• Бугунги сана: Payshanba, Sentabr 21, 2017

Бир қориндан тушишган, аммо феъллари турлича…

Яхши ва ёмон хулқнинг ҳаммаси шароит, тарбия, одатланиш натижасида вужудга келади.

Абу Али ибн Сино

Бир оилада туғилиб-улғайган фарзанд­ларнинг феъл-атвори кўпинча бир-биридан кескин фарқ қилади. Бунинг сабаби нимада?

Ота-она қандай қилиб тарбияламасин, шахс камолотида оиладаги фарзанд­лар сони, аждодлардан ирсият орқали ўтиб келаётган «тажриба» ва оиладаги нечанчи фарзанд эканлик каби омиллар ҳам шаклланаётган феъл-атворга жиддий таъсир кўрсатади. Аждодлардан қолган ирсиятни катта кутубхонага қиёслаш мумкин. ҳамма гап – бу «китоблар»даги мазмуннинг айнан қайси бири сизда намоён бўлишида! Бу жараён эса ҳануз сирлилигича қолмоқда. Ҳатто, бир тухумҳужайрадан ривожланган эгизаклар, бир-бирига икки томчи сувдек ўхшаса-да, уларнинг характери доимо бошқа-бошқа бўлади.

Шунингдек, оилада нечанчи фарзанд эканлиги ҳам инсон феъл-атворини кўп жиҳатдан белгилайди. Масалан, кенжа фарзандлар турмуш қургач, оила жиловини ота-онаси ёки хотини қўлига тутқазиши кўп кузатилади. Катта фарзандларда масъулият ҳисси кўпроқ эканлиги сабабли, оилани бошқариш ҳамда тарбия жараёнида фаол бўлишади, аёллар ва кичикларга ғамхўрлик кўрсатадилар.

Айрим тадқиқотчилар фикрича, ўғил фарзанд – табиат «кашфиёти», ўзига хос бир «янгилик» саналса, қиз фарзанд – шу кашфиётни «тасдиқлаш», уни ирсият-генофонд тарзида мустаҳкамлаш демакдир.

Кенжа фарзанд – эркатой, тўнғич эса – ота-онага ёрдамчи-дастёр бўлади, деймиз. Оиладаги бу табиий «рол»лар болалар феъл-атворига қандай таъсир кўрсатади?

Тўнғич фарзанд. У ота-она ва бобо-бувилар учун севимли овунчоқ, ҳақиқий «юлдуз» деса ҳам бўлади. Чунки, уларга илк бор ота-оналик ва бобо-бувилик қувончини ҳадя этади. Шу сабабли тўнғич фарзанднинг ҳар бир қадами ота-она қувончи-ю, ҳайратларига сабаб бўлади. Бу «ҳурмат-эътибор» эса… иккинчи фарзанд дунёга келгунга қадар давом этади. Энди у катталар эътиборини укаси билан «бўлишиш» га мажбур. Ушбу вазиятдан у тегишли хулоса чиқаради. Яъни, ота-она севгиси бундан сўнг ҳам давом этмоғи учун янада тиришқоқ бўлишим лозим, деган тушунча шаклланади.

Тўнғич фарзанд синчков, бироз иззатталаб, меҳнаткаш ва масъулиятли бўлиб улғаяди. У анча жиддий инсон: ўзига ва атрофдагиларга нисбатан талабчан бўлади. Бу яхши-ку, аммо ҳаётдан кўпроқ завқ олишни ҳам ўрганса, янада аъло бўлади.

Тўнғич фарзанднинг тарбияси, ибрати ва қизиқишлари кейингиларига анча-мунча таъсир кўрсатади. «Бўлар бола – бошидан», деган мақолнинг бир чети мана шу жиҳатга ҳам келиб тақалса, ажаб эмас.

«Ўртанча ботир». Иккинчи фарзанд туғилгач, ота-она кўнгли анча «хотиржам тортгандек» бўлади. Албатта, тўнғич фарзандга бўлган севги-эътибор ҳам сусаймайди.

Учинчи фарзанд дунёга келгач эса, тўнғич (дастёр) зиммасига муайян вазифалар юкланган ҳолда, «ўртанча ботир»­га анча-мунча «озодлик» тегади. Шунинг учун у бошқаларга қараганда бироз шўх ва мустақилроқ инсон бўлиб етишади. У – аввалги ва кейинги фарзандлар ўртасида ўзига хос «тарози посангиси»: ота-онанинг тўнғичга бўлган севги-ишончи ва кенжага нисбатан кўпроқ эътиборни кўради, ўзининг «чеккада қолмаслиги» учун ҳаракат қилади. Шу тариқа, адолатпарварлик фазилати кўпроқ кўзга ташланади. Вазият тақозосига кўра, ўртанча фарзанд зийрак ва хушмуомалароқ бўлиб улғаяди. Ота-онанинг бош суянчи бўлмиш тўнғичга ишонч ва кенжага нисбатан эркалашларни кўриб, шунга кўникиши натижасида, бошқалардан эътибор ва ёрдам кутмаслик, ўз кучи ва имкониятларига ишонч ҳисси, шу билан бирга, ўз қадрини бироз пастроқ билиши каби хусусиятлар шаклланади. Шу боис, ўртанча фарзанд баъзан мавжуд вазиятни тушуниш ва хайрихоҳлик билдириш ўрнига, қадр-қимматини талаб қилиб, «столга мушт тушириши» ҳам мумкин.

