• Бугунги сана: Payshanba, Mart 23, 2017

Бир аёлнинг хийласи тадбиркорга бир миллиард сўмга тушди

Бир неча кун давом этган суд мажлиси якунига етиш арафасида. Судга раислик қилувчи айбланувчилар содир этган жиноят юзасидан чиқарилган ҳукмни ўқиб эшиттирмоқда. Тўрт нафар судланувчидан икки нафари аёл. Барчасининг бошлари эгик, кўзлари ёшланган.

Халқда кўрпангга қараб оёқ узат, деган нақл бор. Бу мақолнинг мағзини чаққанлар панд емайди. Аксинча иш тутганларнинг эса жиноий гуруҳга раҳбарлик қилган «қаҳрамонимиз» Мастура Рустамова (исм-фамилиялар ўзгартирилган)га ўхшаб аҳволи вой бўлиши турган гап. Одатда, жиноятга қўл урганлар қилмишларини билиб-билмай содир этганликларини айтиб, ўзларини оқлашга уринишади. Аммо олий маълумотли, пойтахтдаги нуфузли институтда узоқ йиллар ўқитувчи бўлиб ишлаган, оқ-қорани таниган Мастурага бунақа баҳонани рўкач қилиш ярашмайди. Уни жиноят кўчасига фақат бир нарса — ақлдан нафснинг устун келиши етаклади. Агар нафс қутқусига учмасдан, кўрпасига қараб оёқ узатганида, бошига бу савдолар тушмасди…

Қайнонасининг ҳайҳотдек ҳовлисида турмуш ўртоғи, болалари ва эрининг қариндошлари билан тинчгина яшаб келаётган Мастуранинг кўнгли алоҳида уй тусаб қолади. Анчадан буён йиғиниб юрганлари боис, бу таклиф Зарифжонга ҳам маъқул тушиб, эр-хотин сотиб олишга ҳовли суриштира бошладилар. Европача услубда, замонавий усулда қурилган уйларнинг нархини эшитиб, уларнинг ҳушлари бошдан учади. Тежаб-тергаб, йиғиб қўйган юз миллион сўмга бунақа қасрмонанд уй олиб бўлмасди. Зарифжоннинг ҳафсаласи пир бўлиб, ниятидан қайтади. Бироқ хаёлини ҳашаматли уй-жой ўғирлаган Мастура орзусига эришиш учун чора қидира бошлайди.

Айни шу вақтда унга қариндоши Диёра қўнғироқ қилиб, икки миллион сўм пулини АҚШ долларига банк курси бўйича айирбошламоқчи эканини, таниш-билиши бўлса шу масалада ёрдам беришини илтимос қилиб қолади. Мастура укаси ҳокимиятнинг молия тармоғида ишлашини, бу иш унинг қўлидан келишини айтади ва ўзича узоқни кўзлаб режа тузади. Қариндоши унга икки миллион сўмни келтириб бергач, иккинчи куни банк белгилаган курсда долларларни қуртдай санаб олади. Мастура унга шу масалада ёрдам керак бўлса тортинмасдан мурожаат қилаверишини қистириб ўтади. Аслида унинг пулларига ўзининг йиғиб қўйган маблағидан қўшиб, «қора бозор»дан доллар сотиб олганди. Бундан бехабар Диёра таниш-билишларига холаваччаси пулларини долларга банк курси бўйича бир зумда алмаштириб бергани ҳақида қувонч билан гапириб берарди.

Бу гап-сўзлар унинг таниши — «Чилонзор буюм бозори»да савдо қилувчи хусусий тадбиркор Шаҳодат Шодиеванинг ҳам қулоғига етиб боради ва у Диёранинг қўлидан маҳкам тутади. Негаки, унга айнан Мастурага ўхшаган уддабурон керак эди. Хуллас, Диёра холаваччасига қўнғироқ қилиб, дугонаси банк­дан доллар сотиб олмоқчи эканини айтади. Ҳожатбарор аёл тезда Шаҳодатнинг моллари сақланадиган омбор ёнига етиб келади.

