• Бугунги сана: Dushanba, Sentabr 25, 2017

«Azon.uz» — қалбларни уйғоқликка, маърифатга чорловчи лойиҳа

Қурбон ҳайити арафасида ўзбек интернетида яна бир диний-маърифий манба — www.azon.uz номли сайт иш бошлади. Сайтнинг «Азон.уз» деб номланишида ҳам маъно бор. Маълумки, азон Аллоҳнинг тоатига, ибодатига, ҳидоятига, Унинг Даргоҳи олиясига бир чорловдир. Азон Аллоҳ севгисининг танларга нидоси, қалбларга тажаллисидир. Азон дил ва вужуддан шайтонни қувиш имкониятидир.

Азоннинг луғатда яна «билдирув» маъноси ҳам бор: у Аллоҳнинг сиғиниш ва ибодат қилишга сазовор ягона Зот эканини, Муҳаммад алайҳиссаломни бутун инсониятга юборилган охирги ҳақ пайғамбарликларини, динимизнинг бутун дунёда мислсиз адолат ва ҳурриятни жорий қилиш дини эканини, Қуръон ва суннатни ўрганиб, иймон ва куфрни, яхши ва ёмонни, ҳалол ва ҳаромни фарқлаш зарурлигини, Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби асосида ақида софлиги, дин мусаффолиги йўлида ҳаракат қилиш барча мусулмонлар учун энг тўғри йўл эканини, исломнинг ўз номига муносиб равишда кишиларни адолат, яхшилик, эҳсон, раҳмдиллик, меҳр-шафқат, ўртачалик, мўътадиллик, эзгуликка буюришини, аксинча зулм, истибдод, фасод, ёмонлик, душманлик, бузғунчилик, тажовузкорлик, бидъат-хурофотлардан қайтаришини, солиҳ салафлар, улуғ мужтаҳидлар тажрибасига таянган ҳолда Аллоҳ кўрсатган йўлдан чекинмай юриш, уларга эргашиш, турли фирқачилик ва ихтилофларга берилмаслик, аксинча диний биродарлик ва ўзаро ҳамжиҳатликни жорий этиш заруриятини, жамиятдаги барча инсонларнинг асосий ҳақ-ҳуқуқларини – ҳаёт кечириш, обрў ва ҳурматини сақлаш, эътиқод ва дин танлаш, тафаккур ва изланиш, илм олиш, мулкчилик ва мулкни сақлаш, хавфдан омонда бўлиш, ҳалол меҳнат қилиш, барча башар билан тенглик, туғилгандан бошлаб ҳур, озод бўлиш, одил судлов, эркин сафар қилиш ва кўчиш, уйланиш ва оила қуриш, хатоларни ислоҳ қилиш, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш ҳуқуқларини билдиришдир.

Бундан ташқари, «Азон» – динимизнинг мусулмонлар уёқда турсин, ҳатто ўзга дин, эътиқод ва миллат вакилларига мурувватни, халқ ўртасида тенглик, аҳиллик, ўзаро ҳурматни тарғиб қилишини, аёллар шаънини кўтаришини, динимизнинг инсоният ҳаёт тарзини белгилаб берадиган, уни ахлоқ қоидалари билан иҳоталайдиган, барча ёмонлик-гуноҳлардан муҳофаза қиладиган, фақат эзгулик, яхшилик, солиҳ амалларга даъват этадиган, илоҳий адолатни таклиф этадиган сўнгги Ҳақ дин эканини билдиришдир. Айнан мана шулар сайт фаолиятининг асосини ташкил этади.

Маълумингизким, XXI аср шароитида бутун дунёда мувозанат бузилган ва дунё иккига бўлиниб қолган. Бир томонда кўринишидан ҳавас қилса арзигулик Ғарбнинг ривожланган давлатлари, иккинчи томонда қашшоқ ва аксарияти мусулмон халқлар. Холис одамда ҳақли тасаввур уйғонмоқдаки, қашшоқликка ёхуд ривожланишдан орқада қолишга асосий тўсиқ бу — исломдек гўё. Чунки қаерда мусулмон бўлса, ана шу ерда жанжал-тўполон, қашшоқлик, ваҳшийлик, бир сўз билан айтганда, нотинчлик ҳукм сураётгандек. Аммо дунёдаги жараёнларга бир бош юқоридан назар ташлай олган ҳар қандай инсон яхши тушунадики, XXI асрга келиб илмдан узоқлашиш оқибатида мусулмон халқлар турли сиёсий ўйинларнинг қурбонига айланди ва у жамиятлар парокандаликка юз тутди.

