• Бугунги сана: Juma, Dekabr 15, 2017

Ахборот хуружларидан мақсад психологик урушми?

Бугунги алғов-далғов дунёда нималарни ўйлаб топишмаяпти, дейсиз. Турли халқларни ўз миллий ва маънавий қадриятларидан айириш учун «оммавий маданият»ни, давлатларни ва халқларни бир-бирига ёв қилиб кўрсатиш учун ахборот хуружларини, динлар ўртасида низоларни кучайтириб ғаразли мақсадга эришиш учун исломофобияни, бир давлатнинг ёки халқнинг танобини тортиб қўйиш учун санк­ция ҳамда иқтисодий қамалларни, иқтисодий ва геосиёсий манфаатлар йўлида бировларни ўз йўриғига юритишни, миллионлаб гектар майдонларда йиртқич ҳайвонларнинг йиртқичлигини томоша қилишнинг гашти деб миллионлаб одамларни очликка гирифтор қилишни, миллионлаб гўдаклар, аёллар ва қарияларни ўлдириш ҳисобига дунёга ҳукмронликни даъво қилишни, беҳисоб бойликларни очларга бериш ўрнига ахлоқий бузуқликка сарфлашни, инсониятнинг ўтмишини ўрганиш ва хулоса чиқариш ўрнига тезроқ келажакка чоҳ қазишни ўйлаб топишди. Баъзан ўйланиб қоласиз: наҳотки, инсонларнинг Яратганга хиёнати шу даражада чексиз бўлса?!

Ана шу хиёнатни тарғиб этишда бугунги кунда оммавий ахборот воситаларига етадиган куч йўқ. Шайтоний васваса тобора турли телеканалларни эгаллаб боряпти.  Айтишларича, интернет васваса қўзғашда аллақачон телевидениедан ўтиб кетган.

Доим кузатиб бораётганим учун бўлса керак, ахборот хуружларидан кўзланган мақсадни тез англайдиган бўлиб қолибман. Ҳозир мусулмонлар фалонча христианни ўлдирди, деган хабарни деярли ҳар куни эшитамиз. Дикторлар ёки бошловчилар буни оғизларидан бол томиб айтишади. Хўш, нега, нима сабабдан, қандай вазиятдан келиб чиқиб, бунинг замирида нима ётибди – булар ҳақида ҳеч гап йўқ. Мусулмон христианни ўлдирди – тамом-вассалом. Кўп йиллик кузатишларим жараёнида ҳали бирон марта христиан мусулмонни ўлдирганлиги ҳақидаги хабарни эшитмадим, шу жумладан, «Евроньюс»да ҳам, Россия телеканалларида ҳам. Эҳтимол, Афғонистонда, Сурияда, Ироқда, Ливияда, Фаластинда ўлдирилган ўн минглаб, юз минглаб мусулмонларнинг қотиллари умуман динсизлардир. Демократия даҳоларига берадиган саволимиз шуки, жаноблар, нега мусулмон жиноятчиларнинг динини айтасизлар-у, бошқа жиноятчиларнинг динини айтмайсизлар?!

Албатта, бундай айирмачиликдан кўзланган мақсад – бузғунчилик. Бундай ахборот хуружи мусулмонларга қарши психологик уруш бошлаш учун туртки беради. Бундан кўра, турли дин вакиллари ўртасидаги қарама-қаршиликни муроса ва мулоқот йўли билан бартараф этиб, давлатлар ва халқлар ўртасида тотувликни таъминлаб, диний бағрикенгликни вужудга келтирган маъқул эмасми?! Ёки ахборот хуружларини ўйлаб топган популистлар учун бунинг «қизиғи» йўқми?! Э, ҳа, ўч олиш учун ўзаро хунрезлик бошланганида улар «ҳузур» қилишса керак!.. Бундай мудҳиш манзарани кейинги йилларда Осиё ва Африкадаги бир қанча давлатларда кўрдик. Буни ҳозир ҳам кўриб турибмиз.

