• Бугунги сана: Yakshanba, Noyabr 19, 2017

Ахборот уруши қандай олиб борилади?

Ахборот технологиялари ва телекоммуникация воситаларининг юқори суръатларда ривожланиши жамият ва давлат ҳаётида кескин ижобий ўзгаришларнинг юз беришига сабаб бўлиб, инсоният тараққиётини янги босқичга олиб чиқди.

Инсоният ахборот технологиялари ёрдамида маълумотларни тўплаш, қайта ишлаш ва узатиш билан чегараланмай, жамиятда иқтисодий, сиёсий, ҳарбий ва бошқа соҳаларни бошқариш, уларга таъсир этиш ва истиқболини белгилаш имкониятига ҳам эга бўлиб бормоқда.

Бир машҳур америкалик генерал урушга берган тавсифи қуйидагича: «Уруш – вайрон қилиш ва одамларни ўлдиришнинг қонунийлаштирилган усули». Ахборот уруши буюмларни вайрон қилмайди, аммо одамларнинг қалби, онги ва ҳаракатларига таъсир қилади, яъни уларни бошқаради.

Манипуляция, яъни онг бошқарувининг ўзига хос хусусияти нимада? У доимо яширин тарзда амалга оширилади. Агар сизга таъсир ўтказилаётганини тушунсангиз, бу онг бошқаруви эмас. Зеро, онг бошқарувининг асосий мақсади одамларнинг хатти-ҳаракатлари, тафаккури ва онгига таъсир ўтказишдан иборат.

Ахборот уруши – медиаманипуляциянинг энг максимал даражадаги аксидир.

Бундай урушлар қачон юз беради ва уларнинг мақсади нима? Ахборот уруши мақсадлари қуйидагича:

  1. Қарама-қарши томоннинг маънавий-психологик ҳолатига таъсир ўтказиш, яъни уни кучсизлантириб, қаршилик кўрсатиш лаёқатидан маҳрум қилиш, ҳаракатсизлантириш;
  2. Ўз томонига оғдириш.

Одатда, ахборот урушлари давлатлараро низолар оқибатида келиб чиқади (ҳозирда Россия ва Украина (Ғарб давлатлари) орасида кузатилаётган ҳол каби). Ахборот урушлари, шунингдек, ички сиёсатнинг бир бўлаги бўлиши ҳам мумкин. Гап ўткир сиёсий тўқнашув (айниқса, сайловлар вақтида) ёки ўткир сиёсий инқироз ҳақида борганида ахборот уруши вазияти ҳам юзага келади.

Томошабин телевидениеда чет эл сиёсатчилари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кўпинча ёлғон гапиришини билади. Шу сабабдан баъзи чет эл телевидениеси бунга психологик ечим топди ва қуйидаги медиаманипуляция услубларидан фойдаланмоқда:

  1. Жаҳон ахборот маконида муҳим ўрин тутган телеканалларнинг репортажида баъзан маълум махфий маълумотлар мавжудлигини эшитиш мумкин. Нима учун бу шунчалар муҳим? Чунки бунинг ортида яна бир қонуният туради – сирга бўлган интилиш. Баъзи чет эл ОАВлари пардани салгина кўтаради ва ҳақиқатнинг бир четини кўрсатади.

Блогдаги «пайдо бўлиш» – онг бошқарувининг яна бир ажойиб усули. Бизга фикрни охирига етказиш учун майдон очиб берилади. У мазкур ҳодисани биринчи бўлиб топган инсон номи билан «Уэйт зонаси» (ёки «ахборотнинг ёлғон сирқиши») деб аталади. Бизга гўё калаванинг учи кўрсатилади ва уни торт­сак, сирдан воқиф бўладигандек туюлади. Бунда оламни, у ёки бу сиёсий ҳодисаларни тушунтириш учун улкан махфийлик юзага келтирилиб, схемалар қурилади. Кичкинагина унча аҳамиятга эга бўлмаган ишончли, махфий (ҳаммага маълум) маълумот берилганда инсоннинг танқид механизми ўчирилади, ундан кейин бериладиган барча ёлғон маълумотлар тўғридан-тўғри танқидсиз қабул қилина бошлайди. Бундай шахслар, «Ҳа мен чет эл телеканалида кўрдим, ишончим комил, худди шунақа бўлган», деган сўзларни кўп ишлатишади.

Кучли манипуляция стратегияси нима ёрдамида ўтказилади? Энг оддий ва зарурий шарт: буни назорат қилиш даркор. Баъзи хориж телеканалларини ким назорат қилади? Масалан: Россияда энг рейтингбоп каналлар давлатга қарашли. Шунинг учун мамлакатда бошқа давлатларга қараганда мувофиқлаштирилган ахборот сиёсатини олиб бориш, турли фарқларсиз бир сигнални жамиятга юборишдан осони йўқ.

