• Бугунги сана: Dushanba, Noyabr 20, 2017

Биз киммиз?

Биз киммиз ёхуд форматдан ташқари суҳбат

Келинг, бир суҳбатлашайлик!

Фақат оддий эмас, ноодатий суҳбат қурамиз. Қанақалигини ўзим ҳам ҳали тўлиқ билмайман. Лекин бир нарсани аниқ айта оламан: суҳбатимиз жуда жиддий бўлади.

Вақтингиз зиқ, биламан. Ўқилмаган мақолалар бир уюм бўлиб ётибди. Информациянинг кўплигидан бошингиз «шишиб кетган». Аммо… бунинг иложи бор. Бирламчи информацияни иккинчи даражалисидан ажратишни ўрганиб олсак, бош «шишиши»нинг олдини оламиз. Бунинг учун эса ҳар нарсага тепадан, узоқдан қарашимиз лозим бўлади. Мазкур суҳбатимиз шу йўлдаги уринишдир.

Нега форматдан ташқари?

Чунки бу суҳбат асносида сизу биз онгимизни тутқунликдан озод этишимиз, бошимизга кийгизилган ёлғон қалпоғини ечишимиз, бизни маънавий фалажликда тутиб турган форматлардан қутулишимиз, кўзни олиб қочмасдан, ҳақиқатнинг кўзига тик қараб суҳбат қурмоғимиз керак бўлади.

Бу суҳбат – бир неча аср аввал қилинмай қолиб кетган ва натижада ўша бир неча аср бой берилган суҳбат. Ўз вақтида халқнинг оқиллари кенгашиб, ҳолатни очиқчасига муҳокама қилмагани оқибатда миллат зулмат ичра қолиб кетган суҳбат. Шу суҳбат асносида «биз киммиз?» деган саволга жавоб бермаслик оқибатида ўзлик йўқотиб қўйилган суҳбат…

 

Суҳбатбоши

Аввал эътиборингизни бир хабарга қаратмоқчиман!

Россиянинг Краснодар шаҳрида давлат мансабида бўлган бир аёлнинг эри ўз ҳовлисида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини қул қилиб ушлаб турганлиги ва ҳатто айримларини ўлдирганлиги ҳақида хабар тарқалди.

Ҳозирча бу хабарнинг нечоғлик ростлиги мавҳум бўлиб турибди, аммо ҳозир мен бошқа саволни ўртага қўймоқчиман – сизу биз бундай хабарларни ўқиганда нимани ҳис этаяпмиз? Тўғрисини айтинг, бироз ачинасизу, икки сониядан сўнг унутиб юборасиз, шундайми? Ҳа, биз бундай хабарларга кўникиб қолдик…

Энди бир тасаввур этайлик.

Айтайлик, Японияда ахборот воситаларидан бири япон гражданлари бошқа бир давлатда қул қилинганлиги, бир нечтаси эса ўлдирилганлиги ҳақида хабар тарқатди… Кейин нима бўлишини гапириб ётмаймиз – сўзни қисқа қиламиз.

Энди, келинг, бир-биримизга савол бериб кўрамиз.

 

Биринчи қисм. Бизга нима бўлди ўзи?

Бундай ҳолатга тушиб қолганимизнинг объектив сабаблари бор. Вазифамиз – ўша сабабларни топишга уриниб кўриш. Бу таҳлилнинг муваффақияти иккиламчи, оқибат бўлган нарсалардан четланиб, сабабларнинг мағизи бўлган нарсаларга қанчалик юзланишимизга бевосита боғлиқ бўлади. Хулоса шуки, ўта қийин ва мураккаб кўринган бу ишимизни осонлаштириш йўли бор, булар – қолип тушунчалардан воз кечиш ва ҳолатни борича эътироф этиш. Аввало қилишимиз керак бўлган нарса…

 

Анамнез

Дўхтирлар касалликни аниқлаш мақсадида беморга назар ташлашади, ундан аҳволини сўраб-суриштиришади. Бу нарса анамнез дейилади. Келинг, биз ҳам шу ишни қилайлик!

Бизга ёпишиб қолган хусусиятларимизни бирма-бир тилга оламиз:

– лоқайдлик, шижоатсизлик.

– воқеликни, дунёда бўлаётган жараёнларни ҳис этмасдан яшашимиз.

– юксак эмас, енгил-елпи мақсадлар билан яшашимиз.

– «эҳ, бир гап бўлар-да!» режимида ҳаёт кечиришимиз.

– бир ишнинг олдидан режа тузишга ҳафсаланинг йўқлиги.

– ватан келажаги тугул, ўз фарзандларимизнинг келажагини мутлақо тасаввур этмаслигимиз.