Ўзларининг кимлигини ва нималарга қодирлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлаётган бузғунчиларга айтадиган гапимиз шуки, ўт билан ўйнашманг, жаноб популистлар, бугун ер юзидаги мусулмонлар билан христианлар сони тенг, уларни бир-бирига қарши қайраш дунёни остин-устин қилиб юборади. Ҳозирча ҳаётнинг «оммавий маданият» деган ниқоб остида ишлаб чиқилган сунъий стандартлари, жаҳонга ҳукмронлик қилишнинг бир қутбли қонуниятлари, бутун инсониятни бошқаришни бир қолипга солишнинг имкониятлари устувор кучга эга бўлмаганлиги боис битта диннинг устунлигига эришиш йўлидаги хуружлар ҳам самарасиздир. Яхшиси, дунё миқёсидаги диний бағрикенгликни таъминлаш орқали тинчликни сақлашдек улуғвор ишга биргаликда ҳисса қўшиш зарур.

Россияда Дмитрий Киселёв деган бир ҳамкасбим бор. У сўз эркинлиги ҳақида жуда чиройли гапиради, ўзининг ҳар бир фикрини амалда сўз эркинлигининг тимсоли деб билади. Мен уни кўп йил кузатдим. Унинг фикрича, фақат рус журналистларигина ҳақиқатни гапиришади. Баъзан кўрсатувларни кўриб ўтириб, унга қўнғироқ қилгим келиб қолади. Афсус, менда унинг телефони йўқ.

Бир неча мисоллар келтирмасам бўлмайди. 2013 йилнинг январь ойи. «Мир» телеканали Фарғонанинг «Сўх»ида минглаб ўзбеклар қирғизларга ҳужум қилди, деган хабар тарқатди. Қалбга ғулғула тушди. Эртасига ўзбеклар Боткенга борадиган йўлни эгаллаб, бутун бир вилоятда яшайдиган қирғиз аҳолисини озиқ-овқатсиз қолдирди, деган хабар берилди. Бир неча кундан кейин маълум бўлдики, буларнинг ҳаммаси ёлғон хабарлар экан.

Евгений Сатановский деган сиёсатшунос тез-тез деярли барча телеканалларда чиқиб туради. У бирон марта Ўзбекистонни ва ўзбекларни тилга олмаса, кўнгли жо­йига тушмайди. Унинг фикрича, агар 1979 йилда собиқ СССР Афғонистонга бостириб кирмаганида ким билади дейсиз, ҳозир Ўзбекистон қандайдир диний-экстремистик гуруҳлар қўлида бўлармиди?.. Ўзбекистонга бугунги кунда ҳам шундай хавф бор, дейди жаноб Сатановский. Негадир бу одам нуқул бизнинг хавфсизлигимиз ҳақида қайғуради, бироқ Россиянинг хавфсизлиги ҳақида лом-мим демайди. Эҳтимол, у айнан ҳақиқатнинг ўзини гапиришни Киселёвдан ўргангандир.

Умуман, Киселёв, Соловьев, Кондрашов, Бабаян каби «асл» ҳақиқатчиларнинг сўзларини эшитсангиз яқин ўтмишни ва бугунги дунёни бир томонлама тушунасиз. Уларнинг ҳақиқатларича, генерал Скобелев Фарғона водийсида битта ҳам одамни ўлдирмай миллий қаҳрамон бўлган, 1979 йилда Афғонистонга руслар эмас, балки ўзбеклар, тожиклар ва туркманлардан иборат батальонлар бостириб кирган, Иккинчи жаҳон урушидан олдин собиқ СССР Польшада қатағон ўтказмаган, ўттизинчи йилларда Кавказда ва бошқа миллий республикаларда ўтказилган қатағонлар учун биргина грузин Сталин айбдор. Югославия бўлиниб кетиши жараёнида Боснияда бир неча юз минг мусулмоннинг қирилиб кетишида серблар мутлақо айбдор эмас. Украинадаги ҳозирги вазият учун фақатгина украин миллатчилари айбдор, толибон, «Ислом давлати» жангарилари ва бошқа жанговар диний гуруҳлар Россияга ёки Кавказга эмас, балки айнан Ўзбекистон билан Тожикистонга хавф соляпти, мабодо хавф туғилиб қолса, Ўзбекистон кимдан ёрдам сўрайди?..

