• Бугунги сана: Payshanba, Dekabr 14, 2017

Автомобиль. Суд. Отасиз қолган уч бола

Азиз ўқувчим, қуйида ёзмоқчи бўлган воқеа мана неча ойдирки менга тинчлик бермайди. Қонунчиликдаги бўшлиқ, янаям тўғрироғи, ҳуқуқий нормаларни инсон каби мушоҳада юритиб эмас, балки робот сингари қандай ёзилган бўлса, шундайлигича қўллаш қурбони бўлган бир юртдошимизнинг кечмишини баён этиш мақсадида монитор қаршига ўтириб, сўзларни саралаяпман. Воқеани борича ёзаяпманки, зора бу бошқаларга-да сабоқ бўлсин, қайсидир маънода инсонлар тақдирига дохил бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари, хусусан, айрим судьялар Ўзбекистон Республикаси номидан иш кўраётганда, ҳукм чиқараётганда нафақат далиллар, балки мантиққа ҳам таянишсин, деган умидим бор.

Электрон почтага келган хат

Бундан анча олдин электрон почтамга Наманган вилояти, Чортоқ шаҳрида яшовчи юртдошимиз Дилмурод Абдуллаев ёзган бир ариза келиб тушганди. Узунгина мурожаатни бир эмас, икки қайта ўқиб чиқдим, унинг муаллифига қайғудош бўлдим. Аммо ҳис-туйғулар билан иш битармиди, кимнингдир мушкули осон бўлармиди?! Йўқ, албатта.

Муаллифнинг ёзишича, 2009—2011-йиллар давомида, яъни уч йил Россияда ишлаган. Юртга қайтгач, ишлаб топган пулига Наманган вилояти машина бозоридан Чортоқ туманида яшовчи фуқаро Солижон Суннатов (исм-фамилиялар ўзгартирилган)дан “Нексия” русумли автомашинани сотиб олган. 1997 йилда ишлаб чиқарилган машина 7000 АҚШ долларига келишилган.

Мазкур воқеа 2011 йилнинг 4 май куни рўй берган бўлиб, ўшанда автомобиль ўғирланмаган, олиб қочилмаган, қидирувда ёки хатловда бўлмаган, контрабанда орқали республикага олиб келинмаган эди. Ҳар ҳолда машинани техник кўрикдан ўтказган, моторидаги ва бошқа агрегатларидаги рақамлар, давлат белгилари ўзгартирилганини қайд этиб, буни ҳужжат билан тасдиқлаган йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ДЙҲХХ)  органи, олди-сотди шартномасини нотариал тартибда тасдиқлаган нотариусга ишонилса шундай. Бироқ афсуски уларга ҳар доим ҳам ишониб бўлмас экан. Воқеалар ривожи шундан хулоса чиқаришимизга мажбур қилади.

“Нексия” жиноят қуроли эдими?!

Гап шундаки, орадан қанчадир вақт ўтгач, мазкур автомашина жиноят ишлари бўйича Чортоқ туман судининг қарорига кўра жиноят қуроли деб топилади ва мусодара қилинади. Энг қизиғи, автомобилнинг ўша пайтдаги қонуний эгаси Д.Абдуллаев судга умуман чақирилмайди.

Жиноят ишлари бўйича Чортоқ туман судининг 2014 йил 10 февралдаги ажримида қуйидагиларни ўқишимиз мумкин (суд ҳужжати таҳрир қилиб берилмоқда):

“…Солижон Суннатов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2008 йилнинг сентябрь ойларида Қорақалпоғистон Республикасининг Чимбой туманидан қизил раншли, 1997 йилда ишлаб чиқарилган, 550597 двигател рақамли, 009988 кузов рақамли “Нексия” русумли автомашинани сотиб олиб, уни Наманган вилоятига олиб келади. Сўнгра бошқа оқ раншли “Нексия” русумли автомашинанинг кузов ва двигатель рақамларини қўлбола усулда Қорақалпоғистондан олиб келинган “Нексия”нинг агрегат рақамларига ўзгартиради. Табиийки, автомобиль ҳужжатларига ҳам тегишли ўзгартиришлар киритиб, яъни қалбакилаштириб, Чортоқ туманида яшовчи бошқа фуқарога сотиб юбориб, Жиноят кодексининг 228-моддаси 1 ва 3-қисмларида назарда тутилган жиноятларни содир этган…”

