• Бугунги сана: Juma, Noyabr 24, 2017

Кайковус: «Агар бола кўрсанг, унга яхши от қўйгил…»

«…Ҳар одамки вужудга келур ва шу кундан эътиборан хулқи ва табиати унга ҳамроҳ бўлади», дейди қобуснома муаллифи.

Хулқимиз биринчи ўринда онамизнинг бизга илк кулиб боқишидан, дадамизнинг «қани, бизнинг полвон катта бўлиб қолипти-ку», деган илиқ сўзларидан шаклланиб дилимизга сингиб боради.

Гўдак вужудга келган онидан бошлаб атроф-муҳитни эшитиб, ўзининг мурғак онггига эшитганларини «ёзиб» боради ва кейинчалик «буни қачонлардир эшитганман, аммо, эслай олмайман», деб юради баъзи ҳолларда. Мана шуларни ҳисобга олиб боланинг гўдаклигиданоқ эшитишини унутмасдан унга биринчи ўринда чиройли, маънодор ва шу шахсга мос, лойиқ исм қўйиш лозим.

Бу борада ҳам Қобуснома муаллифи яхши фикрлар айтиб қолдирган «Эй фарзанд, агар сен бола кўрсанг унга яхши от қўйгил, чунки, отадаги фарзанд ҳақларидан бири яхши от қўйишдир», дейди у.

Биз замон зайлига қараб жаҳон халқларига нисбатан ўта камбағал яшадик. Умумлаштиришлар касаллиги туғиш ва туғулишга ҳам таъсир қилди ва ҳатто қишлоқларда ҳам бола туғулиши туғуруқхоналарга кўчирилди.

Бола илк бор кўз очиб ўз уйи, ўлан тўшагини кўрса, унинг атрофидагилар бу гўдак туғулганидан қўшни-ю қариндош уруғларга суюнчи олишга югурса қандай ажойиб руҳ кезади, ўшал хонадонда.

Ҳозирги кунда гўдакнинг дадаси туғулиш гувоҳномасини олиб келмаса, онани бола билан туғуруқхонадан чиқаришмайди. Демк, боболаримиздан қолган қадимий расм-русумимиз, урф-одатимиз бўлмиш боланинг қулоғига исмини айтиб азон айтиш, амалда ўтказилган тақдирда ҳам бузиб бажарилади. Яъни, дадаси унга аллақачон исм қўяди-ю, бола туғуруқхонадан келтирилганидан кейин анча вақтдан сўнг унинг қулоғига ота ёки бирон тақводор киши азон айтади, бу ҳам агар катталарнинг ёдидан чиқиб кетмаса.

Бу билан биз туғуруқхоналарни инкор қилмоқчи эмасмиз. Улардаги санитария ва гигиения, тозалик ва тартиб-қоида яхши бир ҳолдир. Аммо биз имкон даражаси етиб ҳар бир оила фарзанд туғилиши олдидан уйга врач ва ҳамширани таклиф қила оладиган кунлар тезроқ келишини хоҳлар эдик. Қайси бир бўлғуси она бундай имкониятлари бўла туриб, туғуруқхонани орзу қилади, дейсиз.

Чиройли исм инсоннинг алоҳида бир безагидир. Жозибали, маънодор исми бор кишини болалар-у катталар, кўпчилигу озчилик исмини айтиб масхара ва калака қилмайди.

Исми чиройли фарзанд оиланинг безаги, руҳий таянчларидан бири бўлади. Масалан, ота-она икки дил севгисининг нодир меваси рамзида ўғилларига Нодир деб ном қўйишса унга кейинчалик қаттиқ сўз айтишмайди. Нодир фарзандга нодир назар билан қараб авайлаб тарбиялайдилар. Унга севиб, орзиқиб қўйган исмлари оиланинг севгисини, оиладаги руҳий ҳолатни доимо яхшилашга хизмат қилади.