Бундай фикрлар кун-у тун одамлар онгига сингдириляпти. Аслида ахборот хуружлари деганлари шу. Биз одамларни чалғитаётган ва қандайдир мақсадлар-у манфаатлар кўзланган фикрларнинг бир қисмини бердик, холос. Бундай фикрларни тасдиқлайдиган экспертлар студияларда ҳамиша ҳозир-у нозир. Энг ҳайратланарлиси шундаки, экспертларнинг ҳар бири сўзидан миллатчилик руҳи уфуриб туради. Илдизи бир, дини бир, урф-одатлари бир миллатлар вакиллари бир-бирларини «бендерачилар» ва «маскаллар» дейишлари тобора кучайиб боряпти. Бир-бирларига қарши тарғибот-ташвиқот ишларига берилиб кетган журналистлар ва экспертлар бундай жазаванинг оқибатини мутлақо ўйлашмаяпти.

Юқоридаги фикрларни мен россиялик айрим ҳамкасб­ларимни танқид қилиш ёки тартибга чақириш мақсадида эмас, балки ҳушёрликка ва холисликка даъват этиш ниятида айтдим. Ҳар бир миллат ўзини бошқаларни камситиш ҳисобига улуғламаслиги керак. Мисол керак бўлса, яна айтай. Ўтган йилнинг ёзида «Мир» телеканали ўзбекларга маданиятсиз ва тарбиясиз деган тамғаларни босиб, кўрсатув берганлиги ҳақида «Ҳидоят» журналининг 2014 йил октябрь ойидаги сонида чиқиш қилдим. Биз жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган халқмиз. Аслида гап унда ҳам эмас. Ҳар қандай кам сонли кичик миллат ҳам ўзини буюк ҳисоблайди. Буюклик куч-қудрат ва бойлик билан ҳам ўлчанмайди. Ўйлаб кўринг, айтайлик, нега араблар ёки инглизлар ҳадеб ўзларининг буюкликларини даъво қилишавермайди. Менинг мулоҳазаларим дўстона ва самимий, буни россиялик ҳамкасбларим тўғри қабул қилишади, деган умиддаман.

Ахборот хуружлари ҳақида гап борганида тарафкашлик тенденцияси хусусида тўхталиб ўтмасак бўлмайди. Биласиз, 1991 йилгача жаҳонда бир-бири билан муроса қила олмайдиган иккита катта куч бор эди. Ҳар икки томоннинг розилиги билан «нейтрал» бўлиб олган уч-тўртта мамлакатни ҳисобга олмаганда бошқа барча давлатлар иккига бўлиниб қолган эди. Энг муҳими, дин, миллат ва тузумнинг аҳамияти йўқ эди. Битта кучга ўзларини атеист деб атовчи динсизлар, иккинчи кучга демократлар раҳбарлик қиларди. Динсизлар гуруҳида ҳатто мусулмон мамлакатлар ҳам бор эди.

Қандай қилиб бўлмасин, бутун дунёга ҳукмронлик қилиш ҳар иккала кучнинг асосий мақсади эди. Ўша пайтда ҳар иккала кучда ахборотнинг бутун куч-қудрати бир мақсадга, яъни бир-бирига тамға босишга ва туҳмат уюштиришга, бир-бирини ёмонотлиқ қилишга, ахборотдан диверсия ва бузғунчилик мақсадларида фойдаланишга қаратилган эди. Аслида психологик урушлар ўша пайт­да авж олган эди. Биз, журналистлар битта кучнинг вакили сифатида иккинчи томонга тош отишда фаол қатнашар эдик. Борди-ю, шундай қилмасак, бизга хиёнатчи тамғаси босиларди.

