• Бугунги сана: Juma, Dekabr 15, 2017

Биоэнергия – муаммоми ёки унинг ечими?

Ривожланиб бораётган соҳа

Дунёнинг сиёсий манзарасини ўзгартиришга мо­йил омиллар бугун жуда кўп. Шулар орасида энергия масаласи ҳар қачонгидан-да долзарб аҳамият касб этиб бораётганини кўриб, билиб турибмиз. Иқтисодиётни энергия билан таъминлаш муаммосини ҳал этиш учун сўнгги йилларда айрим мамлакатлар муқобил энергия манбаларини излаб, бу борадаги кашфиётлар, тадқиқотлар, янгиликларга сармоя ётқизишмоқда. Шу ўринда ривожланиб бораётган соҳа- биоэнергия ишлаб чиқариш билан боғлиқ масалага тўхталиб ўтсак.

Яқинда олимларимиздан бирининг маърузасини ўқиб қолдим. Унда жумладан шундай ёзилган: «…Дон маҳсулотларидан этанол спиртини олиш ва уни атмосферани ифлослантирмайдиган экологик тоза энергия манбаи сифатида қўллаш бутун жаҳон озиқ-овқат муаммосини чуқурлаштириб юборди. Жумладан, АҚШ, Европа Иттифоқи, Япония, Бразилия, Ҳиндистон, Малайзия ва бошқа шу каби дунёнинг технологик ривожланган мамлакатларида буғдой, маккажўхори, шакарқамиш, соя ва бошқа шу сингари озиқ-овқат маҳсулотларини катта миқдорда биоэнергия олиш мақсадида ишлатиш саноати вужудга келди.

Натижада, жаҳон бозорида ун маҳсулотлари, бўрдоқига боқиладиган жониворларга ем маҳсулотлари танқислиги пайдо бўлди. Бунинг оқибатида эса, дунё мамлакатларининг чакана бозорларида нон, гўшт ва ёғ маҳсулотлари нархи кескин ўсиб кетди».

Фото: policyinstitute.ucdavis.edu

Биоэнергия фикри ёмон эмас. Бироқ бу бошқа муаммоларни келтириб чиқармаслиги керак-да. Шу боис биоэнергия саноатини қўллаб-қувватловчилар ҳам, уни танқид қилувчилар ҳам топилмоқда.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш халқаро майдонда жиддий тус олиб бораётгани, ҳатто жаҳон хавфсизлигига таҳдид солиш эҳтимоли ортаётганини кузатадиган бўлсак, танқид қилувчилар сафига қўшиламиз. Тараққиётдан, ишлаб чиқаришдан ортда қолмаслик, ривожланган мамлакатлар қаторидан жой олиш борасида бош қотирадиган бўлсак, муқобил энергия ишлаб чиқаришни, унинг биоэнергетика сингари манбаларини ёқлаймиз.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалигига ихтисослашган ташкилоти ва Жаҳон банки келтирган маълумотларга кўра, сўнгги 1-2 йилнинг ўзида дунёнинг 35 дан ортиқ давлатида айнан шу муаммо туфайли оммавий тўқнашувлар, сиёсий бошбошдоқликлар юз берди. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, озиқ-овқат танқислиги натижасида 2025 йилга келиб, дунёнинг 1,2 млрд. кишилик аҳолиси очликка юз тутиши мумкин. Дўппини бошдан олиб, ўйлаб кўриладиган масала, бу.

Фото: bioenergy-nw.eu

Ёки яна шундай статистикани келтириш мумкин. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда дунёда 840 миллиондан ортиқ киши, яъни деярли ҳар саккиз одамнинг бири тўйиб овқатланмаяпти, сайёрамиз аҳолисининг 30 фоизидан зиёди тўлақонли равишда овқатланмаслик, энг асосий микроэлемент ва витаминлар етишмаслиги муаммосини бошидан кечирмоқда. Ана шундай сабаблар туфайли 160 миллиондан ортиқ бола бўйининг ўсиши, жисмоний ва интеллектуал ривожланишига доир камчиликлардан азият чекмоқда. Бу рақамлар кўрпага қараб оёқ узатишимиз кераклигидан огоҳ этмаяптимикин?

