• Бугунги сана: Tuesday, February 28, 2017

“Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!”

qur-on

Илм излаш, китоб мутолааси киши дунёқарашини кенгайтириш баробарида муваффақият ва саодат эшикларини очувчи калитдир Китобхонлик ўзгалар олдида соҳибининг илмий, маданий ва ахлоқий савиясини юқорига кўтариб қўяди. Зеро, кўп ўқиган, билимдон инсоннинг умуман ўқимаган ёки кам ўқийдиганлардан ҳар соҳада имконият доираси кенгроқ бўлади. Мисол учун, иккита тилни билган одам битта тилни билган одамдан икки баравар кўпроқ имкониятга эга. Учта тилни биладиган одамнинг эса иккита тилни билувчи одамдан имконият доираси каттароқ бўлади ва ҳоказо. Бугунги ёки кечаги олимлар, ёзувчию шоирлар ва зиёли кишилар, илм арбоблари ўз вақтида кўп ва хўп мутолааа қилганликлари сабаб шу даражага эришганлар.

Билимли, ўқимишли инсон тижорати ёки бошқа хусусий тирикчилиги тўхтаб қолган тақдирда ҳам осонлик билан ўзига бошқа ризқ эшигини оча олади. У қайсидир ишхонага ходим сифатида жойлашиши, ўқув муассасаларида ишлаши ёхуд ижодий ишлар билан шуғуллани орқали ўз тирикчилигини яна юргазиб юбориши мумкин. Яъниким, билимли инсон билан билимсиз инсоннинг имкониятлари орасида жуда кўп фарқ бор. Шу боис ҳам Аллоҳ таоло Ўз китобида

 “Биладиганлар билан билмайдиганлар (ҳеч замонда) тенг бўлурми?!”, дея билимнинг нақадар катта ҳаётий аҳамиятга эга эканига ишора қилади (Зумар сураси, 9-оят).

Барча динлар ичида илк бор илмнинг инсон ҳаётидаги ўрнига аҳамият берган ва илмга кенг йўл очган дин – Ислом динидир. Илм эса аввало ўқиш орқали ҳосил бўлиши ҳаммамизга маълум.

Инсониятга қиёматгача дастурул амал бўлган Қуръони каримнинг илк ояти ҳам “Ўқи!” деган сўз билан жаранглади. У биринчи оятидаёқ ўқишга, мутолаа қилишга, ёзишга чорлади. Қуръон сўзининг бир маъноси ҳам “ўқиш” демакдир. Мана шунинг ўзидан муқаддас динимиз таълимотларида ўқиш, мутолаа қилишга бўлган эътибор ва аҳамият нақадар буюк эканини билиш мумкин. Шу боис бу динни тўғри тушунган, унинг таълимотларини қалбига сингдирган бобокалонларимиз ёшликлариданоқ ўқиш-ёзишга, мутолаа қилишга, диний ва дунёвий билимларни эгаллашга ҳарис бўлганлар ва оқибатда жаҳон тамаддунига, илм маърифат ривожига ўзларининг салмоқли ҳиссаларини қўшиб, бебаҳо илмий асарлар яратишган. Ўзларидан кейин то қиёматга қадар ўчмайдиган мангу из қолдиришган.

«Илм» сўзи Қуръони каримнинг саккиз юз ўн бир жойида турли маънолари билан келган. Қуръон ва Суннатда илм инсониятни турли ахлоқсизликлар, ҳаромлар, ёмон йўл ва амаллардан қайтариши зикр этилган. Аллоҳ таоло айтади:

“… Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур (Мужодала, 11).

Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) ривоят қилинган кўплаб ҳадислар ҳам илмга, ўрганишга даъват билан йўғрилган. Жумладан Ул зот: “Илм ўрганиш ҳар бир мусулмон зиммасида фарздир!”, дея марҳамат қилганлар (Ибн Можа ривояти).

Илм талаб қилиш ва унинг йўлида чекилган заҳмат туфайли жузъий саҳв ва хатоларнинг кечирилиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ҳамма нарсалар, ҳатто дарёдаги балиқлар ҳам толиби илмнинг гуноҳлари мағфират қилинишини сўрайдилар”, – деган ҳадисларида ўз ифодасини топгандир.

Ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳ) айтадилар:

“Илм мол-дунёдан кўра яхшироқдир. Чунки, илминг сени асрайди, мол-дунёни эса сен асрашинг керак бўлади. Мол-дунё сарф қилинса камаяди, илм эса ўзгаларга ўргатиш билан яна зиёда бўлаверади”.

Дарҳақиқат, илмнинг мақому мартабаси юксакдир. Ахир илм аҳли пайғамбарларнинг меросхўрларидирлар.

Китоб ўқишнинг фойдаси мўл, баракаси беҳисобдир. Аввало ўқиш ва мутолаа турли-туман маданиятлар ва билимларни ўрганиш учун инсонга асосий кўприк бўлиб хизмат қилади. Ўқиш тилни тўғрилаш, оғзаки нутқни ривожлантириш, сўз бойлигини орттириш учун асосий манбадир. Киши канчалик кўп мутолаа қилса, шунчалик равон ва бехато сўзлайдиган, адабий гапирадиган бўлиб боради. Дунёқараши, маданий савияси шаклланади.

