметри ва рамасининг узунлиги боланинг бўйига мос бўлиши керак. Болангизга қандай ғилдираклар тўғри келишини аниқлаш учун унинг бўйини 2,5 ва яна 2,54 га (1 дюймнинг см.даги ўлчови) бўлинг. Масалан, бўйи 110 см бўлса: 110/ 2,5/ 2,54 = 17,3 дюйм. Демак, сиз ғилдирагининг диаметри 16 ё 18 дюйм бўлган велосипедни танлашингиз лозим. Болалар ва ўсмирлар велосипедлари ғилдиракларининг диаметри 10, 12, 14, 16, 20 ёки 24 дюймга тенг бўлади.

Боланинг бўйи (см) — велосипед ғилдирагининг диаметри (дюйм):

80-100 — 12;

90-110 — 14;

100-120 — 16;

110-130 — 18;

120-140 — 20;

130-150 — 24.

Боланинг бўйи 150 сантиметрдан зиёд бўлса унга катталар велосипедини олиб берган маъқул.

  1. Раманинг узунлиги 

Ғилдирак ўлчамидан ташқари рама узунлигини ҳам тўғри танлаш зарур. Рулдан ўриндиқнинг олдинги учигача бўлган энг мақбул масофа боланинг тирсагидан бармоғининг учигача бўлган масофадир.

  1. Рул ва эгарнинг баландлиги

Рул ва эгарнинг баландлиги шундай созланиши керакки, бола велосипедни кутилмаганда тўхтатганда гавдасини тик тутган ҳолда оёғи ерга тегадиган бўлсин. Бола велосипед ҳайдаётганда педални оёғининг учи ё товони билан эмас, тўлиқ кафти билан босиши лозимлигига эътибор беринг.

  1. Занжир 

Ҳаракатланаётганда орасига кийим кириб қолмаслиги учун велосипеднинг занжири қопқоқ билан ёпилган бўлиши керак.

  1. Оғирлик

Велосипеднинг оғирлиги у қандай материалдан тайёрланганига боғлиқ. Алюмин велосипедлар пўлатдан ясалганига қараганда анча енгил бўлади.

  1. Тезликўзгартиргич 

Ўнга кирмаган болаларга тезликўзгартиргичли велосипед олиб бермаган маъқул. Чунки у ҳали бир вақтнинг ўзида ҳам йўлга, ҳам тезликни алмаштиришга эътибор қарата олмайди.

  1. Қўл тормози

Боланинг қўли велосипедни кескин тўхтатиш учун етарлича кучга тўлмаганча унга қўлтормозли велосипед олиб бермаган маъқул. Боланинг қўл кучини текшириш жуда осон: унга ичимлик солинадиган бўш тунука идишни бериб ғижимлашни буюринг. У идишни бир қўллаб ғижимлай олмаса велосипеднинг қўлтормозидан фойдаланишга тайёр эмас.

  1. Болам лат емасин десангиз… 

Бола ҳали велосипедни яхши ҳайдай олмаса унга бошни урилиш ёки зарбадан сақловчи махсус қалпоқ (шлем), тирсакбанд, тиззабанд, махсус қўлқоп олиб беринг.

  1. Велосипедни қаердан сотиб олган маъқул? 

Велосипедни иложи борича спорт товарларини сотишга ихтисослашган дўконлардан харид қилинг. Дўкон менежери велосипед моделини тўғри танлашингизга ёрдам беради, сизни қизиқтирган масалалар бўйича маслаҳат бера олади.

Ҳасан Карвонли тайёрлади

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>