«Банкдан қандай доллар олиб берасиз?» — деб сўрайди Шаҳодат. Бу саволнинг жавоби олдиндан тайёрлаб қўйилганди. «Пулларингизни банкка ўзимнинг номимдан омонат сифатида қўйиб, ўн кун ичида банк курси бўйича АҚШ долларида қайтариб оламан», — дейди Мас­тура. «Пул алмаштиришнинг шунақа йўли ҳам бор экан-да», деб ўйлаган аёл бунга лаққа ишониб, саккиз миллион сўм пулни қўшқўллаб тутқазади.

Мастура бир неча кундан сўнг Шаҳодатга ушбу пул эвазига беш минг доллар келтириб беради. Шу куни тадбиркор аёл унга яна саккиз миллион сўм бериб юборади ва орадан бир ҳафта ўтгач, яна беш минг долларни қўлга киритади. Дастлабки ҳамкорлик натижасидан иккала томон ҳам хурсанд. Шаҳодат банкка «канал» топганидан қувонса, ҳозирча зарар кўраётган бўлса-да, мижозининг ишончига кириб бораётганидан Мастура мамнун эди. У ўзи ўйлаб топган усулда яна икки марта Шаҳодатнинг Диёра орқали олган пулларини долларга алмаштириб бергач, буткул ишончга киради.

Иккаласининг орасида тез-тез олди-берди бўлаётгани, қўлдан-қўлга ўтаётган сумма миқдори катталашаётгани сабабли «ўрта­ларинг­даги олди-бердига энди мен аралашмайман», деб Диёра ўзини четга олади. Мастура билан иноқлашиб кетгани боис, Шаҳодат бунга эътироз билдирмайди. Аксинча, катта миқдордаги пулларини ҳеч иккиланмасдан Мастурага бераверади. Жумладан, ўтган йилнинг 20 апрелидан 2 майига қадар унга хориж валютаси сотиб олиш учун 196 миллион сўм беради. Мастура пулларнинг гоҳ барчасини, гоҳ ярмини «қора бозор»да алмаштириб, мижозига келтириб бераверади.

Ишлар силлиқ кетаётганидан хотиржам бўлган Шаҳодат шундан сўнг Мастурага жуда катта миқдордаги пулларни бера бошлайди. Табиийки, бунча маблағни Мастуранинг бир ўзи эплаши қийин эди. Шу боис у молия тизимида ишловчи укаси Рихситилла Умаров, «Олой» ва «Авиасозлар» бозори атрофида долларфурушлик билан шуғулланувчи Игор ва Ботир исмли шахслар, хусусий корхонага қарашли «Матиз» русумли автомобилда киракашлик билан шуғулланиб юрган Саттор Маҳмудовдан иборат жиноий гуруҳ тузади. Уюшма аъзолари ўртасида вазифалар тақсимлаб олинади. Жумладан, Рихситилла катта миқдордаги сўмни хориж валютасига алмаштириш билан шуғулланувчи кимсаларни топиш, улар билан алмашув курсини келишиш, жабр­ланувчиларнинг ишончига кириш, жиноий гуруҳ ишини назорат қилиш билан шуғулланган. Сатторнинг вазифаси эса машинасида Мастурани олиб юриш, Шаҳодат берган пулларни Игор ва Ботирга етказиб бериш, улардан олган хориж валютасини Шаҳодатга келтириб бериш бўлган. Бу иккала долларфуруш эса доимий равишда ўзбек сўмини долларга алмаштириб берган.

Шу йўл билан гуруҳ аъзолари ўтган йилнинг 10 апрелидан 6 сентябрига қадар Шаҳодатдан олинган 6 миллиард 300 миллион сўмдан ортиқ маблағни АҚШ долларига, алмаштиришга муваффақ бўлганлар. Ушбу маблағдан 1 миллиард 54 миллион сўмдан ортиғини эса ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборишган.

Бундан бехабар Шаҳодат эса деярли ҳар куни Саттор орқали Мастурага ўн миллионлаб пулларни етказиб турган. Албатта, хориж валютасининг расмий нархи билан «қора бозор»даги баҳоси ўртасида жуда катта тафовут бор. Ана шу тафовутни Мастура кейинги олинган пуллар ҳисобидан ёпиб юргани ҳам Шаҳодатга қоронғулигича қолаверган. Лекин нима сабабдандир у Мастура билан маълум вақтга олди-бердини тўхтатиб қўяди. Орадан бир ойдан ортиқроқ муддат ўтгач, Мастурага қўнғироқ қилиб, пулларини долларга алмаштириш ниятида эканини айтади ва шу билан узилган алоқалар яна давом этади. Касални яширсанг, иситмаси ошкор этади, деган нақл бор. Мастура кирдикорларини яширса-да, ҳийласи ўзига қимматга тушаётганди. Боз устига, Шаҳодат пулларини долларга алмаштиришни тезлатишни сўрайди.

