• Бугунги сана: Yakshanba, Noyabr 19, 2017

«Аёлларингизни ўзларингизни севгандай севингизлар!»

Маълумки, инсон ўз ҳаётини оиласиз тасаввур қилолмайди ва айнан мана шу оилада у жамият аъзоси сифатида тарбия топади. Оиладаги тарбия муҳити эса оилада аёл ва унга бўлган муомала даражасидан, аёлга муомала мавқеидан бошланади. Шунинг учун ҳам ҳадислардан бирида айнан аёлга муносабат сифатида «Сизларнинг ҳар бирингиз аёлларингизни ўзларингизни севгандай севингизлар» дейилади.

Ушбу ҳадис, жамиятнинг оила деб бошланувчи тушунчасининг асосини ташкил қилувчи фикрлардан бири бўлганлиги учун уни биз атайлаб олдик. Бу иқтибосдаги севги сўзига алоҳида эътибор берилишини истардик. Ҳар бир оилада севги устивор бўлар экан, ўша оилада руҳий муҳит соғлом бўлади ва ушбу оилада юзага келган болаларнинг тарбиясига энг қулай шароит яратилади. Оилага нисбатан бошқа бир алломанинг фикри билан айтганда, фақат севгидангина чиройли ва ақлли болалар туғулади.

Демак, тарбиядан гап очишдан илгари оила ва ундаги руҳий муҳит ҳақида гап юритиш лозим бўлади.

Оила деганда биз қадим-қадимлардан одамлар орасида жуфтлик ҳолатда яшашини ва бу шароитда ушбу оиланинг давомчилари, фарзандларнинг дунёга келишини кўзда тутамиз. Аммо замонлар ва жаҳон халқлари орасида бу тушунчага ҳар хил қарашлар бўлган

Жумладан, кўпхотинлик ва кўпэрлик оилалар, кўпфарзандлилик ва туғулган фарзандни оиладан ташқарида тарбиялаш, туғилган фарзанднинг жинсига қараб унга муносабатда бўлиш ҳоллари, эр ва хотин томонидан ижтимоий ҳуқуқ ва мажбуриятларни тан олиш ва олмаслик ҳоллари, ҳуқуқ жиҳатидан мустаҳкамланган ва умуман ҳуқуқни тан олмаслик ҳоллари бўлган. Аммо томонлар, яъни эр ва хотиннинг маънавий жуфтлашувидан, уларнинг жамият олдидаги бурчларини қай даражада ўз бўйинларига олишидан ижтимоий етук оила ҳосил бўлган ва улардан пайдо бўлган фарзанд ва унинг тарбияси ушбу оилада шундан кейингина чинакамига юзага келган.

Маънавий жиҳатдан эр ўзини хотинга, хотин эрга яқин тутгандагина оила ҳақиқий маънода юзага келган ва айнан мана шу оилада бола тарбияси руҳий нормал ҳолатда кечади.

Биз бу ҳолда кишиларнинг оила тушунчасидаги табиий-биологик (жисмоний алоқа, бола туғилиши), иқтисодий, ижтимоий (мол-мулк, уй рўзғор ва бошқа), ҳуқуқий (никоҳнинг ўз замони талабидаги қонунийлиги) томонларини инкор қилмаймиз. Оиланинг бу томонлари ҳам унинг руҳий муҳитига жиддий таъсир қилади.

Биз ҳаётимизда оламшумул воқеалар гувоҳи бўлмоқдамиз. Шарқ ўз урф-одатларини, анъаналарини, қадриятларини ва шулар ичида энг нозик бўлмиш тарбия тамойилларини ҳам асримиз талаблари даражасида тиклаш жараёнини бошидан кечирмоқда.

Биздаги шарқона оилани 70 йиллик европалаштириш жараёни барҳам топиб, у ўзининг Ғарб оила тушунчасидан ўтган исканжа даврида ҳам ва ҳозирги кунда ҳам фалсафий маънодаги устунлигини исбот қилмоқда. Бунга ўзимизга хос бўлган оила руҳи, ундаги фарзанд тарбия қилиш анъаналари катта ижобий таъсир кўрсатди.

Оилаларимизнинг мустаҳкамлиги, руҳан соғлом ва мўътадиллигининг асосий сабабларидан бири авлодлар силсиласининг, оиладаги тарбия анъаналарининг қадрият сифатида унутилмаслиги эканлиги аён бўлмоқда.

Демак, оила руҳий муҳитига жиддий таъсир қилувчи омиллардан бири оилалардаги авлодларнинг ўзаро, ота-оналарнинг болаларга, болаларнинг ота-оналарга нисбатан муносабатини жиддий инобатга олиш экан.

Биз ҳаммамиз она қорнидалигимиздан бошлаб оила аъзосига айланамиз. Чунки айнан бизни ҳисобга олиб онамизга у пайтларда оғир жисмоний иш қилишга ижозат беришмайди, уларнинг кўнгли истаган нарсани топиб берадилар, овлоқ қолдиришмайди ва ҳоказо… . Айни шуларнинг ўзи эса оилада бола тарбияси бошланди, деган маънони беради.