Тушунганингиздек, жиноят чиндан содир этилган. Айбдор қонунга мувофиқ тергов ва суд қилинган. Д.Абдуллаевнинг бунга нисбатан ҳеч қандай эътироз йўқ. Унинг тушунмагани жиноят ишини суд қилишда, адолатнинг қарор топиши учун нега судга гувоҳ сифатида чақилмаганидир. Қолаверса, суд ажримида 50L738CA рақамли қиймати 19 млн 609 минг сўмга баҳоланган “Нексия” С.Суннатовнинг айбини тасдиқловчи ашёвий далил деб эътироф этилиб, давлат фойдасига мусодара қилиниши қайд этилиб, автомашининг жиноятга алоқадорлигидан мутлақо бехабар тарзда сотиб олган Д.Абдуллаев кўрган зарарни қоплаш ҳақида лом-мим дейилмаган. Яъни бу масала негадир очиқ қолдирилган.

Баҳсли қарор

Иш ҳужжатлари билан танишиб чиққан Д.Абдуллаев автомашинанинг жиноят воситаси эмас, жиноят қуроли сифатида баҳоланишини баҳсли деб ҳисоблайди.

“Мен сотиб олган автомобиль сохталаштириш жиноятида ушбу жиноят содир этилишини осонлаштирувчи енгиллаштирувчи қурол сифатида фойдаланилган эмас. Маълумки, жиноят содир этилишида унинг содир этилишини осонлаштирувчи, енгиллаштирувчи предметлар жиноят қуроли мумкин, бироқ юқоридаги ҳолатда автомашинага жиноят қуроли сифатида ҳуқуқий баҳо берилиши нотўғри ва асоссиз.

Бундан ташқари, автомашинанинг идентификацион рақамлари сохталаштирилгани ҳолатларида транспорт воситалари давлат фойдасига мусодара этилиши бирор бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатда белгиланмаган ва назарда тутилмаган. Шу боис суднинг автомашинани давлат фойдасига мусодара қилиш ҳақидаги тўхтами ўз ҳолича бўлиб, бирор бир асосга эга эмас. Шунга мувофиқ суд ажримини автомашинани мусодара қилиш қисмини бекор қилиб, автомашинани тегишли тартибда ЙХХТ органларида қайтадан рўйхатдан ўтказиш ва қонуний эгасига қайтариш лозим бўлади. Шу масалада менга амалий ёрдам беришларингизни сўрайман”, — деб ёзади муаллиф.

211-моддани ислоҳ қилиш фурсати етмадими?

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, республикамизда жиноят ишлари бўйича суд иш юритувида жиноят қуроли ва предметини қўлланиши билан боғлиқ жуда кўплаб тушунмовчиликлар, норозиликлар мавжуд. Д.Абдуллаевнинг аризаси ҳам бунга битта мисол. Бунга ўхшаш мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Аммо мақсадимиз бу эмас. Мақсад юқоридаги ҳолатда адолат қарор топган-топмаганига муносабат билдириш, қонунчиликдаги суд амалиёти билан боғлиқ муаммолар ҳақида жамоатчилик фикрини шакллантиришдан иборат.

Келинг, шу ўринда жиноят қонунчилигига бир қур кўз ташласак. Жиноят-процессуал кодексининг 211-моддаси жиноят ишини юритиш тамом бўлганлиги муносабати билан ашёвий далиллар тўғрисида қабул қилинадиган қарорларга бағишланган. Ушбу модданинг 1-бандида қайд этилишича,  жиноят қуроллари, кимга тегишлилигидан қатъи назар, мусодара қилиниши керак ва тегишли муассасаларга топширилади ёки йўқ қилиб юборилади.

Энди савол:

1) Юқоридаги ҳолатда “Нексия” чиндан ҳам жиноят қуроли эдими?

2) Унинг мусодара этилиши машинани қонунда белгиланган тартибда сотиб олган Д.Абдуллаевнинг конституциявий ҳуқуқларини топтамаяптими?