«Супрақоқди» (кенжа фарзанд). Ўзидан катталар унга қараганда ҳар жиҳатдан устун: гапириш, сурат чизиш, пойабзал боғичини боғлаш ва ҳоказо… Ундан талаб қилиш ўрнига, ҳамма нарсани муҳайё қилишади, бунинг устига, эркалашгани-эркалашган! Бу эса баъзан унинг ғашини ҳам келтиради. Негаки, тиришқоқлик ва қобилиятларини кўрсатишга шароит ва эҳтиёж йўқ-да. Оқибатда, кенжа фарзанднинг бироз эркалиги ялқовликка «уланиб» кетиш хавфи туғилади. Катталар диққатини ўзига тортиш учун баъзан масхарабозлик ва шунга ўхшаш бемаъни қилиқлар кўрсатишдан тортинмайди. Катталар ҳам буни «табиий ҳол» сифатида қабул қилишга мойилроқ бўлишади.

Кенжа фарзандларда ижодкорлик хусусиятлари кўпроқ шаклланади. Аммо, эрка ва арзандалиги сабабли, мустақил иш юритишда қийналишади. Бинобарин, ёқимтойлиги ва қадр-қимматидан ташқари, ўз қобилиятларини янада ўстиришса, нур устига аъло нур!

Яккаю-ягона… Ёлғиз фарзанд учун оилада ўз ўрнини топиш мақсадида бошқалар билан рақобатлашиш, устунлигини кўрсатиш, ота-она эътиборини қозониш кабиларга эҳтиёж йўқ. Барча ғамхўрлик ва эътибор фақат унга қаратилади. Бинобарин, ундаги қобилиятларни топиш ва ўстириш учун шароит етарли бўлади. Бу эса ўзига бўлган ишончни кучайтиради. Шу билан бирга, агар ота-она меҳр ва ғамхўрликни ҳаддан ошириб юборса, ёлғиз фарзандда салбий хусусиятлар пайдо бўлиши ва авж олишига замин яратиши мумкин. Қуёш нурининг ҳам меъёридагиси – фойдали, ортиқчаси эса акс таъсир кўрсатади-да.

Яна бир муҳим гап: Фарзанд – оила «об-ҳавоси»нинг ҳақиқий кўзгуси саналади. Ота-она ўртасидаги келишмовчиликларга кўп гувоҳ бўлган фарзанд бахтдан бенасиб улғаяди.

Ота-онанинг тез-тез жанжаллари фарзандлар феъл-атвори, соғлиғи ва иммунитетига салбий таъсир кўрсатади. Бу дунё – сабабият дунёси, ҳеч бир иш беиз кетмайди: нима эксанг – шуни ўрасан…

~ ~ ~ ~ ~ ~ ~ ~ ~ ~ ~ ~ ~ ~ ~

Бола тарбиясига оид фикрлар:

  1. Агар бола шижоатлантириб турилса, ўзига ишонадиган бўлиб ўсади.
  2. Агар бола қийинчиликда ўсса, сабрни ўрганади.
  3. Агар бола ўринли мақтовлар ичида ўсса, розилик ва муҳаббатни ўрганади.
  4. Бола шериклик ва сахийлик муҳитида ўсса, бировга бир нарса бериш ва қўли очиқликни ўрганади.
  5. Агар бола рост гапирувчилар хонадонида ўсса, ростгўйликни ўрганади.
  6. Агар бола инсофлилар муҳитида ўсса, адолатни ўрганади.
  7. Бола ҳис-туйғуларга риоя қилувчилар орасида ўсса, эҳтиромни ўрганади.
  8. Бола қаттиқ терговчи ва танқидчилар орасида ўсса, ёлғонни ўрганади.
  9. Бола қўполлик ва урушқоқлик муҳитида ўсса, адоватни ўрганади.
  10. Бола доимий хавф муҳитида ўсса, заиф ва қўрқоқ бўлиб вояга етади.
  11. Бола жипслик ва аҳиллик муҳитида ўсса, ҳамжиҳатликни ўрганади.
  12. Бола масхара қилувчилар муҳитида ўсса, хижолатпаз бўлиб ўсади.
  13. Бола ҳасадгўйлар орасида ўсса, ҳасад қилишни ўрганади.
  14. Бола ортиқча аҳамият ва ҳимоя остида ўсса, ўзига ишонмайдиган бўлиб вояга етади.

~ ~ ~ ~ ~ ~ ~ ~ ~ ~ ~ ~ ~ ~ ~

Мавзуга оид ҳангома:

Кичкина Саида овқат пайтида нимадир демоқчи бўлганди, онаси танбеҳ бериб деди:

– Овқатланаётганда гапирилмайди.

Таомдан сўнг онаси сўради:

– Хўш, нима демоқчи бўлгандинг, энди гапир?

– Дадамнинг кўйлагини устига дазмолни ўчирмай қолдирганингизни айтмоқчи эдим.

Бахтиёр Ҳайдаров

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>