– шахсиятимизга ва умуман миллатимиз шаънига нисбатан бепарволигимиз…

Киши бошига тушадиган турфа дардлар бор. Уларнинг аксари инсоннинг жисмини бемор қилади-ю, шахсига таъсир этмайди. Аммо шундай дардлар борки…

Амнезия

Амнезия деган касаллик бор. Бунда нимадир содир бўлади-ю, киши ўтмишини ва ҳатто кимлигини унутиб қўяди. Эришган ютуқлари, орттирган обрўси – барча-барчасини унутади. Шахсияти бузилади.

Бу ҳолатидан гаранг бўлиб қолган одам, табиийки, воқеликни англашдан йироқ бўлади ва, энг ачинарлиси, шаънини ҳимоя этолмай қолади. Зеро… шаънини унутган бўлади.

Амнезия бир кишида содир бўлишининг ўзи ачинарли ҳол. Аммо у бир миллатнинг бошига тушса…

Амнезиянинг бирламчи белгилари:

– одамнинг ҳаёли паришон бўлиб қолиши;

– атрофга, ўзига бефарқ бўлиб қолиши;

– бирон ишни тартибли равишда бажаролмай қолиши;

– бирон ишни аъло даражада қилишга сабри етмаслиги;

– режа тузишга лаёқатсиз бўлиб қолиши;

– «эҳ, бир гап бўлар-да!» режимида ҳаёт кечириши;

– шижоатсизлик;

– шаъни топталишига бефарқ бўлиб қолиши;

– наслига нисбатан бефарқ бўлиши (болалари мардикор бўлиб қолаётган бўлса ҳам, келажаги кўримсиз кўринаётган бўлса ҳам «пинаги бузилмайдиган» бўлиб қолиши);

– унинг болаларининг ташвишини ўзгалар қилиши;

– буюк маънавий тушунчалар – маърифат, ҳаёт мазмуни, ватан равнақи, илму ирфон кабиларнинг ўрнини примитив инстинктлар ва тубан ҳойу ҳаваслар эгаллаб олиши ва ҳоказо.

Сизга булар ниманидир эслатмадими?

 

Ана холос – пишди гилос…

Аҳволимизнинг сири бироз очилгандай бўлди, шундай эмасми? Патологик, ҳайратланарли даражадаги бефарқлигимиз, «миллат келажаги» каби сўзларни эшитганимизда эснашимиз, нақ остонамизда йиғилиб ётган чиқиндиларни йиғиштирмаслигимиз, бир ишни бошлашдан аввал режа тузишдан эринишимиз замирида улкан бир нарсани – ўзлигимизни йўқотиб қўйганимиз ётади.

 

Нега улкан?!

Инсоният тарихида бурилиш ясаган ўзлик улкан ўзлик эмасми? Самовий таълимотни тадқиқ этган, шу аснода дунёни илмга тўлдирган, адашганларни тўғри йўлга солиш салоҳиятига эга бўлган ўзлик улкан ўзлик эмасми? Яратган ато этган бундай неъматни йўқотиб қўйиш эса улкан йўқотиш эмасми?

 

Иккинчи қисм. Япония қандай ривожланди?

Бош мавзудан бироз чалғиймиз. Нима учун? Ҳолатга тепадан қараш учун. Нега Япония? Шунчаки хаёлга келгани.

Японлар киму, биз киммиз?

Халқларни таққослаш қўпол ва кўримсиз иш, аммо ўзлигини унутиб қўйган халқ учун фойдаси бордек. Ўша биз мисол қилиб олган япон халқи билан ўзбек халқининг дунёга улашган яхшиликларини, сал бўлса-да, эслаймиз. Нима учун? Ўзимизнинг бошқалардан устунлигимизни таъкидлаш учунми? Йўқ, бунинг учун эмас. Илмларнинг бешиги бўлган юртда яшаб келаётган, дунёга устоз бўлганларнинг вориси бўлмиш халқ ўзлигини батамом унутиб қўйиб, дунёга нур улашишдек улкан миссиясини бажармай қўйганини таъкидлаш учун. Инсоният дунёқарашини буткул ўзгартириш кучига эга бўлган улкан илмий-маънавий захирани фондларида сақлаб қўйиб, ўзи эса бошқа миллатларнинг қора ишларини қилиб юришдан бошқасига ярамай қолганини таъкидлаш учун.

 

Японияда илм

Японияда илмнинг жадал ривожланиши 20-асрда бошланди десак, муболаға қилмаган бўламиз. Қандай қилиб? Оддий – илм уларга Европадан кириб келди. Бўлди, филм тугади.

 

Европа илмни қаердан олди?