Мазкур масаланинг долзарблиги инобатга олиниб, Олий суд Пленуми томонидан ҳам “Жиноят ишлари бўйича ашёвий далилларга оид қонунчиликни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарор қабул қилинган. Суд амалиётида жиноят ишлари бўйича ашёвий далилларга оид қонунчиликни қўллаш билан боғлиқ масалалар келиб чиққанлиги муносабати билан ҳамда судлар томонидан йўл қўйилаётган хатоларни бартараф этиш мақсадида 2012 йил 13 декабрда қабул қилинган ушбу ҳужжатда суриштирув, дастлабки тергов органлари ва судларнинг эътибори ҳар бир жиноят иши бўйича ашёвий далилларга оид жиноят-процессуал қонуни нормаларига қатъий риоя этилиши зарурлиги таъкидланиб, нималар ашёвий далил деб эътироф этилиши ҳақида батафсил тушунча берилган. Юқоридаги иш юзасидан Жиноят ишлари бўйича Чортоқ туман судининг ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга белгиланган меъёрларга нечоғли амал қилгани ҳақида ҳуқуқшунос-экспертлар, соҳа мутасаддилари баҳо бергани маъқул.

Аммо кези келганда икки оғиз шахсий нуқтаи назаримни баён қилиб ўтмасам бўлмайди. Юқорида ЖПКнинг 211-моддасини қўллаш билан боғлиқ тушунмовчиликлар кўп эканини айтиб ўтдим. Бу фикрни адвокатлар, ҳуқуқшунослар ҳам тасдиқлашади. Назаримда, ушбу моддани қайта кўриб чиқиш фурсати етган. Ўйлайманки, қонунчилик ташаббусига эга органлар бу борада жамоатчилик ўртасида ижтимоий сўров ўтказиб, вазиятга ойдинлик киритишади ва келажакда бундай кўнгилсизликлар содир этилишининг олди олинади.

ДЙҲХХ ходими нега жавобгарликка тортилмади?

Ариза ва суд иши ҳужжатлари билан танишиб чиққанимдан сўнг бир саволга ҳеч жавоб тополмадим. Вазирлар Маҳкамасининг “Автомототранспорт воситаларини сотиб олиш, улардан фойдаланиш ва уларни бошқа шахсга беришни тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори (2006 йил 7 март) билан тасдиқланган “Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида”ги низомга асосан автомототранспорт воситаларини, бошқа шахсга бериш (олди-сотди, алмаштириш, ҳадя этиш, рента) шартномалари нотариуслар томонидан нотариал тартибда тасдиқланиши керак.

Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни нотариал тартибда тасдиқлаш Фуқаролик кодекси, “Нотариат тўғрисида”ги қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади. Нотариуслар автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни тасдиқлашдан аввал уни бошқа шахсга бериш тақиқланмагани ва хатлаб қўйилмаганини текширади.

Автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга бериш шартномалари тасдиқлангунга қадар улар рўйхатга олинган жойдаги ёки битим содир этилган (сотиб олувчининг хоҳишига кўра) жойдаги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ДЙҲХХ) органларида агрегатлар рақамлари рўйхатдан ўтказиш рақамларига мувофиқлиги юзасидан кўздан кечирилади ва буни амалга оширган мансабдор шахснинг фамилияси ҳамда исми ва отаси исмининг бош ҳарфлари, кўздан кечирилган сана кўрсатилган ва мансабдор шахс имзоси қўйилган ҳолда рўйхатдан ўтказиш ҳужжатидаги штамп билан тасдиқланади.

Д.Абдуллаев ушбу процедураларнинг барчасига амал қилган.  Дастлаб Уйчи туман 2-ТРИБ (МРЭО)га чиқиб, у ерда автомашинани ўз номига расмийлаштираётганида Наманган вилояти ЙҲХБ ҳузуридаги 2-ТРИБ ходими “Нексия” русумли автомашинанинг двигатель ва кузов рақамларини кўздан кечириб, қонунбузилиш аниқланмаганини тасдиқлаб ўз имзосини қўйган. Шундан сўнг автомашина шу ерда Д.Абдуллаев номига расмийлаштирилган.

Бироқ орадан икки йил ўтганидан ДЙҲХХ ходимлари келиб автомашинанинг двигатель ва кузов рақамларини қалбакилаштирилган деган важ билан уни жарима майдончасига олиб кетишади. Д.Абдуллаевнинг автомашинани қайта расмийлаштираётганимда 2-ТРИБ ходимлари томонидан ҳеч қандай қалбаки ҳолатлар аниқлашмаган эди-ку дея ёзғирганича қолади.

