• Бугунги сана: Chorshanba, Avgust 16, 2017

Бешариқлик аёл прокуратура ёрдамида пенсиясини тўлиқ нақд пулда оладиган бўлди

Бешариқлик Раънохон Холматова — оддий қишлоқ аёли. Жорий йилда 61 ёшни қаршилайдиган бу онахон мактабда 30 йил ўқитувчилик қилган, ёш авлодга илму зиё тарқатган. 2006 йилдан буён пенсияда.

2014—2015-йиллар мобайнида Раъно аянинг пенсияси пластик карточкага ўтказиб юборилади. Оз эмас, кўп эмас, нақ 3 марта. Аммо бунинг учун пенсионердан розилик олинмаган. Ваҳоланки, фуқаронинг даромади (бу ўринда пенсияси) уларнинг аризасига кўра бир қисми ёки тўлиғича пластик карточкаларга ўтказилиши мумкин бўлиб, бу қонунчилигимизда ўз аксини топган. Бу ҳақда ушбу ҳавола орқали батафсил маълумот олишингиз мумкин.

Аммо ҳуқуқи бузилган онахон қўл қовуштириб ўтирмайди. Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг Бешариқ туман бўлимига бориб, пенсияси нимага асосан пластик карточкага ўтказиб юборилганини суриштиради, раҳбарлар қабулига киради. Табиийки, мутасаддиларда хатти-ҳаракатларини қонун билан асослаб беришолмайди ва тинчгина Раъно аянинг пенсиясини нақдлаштириб беришади.

Бироқ орадан кўп ўтмай эски ҳаммом, эски тос такрорланаверади. Пенсия жамғармасига қатнайвериб, кавуши адо бўлган аёл “Huquq va burch” журналига мурожаат қилади. Журнал таҳририятининг аралашуви билан вазият прокуратура органлари томонидан ўрганилади. Фуқаронинг мурожаати юзасидан Фарғона вилояти прокуратураси томонидан берилган, вилоят прокурорининг ўринбосари, адлия маслаҳатчиси Ш.М.Каримов имзо чеккан жавоб хатида қуйидагилар маълум қилинади:

Фуқаро Р.Холматованинг пенсияси розилигисиз пластик карточкага ўтказиб юборилгани ҳақидаги мурожаати мутахассис иштирокида кўриб чиқилди.

Аниқланишича, фуқаро Р.Холматова Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг Бешариқ туман бўлими пенсия ва нафақалар тўлови мониторинг гуруҳи инспектори О.Йўлдошев фуқаро Р.Холматованинг розилигини олмасдан 2015 йил ноябрь ойи учун ҳисобланган пенсиясининг 70 фоизини пластик карточкага ўтказиб юборган. Мазкур хатти-ҳаракати учун О.Йўлдошевга нисбатан “ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланган.

Ўрганиш давомида Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг Бешариқ туман бўлими томонидан 2016 йилнинг январь ойида фуқаро Р.Холматовага тайинланган пенсия тўлови тўлиқ нақд пулда тўланиши белгиланди.

Бундан шундай хулоса қилиш мумкин: амалдаги қонунларимизда мустаҳкамлаб қўйилган нормалар ишлаяпти. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар бузилган ҳақ-ҳуқуқларимиз ҳимоясига шай туришибди. Дейдиларки, “Бола йиғламаса, она кўкрак тутмайди”. Шундай экан, муаммоларингиз ҳақида гап-гаштак, чойхоналарда нолиб юрмай, ҳар нарсада давлатни айблавермай, ҳуқуқларингиз учун курашинг. 61 яшар пенсионер аёл уддалаган иш Сизнинг ҳам қўлингиздан келади.

Адҳам Ўрол ўғли


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter», «Instagram», «Odnoklassniki»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>