Кўҳна қитъада

Европа мамлакатлари аллақачон тушуниб етишди – биоэнергетика аҳоли ва саноатни энергия билан таъминлашда муҳим ўрин эгаллайди. Ҳатто кўҳна қитъа 20 йилдан зиёд вақт мобайнида бу соҳани ривожлантириб келяпти. Мазкур соҳани ривожлантириш нафақат энергия олиш, қўшимча иш ўринларини яратиш, чиқиндилардан самарали фойдаланиш ва утилизация қилиш, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон саноатида  қўшимча даромад олишда қўл келмоқда.

Еврокомиссия берган маълумотларга таянадиган бўлсак, Европа иттифоқига аъзо мамлакатларда 2010 йилда иссиқлик қуввати ишлаб чиқариш манбалари тузилмасида биомасса 15 фоизни ташкил этганини билиб оламиз. Муқобил энергиялар ичида ҳам биомасса сўзсиз етакчи экан.

Фото: cleantick.com

Биомассадан иссиқлик қуввати ишлаб чиқиш Швецияда 61 фоиз, Австрияда 37, Данияда 35, Финляндияда 32 фоизни ташкил этган. Бу ўринда қаттиқ биоёнилғи, яъни чиқиндилар, ёғоч қипиқлари, брикет, тараша асосий ўринни эгаллаган.

Польшада биоёнилғи ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган хўжаликларга мамлакат бюджетидан 25 йилга фоизсиз кредит бериш йўлга қўйилган. Шунга ўхшаш дастур Европа иттифоқига аъзо бошқа мамлакатларда ҳам йўқ эмас. Тўғри иқтисодий инқироз бу борада муайян муаммоларни келтириб чиқараётгани сир эмас. Бироқ биоэнергетика соҳаси ривожи қўллаб-қувватланмоқда.

Шакарқамиш ва биоэтанол

Спирт билан юрадиган автомобиллар бугун янгилик эмас. Айниқса, Бразилияда бу жуда оммалашган. Негаки  Бразилияда нефть захиралари унчалик кўп эмас. Бироқ шакарқамиш ўстириш ва ундан арзон спирт – биоэтанол олиш имконияти улкан. АҚШда биоэтанолнинг асосий манбаи маккажўхоридир. Аста-секин бир қатор мамлакатлар спирт ёнилғисига ўтишни режалаштираётган давлатларга биоэтанолни экспорт қилишни мўлжаллаяпти. Масалан, Бразилия 2025 йилгача жаҳон бўйича ишлатиладиган бензиннинг 10 фоизигача бўлган қисмини шакарқамиш спиртига алмаштиришни кўзлаяпти.

Айни пайтда биодизел ёнилғисини ишлаб чиқариш, яъни биосолярка олиш масаласи борасида ҳам бош қотирилмоқда. Гарчи Европада рапс ўсимлиги мойи бу ўринда асосий хом ашё сифатида қаралаётган бўлса-да, олимлар кунгабоқар, пальма ёки соядан ҳам шундай ёнилғи олиш мумкинлигини таъкидлаш­япти. Ҳатто кўҳна қитъанинг айрим ҳудудларида бу технология қўлланилмоқда.

Фото: ytimg.com

Сўнгги йилларда Европада нефтдан олинадиган ёнилғига 5-20 фоизгача  биоёнилғини аралаштирганда юрадиган автомобиллар ишлаб чиқариляпти. Ҳатто 100 фоиз биоёнилғи билан юрадиган автомобиллар ҳам ишлаб чиқарилаётганини айтиб ўтиш лозим. Мутахассисларнинг таъкидлашича, исталган автомобиль двигатели 5 фоизгача биоёнилғи аралашганда ҳеч қандай муаммосиз ишлай оларкан.

Энергетик экинлар

Маккажўхори ва шакарқамиш анъанавий энергетик экинлар сирасига кириб, улар биоэтанол олиш учун экилмоқда. Юқорида таъкидланганидек, Бразилия ва АҚШ бунга яққол мисол.