Гап шундаки, руҳшунослар тили билан айтганда, оилада қайтарилган, айтилган, такрор-такрор тилга олинадиган ҳар бир сўз оила аъзоларининг дилларида ўз изини қолдириб, беиз йўқолмайди. Шу билан бир қаторда айтиб ўтиш лозимки, фарзанд оила учун овунчоқ ва ундан ҳам қаттиқроқ қилиб айтганда тирик ўйинчоққа айланмаслиги лозим. Баъзан болани ўйинчоқдай кийинтириб кўз-кўз қилиб тўй ва бозор-учарларда етаклаб юришлар шундан дарак беради. Одатда болани Шарқ удумига кўра кўз-кўз қилинмайди, ҳатто уйга меҳмон-пеҳмон келганда юзига куя суртиб ҳам қўйишган илгарилари. Бу ҳол бизнинг қишлоқларда қолган бўлса борки, шаҳарларда учрамайди.

Яна бир томони шундаки, фарзандга ўта жимжимадор исмлар бериш, айтайлик, Мирдилхирож ва шунга ўхшаш исмлар одатда, кейинчалик улар талаффузда тўлиқ айтилмайди. Бу тўлиқ айтмасликлар айниқса, бизнинг кечаги ўтмишимизда ўзгаларга тақлид қилишлар йўсилида жуда кучга кирган эди. Бизнинг тилимиз ва дилимиз руҳиятига мос келмас бундай унринишлар эвазига Эркинлар – Эдик, Маҳкамлар – Миша ва ҳоказо кўринишларда намоён бўлди. Исмни қисқа айтиш айниқса Тошкентда жуда авжга чиққан эди.

Исмларни тўлиқ, тоза ва равон айтмаслик катта хато. Буни ёддан чиқармаслик керак. Чунки ҳарқандай сўзнинг бир ҳарфини, бир товушини бузиш, ўзгартиш бу сўзнинг, айниқса исмнинг жиддий маъно жиҳатидан бузилишига олиб келади.

Исм, фарзанд исми оилада гўдакнинг ҳали тили чиқмасидан ҳар куни юзлаб, минглаб бор ардоқлаб айтилади ва бу айтилишларда оила аъзолари ва айниқса она меҳри билан гўдакнинг дилига сингиб боради. Бу деган сўз, шу исм маъносидаги сўз маъноси шахс онггига минглаб бор жо қилинади ва унинг хулқига, хулқидан табиатигача ўрнаштирилади.

Исмларни бузиб айтиш нималарга олиб келишини мана бу мисолларда кўрса бўлади. Айтайлик, Тоҳир сўзи бизга араб тилидан кириб келган ва тоза доғсиз, ғуборсиз, гўзал маъноларини беради. Лекин Тоҳир сўзи бузилиб Тоир, Тойир ёки Тохир, Тахир шаклида айтилса, бу ҳолда у учиш, учмоқ маъноларига ўтиб кетади. Ва учинчи ҳолда Тоҳир, Тахир сўзлари яна бир бемаза маъно олиб у аччиқ таъм, аччиқроқ таъмли нарсани англатади ва исм бутунлай бузилади.

Демак, инсон руҳини шакллантиришда оиладаги муҳит, унинг исмига бўлган ҳурматдан бошланиб бориши лозим. Инсон ўз исмига бошқаларнинг жиддий қарашини ёшликдан сезса, бу номни кенг маънода оқлашга бутун умрини фидо қилиб яшайди.

Албатта бу борада алоҳида кенг омма орасида тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилиши лозим, чунки исмларимиз ўта кўп ҳолларда арабийлаштирилиб кўпгина чин туркий исмлар, ўтмиш бойлигимиз бўлмиш қадимий зардўштий номлар унутиб юборилган. Масалан зардўштийларда кўп учраган Анахита – ободонлик, фаравонлик маъносини берувчи исмлар нақадар чиройли. Шунга қарамасдан биз исмларнинг маъносига эътибор бермасдан болаларимизга Ёқуб, ўрисларда Яков, қадим яҳудий тилида маъноси – бедана, каби сўзларни муносиб кўрамиз. Муҳийб – арабча қўрқинчли, баҳайбат, бу ўринда Муҳиб сўзининг маъноси бошқа, бу ҳам арабча севувчи, дўст тутувчи демакдир. Маъноси бизнинг тилимизда тез бузилиб кетадиган бундай сўзлар болаларимизнинг руҳиятига салбий таъсир қилмай қолмайди, чунки, биз уларни тўғри талаффуз қилмаймиз. Яна бир мисол шундаки, ким ҳам ўзи соғиниб кўрган фарзандига Фурқат – айрилиқ, фироқ, Жобир – жабр берувчи исмларни раво кўради. Аммо бундай исмлар ҳаётимизда учраб туради.