Демак, оила руҳий муҳити бизнинг дунёга келишимиз борасидаёқ маънавий жиҳатдан эҳтиёт қилинади. Мана шу ва шунга ўхшаш чоралар кўрилган оилада бола туғилиши ўз ўрнида оилани маънан бойитиб, руҳан мўътадиллаштиради. Келгуси фарзандга соғлом оилавий-тарбиявий замин яратилади.

Бу билан демоқчимизки, оилани руҳан мўътадиллаштиришда бола пайдо бўлишини ижобий йўлда қўлласа бўлади. Шунинг учун ҳам бола туғилиши оилани мустаҳкамлайди, деб бекорга айтишмайди.

Оила руҳий муҳитини соғломлаштиришдаги бу биргина мисолни келтирар эканмиз, оила учун, унинг аъзоларининг инсонийлик фазилатлари учун, маънан соғломлашуви учун энг қадимий ва энг сирли табиий – биологик, яъни жинсий қўшилиш ва натижада насл қолдиришнинг маънавиятга таъсирини кўрсатдик холос.

Юқорида айтганимиздек, фақат маънавият кучли оиладагина руҳий муҳит соғлом бўлади. Оила аъзоларида қанчалик бир-бирларига ҳурмат, бир-бирларини тушуниш ва ўзаро ҳамдамлик ва ҳамжиҳатлик кучли бўлса, ҳамма ҳаракат, истак ва иштиёқларида муҳаббат устиворлик қилса, оилавий руҳий муҳит соғломлашиб боради. Аммо маънавиятга дарз кетар экан (бу ҳол ниҳоятда кўпқиррали ва кўпкўринишли бўлади), оила руҳий муҳити инқироз томонга юз тутади.

Tafsilot.uz сайтида эълон қилинадиган туркум мақолаларимизда айнан мана шу оила руҳий муҳитига ижобий ёки салбий таъсир қилувчи қирралар ва кўринишларга, оилада бола тарбияси ҳақида атрофлича тўхталамиз.

Биз юқорида суҳбатимизни «ўзларингизни севгандай севингизлар», деб бошлаган бўлсак ҳам, муҳаббат мавзусини сал кенгроқ олиб икки жинс, икки шахс орасидаги муносабат сифатида орқароққа сурмоқчимиз. Ва шу билан бирга суҳбатимизни оиладаги фарзандга бўлган муҳаббатдан бошламоқчимиз ва ушбу фарзанд туғилиши ва унинг тарбиясига бағишлаймиз. Бу рамзий фарзандни вояга етказиб, севги ёшига олиб бориб ва ўша пайтда севги муҳаббат мавзусини бошласак маъқул бўлар деган умиддамиз. Шундагина ёш ўқувчиларимиз маънан муҳаббат мавзусига пайдар-пай тайёрланадилар.

Рамзий қилиб айтганда, оила тушунчаси Шарқда моддий томонларини йўқотмаган ҳолда биринчи ўринда маънавий бўлиб Саъдийнинг «Агар кўнглимни шод этса, ўшал Шерозни жонони, қаро холига бахш этгум, Самарқанду Бухорони…» сатрларига ҳамоҳанг турган.

Аммо биз бу тушунчани қизил империянинг бутун умри давомида моддийлаштиришга уриндик ва яна бир Шарқ мутафаккирининг ҳазиломуз ёзган қуйидаги сатрларига тенглаштиришга ҳаракат қилдик.

 «Хуросонлик каби берсанг менга бир коса буғрони,

Анинг ҳидига бахш этгум Самарқанду Бухорони…».

Буюк Шарқнинг буюклиги шунда бўлиб чиқмоқдаки, шарқликлар оила, оиладаги тарбия тамойилларини, оила руҳий муҳитини сақлаб қолишда ҳеч қачон майдалашиб ва моддийлашиб «бир коса буғро» мавқеига тушмаганлар.

Шундай қилиб келгуси суҳбатларимиз маънавий соҳада, оила ва ундаги фарзанд тарбияси, фарзандга муҳаббат ҳақида бўлади.

Маҳмуд Йўлдошев,

психология фанлари номзоди

Муаллиф ҳақида икки оғиз:

Маҳмуд Йўлдошев 1945 йилда Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги Аъламли қишлоғида туғилган. 1966—1971-йилларда Москва давлат педагогика институтида таҳсил олган. “Хотирада сақлаш усуллари”, “Раҳбарлик психологиясида ахлоқ”, “Тасвирий тарғибот усуллари”, сингари психология, “Оилада руҳий муҳит ва унинг тарбияга таъсири”, “Тарбия тасвирлари”, “Жажжи даҳолар тарбияси” каби педагогика, болалар тарбиясига оид ўн саккиздан ортиқ китобларнинг муаллифи.

P.S: ушбу рукнда эълон қилинаётган материаллар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳимояланган. Уни сайтлар, электрон ва босма оммавий ахборот воситаларида чоп этиш ёки бошқа йўсинда фойдаланиш учун муаллифнинг розилигини олиш талаб этилади.

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>