Аммо Украинада бундай иш олиб боришнинг имкони йўқ: каналларнинг эгалари ҳар хил. Ғарбда ҳам бундай иш юритилмайди – у ерда плюрализм мавжуд.

Кун тартибини манипуляция қилиш. Агар шунчаки қизиқиш учун Биринчи канал, «Россия» каналининг таҳлилий дастурларини томоша қилсангиз, Россияда ва бошқа Ғарб давлатлардаги муаммолар, Украинадаги инқироз ва Суриядаги бомбардимонлардан бошқа муаммолар йўқлигини сезасиз. Инфляция, даромадлар камайиши кузатилмайди. Бу эса кун тартибини манипуляция қилиш деб номланади. Бундай онг бошқаруви ортида психологик қонуният яширинган: ҳар биримизнинг миямизга 4-6 тадан ортиқ фикр жойлаша олади (ўта илғорларда – 7-8 та, айримларда эса – атиги 2-3 та).

Шундан келиб чиқиб, баъзи чет эл телеканаллари жамоат кун тартиби, яъни қайси фикрлар бизни банд этиши кераклигини белгилайди.

Баъзи бир давлатлар муаммолари ечимини топиш ва ўз аҳолисининг фикрини якдиллаштириш мақсадида, бошқа бир давлатларнинг умумий душман қиёфасини яратади ва ОАВлари орқали таъсир ўтказади.

Юқоридаги усуллардан фойдаланган ҳолда, оламнинг сурати – ҳақиқат яратилади. Агар биз баъзи чет эл телеканаллари ҳақиқатини қабул қилсак, унга мувофиқ равишда ҳаракат қила бошлаймиз.

Медиаманипуляция мақсади – ҳеч қачон тушуниб ёки оқлаб бўлмайдиган кўплаб ҳаракатлар ва чоралар оқланадиган оламнинг яхлит бир суратини яратишдан иборат.

Нима учун биз оламнинг сурати айнан шундай эканлигига рози бўламиз?

Эҳтимол, доҳиёналик билан бошимизни айлантиришаётгандир ёки биз шунчаки дангасамиз. Бизга фикрларимизга мос келадиган, тасаввурларимизни бузмайдиган олам шакли таклиф қилинса, уни бажонидил қабул қиламиз. Дунёдаги энг қийин иш – бу фикрлаш. Икки соат давомидаги ҳақиқий интеллектуал фаолият юк ташувчининг саккиз соатлик иш кунидаги физиологик сарфларига тенгдир. Шу сабабдан баъзи чет эл такаббур сиёсатчилари ёки айёр журналистларини айблаш ўринли эмас. Айбни биринчи навбатда ўзингиздан қидиринг!

  1. Агар жамият ниманингдир фойдасига танлов амалга оширишини истасангиз, ўша ўта яхши – юмшоқ, ёқимтой, меҳрибон ва тўғри, адолатли ниманидир исботлашингиз мумкин. Ёки бошқа йўлни ҳам тутиш мумкин: танланиши керак бўлмаган бошқа нимадир – ўта даҳшатли эканлигини кўрсатиш. Бу «қўрқитувчи муқобиллик» – ниманингдир салбий қабул қилинишини яратиш деб номланади. У билан боғлиқ даҳшат кўрсатилади – қон, зўравонлик, тартибсизлик. Ўшанда одамлар бунга қарама-қарши нарса учун танлов амалга оширади.

Энди эса бирорта «Х» давлатдаги воқеаларни ёритишда қандай ҳолат устун келаётганини кўринг. Тартибсизликлар, исёнлар, вайронгарчиликлар. «Х» давлатдаги ҳақиқатдан ҳам қонли ҳодисалар юз берган пайтдаги янгиликлардаги дастурларни кўрамиз. Булар олов, ёнаётган шиналар, хавотирли мусиқа садоси остида қочаётган одамлардан иборат жуда тез алмашадиган кадрлар. Буларнинг бари янада кўпроқ драматик таъсир учун қилинади деб ўйларсиз балки. Йўқ, буларнинг ортида жуда катта маъно ётибди – шу пайтда одамларни транс ҳолатига туширишади. Бизнинг танқидий қабул қилиш қобилиятимиз пасайиб, онг остимиз очилади ва тақлид қила бошлаймиз.

Ушбу тафаккурнинг актлари жараёни таъсирида идрок, тафаккур, хотира ва хаёл ишдан чиқиб блокланади, улардаги маълумотларни инсон тўғридан-тўғри қабул қила бошлайди ва мияда қўзғалиш бўлади.

Мисол: «Х» давлатдан олинган репортажларни кўрар эканмиз, аксарият томошабинларда қатъий тушунча ҳосил бўлади: «Х» давлат – бу тартибсизлик. У ҳолда репортаж узатаётган давлатлар-чи? Онг остида бу – тартиб, тинчлик ва барқарорлик устун бўлган давлатлар, деган фикр мавжуд бўла бошлайди.