Она гўдакка айтилган илк алласидан бошлаб унинг номини тўғри талаффуз қилиб бориши нақадар кенг маъно кашф қилади. Чунки, мана шу қайноқ қалбдан айтилган аллалар орқали гўдакнинг дилига оила руҳи, ота-она меҳри, ватан туйғуси ва муҳаббати сингиб боради. Ота-она руҳини, меҳрини оилада она аллалари орқали, ота ардоқлашлари орқали дилига жо қилмаган бола руҳан майиб бўлиб ўсади ва умрбод шундай қолади.

Маҳмуд Йўлдошев,

психология фанлари номзоди

 

Tafsilot.uz маълумоти:

Маҳмуд Йўлдошев 1945 йилда Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги Аъламли қишлоғида туғилган. 1966—1971-йилларда Москва давлат педагогика институтида таҳсил олган. “Хотирада сақлаш усуллари”, “Раҳбарлик психологиясида ахлоқ”, “Тасвирий тарғибот усуллари”, сингари психология, “Оилада руҳий муҳит ва унинг тарбияга таъсири”, “Тарбия тасвирлари”, “Жажжи даҳолар тарбияси” каби педагогика, болалар тарбиясига оид ўн саккиздан ортиқ китобларнинг муаллифи.

P.S: ушбу рукнда эълон қилинаётган материаллар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳимояланган. Уни сайтлар, электрон ва босма оммавий ахборот воситаларида чоп этиш ёки бошқа йўсинда фойдаланиш учун муаллифнинг розилигини олиш талаб этилади.


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Bakhtiyor Sheraliev Жавоб бериш
    2 yil олдин

    Muallifning tug’riqxona to’g’risidagi fikrlariga umuman qo’shilmayman, qanday qilib fan nomzodidan bu kab fikr chiqqaniga hayronman. Bola tug’ish bu barcha katta yoshdagilar bilganidek ayolning bir marotaba o’lib tirilishi, ilgarilari imkon bo’lmaganidan uyda doyalar tug’dirgan, lekin salbiy oqibatlar minglab edi, faqatgina statistik ma’lumotlar bo’lmagani uchungina biz ular haqida bilmaymiz. ayol tug’ish vaqtida maxsus jihozlangan tibbiyot xonasida, vrach nazoratida turishi shart, bunga davlatimiz juda katta ahamiyat bermoqda va to’g’ri qilmoqda! Ayolning qon yo’qotishi bor, mustaqil tug’a olmay jarrohlik amaliyotiga bog’liq bo’lib qoladigan holatlari bor, qon bosimi tushib yoki ko’tarilib ketish ehtimoli bor, tasavvur qiling shu holat uyda sodir bo’lib qoldi, nima bo’ladi shunda?
    Lekin ismlar borasidagi fikrlar asosli, yaqinda xonanda Jurabekning o’g’lida Aziz Ali Amirxon deb ism qo’yganini o’qib, nima odamlar aqlini yo’qotyaptimikin debman, ısm ham shunaqa qavatma qavat bo’ladimi? Sal endi evi bilanda

  • Фарход Жавоб бериш
    2 yil олдин

    Ҳақиатдан ҳам кўпчилик туркий исмларни эсдан чиқариб юборган. Тафсилот.уз жамоаси, агар иложи бўлса туркий исмлар ҳақида кўпроқ маълумот берсангиз биз ўқувчиларни хурсанд қилган бўлардингиз.

    • Адҳам Ўрол ўғли Жавоб бериш
      2 yil олдин

      Хўп бўлади, бугундан шу ишга киришамиз.

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>