Мени ажаблантирган нарса шундаки, “Нексия” автомашинасининг идентификация рақамлари қалбакилаштирилган экан, нега унда бу борада жиноят аломатлари йўқлигини тасдиқлаган ДЙҲХХ мансабдорлари жавобгарликка тортилмади. Ҳолбуки, улар зиммасидаги вазифани тўлақонли бажаришганда бир юртдошимиз шунча овора бўлмасди. Улар шунинг учун ойлик олмайдими ахир. Агрегатлар ўзгартирилмаган деб тасдиқлаб бергани учун аслида “Нексия”нинг пулини улардан ундириш керак эди, назаримда.  Агар улар ўз имзолари ва берган ҳужжатлари учун жавоб бермай ҳар сафар сувдан қуруқ чиқиб кетаверса, бу уларнинг жиноятчилар билан тил бириктириши учун катта йўл очиб берилганини англатмайдими?

Алданишдан ҳеч ким кафолатланмаган

Д.Абдуллаев аризасида шундай ёзади:

“…Мен умуман жиноят қилмадим. Балки мени ишончимга кириб, ишончимни суиистеъмол қилиб машинабозорда изғиб юрадиган ўртакаш-даллолларни ёллаб алдаб 7000 доллар пулимни олишди. Алданишдан ҳеч ким кафолатланмаган. Айниқса машина бозорида бунақа учига чиққан фирибгар муттаҳамлар талайгина. Шунга алданиб пулга тушиб қолган одамнинг устидан “сен соддасан, шунга алданасан” дейишса, мен уларга қараб “сенинг алданиб қолмасликдан кафолатинг борми?” дегим келади. Ҳар қандай эҳтиёткор одам ҳам бир кун келиб менга ўхшаб алданиб қолиши мумкин-ку, айниқса, машина бозорида.

Бош урилган идоралар

Ушбу суд процессида тараф ҳам эмаслиги туфайли жабрдийда юқори турувчи судга кассация шикояти беришга ҳақли бўлмаган. Адолат истаб юқори суд инстанциялари ва айрим таҳририятларгагина  ариза билан мурожаат қила олган холос.

Ўзбекистон Республикаси Олий судидан Д.Абдуллаевнинг мурожаати қуйидаги икки энлик жавоб хати келган:

Ғайрат Ҳидоятов,

ЖИБ судлов ҳайъати раиси вазифасини бажарувчи:

Жиноят ишлари бўйича Чортоқ тумани судининг 2014 йил 10 февралдаги ажримига асосан Солижон Суннатов (исм-фамилиялар ўзгартирилган)га нисбатан ЖК 228-моддасининг 1-қисми, 228-моддасининг 3-қисми билан юритилган жиноят иши 2013 йил 12 декабрдаги амнистия актига асосан тугатилган.

Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти суди кассация инстанциясининг 2014 йил 13 майдаги ажрими билан суднинг ажрими бекор қилиниб, жиноят иши қўшича тергов юритиш учун қайтарилган…

2014 йил 8 июл

№13-1840-14

*       *       *

М.Абдураҳмонов,

Наманган вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари, адлия маслаҳатчиси:

Фуқаро Дилмурод Абдуллаевга тегишли бўлган Нексия русумли 50 L 738 СА давлат рақамли транспорт воситасининг кузов ва двигатель блоки рақамлари ўзгартирилгани ҳолати юзасидан 2013 йил 5 декабрда Чортоқ тумани ИИБ ТБ терговчиси А.Икромов томонидан номаълум шахсга нисбатан ЖКнинг 228-моддаси 1-қисми ва 228-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши юзасидан олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари даврида мазкур жиноятни Наманган шаҳрида яшовчи Солижон Суннатов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) содир этгани аниқланган. Жиноят иши 2014 йилнинг 30 январида Сенатнинг 2013 йил 12 декабрдаги “ЎзР Конституцияси қабул қилинганлигининг 21 йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарорининг 6-бандига асосан жиноят ишини тугатиш тўғрисида судга илтимоснома киритилган. Мазкур илтимоснома 2014 йил 10 февралда ЖИБ Чортоқ тумани суди томонидан қаноатлантирилган.

ЖИБ Чортоқ тумани судининг мазкур ажримига 2014 йил 5 майда вилоят прокурори томонидан назорат тартибида кассация протести келтирилган.

2014 йил 13 майда мазкур протест қаноатлантирилиб, жиноят ишлари бўйича вилоят судининг кассация инстанцияси ажримига асосан жиноят иши қўшимча терговга қайтарилган.