Антик давр (Арасту ва бошқаларнинг даври) тугагандан сўнг Европа қитъасида илм-маърифатнинг «дафтари ёпилди». Шунчалик ёпилдики, бу пайтларда Европада умргузаронлик қилган халқларининг эски номлари жоҳиллик, қароқчилик, бузғунчиликнинг синоними сифатида луғатларда муҳрланиб қолди (варвар, вандал сингари бу сўзлар ҳалигача истеъмолда). Бу даврлардаги Европанинг «илмий салоҳияти» маълум ва машҳур. Кейин Европа қироллари насроний динини қабул қилишди ва бироз тартибли ҳаётга юз тутишди. Аммо дунёга илмий назар ила қарашдан ҳали йироқ эдилар. Зеро, католик черкови илмни сеҳргарликка тенглаштирди ва алал-оқибат дин ва илм бир-бирига зид деган мафкурани инквизиция ила қарор топтирди. Айнан шу пайтда…

Айнан шу пайтда бизнинг юртда бизнинг боболаримиз ҳозирги замон илмининг фундаментал асосларини ишлаб чиққан эдилар. Бу улкан ишларнинг саноғи йўқ. Илм олиш миллатнинг ғоясига айланган ўша даврдаги ҳолатни тасаввур этиш учун биргина мисол келтирамиз. Юртимизга ўша пайтларда келган бир сайёҳ «бу халқ ёппасига, ёшу қариси илм масканларига қатнайдиган халқ экан!» деб ёзган экан…

Европа қитъасининг ўзида ҳам саккиз аср давомида гуллаб-яшнаган, юксак илму маданияти ила машҳур бўлган, мусулмонлар барпо этган Андалус давлати бор эди… Шундай қилиб, Европанинг уйғониш даври деб тавсифланадиган жараёнга бизнинг юртдан ва Андалусдан борган илмий китоблар сабаб бўлди.

 

Демак…

Хулоса қилишимиз мумкинки, агар миллат ўз юксак маънавий парадигмасини йўқотиб қўйса, бу миллатнинг руҳияти чуқур инқирозга юз тутиб, маънавий-психологик бузилишга – деструкцияга учрайди. Шу билан бирга миллат қанчалик юксак маънавий базисга эга бўлган бўлса, уни йўқотиб қўйиш натижасида шунчалик қаттиқ асоратларга гирифтор бўлади.

Амнезиянинг чуқур сабаблари

Оғир нарсани кўтариб юриш – қийин иш. Ўша юк моддий нарса бўлса, уни кўтариш учун жисмоний куч керак. Маънавий бўлса-чи? Маънавий юкни кўтариш учун миллат аввало ўша – ўзини маънавий юксакликка кўтарган бош омилни маҳкам ушлаши лозим. Зеро, айнан ўша бош омил барча қувватларнинг манбаи бўлади. Бош омилни эътибордан қочириш натижасида калаванинг учи йўқотиб қўйилади ва миллат инқирозга учрайди.

Учинчи қисм. Бош омил

Барча қувватлар ва шижоатларнинг манбаи, ривожланишнинг ўша бош омили бўлиб юртимизга келган нарса – Қуръони карим, ислом дини эди. Кейинчалик маҳкам ушланмаган, беэътибор қолган илоҳий дастур.

Тўртинчи қисм. Амнезия ва унинг чоралари

Аввало миллат миқёсида амнезияга учраганимизни тан олмоғимиз лозим.

Кейин ҳолатимизга, «уст-бошимизга» бир боқмоғимиз керак.

Айнан шу икки нарсанинг ўзиёқ бугунги ҳолатимиз шаънимизга асло тўғри келмаслигини англаб олмоғимиз учун етарли бўлади.

Бунинг учун бор ҳақиқатни эътироф этмоқ зарур.

Бошланғич вазифаларидан бири – моддиятни тузатиш. Мамлакатнинг иқтисодий имкониятига холисона баҳо берилмоғи, нимада устунмизу, нимада нуқсонлимиз – ҳаммаси очиқ тан олинмоғи керак. Иқтисодий соҳада шунчаки аҳолини иш билан таъминлашга эмас, балки ҳар бир гражданнинг юксак савиядаги шахс бўлишига, «қул эмас, бек бўлиши»га интилишимиз керак.

 

Асил мақсад

Ҳозир халқларнинг излаб юрган, аммо тополмай овора бўлаётган нарсаси – миллий ғоя. Моддий фаровонликни миллий ғоясига айлантирганлар истаган нарсаларига эришгач маънавий бўшлиққа юз тутдилар. Йўл тугаб, ўзлари белгилаган бекатга етиб келдилару, у ёғига қаёққа боришни билмаяптилар.

Моддият асил нарса эмас, балки руҳиятга хизматкор эканини, моддиятни тўғри тасарруф этмоқ учун руҳият қонунларига шаксиз риоя этмоқ кераклигини билдириш ислом концепциясининг узвий қисмидир.

Ислом таълимотини илмий асослаб, дунёга тақдим қилиш айнан бизнинг миссиямиздир. Мен бунга ишонаман. Бир марта бу вазифани бажариб, кейинчалик ўз миссиясини унутган миллатмиз. «Оққан дарё оқаверади» деган ҳикмат биз учун айтилганини яна бир марта исботлаш вақти келди. Бунинг учун биздан тиниқ ақл ва жўшқин қалб талаб қилинади.

Шокир Шарипов

 

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>