• Бугунги сана: Wednesday, January 18, 2017

Автомашина «савдо»си уч юздан ортиқ кишини «савдойи» қилаёзди

avtomashina-savdosi

Жиноятнинг катта-кичиги йўқ. Ижтимоий хавфлилик даражаси бор. Қуйидаги жиноят иши натижасида жамиятимизнинг турли қатламига мансуб жами 360 нафар фуқаро жабр кўрди. Уларнинг 4 млн. 830 минг доллар, 1 млрд. 470 млн. сўм маблағи фирибгарлик йўли билан талон-торож қилинган. Келинг, бу ҳақда батафсилроқ тўхталамиз.

Умар Эшмуҳамедов бирор кишининг ишончига кириш осон эмаслигини яхши тушунарди. Шу боис танишлари – «Ҳамкорбанк»нинг Тошкент шаҳар филиали «Фронт офис» бўлими 2-тоифали менежери Маҳмуд Эгамназаров, бўлим бошлиғи Салом Акбаров, банк бошқарувчиси Назир Мўминов ҳамда фуқаролар Эрмат Абдуллаев ва Кимсан Жетибоевларни машҳур ресторанлардан бирига чақирди. Маслаҳат узоққа чўзилмади. Банк ходимларининг пул билан муомалада катта тажрибага эга экани эътиборга олинди. Уларга амалга ошириладиган ишнинг майда-чуйдасигача тушунтиришнинг ҳожати йўқ эди. Олдинда профессионал шахслардан иборат гуруҳга бирлашиш, пирамида шаклида кенгайиш, кичикроқ гуруҳларни вужудга келтириш вазифаси турарди. Уюшган гуруҳ ичида темир интизом ўрнатилиши, ҳамма ўз вази­фасини соат мурвати каби аниқ бажариши тушунтирилди. Бунга барча рози бўлди. Чунки кутилаётган мўмай даромад ҳамманинг бошини айлантириб қўйганди. Бунинг учун одамларни ишонтириш, улар орасида шов-шув қўзғаш лозим. Шу боис қўшимча куч, восита, янги-янги одамлар зарур бўлаётганди.

Режалаштирилган фаолиятни тезда амалга ошириш ва мўмайгина бойлик орттириш мақсадида У.Эшмуҳамедов ташкил этилган жиноий уюшмага раҳбарликни ўз зиммасига олди. Ғоя муаллифи экани, бошқаларни уюштира олиш қобилияти борлиги эътиборга олиниб, бошқалар бунга рози бўлишди. Қолганлар турли вазифаларга тайинланди.

Иш кўламини кенгайтириш режаси мураккаб бўлиб, дастлаб тадбиркорлик субъекти сифатида танилиш зарур эди. Лекин фирма сохта бўлиши, савдо билан рухсатнома олмасдан шуғулланиши, жиноий даромадлар қонунийдек кўрсатилиши талаб этилаётганди.

У.Эшмуҳамедов режага асосан уюшма таркибидаги гуруҳга итоаткор, топшириқ­ларни сўзсиз бажариши кўзда тутилган шахсларни жалб қилиб, аввал уларга бозордагидан бироз арзон нархда «ЎзДЭУавто» заводида ишлаб чиқарилган енгил машиналарни олиб бериб, шу орқали гуруҳ аъзоларининг яқин қариндошлари, қўни-қўшни ва таниш-билишларини қизиқтириш ва «тузоқ»қа туширишни кўзлаганди. Аслида эса ушбу фуқароларга сохта олди-сотди шартномалари ва тўлов чипталарини тақдим этган ҳолда жуда кўп миқдордаги маблағларини қўлга киритиш мўлжалланганди.

Иш қизиб кетди. У.Эшмуҳамедов режани амалга ошириш узоққа чўзилган тақдирда жабр кўрган фуқаролар билан низо келиб чиқиши, бу эса жиноий уюшма фаолиятининг фош этилишига сабаб бўлишини яхши англарди. Шунинг учун вақтдан ютишга киришилди. Тезда уюшманинг М.Эгамназаров раҳбарлик қилган жиноий гуруҳига 30 дан ортиқ фуқаро бириктирилди. Раҳбар уюшманинг бўлинмалари ҳисобланган гуруҳлар ўртасидаги ролларни уларнинг жиноий фаолияти йўналишларига қараб аниқ тақсимлаб берди. Ҳар бир гуруҳга иерархик тузилма асосида ишончли одамлар орасидан раҳбар тайинлади. Қаттиқ назорат ўрнатиб, ишни мувофиқлаштириб борди.