Китоб, газета ва журналлар мутолаа қилишга одатланиш кишига таъбир жоиз бўлса “мустақил таълим олиш” маҳоратига эга бўлишга ёрдамлашади. Ҳозирги кунда “ўзига ўзи таълим бериш” услуби ҳаёт заруратларидан бирига айланиб улгурдики, усиз киши тараққиёт карвонидан ортда қолиб кетиши ҳеч гап эмас. Мисол учун, телевизорми, ҳар қандай замонавий техника воситасидан фойдаланиш учун ҳам ўқиш, маълум терминларни билиш талаб этилади. Сабаби, мазкур қурилмалардан ҳар бирининг, таъбир жоиз бўлса, ўз таништирув китоби бор. Усиз бу қурилмалардан тўғри ва самарали фойдаланишнинг иложи йўқ. Шундай экан, ўқиш, ўқилганларни уқиб бориш бугунги куннинг ҳам энг долзарб заруратларидан бири десак, муболаға қилмаган бўламиз.

Ўқишнинг фойдаларидан яна бири шуки, у вақтдан унумли фойдаланиш воситасидир. Маълумки, инсон қиёмат кунида бекор ўтказган вақтидан, умридан сўралади. Фойдали нарсаларни ўқиб-ўрганиш эса вақтни баракали қилади.

Китоб ўқиш қалб чигалликларини ёзади, кўнгилга ҳузур бағишлайди, жаҳолатга барҳам беради, турли-туман ёмон фикрлар, васвасаларни киши онгидан қувиб юборади.

Китоб ҳаётнинг қоронғу ва зимистон йўлларини ёритиб борувчи чироқдир. Кўп китоб ўқийдиган инсон китоблар тахида ўз маконини топган ўзгаларнинг аччиқ қисматлари ёки муваффақиятлари сабаблари, сир-асрорларидан воқиф бўлади ва шу нарсаларни ўз ҳаётида ижобий маънода қўллайди. Натижада кўп муваффақиятларга эришишга муяссар бўлади.

Ўқишнинг айниқса тарбиявий аҳамияти беқиёс. Фарзандларимизни болалик чоғларидан китобга муҳаббатли қилиб ўстириш ўта фойдалидир. Зеро, китоб эзгуликдан, олийжанобликдан, мардликдан ҳикоя қилади. Маънавиятни оширади. Тубанлик, номардлик, разолат ва хиёнатнинг қабиҳ юзини очиб беради, бундай ёмон хулқларга қарши қалбда нафрат уйғотади.

Шу боис, эртанги кунимиз эгалари бўлмиш фарзандларимизни мана шундай руҳда тарбиялашимиз мақсадга мувофиқдир.

Қайси жамиятда илмга ташналик сусайса, илм ўрганишга эътибор камайса, кишилар фикрлашдан тўхтаса ёки уларнинг фикри саёзлашиб-сийқаланса, ўша жамият тараққиётдан ортда қолади. Бундай жамият  маънавий инқирозга ёки ҳалокатга юз тутиши мумкин. Тарихда бунга мисоллар кўп.

Ҳар қандай жамиятнинг олимлари, зиёлилари миллатнинг маънавий дунёси қашшоқланмаслиги, ахлоқининг тубанлашмаслиги, сохта ва бузғунчи эътиқодлар ва маданиятлар таъсирига тушиб қолмаслигига масъулдирлар. Агар улар бу ишда лоқайдликка ва маҳдудликка йўл қўйишса, шунчаки томошабин бўлиб қолишса, ўша миллатнинг ҳолига вой.

Фахр ва ифтихор билан айтиш жоизки, Халқимиз азалдан илм-маърифатга интилган, китоб ўқишга муҳаббатли.

Зиёлилар уёқда турсин, оддий ҳунарманд косиб ёки деҳқоннинг хонадонида ҳам узун қиш кечалари оилавий китобхонликлар бўлган, саводхон кишилар оила аъзоларига турли диний, илмий ва назмий китобларни ўқиб беришган. Матбаачилик ривожланмагани, китоблар хаттотлар томонидан қўлда кўчирилганига қарамай, ота-боболаримиз ҳамиша китобга интилишган, китобни ардоқлашган, ўқиганларини бошқаларга ёйишган.

Биз шундай маърифатли миллат фарзандлари эканимиздан фахрланишга ҳақли ва аждодларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга бурчлимиз. Бунга эса улар қолдирган бой меросни чуқур ўрганиш, инсонларга фойда келтирувчи барча илмларни пухта ўрганиш ва уни фарзандларимизга ҳам ўргатиш орқали эришилади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни дунёга машҳур аждодларимиз изидан бориб, яна илм чўққиларини забт этувчи, илмга ташна бандаларидан айласин, илм ўрганадиган, илмга ҳомийлик қиладиган, ҳеч бўлмаганда олимларни севадиган саодатманд инсонлар сафидан ўрин берсин!

Раҳматуллоҳ Сайфуддинов,

Юнусобод тумани бош имомхатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имомхатиби

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>