• Бугунги сана: Payshanba, Dekabr 14, 2017

Бир номдаги иккита газета

“Ретро” рукни учун материаллар йиғиш асносида қизиқ нарсага гувоҳи бўлдим. Тўғрироғи, теша тегмаган мавзунинг ўзи оёғимнинг тагидан чиқиб қолди.

Хуллас, Ўзбекистон миллий кутубхонасига бориб, “Ҳуррият” газетасининг 1996—1997-йиллардаги сонлари йиғма жилдини сўрадим. Ушбу блогпостга мавзу бўлган воқеа шундай кейин рўй берди. Яъни мен сўраган газетанинг ўрнига худди шу номдаги бошқа газетани — Уйчи туман ҳокимлигининг нашрини олиб чиқиб беришди. Ҳайрон бўлдим. Кутубхона ходимларига сўраган газета туман эмас, балки республика нашри эканини, унга 1996 йилнинг декабрида асос солинганини тушунтирдим ва ўша газетани топиб беришларини сўрадим.

Аввалига Миллий кутубхонада бундай газета йўқ деган жавоб берилди. Қаттиқ туриб талаб қилганимдан сўнг “Ҳуррият”нинг 1998 йилги сонлари йиғма жилдини топишга “муваффақ” бўлишди. Қизиғи шундаки, менга сал аввал олиб чиқиб берилган уйчилик “Ҳуррият”нинг 1996 йилдан болаб 3 йиллик сони битта йиғма жилдга йиғилган экан. Англаганингиздай, ушбу йиллар давомида  бир номда иккита газета чоп этилган экан. Ғалати-а?

Шундан сўнг Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Бош директори номига қуйидаги саволлар билан мурожаат қилдим:

— Республикамизда бир хил номдаги икки-уч хил газета ва журнал чиқариш мумкинми (масалан, «Даракчи», «Бекажон», «Халқ сўзи» номли яна бир газета)? Бу қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ўз аксини топган?

— Ўзбекистон тарихида 1924 йилдан 2015-йилгача бир вақтда бир хил номда чиққан газета-журналлар бўлганми?

— Бир хил номдаги  газета ва журналлар чиқарилаётганига гувоҳ бўлганда ёки билиб қолганда кимга мурожаат қилиш керак? Бу борада қанчай чора кўрилади. Ўша газеталардан бири тугатиладими ёки уларни чиқаришга лицензия берганлар жазоланадими?

Мурожаатимга қуйидагича жавоб берилди:

“Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бир хил номдаги икки хил газета ёки журнал оммавий ахборот воситаси сифатида таъсис этилиши мумкин эмас. “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 22-моддаси талабларига мувофиқ бунан аввал айнан бир хил ёки адаштириб юбориш даражасида ўхшаш номдаги оммавий ахборот воситаси рўйхатдан ўтиказилган бўлса, оммавий ахборот воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилади

Ўзбекистон тарихида 1924—2015-йилгача бир вақтда бир хил номдаги оммавий ахборот воситалари (газета, журналлар) фаолияти тўғрисида маълумотлар мавжуд эмас.

Бир хил номдаги оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётганлиги тўғрисидаги маълумотларни билиб қолсангиз, оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказувчи органга, яъни агентлигимизга мурожаат қилишингиз мумкинлигини билдирамиз”.

Шундан сўнг масаланинг тубига етиш учун ўзига хос тадқиқот ўтказишимга тўғри келди. “LexUz”да қайд этилишича, агентликнинг жавоб хати тиркалган норма, яъни “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 22-моддаси ушбу қонуннинг янги таҳририга тегишли бўлиб, у 2007 йилнинг 16 январидан кучга кирган экан. Балки 2007 йилнинг 16 январигача амалда бўлган эски қонунда бундай норма бўлмагандир, шу боис бир хил номдаги иккита газетанинг давлат рўйхатига ўтказилишига йўл қўйилгандир деган хаёлга бордим.

Миямга келган фикрни текшириб кўриш мақсадида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси ушбу қонуннинг 1997 йил 26 декабрда қабул қилинган эски таҳририни қидириб топдим. Не ажабки, қарийб худди шундай норма эски қонунда ҳам бўлган экан. Қонуннинг 15-моддаси 2-бандида мустаҳкамланишича, бундан аввал худди шу номдаги ОАВ рўйхатга олинган бўлса, оммавий ахборот воситасини рўйхатга олишни рад этилади. Менимча, мазкур қонун қабул қилгунча амалда бўлган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам шу мазмундаги норма бўлгани табиий.

Мен юқорида республика нашри деганим “Ҳуррият” номли Ўзбекистондаги биринчи мустақил газетаси 1996 йилнинг декабри ташкил этилган бўлса, Уйчи туман ҳокимлигининг шашри ҳисобланган “Ҳуррият”га мендаги маълумотларга кўра 1935 йилда асос солинган экан.

Эсингизда бўлса, юқорида айтиб ўтганим жавоб хатида бир хил номдаги оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётганлиги тўғрисидаги маълумотларни билиб қолсам, оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказувчи органга, яъни агентликка мурожаат қилишим кераклиги тавсия этилган эди. Ана шу маслаҳатга амал қилиб, агентликка яна бир хат ёздим ва ўзим аниқлаган ҳолатларни бирма-бир баён қилиб, уларга расмий изоҳ берилишини, Уйчи туман ҳокимлигининг Ҳуррият» газетаси чиқиб турган бир пайтда худди шу номдаги бошқа бир газетанинг ташкил этилишига қандай йўл қўйилгани, жавоб хатига архивдан тегишли ҳужжатларни ҳам илова қилинишини сўрадим. Бу сафарги мурожаатимга қуйидагича жавоб берилди:

Ҳа, дарвоқе, Ўзбекистон миллий кутубхонасининг даврий нашрлар каталоги алдамаётган бўлса, Ўзбекистонда 2012 йилда Асака ва Наманган шаҳарларида ҳам бир хил номдаги иккита газета чоп этилган экан.

Номи “7 кун” бўлган ушбу газетанинг рухсорини кўриб қўйиш мақсадида  кутубхоначиларга буюртма бергандим, улар фақат наманганлик “7 кун”ни топиб чиқишди. Асакалиги негадир архивда йўқ экан. Каталогда бору архивда йўқ. Мана шунақа гаплар.

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Abdugafur Жавоб бериш
    2 yil олдин

    Менимча, бу фожиа эмас. Номи бошқа-бошқа бўлатуриб, бир-бирига томчи сувдек ўхшайдиган газеталар чиқиши хунук ҳолат. Бу ҳақда Президентимиз телевидение орқали 4 та газетани мисолга олиб айтган эдилар. Газетанинг ўз туси, руҳи, позицияси бўлиши зарур. Бўлмаса, мамлакатга кўп тиражли битта газета ҳам кифоя қилган бўларди.

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>