• Бугунги сана: Dushanba, Dekabr 11, 2017

Беш-олти яшар бола қанча сўз билиши керак?

Яқин-яқингача болага ўқишни мактаб ўргатади, деб юритилар эди. Аммо олимлардан Ж. Пиаже, Б. Блум, Э. Эриксон ва бошқаларнинг тадқиқотлари шуни кўрсатадики, бола ўқишни, ўрганиш имкониятини гўдаклигидан оиласида олар экан. Мана шу имкониятдан маҳрум бўлган бола ўқиш, билиш, умуман жамиятга қўшилишдан ҳам маҳрум бўлар экан.

Бунга тарихда мисоллар жуда кўп. Чақалоқлигидан ҳайвонлар қарамоғига тушиб қолган, матбуотда кенг муҳокамада бўлган ҳиндистонлик Амала ва Камалалар, яқиндагина газеталарда кўплаб ёзилган ит қарамоғида қолган олмониялик тўрт ёшли Хорст ва бошқаларнинг тақдири фикрни тасдиқлайди.

Бола туғилган куниданоқ она унга алла айтиб гўдакнинг ҳали сўз маъносига тушунмаслигидан қатъий назар у билан ширин суҳбатлар қуради. Мана шу суҳбатлар инсон боласини инсонликка тайёрлайди. Унга Оллоҳ томонидан берилган тафаккур, онг, қобилият қирраларини очиб, жамиятда яшаш тушунчаларини уйғотиб жамиятга қўшиб боради.

Бола атрофни идрок қилишни онадан ўрганиб, унга кулиб боқишдан бошлайди. Онанинг айтган гапларига нималардир деб ғудранишдан бошлайди, бирон нарса ёққанда тинчиб, ёқмаганда йиғлашга тушади. Оилага, оила аъзоларига боланинг бу қилиқлари роҳат, қувонч ва илиқлик олиб киради. Шундай қилиб бола оилада ўз ўрнини эгаллаб ижтимоийлашиб боради.

Ҳеч ким ўзининг биринчи айтган, бошқаларнинг ёдида қолган кулгили сўзини эслаб ололмайди. Аммо катталар унга сен фалон нарсани шундай дер эдинг, олмани «ома», дер эдинг деганда илиқ кулиб эсга олиши инсоннинг ўзи ва атрофидаги уни севувчи кишилар учун нақадар жозибали бир нарсадир.

Сув ва ҳавонинг фойдаси, нон ва тузнинг қандай дунёга келиши, қору музнинг хусусияти ва бошқа минглаб нарсаларни бола онасидан сўраб олади ва ўрганади. Шуларни ҳисобга олган, яқин ўтмишда бизга «Оила» асарини ёзиб қолдирган Ризоуддин ибн Фахриддин бобомиз шундай деб ёзади: «Агарда бу нарсаларни болалар ўз оналаридан ўргансалар, тамом кўнгилларида қолади ва шундай нарсаларни билишга муҳаббатлари ортади».

Биз қанча яшамайлик болалигимизни, ёшлигимиз кечган оила муҳитини, унда бизни қамраган ўшал оила руҳиятини ҳеч ҳам ёддан чиқармаймиз. Шунинг учун ҳам ҳатто соқоли оппоқ боболару нуроний чеҳра оналар тилидан ҳам кўпинча «менга онам шундай ўргатган», «менга отам шундай деган», «бизнинг оиламизда шундай қилинар эди», деган сўзларни тез-тез учратиб ва эшитиб турамиз.

Демакки, оиладаги руҳият, айниқса, бола ёшлигидаги оилавий муҳит бўлғуси инсон учун ниҳоятда катта маънога эга.

Бола қулоқ солиш, гапириш, тилдан фойдаланишни жуда эрта ўрганади. Шунинг учун оилада болага бевосита қанча кўп гапирилса, у билан бола тилида мулоқот қилинса, сўрагани айтилса у шунчалик тез тилга киради.

Оилада боланинг уч-тўрт ёшгача бўлган ҳаётини одатда «мўъжизалар даври», деб атаса бўлади. Бу мўъжизалар нафақат боланинг ўзи учун, чунки у дунёни шу мўъжизалар орқали идрок қилиб ўзи учун очади, ихтиро қилади, шу билан бирга бу давр ота ва она учун ҳам тўла маънода мўжизалар даври бўлади.

Боланинг лабларини чўччайтириб иссиқ, ҳаётбахш она кўкрагига «Мамма» деб интилиши унинг учун фақат овқатга интилиш бўлибгина қолмасдан, катталарга гўдакнинг ушбу «Мамма» сўзи ва бу сўзнинг ёқимли талаффузи қанчалар завқ беришини ким кўрмаган. Ким ҳам боласини «Мамма» деган тилларингдан, деб ардоқламаган.

Боланинг тили ширин, аммо айтиш керакки, жамиятга янги бир инсонни олиб кираётган онанинг дили ширин бўлганидагина боланинг тили ширин бўлади.

Мўъжизалар даври бўлмиш бу даврда бола кўп гапиради, тўтидай ҳамма нарсани қайтаради, ўйинчоқларни ҳам гапириб, гапиртириб ўйнайди. Боланинг ўйинчоқлар ўйнаб ўтирган пайтини кўрсангиз, унинг катталар тилидан эшитган сўзларни такрорлаб ўтирганини кўрасиз.