Ана шу иккита кучдан бири – собиқ СССР деган империя ичидан емирилиб, унга мустамлака бўлган республикалар озодликка эришиб, унга сателлит бўлган давлатлар ўз ҳолига ташлаб қўйилганидан кейин иккита катта кучнинг ўзаро рақобатига ҳожат қолмади. Мағлубиятга учраган куч ғолиб кучга нисбатан муроса ва мулоқот йўлини танлади. Динсизлик бутунлай кун тартибидан олиб ташланди. Атеизмдан воз кечиб, демократлар сафини тўлдирган давлатлар энди ғолиб кучнинг бағридан паноҳ топдилар. Гўё сокинлик қарор топгандай бўлди. Озодлик ва ҳақ-ҳуқуқ борасидаги ички низоларни ҳисобга олмаганда жаҳон халқлари ўн йилдан кўпроқ вақт ана шундай сокинлик оғушида яшагандай бўлдилар.

Бироқ бу жараён узоққа чўзилмади. Қарама-қарши катта кучлар яна жонланиб қолишди. Тарафкашлик тенденцияси яна тиклана бошлади. Бўлиниш очиқ-ойдин кўзга ташланмаса-да, давлатлар ва халқлар ўртасида иккиланиш кучайиб борди. Гап кимнинг кимдан паноҳ излашида эмас, кимнинг қандай тўғри ва холис йўлни танлашида боряпти. Эндиликда катта кучлар олдингидай ядро қуроли билан дағдаға қилишдан кўра ахборот хуружлари ёрдамида психологик урушда ғолиб чиқишни афзал деб билишяпти. Ҳозир кимни тинглашдан кўра кимга ишониш муҳимроқ бўлиб қолди. Кимнинг сайроқилигидан кўра кимнинг холислиги зарурроқ бўлиб қолди. Ким қандай куч ишлатишга қодирлигидан кўра, ким кўпроқ жабрланаётганлиги долзарброқ бўлиб қолди. Ахборот хуружлари тобора авж олиб, бутун инсониятни чалғитаётган бир пайтда буни англаш жуда долзарб.

Илгари битта катта кучнинг паноҳида иккинчи катта кучга қарата тош отиш оддий ҳолат бўлган бўлса, ҳозир холислик ва тўғрилик йўлида қийин аҳволга тушиб қолаётган давлатлар кўпайиб боряпти. Аслида бу дунёнинг ижобий томонга ўзгаришидан дарак. Чунки кўр-кўрона бировни маъқуллаш ёки инкор этиш бошқа-ю, виждон азобида азият чекиш бошқа. Ахборот хуружлари инсонлар руҳиятига қай даражада ёмон таъсир кўрсатмасин, бугунги кунда ҳаммани ташвишлантираётган ҳақиқатлардан кўз юмиб бўлмайди. Ўттиз олти йилдан бери уруш азобини тортаётган Афғонистон халқи энди урушсиз яшашга ҳақли. Уч минг йиллик тарихга эга Фаластин давлати ва унинг халқи энди ҳар қандай камситишлардан ҳимоя қилиниши шарт.

Бугунги инсониятнинг олти минг йиллик тарихи бошланган Ироқ ва Суриянинг азиз тупроғи оёқости қилинишини тўхтатиш зарур. Мусулмон оламида халқ сайлаган Президент, Бош вазир ва бошқа раҳбарларни ҳарбий тўнтариш йўли билан ҳокимиятдан четлатишдек хиёнаткорликни қўллаб-қувватламаслик керак. Шиалар билан сунийлар ўртасига низо уруғини сочиш халқаро жиноят деб баҳоланиши зарур. Давлатлар ҳамда халқлар ўртасида диний ва миллий низо қўзғаш ўта оғир жиноят ҳисобланиб, бунга алоқадор шахслар халқаро судга тортилиши қатъий қилиб қўйилиши шарт.

Урушни аҳоли яшамайдиган очиқ жойларда эмас, балки тинч аҳоли яшайдиган шаҳар ва қишлоқларда олиб бориб, кўпроқ ёш болалар, аёллар ва қарияларнинг ўлимига сабабчи бўлаётганлар ҳарбий жиноятчи мақомида жазоланганлари тақдирдагина бундай хунрезлик барҳам топиши мумкин. Осмондан бомба ёғдириб, ёш болалар, аёллар, ногиронлар ва қарияларни ўлдиришнинг эса террористик хуруждан фарқи йўқ. Битта-иккита одамни ўлдирган террорист шов-шувли судга тортилганидек, осмондан бомба ёғдириб, тинч аҳолига қирон келтираётганлар ҳам жазосиз қолмасликлари керак. Акс ҳолда ўз жонини аяган ҳарбийлар техника ёрдамида тинч аҳолини каламушдек қириб ташлайверадилар.