III. Сизга шунчаки репортажни кўрсатиб, қу­йидагини гапиришади: фалон давлат аҳолиси федераллаштириш учун овоз бермоқда. Бироқ исбот қани? Социология маълумотлари қани? Кўпинча уларнинг кераги ҳам йўқ. Агар ТВ тасдиққа муҳтож бўлса, «рақамлар сеҳри» ва «обрўлилар сеҳри»дан фойдаланади.

«Рақамлар сеҳри» – бу айнан социология маълумотлари. Одамлар рақамларни тасдиқловчи нарса сифатида қабул қилади. Бунда рақамлар аниқ бўлиши керак. Фалон уруш бўлаётган давлатдан 120 минг қочоқ қўшни давлатга боргани ҳақидаги репортаж тайёрланиши (рақамли кўрсаткичлар билан!) Кейинчалик бу ҳодиса ёритилмайди. Эътибор беринг, яхши телемухбир ушбу ҳодисалардан сўнг қочоқларнинг биридан интервью олган бўларди. Бу далил сеҳри деб аталади. Бироқ бунда интервью бўлмаган (қочоқларнинг ўзи ҳам). Шундан сўнг қочоқлар ҳақида ўз-ўзидан гапирилмай қўйилади.

«Обрўлилар сеҳри». Томошабинлар аниқ хулосага келиши учун ТВ экспертларни кўрсатади. Одатда экспертнинг номи ва лавозими қанчалар узун бўлса, у шунчалар нотавон шахсдир. Томошабинлар эса экспертларни маълум бир эзотерик билимнинг сирига эга шахслар сифатида тан олади. Бу ерда бировнинг устидан кулиш ҳам қўл келади. Ҳар доим вазиятни кескинлаштириб, фожиа юзага келтириш тўғри эмас. Орага киноя қўшилса, томошабинда маълумотни танқидий нуқтаи назардан қабул қилиш қобилияти сустлашади.

Медиаманипуляциядан ҳимояланиш усули борми?

  1. Кундалик вазифаларни бажариш вақтини эътиборга олган ҳолда барча шахсий таркиб томонидан Ўзбекистон МТРКнинг «Ахборот», «Таҳлилнома», «Давр» дастурлари, «Ватанпарвар» кўрсатувини ҳамда мустақиллигимизга бағишланган теледастурларни томоша қилиш, республика радиосининг сўнгги янгиликларини тинглашни ташкиллаштириш.

  2. Чет эл босма ва электрон ОАВда Ўзбекистон Республикаси ички ва ташқи сиёсати борасида чал­ғитувчи салбий ахборотлар эълон қилинганда, уларнинг асл моҳиятини очиб беришга қаратилган аксилтарғибот тадбирларини амалга ошириш, кўпроқ Ўзбекистон Республикасининг Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа миллий ахборот ресурсларига таяниш мақсадга мувофиқ.

  3. Чет эл телеканалларини кўраётганда танқидий фикрнинг ёқилиши учун ҳар 10–15 дақиқа диққатни бошқа жисмларга чалғитиб туриш керак. Агар миянгизнинг ушбу ахборот радиациясидан эркин бўлишини истасангиз, шунчаки Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (МТРК)нинг информацион дастурларини томоша қилинг.

  4. Яна бир усул ахборотларни мутолаа қилиш. Ўқиётган пайтда матнни четга суриб, фикрлаш имкониятини яратиш мумкин. Шунда фикрлашнинг танқидий даражаси ёқилади. Баъзи чет эл телеканалларини кўрганда эса, буни амалга ошириш мумкин эмас. Чунки чет эл телевидениеси шахсий иштирок вазиятини яратади.

Ўзбекистоннинг тараққиёт сари дадил одимлаб боришига ҳасад билан боқадиганлар йўқ эмас. Улар юртимизга ахборот хуружлари уюштиришда гоҳ демократия, гоҳо муқаддас динимизни ниқоб қилиб оладилар. Коса тагида нимкоса, деганларидек, асли мақсадлари юрт тинчлигига, эл осойишталигига таҳдид солиш бўлган бундай кимсаларга қарши курашда ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифатни маънавий қалқон қилиб олиш мақсадга мувофиқдир. Чет эл оммавий ахборот воситаларининг таъсирига нисбатан барқарор психологик мутаносибликка эришишнинг йўли ва воситалари кўп. Бунинг учун биринчи галда, табаррук заминимиз – она Ватанимизнинг қадрига етиш лозим. Юрт тупроғи нечоғли табаррук ва азиз эканлигини ёш авлод қалбига буюк аждодларимиз маънавий жасоратини улуғ мерос сифатида сингдириш муҳимдир.

Майор Фарҳод Саиджанов,

Мудофаа вазирлиги катта офицери


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>