Аслини олганда, илоҳий қонуниятлари диний ва дунёвий илмларни ўрганмоқни уларнинг елкасига мажбурият ўлароқ юклаган мусулмон халқлар бу масъулиятнинг моҳиятини тўлиқ англаб етган вақтларида маърифат ва тараққиётда бутун дунёга ўрнак бўлган эдилар. Минг афсуски, у вақтлар ортда қолди. Воқелик шуни кўрсатадики, Ислом олами дунёдаги ўзининг аввалги мавқеини тиклаш, аввалгидек тараққий этган халқлар сафига қайтиш учун илм олиш мажбуриятини яхшироқ англаб етиш орқали ўз ҳаётида янги бурилиш ясашга муҳтож! Таъкидлаш жоизки, аксари мусулмон бўлган халқ ўлароқ мустақил Ўзбекистон ҳам бу заруратдан мустасно эмас. Тўғри, ёш бўлишимизга қарамай дунёда ўз ўрнимизга эгамиз. Аммо бу ўриннинг бошқа халқларга нисбатан қанчалар оғир тош босиши ҳаммамизга аён. Тарихан минглаб асрларга туташ, ҳудуд нуқтаи назаридан эндигина 26 ёшга тўлаётган бу юрт ҳам дунёда ўз сўзини айтиши, жаҳонда бўлаётган жараёнларга муносиб жавоб бериши, унинг ажралмас бўлагига айланиши ва дунё тамаддунига ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшмоғи даркор.

Бундай мақсадларни амалга ошириш учун ўзбек халқида, аввало, мустаҳкам иммунитет ҳосил қилиш керак бўлади. Чунки юқорида таъкидлаганимиздек, халқларнинг парокандаликка учрашига асосий сабаб бу уларда таҳдидларга жавоб бериш учун етарли иммунитет мавжуд бўлмаганлиги, бу эса ўз навбатида илмсизлик оқибатидир. Инсон танаси иммунитетни зарур моддалардан олгани каби, ақл ҳам иммунитетни илм орқали ҳосил қилади. Аллоҳ таоло Зумар сурасининг 9-оятида ҳабибимиз Муҳаммад алайҳиссаломга қарата: «Сен: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!» деб айт», дея марҳамат қилади. Чиндан ҳам илмлилар билан илмсизлар тенг бўла олармиди?! «Azon.uz» лойиҳаси ташаббускорлари ана шу омилни яхши англаган ҳолда, халқимизнинг маънавий-маърифий ҳолатини яхшилаш, илмий салоҳиятини юксалтириш ва дунёда бўлаётган жараёнларга холис муносабат билдириш қобилиятини шакллантиришга ўз ҳиссамизни қўшиш мақсадида мазкур ишга қўл уришганини маълум қилишди.

Муаллифларнинг қайд этишича, ҳозирги кунларда янги ҳукумат бошчилигида қилинаётган ислоҳотлар ва яратилаётган шароитлар ҳам уларга бу лойиҳани амалга оширишга қўшимча туртки бўлган ва натижада «Azon.uz» ахборот-таҳлилий портали дунёга келган. Айниқса, Вазирлар Маҳкамасининг «Интернет жаҳон ахборот тармоғида миллий контентни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори, хусусан, унда кўзда тутилган интернет тармоғидаги ўзбекзабон фойдаланувчиларнинг ислом дини бўйича берадиган саволларига жавоб бериш ва халқнинг диний мавзулардаги эҳтиёжини ишончли манбалар асосида қондиришга оид кўрсатмалар, шунингдек, мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевнинг диний-маданий меросни қайта тиклаш, халқ маърифатини юксалтириш бўйича эълон қилаётган тинимсиз чора-тадбирлари бу лойиҳанинг дунё юзини кўришида ўзига хос аҳамият касб этган.

«Tafsilot.uz» таҳририяти янги ижодий жамоага бошлаган ишлари хайрли, миллат ва умматга манфаатли бўлишини тилаб қолади!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>