Боланинг бу даврини икки босқичга бўлсак, биринчи босқичда у қулоқ солади, такрорлайди ва ўзи илк жумлаларни туза бошлайди. Оила аъзолари бола атрофида кўпинча монолог айтиб, ўзлари гапириб, у билан суҳбат қилишади.

Бу даврнинг иккинчи қисмида бола савол беришни бошлайди ва шу билан бола ва катталар ўртасида нотенг бир мулоқот бошланади. Бола кўпинча катталарга ниҳоятда таниш бўлган, сув нимага суюқ, қор осмоннинг қаерида туради, қуёшнинг уйи қаерда, у ухлашга кетдими ва шунга ўхшаш минглаб катталар наздида кулгили бўлган саволларни бериб, уларни доғда қолдиради.

Оила руҳияти соғлом бўлсин десангиз, келгусида мана шу фарзандингиз билағон, синчков ва изловчан, яхши маънода гапдон бўлсин десангиз, сиздан ололмаган жавобни ножўя жойлардан ва бетамиз жавоблар берувчи бошқалардан сўрамасин десангиз, унга тинмай, эринмасдан, катталарга муомала қилгандай жавоб беринг. Болага ҳар бир нарсани оддий, равон шу билан бирга у билган сўзлар ёрдамида тушунтиринг.

Боланинг тили чиқди, деб айтган пайтимиз у бир икки, беш-ўн сўзни билган даври бўлиб, эндигина тушунча доираси кенггаяётган бўлади. Шу даврдан бошлаб боланинг луғат бойлиги тинмай ўсиб боради. Бу ўсиш даврида бола билан катталарнинг суҳбати ниҳоятда катта ўрин тутишини унутмаслик керак. Уч ёшларга бориб у беш юз ва ундан ортиқроқ сўз билади. Беш-олти ёшларга бориб боланинг луғат бойлиги уч-тти минггача кўтарилади. Қарабсизки, мана шу давр ҳақиқатда ҳам бола учун мўъжиза даври экан.

Даврнинг айниқса иккинчи қисми болаларнинг тили билан айтганда «Бу нима» даври бўлади. Чунки бу даврда болалар ҳамма нарсани «бу нима, бу нима», деб сўрайверишади. Уларнинг луғат бойлиги шу сўрашнинг кўплигидан ўсиб борадида, ахир. Шунинг учун олимларнинг баъзилари болаларнинг бу ўсиш даврини «бу нимачилар» даври ҳам деб аташади.

Ота-оналарнинг ёдларида бўлишлари керак, ҳозиргина айтганимиздек боланинг саволлар орқасидан луғат бойлиги ўсишини ҳисобга олиб, улар ҳеч вақт болаларнинг қайта-қайта берган саволларига рад жавоби бермасдан тинмай сўралган нарсани айтиб бериб зарур ҳолларда маъноларини тушунтиришлари лозим. Болалар бу даврда қўполликни ёқтиришмайди. Агар болалар берган саволларга «Ҳой зиқна, ҳадеб сўрайверар экансан-да», «мана бу лой», «мана бу чой», десангиз улар ўзингиз зиқна «мана бу лой» «мана бу чой», деб такрорлашлари мумкин. Мана, энди болажоннинг бу қилиғига кулиб юбормасдан иложингиз йўқ.

 

Боланинг саволига фалсафий жавоб

“Дада қандай пайдо бўлган денгизлар,

Тўлқинлар қудратин қайдан олишган?

Нечун порлоқ ёнар тунда юлдузлар,

Нега тонгда улар биздан қочишар?”

 

Оналар кўзёши эмиш денгизлар,

Йиғи, ўксишидан тўлқин қудрати.

Осмонда порлаган сағир юлдузлар,

Фарзанддан ажраган она ҳасрати.

 

“Дада, шамолнинг ҳам борми ўз уйи,

Нега у сандироқ кезади ҳар дам?

Заминда майсалар чўзишар бўйин,

Айтингчи, не сабаб ўсаман мен ҳам?”

 

Шамолнинг ватани оналар қалби,

Ҳайқириб чиқади улар кўксидан.

Ҳаётнинг тимсоли майсанинг барги,

Онанг сийнасидан ўсиб чиққансан.

 

“Айтингчи, қуёшнинг қалби оташми,

Тошқин дарёларнинг ёқади кўксин?

қайдан олган экан Тиёншон тошни,

Мағрурликдан осмонни келар ўпгиси?”

 

қўй болам, қийнама, қийнама, бўлди,

Бундай саволларга жавоб керакмас.

Оддий оловдандир қуёшнинг қалби,

Оналар меҳридан  ҳарорати пас.

Маҳмуд Йўлдошев

Муаллиф ҳақида икки оғиз:

Маҳмуд Йўлдошев 1945 йилда Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги Аъламли қишлоғида туғилган. 1966—1971-йилларда Москва давлат педагогика институтида таҳсил олган. “Хотирада сақлаш усуллари”, “Раҳбарлик психологиясида ахлоқ”, “Тасвирий тарғибот усуллари”, сингари психология, “Оилада руҳий муҳит ва унинг тарбияга таъсири”, “Тарбия тасвирлари”, “Жажжи даҳолар тарбияси” каби педагогика, болалар тарбиясига оид ўн саккиздан ортиқ китобларнинг муаллифи.

P.S: ушбу рукнда эълон қилинаётган материаллар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳимояланган. Уни сайтлар, электрон ва босма оммавий ахборот воситаларида чоп этиш ёки бошқа йўсинда фойдаланиш учун муаллифнинг розилигини олиш талаб этилади.


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>