Фото: energomir.net

Энергетик ўтлар деган тушунча ҳам ҳаётимизга кириб келмоқда. Биомасса ишлаб чиқариш учун масалан Канар қамиши, мискантус (фил ўти), тариқ ва бошқаларни айтиш ўринли. Дейлик, Канар қамиши ҳосилдорлиги гектарига 5-7 тоннагача биомассани ташкил этади. Мискантусники эса 10-12 тонна. Бу 36 баррель ўлчамдаги нефть миқдорига тенг, дегани. Мискантуснинг гибридидан 60 тоннагача ҳосил олиш мумкин. Демак, кони фойда.

Ҳиндистонда 1996–2006 йилларда биомасса ҳисобига ишлайдиган 101 та электростанция бунёд этилган.

Бразилияда 1975 йилда ROALCOOL дастури шакарқамиш ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлади. Яъни дастурга мувофиқ экинни етиштириш, биоёнилғи сифатида ишлатиш, бу борадаги илмий-техник тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, сармоялар киритиш, автомобилларга этанол қуядиган шахобчаларни ўрнатиш жараёни тезлашди. Орадан ўн йил ўтиб, мамлакатда биоёнилғи ишлаб чиқиш йилига 12 миллиард литрга етди.

Озиқ-овқат хавфсизлиги ва…

Биоёнилғининг афзал томонларидан бири атмосферани ифлослантирмайдиган экологик тоза энергия манбаи эканидир. Масалан, биоёнилғи таркибида деярли олтингугурт йўқ. Бу эса углерод моноксиди ва углеводородлар атмосферага чиқишини камайтиради.

Олимлар, мутахассислар бонг ураётган зарарли томони ўз-ўзидан аён. Бу озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ масала. Статистик маълумотларга кўра 2001 йилда дунё бўйича йилига тахминан 20 миллиард литр биоёнилғи ишлаб чиқарилган бўлса, 2011 йилда бу кўрсаткич 100 миллиард литрга етди. Айниқса 2007–2008 йилларда биоёнилғи ишлаб чиқариш жудаям ўсди. Бу эса 2011 йилда озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи кўтарилишига, ривожланаётган мамлакатларда норозиликларга сабаб бўлди. Ҳатто очлик эълон қилишди.

Фото: altenergiya.ru

Марҳамат, маълумотларга назар ташланг. Озиқ-овқат, хусусан дон, ўсимлик мойи маҳсулотларининг нархи 2002–2004 йиллардагига нисбатан 2011–2012 йилларда 2-2,5 баробарга ўсди.

2011 йилнинг октябрида БМТнинг жаҳон озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича қўмитаси давлатларга биоёнилғи билан боғлиқ сиёсатни қайта кўриб чиқиш, илмий хулосалар чиқариш, ижтимоий, иқтисодий ва экологик нуқтаи назардан имконияти бор мамлакатларда уни ишлаб чиқариш борасида тавсия берди. Масала ғоятда нозик. Негаки биоёнилғи ишлаб чиқариш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласи жаҳон ҳамжамияти олдига қатор муаммоларни қўймоқда. Хўш, сизнингча энергетика, озиқ-овқат, ердан фойдаланиш, тараққиётдан қайси бири муҳимроқ? Мана, муаммо моҳияти. Бу ё ҳаёт, ё мамот деган масалани эслатади. Шу сабабли биоэнергия деб озиқ-овқат хавфсизлигига дахл қилишга ҳаққимиз йўқ. Умуман юқорида саналган масалаларнинг биронтасига ҳам таҳдид туғилишига йўл қўйиб бўлмайди. Ибтидоий шароитга қайтишга эса инсон кўнмайди. Ўйланиб қоласан. Она замин бизни боқсинми, кийинтирсинми, ғилдираги тинмай олға босаётган тараққиётимизга «ҳалак» бўлиб қувват берсинми? Одамато авлодларининг эҳтиёжлари еримизнинг кучини тобора кўпроқ тортиб олаверса, эртага нима бўларкин?

Шерзод Толмасов


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>