• Бугунги сана: Dushanba, Avgust 21, 2017

Блогер Тошкент — Андижон йўналишидаги поездда кўрсатилаётган хизматни танқид қилди

Биринчи марта Андижон — Тошкент йўналишидаги поездга чиққанимда, таассуротлар ҳақида ёзишга ўзимда куч тополмагандим. Чунки ўтган сафар бу биринчи мартадир, фақат мен билан шундай воқеа рўй бергандир деган хаёлга боргандим. Иккинчи сафар ҳам бунга гувоҳ бўлгач, ёзишга қарор қилдим. Зора, “Ўзбекистон темир йўлларир” АЖ мутасаддилари ёзганларимни ўқиб, мен ва ҳамроҳларим дуч келган муаммоларни бартараф этиш чораларини кўришса…

Келинг, чипта олишдан бошлаймиз. Андижонга қайтиш учун вокзал чиптахонасига бордим. Кассадаги навбатни кўриб одам қўрқиб кетади. Тошкент вокзалида 9 та касса ишлашига қарамай умуман тартиб йўқ. Одамлар бир-бирини ҳурмат қилмайди. Ким тиқилиб-суқилиб, жанжал қилиб касса туйнугига етиб олса, марра ўшаники — чиптани ўша олади.

Одамлар уришиб, навбат талашиб кетса, кассир: “Келишиб олинглар, бўлмасам ишламайман”, деб шартта пардани ёпиб, хонасидан чиқиб кетади. Бу ёқда итмисан, эшакмисан, деб шумшайиб тураверасиз. Даҳшат. Ташқаридаги эшик олдида турган чиптафурушларга тайёр бизнес. Электрон навбат йўлга қўйилса, шунча асаббузарликни олди олинади (масалан, бундай тартиб “Билайн” компаниясининг республика офисида бор).

Темир йўл чиптасини railway.uz сайтидан сотиб олиш мумкин. Лекин барибир чиптанинг ҳақиқийсини олиш учун кассада навбатга туришингизга тўғри келади. Яна онлайн сотиб олганингиз учун 2% комиссион тўлови ҳам бор. Мантиқсизлик!

Вокзал чиройли, озода. Гап бўлиши мумкин эмас. Бироқ юки кўп йўловчилар учун шароит йўқ. Зиналардан юкларни кўп кишилашиб кўтариб олиб ўтиш керак.

Кимлар биландир ёқалашиб, йўқ жойдан асабингиз бузилиб, чиптани олсангиз-у, бир дунё юк билан инқиллаб-синқиллаб вагонга чиқиб олсангиз, поезд кўзингизга шунақанги чиройли кўриниб кетаркан, асти қўяверасиз☺.

Поезд ҳар қанча замонавий талабларга жавоб берадиган ва муҳташам бўлмасин, хизмат кўрсатишнинг бу қулайликларга номутаносиблиги, яъни борт кузатувчиларнинг муомаласи ва хизмати кўнгилни хира қилади. Менимча, мижоз билан гап талашиб, безрайиб туришни “Ўзбекистон Ҳаво йўллари”нинг баъзи бир стюардессаларидан ўрганиб олишган шекилли.

Тушлик тарқатилди, лекин қошиқ-вилка тўплами ва чой сўраб олганимиздан кейин 10 минутда етиб келди. Овқат муздеккина экан, тўғриси, қорним оч эди, нозланиб ўтирмасдан еб ташладим☺.

 

ТВдаги кино ва концертларни томоша қилиш учун ҳар бир йўловчига қулоқчинлар бериш мақсадга мувофиқ менимча. Кимдир манзилигача ухлаб кетмоқчи бўлади, яна кимнингдир шунчаки бачкана кинони кўришга эҳтиёжи бўлмаслиги мумкин. Афсуски, бу поездда қулоқчинлар йўқ ва ТВнинг овозини эшитиб кетишга мажбурсиз.

Санузел ва тозалик жойида! Поезд жадвал бўйича ўз вақтида етиб келди.

Умумий хулосам: бу ерда шунча гапириб, танқид қилганим билан менда бошқа танлов йўқ, монопол компаниянинг хизматидан фойдаланишга мажбурман. Хавфсизлик ва қулайлик жиҳатидан олиб қараганда (тўловни пластик карта орқали тўлаш имкони ҳам бор) машинадан устун, лекин хизматлар мени қониқтирмади.

Хуршида Маҳмуд қизи,

блогер

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Шохжахон Жавоб бериш
    8 oy олдин

    Темир йул хизмати сифати хакида гап кетганда яна бир жихатини хам таькилаш керак. Мен 2 ёки 3 маротаба Тошкентдан келган поезддан якинларимни Андижон вокзалидан кутиб олдим. Йуловчиларга умуман шароит йук. Кечаси 12.00 хамма жой зим зиё. Поезддан ким тушди? Ким чикди умуман куриб булмайди. Нега хамма жойни ёритиб куйиш мумкин эмас? Нега вокзални марказий чикиш жойидан эмас чекка, коронгу совук жойидан чикиш керак умуман тушунмадим. Агар кулингизда огир юк булса тушган жойиздан уша бурчаккача мазза килиб кутариб келасиз хам.

  • Златан Жавоб бериш
    8 oy олдин

    Вагонларда хот-дог сотишни хам такиклаш к.к. Бир йуловчи сотиб олиб истеьмол килса бутун вагонни хот-дог нинг хиди босиб кетади.Узок жойдан келганингиздан кейин якинларингиз б.е кучоклашиб куришасиз сиздан эса хот-догнинг хиди келиб турса екимли холат эмас албатта.

  • Илхом Жавоб бериш
    8 oy олдин

    Яқинда кассир менга адашиб бошқа кунга чипта сотган. Мен кассир хато қилганини видеорегистраторда ёзиб олинган хато орқали исботлаб бердим. Кассирларнинг бошлиғи эса мени «терпила» деб сийлади. Раҳмат шунисига хам!

  • Vohid Жавоб бериш
    8 oy олдин

    Bugun Buxoro-Toshkent Sharq poyezdida keldim, vagonning isitish tizimi umuman ishlamaydi, yo’llar elektrlashtirilgan bulsa-da. haligacha suv kumirda qaynatiladi, ba’zan salonga kumir hidi tarqab ketadi, bitta kino 2 martalab quyildi, poyezd 20 daqiqa kechikib keldi, shuningdek, somsa sotuvchila, gazeta sotuvchilar yulovchilarni bezovta qilib turadi, eng yomoni, poyezdlarga ortiqcha, chipta sotib olmagan yulovchilar ham chiqqan. Har bir vagonda taxminan 4-5 tadan

  • Shohruh Жавоб бериш
    7 oy олдин

    Man ham Qo’qon vokzalidagi Temir yo’l kassa xonasini hodimlariga qoyil qolmadim. 4 ta kassadan 2 tasi ishlaydi, kassirlar ham kompyuter degan matohni uncha tushunmaydi, na muomila bir, na ishga bo’lgan hurmat. Pasport seriyamni noto’g’ri yozib berishganini vokzaldagi mas’ul shaxslarning maxsus chig’irig’idan o’tibgina bildim. Tartibga hech kim rioya qilmayapti.

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>