Жиноят иши 2014 йил 2 июнда туман ИИБ ТБ терговчиси А.Икромов томонидан иш юритувга олиниб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Ўтказилган қўшимча тергов ҳаракатлари натижасига кўра ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми “в” банди, 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандларида кўрсатилган жиноятни содир этган С.Суннатов, ЖКнинг 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандларида кўрсатилган жиноятни содир этган Т.Тожихонов, ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми “в” банди, 228-моддаси 3-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган Ф.Беғамов, ЖКнинг 209-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган А.Алексеевларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2013 йил 12 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 21 йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарорининг 6-бандига асосан жиноят ишини тугатиш тўғрисида судга илтимоснома киритилди.

Бундан ташқари, фуқаровий даъвогар деб эътироф этилган Д.Абдуллаевга етказилган 19 млн. 609 минг сўмлик зарарни ундириш тўғрисида ФИБ Янгиқўрғон туманлараро судига даъво аризаси киритилди.

2014 йил 30 июл

№16-16-14

Лирик чекиниш

Тошларга сўйладим армонларимни,

Оғриқдан инграниб тошлар гуллади.

Тогларга сўйладим аламларимни,

Ўкириб-ўкириб тоғлар йиғлади.

 

Осмонга сўйладим юрак дардимни,

Осмон қулаб бошимга тушди.

Одамга сўйладим ҳасратларимни,

Тошюрак одамдан садо чиқмади.

Мудҳиш хабар

Д.Абдуллаевга қўлимдан келганча маслаҳат бергандим ўшанда. Вақт ўтиб, унинг аризаси эсимдан ҳам чиқиб кетибди. Қайсидир куни электрон почтамни тартибга келтираётиб, ўша хатга кўзим тушиб қолди. Дилмурод ака билан боғланиб, муаммоси ҳал бўлган-бўлмаганини билгим келди. Афсуски, телефон рақамини сақлаб қўймаган эканман.

Наманганлик танишларнинг ёрдами билан у кишининг қариндошининг телефон рақамини топдим. Ўзимни таништириб, ака қайси телефондалигини сўрадим. Берилган жавобни эшитиб, устимдан бир сатил муздай сув қуйилгандай бўлди.

Дилмурод Абдуллаев адолатни қарор топтириш учун икки йил югурибди. Гарчи айтарли натижа бўлмаса ҳам умидини узмай ҳаракатдан тўхтамабди. Сендан ҳаракат деган экан худойим. Саъй-ҳаракатлари изсиз кетмай ниҳоят у кутган кунлар ҳам келади. Қаерга, кимга ёзган аризаси фойда берганини билмайди, аммо фуқаролик ишлари бўйича судда унинг иши кўриб чиқилиб, фуқаро С.Солижоновдан Д.Абдуллаев фойдасига етказилган 19 млн. 609 минг сўмлик зарарни ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарилади. Аммо…

Аммо икки йилдан ортиқ югур-югур, изтиробоқибатими ёки ҳақиқат қарор топганидан қувониб кетганиданми, буниси менга қоронғи, хуллас, Дилмурод ака қирққа ҳам тўлмай омонатларини топширибдилар. Ортида бўтадай бўзлаб аёли, уч норасида фарзанди қолибди. Айниқса, кенжаси отасининг вафотидан кейин туғилганини эшитиб бўғзимга нимадир тиқилди. Машинанинг-ку пули ниҳоят тўланибди. Бунинг учун бир киши ўлиши шартмиди?!

Инсонлар тақдирига масъул имзо соҳибларига сабоқ бўлсин деб буларни қораладим.

Бўлди, бошқа ёзолмайман.

Адҳам Ўрол ўғли

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Абдирашид Жавоб бериш
    2 yil олдин

    Аввало, нотариал асосда ДАН оркали сотиб олинган автомобил учун шунча югур-югур нафакат, конун,балки уни куллаш,айбсиз одамни сарсон қилиниши,аслида қурбон қилиниши чин инсонлк фожиамиздир.Даьвогар ким ўзи, ким жиноатчи, моддий зарар қопланибди, лекин маьнавий зарарни ким қоплайди? Бир одамни икки йил югургириб, ҳаётига зомин бўлганларга ЎЗИнинг жазоси бордир….
    «Булди, бошка ёзолмайман»- дебсиз Адхамжон. Демак яхши одам экансиз. Хеч бўлмаса Сиз сог бўлинг, йуксилларни химоянгизга олиб турасиз. Биз эса одамларга лоқайдлик касалидан қутулишимиз даркор экан. Соткин ва хоиндан қўрқмаслик кераклиги, лоқайд, эьтиборсизлардан қўрқиш кераклиги хак гап эканлигини ўкдим. Сабок учун рахмат Адхамжон ука.

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>