• Бугунги сана: Yakshanba, Noyabr 19, 2017

Битта йўл

Корхоналари синиб, бир-икки ойдан бери Пўлатвой бекорчи. Авваллари эски “Москвич”ида кира қилиб, оз-моз топиб турувди. Аксига олиб, машинасиям бузилди. Чўнтакда бир мири йўқ, бу ёқда бола-чақа ейман дейди, кияман дейди… Мардикорчиликка бир-икки чиқиб келди-ю, енгилроқ ишга ўрганган эканми, чидаёлмади. Боши гаранг юрган кунлари ўн-ўн беш йиллардан бери кўрмаган синфдоши Бахтиёрга дуч келди. Аниқроғи, Бахтиёр уни кўчада учратиб қолиб:

— Ие, Пўлатмисан? Нима бало, хотининг қувиб солдими? Мунча хомушсан?.. — деб ҳазиллашди.

Қаршисида синфнинг энг иккичи, ўнинчини зўрға битириб, ниманидир ўғирлаб қамалиб кетган Бахтиёр турарди. Кўриниши зўр.

— Э-э, иш қидириб юрибман, — деди Пўлат ҳол-аҳвол сўрашиш асносида.

— Иш? — Бахтиёрнинг чеҳраси ўзгарди, — мана бизда бор-да иш!

Пўлат қизиқсинди:

— Нима иш экан?

— Узумини егин-у, боғини суриштирма.

Тонг яқинлашиб қолган, аммо ҳали зимистон чекинмаган паллада икки киши девор ошиб бир ҳовлига тушишди. Молхонада боғлиқ сигирни ечиб, арқон бирида, иккинчиси орқада калтак ушлаб, тўғри дарвоза тарафга судраб кетишди. Арқон тутгани Бахтиёр, орқада чўчўлаб келаётгани Пўлат эди. Дарвозага етай деб қолишганида кичикроқ бир ҳужра деразасидан тушиб турган ёруғликка дуч келишди. Ажабо, молхонага ўтаётганларида йўқ эди. Энди шу ёруғликдан ўтишлари керак. Бахтиёр тўхтаб имо қилди. Пўлат оҳиста деразага яқинлашди. Ичкарига мўралади. Уй эгаси — юзлари нурли киши намоз ўқиётган экан. Пўлат тараддудланиб қолди. Салдан кейин намоз тугади, нуроний дуога қўл очди:

“Аллоҳим, икки дунёмизни обод қилгин. Билиб-билмай қилган гуноҳларимни кечиргин. Ҳалол ризқингдан ато эт…”

Пўлат бошидан оёғигача музлаб кетди. Ўзини лаънатлай бошлади: “Мен ахмоқ болаларимга ҳаром едирмоқчи бўлдимми-я? Шу покиза одамнинг молини ўғирламоқчи бўлдимми?!”

Секин ортига қайтиб, лол қолган Бахтиёрнинг қўлидан сигирнинг арқонини олди-ю, молхонага судради. Жонивор тушмагур ўзиям роса ювош экан: ташқарига еталаса ҳам индамай кетаверганди, орқага қайтарса ҳам сас-садо чиқармади.

Бахтиёр вазият ўзгарганини ҳис қилдими, жуфтакни ростлаб қолди.

Орадан бир неча ҳафта ўтди. Бекатда автобус кутиб турган бир нуронийнинг олдига сариқ “Москвич” келиб тўхтади.

— Йўл бўлсин, амаки? — дея тўхтади шопир йигит.

— Жума намозига, ўғлим.

— Ўтиринг, йўлимиз битта экан…

Танигандирсизлар: шопир ўзимизнинг Пўлатвой, нуроний амаки эса сигирнинг эгаси эди.

Ёқуб Умар, 2000 йил


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>