Маккор аёл ўзи ўйлаб топган усул билан бошқаларни ҳам чув туширишга муваффақ бўлган. Сўмни банкдан долларга алмаштириб берувчи сифатида ном чиқарган аёлнинг тузоғига Навоий кўчасидаги савдо қаторида тадбиркорлик билан шуғулланувчи Хуршид ҳам илинади. У ҳам йиғиб қўйган пулларини хориж валютасига алмаштириш орзусида юрарди. Шу сабаб Мастуранинг таклифига дарров кўна қолди ва унга бир неча кун ичида 137 миллион сўмни қуртдай санаб берганини ўзи ҳам билмай қолди. Қаҳрамонимиз ва унинг ҳамтовоқлари ушбу пуллар эвазига Хуршидга 36 минг АҚШ доллари бериб, қолган 83 миллион икки юз минг сўмдан ортиқ маблағни жиғилдонларига урадилар.

Мастура пайсалга солавергач, Шаҳодат уни гаплашиб олиш учун бозордаги дўконига чақиради. Мижозининг авзойи чатоқлигини, макрлари ўтмаслигини билган Мастура укаси Рихситиллани ҳам унинг ҳузурига етаклаб боради. Шаҳодатга уни «банкда ишлайдиган укам» деб таништиради. «Берган пулларимни ўз ҳолича қайтаринглар», деб оёқ тираб олади Шаҳодат. Рихситилла пулларнинг барчаси банк­ка топширилганини, валюта муомаласи ходимлари қамоққа олингани, қолаверса, байрам арафасида банкдан пул чиқарилмаслиги, бир ойлар ичида пулларини олиб бериши ҳақида чўпчак тўқийди. Аёл бу гапларга лаққа ишониб, «у ҳолда тилхат ёзиб берасизлар», деб шарт қўяди. Опа-ука рози бўлгач, икки аёл ўртадаги олди-бердини ҳисоблашга тушадилар. Маккор аёл шу кезда ҳам мижозини чув туширишга эришади. Қайтариши керак бўлган пуллар аслида 1 млрд. 54 млн. 192 минг сўмни ташкил этса-да, 998 млн. 548 минг 800 сўм эканини ҳисоблаб беради. Негаки, у ҳисоб-китоб қилишда ўзининг ёндафтаридаги қайдлардан фойдаланиб, олинган айрим пулларни «унутиб» қўяди. Сўнг Шаҳодатдан шунча миқдорда қарздорлиги ҳақида тилхат ёзиб беради ва бир ой ичида қайтаришини таъкидлайди. Шаҳодатнинг талаби билан Рихситилла гувоҳ сифатида унга имзо чекади. Мастура тилхатда пулларни қарз учун олганини қайд этишни ҳам унутмайди. Шаҳодат бу пайтда бунақа нарсаларни ўйламас, пуллари бир ой ичида қайтарилишидан хурсанд эди.

Кунларни оқар сувга қиёслашади. Ҳаш-паш дегунча ўттиз кун ортда қолади, аммо Мастуранинг қораси кўринмайди. Шаҳодат унинг телефонига қўнғироқ қилса, доим ўчирилган. Охири қидириб уйига боради. Мастура уйда йўқ эди, нотаниш аёлдан хотини қилиб юрган ишларни эшитиб, Зарифжоннинг ҳуши бошдан учади. Кейин бу масала оилада муҳокама қилинади. Мастуранинг уйига қидириб келган аёлдан ҳақиқатан ҳам катта миқдорда қарзи борлигини тан олишдан бошқа чораси қолмайди. Бақир-чақир, тўполон бошланади. Оқибати ўйланмай қилинган иш туфайли Мастура жонига қасд қилиб, ўзини осган пайтда Зарифжон келиб қолиб, ажал сиртмоғидан қутқариб қолади. Бу машъум воқеадан Шаҳодат ҳам хабар топиб, бу ёғига қандай иш тутишни билмай қолади.