Афсуски, ҳозир биз айтгандагидек мудҳиш ҳолатлар инсониятни ҳалокат гирдобига тортиб боряпти. Худди ядро урушидек ахборот уруши ҳам дунёни остин-устун қилишга қодир. Ҳозир дунёнинг ҳакамлик калити ваколатсиз, аммо катта кучга эга даҳолар қўлида. Ваколатли ҳакам – БМТ ва унинг хавфсизлик кенгаши эса кучлилар раъйига қарашга мажбур. Шунинг учун Бош ҳакам – БМТ ва унинг Хавфсизлик кенгаши ислоҳ қилинмас экан, бугунги дунёда ҳеч нарса ўзгармайди. Демак, бундан кейин ҳам қарийб етти миллиард аҳоли бир-бирига қарши ахборотлардан боши қотиб, зўрларнинг тегирмон тошидан эзилиб, турли низоларнинг қурбони бўлиб, минглаб одамларни ўлдирганларнинг битта-яримта одам ўлдирганлар устидан чиқарган ҳукмларини демократиянинг ғалабаси деб тушуниб, бир жинсли никоҳларни «оммавий маданият» деб, ахлоқсиз-одобсиз хатти-ҳаракатларни мутлақ эркинлик ифодаси деб юраверади.

Биз бошқаларга йўл кўрсатмоқчи ёки ақл ўргатмоқчи эмасмиз. Бугунги нотинч дунёнинг муаммолари юзасидан ташвиш билдирдик, холос.

Менинг юртим тинч. Демак, танлаган йўлимиз тўғри. Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида давлатимиз раҳбарининг сўзларини эшитиб, ишонч ҳосил қилдимки, бу йўл давом эттирилади. Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий тизимга қўшилмайди. Ўзбекистон ҳудудида четдан ҳеч кимнинг ҳарбий базаси бўлмайди. Ҳарбийларимиз Ўзбекистондан ташқаридаги ҳеч қандай ҳарбий жараёнларда қатнашмайди. Қуролли Кучларимиз ҳар қандай ҳолатда Ватанни ҳимоя қилишга қодир. Ўзбекистон барча қўшни давлатлар билан яхши қўшничилик ҳамда қардошлик алоқаларини сақлаб қолишга катта аҳамият беради.

Демак, ҳар қандай ахборот хуружларига нисбатан огоҳ ва ҳушёр бўлиш билангина бундай улуғвор ишга муносиб ҳисса қўша оламиз.

Иброҳим Норматов,

сиёсий шарҳловчи

Tafsilot.uz маълумоти:

Иброҳим Норматов — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

1943 йили Асака шаҳрида туғилган.

1959—64-йилларда Янгийўл медицина билим юртида таҳсил олган.

1964—1967-йилларда ҳарбий хизматда бўлган;

1967—1988-йилларда “Сирдарё ҳақиқати” газетасида турли лавозимларда фаолият юритган;

1967—1973-йилларда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультети (сиртқи бўлим)да таҳсил олган;

1988—1995-йилларда “Ўзбекистон” радиосида бош директор ўринбосари;

1995—1997-йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Девони етакчи консультанти;

1997—2001-йилларда “Ўзбекистон телерадиокомпанияси” раисининг ўринбосари;

2001—2009-йилларда “Туркистон-пресс” ахборот агентлиги бош директори ўринбосари вазифаларида фаолият юритган.

1997 йили “Ўзбекистон Республикасида  хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони билан тақдирланган.

2002 йили “Йилнинг энг фаол журналисти”, 2004 йили “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловлариида ғолиб бўлган; 2006 йили “Олтин қалам” I миллий мукофоти учун ўтказилган халқаро танловда матбуот йўналиши бўйича ғолибликни қўлга киритган.


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>