Айни дамда жони омон қолган Мастура ҳам бўйнидаги қарздан қандай қутулишни ўйларди. Бунинг иложини топгандай бўлади ҳам. Вақтни бой бермай, Собир Раҳимов тумани ИИБга ариза билан мурожаат қилади. Унда уй сотиб олиш учун узоқ йиллардан буён йиғиб юрган пуллари ва таниш-билишлардан олган қарзини қўшиб Тошкент шаҳридаги банклардан бирида ишловчи С.Жабборовга долларга алмаштириш учун берганини, бироқ С.Жабборов турли баҳоналарни важ қилиб, пулларни қайтармаётганини баён қилган. Ушбу ариза асосида суриштирув бошланади. С.Жабборов гумонланувчи тариқасида ишга жалб этилади. Ёлғон хабар бериш, ёлғон гувоҳлик бериш, туҳмат қилиш жиноят эканини била туриб, Мастура фикридан қайтмайди. Кейинчалик, тергов жараёнида туҳмат қилгани фош этилган бўлса-да, у С.Жабборовга нисбатан жиноят иши қўзғатилишига муваффақ бўлади.

Шаҳодат ўйлай-ўйлай, Тошкент вилояти ИИБга фирибгар аёлнинг устидан арз қилишга мажбур бўлади. Аризага асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланади. Ана шу жараёнда Мас­туранинг бошқа кирдикорлари ҳам фош этилади. Жумладан, у олий ўқув юртида ўқитувчи бўлиб ишлаб юрган пайтларида пора­хўрлик, фирибгарлик билан шуғулланган. Мисол учун, 2007 йилда ҳамкасби С.Анварова билан тил бириктириб, тест синовидан ўтолмаган қизингизни институтга киритиб қўямиз деб, фуқаро С.Шокировадан 3500 АҚШ доллари олади ва ушбу пулни иккаласи бўлиб олиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборадилар. Бу қилмиши учун С.Анварова ҳам суд олдида жавоб беришига тўғри келди. 2008 йилнинг сентябрь ойида эса ўғлини ҳарбий билим юртига киритиб қўйишни ваъда қилиб, У.Муродовдан олган 4000 долларни ҳам Мастура жиғилдонига уради. Хуллас, шу йўл билан яна бир қанча фуқароларни қон қақшатади. Суд залида гувоҳлик берган Игор Мастуранинг яна бир қилмишини фош этди. Маълум бўлишича, судланувчи уни ҳам 3 миллион сўмга тушириб кетган экан…

Ниҳоят, суд раиси ҳукмнинг қарор қисмини ўқий бошлади. Залдагиларнинг бутун вужудлари қулоққа айланган. Айбланувчилардан М.Рустамова ва С.Анваровага нисбатан амнистия акти қўлланиб, тайинланган жазодан озод этилиши эълон қилинганда, ҳар иккала аёлнинг юраги уришдан тўхтаб қолганди гўё. Улар ўзларига нисбатан давлат томонидан кўрсатилган меҳр-шафқатга ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмасдилар. Шашқатор ёш тўкаётган аёллар темир панжарадан озод этилгандан сўнггина эшитганлари ҳақиқат эканига амин бўлишди. Р.Умаров ва С.Маҳмудовлар эса узоқ йилга озодликдан маҳрум этилди.

Бағрикенглик, инсонпарварлик тамойиллари давлатимиз сиё­сатида муҳим ўрин тутади. Буни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 2010 йил 28 августда қабул қилган амнистия акти мисолида ҳам кўриш мумкин. Мазкур ҳужжатда биринчи марта жиноят содир этган аёлларнинг жазодан озод этилиши таъкидланган. Ушбу кўрсатмага мувофиқ, суд курсисида ўтирган ҳар иккала аёл та­йинланган жазодан озод этилди. Ўйлаймизки, бу имкониятдан айб­ланувчилар тўғри хулоса чиқариб оладилар.

                 Дилшод Исломов

“Ҳуқуқ ва бурч” журнали,

2010 йил, 10-сон

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Baxtiyor Sheraliyev Жавоб бериш
    2 oy олдин

    Jinoyatni jazolamaslik navbatdagi jinoyatga yo’l ekanligini sudya bilmaydi shekilli?! Yoki u ham …

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>