М.Эгамназаров раҳбарлигидаги 10 нафар ҳамда С.Акбаров раҳбарлигидаги 9 кишидан иборат гуруҳ республика ҳудудида истиқомат қилаётган ва автомашина сотиб олиш истагида бўлган фуқароларни қизиқтириш, улардан нақд пул олиш вазифасини қойиллатиб бажара бошлади. Мижозларни ишонтириш мақсадида пулларнинг бир қисми банкка топширтирилиб, компьютер орқали қалбакилаштирилган шартнома ва тўлов чипталари тақдим этилди.

Жиноий уюшма ташкилотчиларидан бўлган С.Акбаров ва М.Эгамназаров банк соҳасида ишлаб етарли билим ва тажрибага эга бўлганликлари сабабли фуқароларнинг банк муассасасига нақд пул топширишига бош-қош бўлишди.

Гуруҳларга жалб қилинган айрим шахсларни қизиқтириш мақсадида уларга арзон нархларда автотранспорт воситалари олиб берилди. Шундан сўнг яқин танишлари, қўни-қўшнилари ва қариндошларига бир ярим ой ичида салондан автомашина олиб беришни ваъда қилиш, нақд пулни қўлга киритиш ва гуруҳ раҳбарларига топшириш вазифаси юкланди.

Режага асосан «Ҳамкорбанк»нинг Тошкент шаҳар филиали бошқарувчиси Н.Мўминов уюшма аъзолари ёки уларнинг яқин қариндошлари номига банкнинг жамғарма бўлимида омонат ҳисоб рақами очган. Жабрланувчилар автомашина учун топширган пулларни қабул қилиб олган. Аслида, ушбу пуллар юқоридаги омонат ҳисоб рақамларига туширилган. Уюшма аъзоларига банк ҳисобидан фоиз ҳам тўлаб берилган. Пулларни ўзлаштириш ишлари давом эттирилиб, улар чиқим ҳужжатларига сохта маълумотлар киритилган ҳолда банкнинг валюта бўлими орқали АҚШ долларига алмаштириб олинган.

К.Жетибоев илгари машина олиб сотиш билан шуғуллангани ва бу соҳада чуқур билим ва тажрибага эга эканлиги эътиборга олинган. У пул топширган фуқароларнинг ишончини оқлаш мақсадида айримларига ҳақиқатан ҳам автомашина етказиб берган. Лекин ҳужжатларини расмийлаштирмасдан, кейинчалик қайтариб олиб, яна бошқа фуқароларга ўтказиб келган.

Жиноий уюшма раҳбари У.Эшмуҳамедовнинг яқин таниши бўлган Э.Абдуллаев уюшма қароргоҳи ҳисобланган офисларда унинг «кўзи ва қулоғи» бўлиб, жи­ноий фаолиятнинг боришидан, гуруҳ аъзоларининг ўзини тутишидан хабардор этиб турган.

Уюшма аъзолари республиканинг турли ҳудудларидан автомашина олиш истагида келган фуқароларга гўёки қонуний фаолият олиб борилаётганини намоён қилиш мақсадида Тошкент шаҳрининг марказида европа стандартларига мос равишда таъмирланган офислар ташкил этган. Уларнинг жойлари вақти-вақти билан алмаштириб турилган. Масалан, 2007 йил октябрь ойининг ўрталарига қадар Тошкент шаҳар Юнусобод тумани Ц-4 мавзеси, 24-уй, 33-хонадон, октябрь ойининг ўрталаридан декабрнинг ўрталарига қадар Мирзо Улуғбек тума­ни, Содиқ Азимов кўчаси, 44-уй, 13-хонадон, 2007 йилнинг декабрь ойи ўрталаридан 2008 йил 17 январга қадар Мирзо Улуғбек тумани, Асака кўчаси, 33-уй офис сифатида фойдаланиш учун ижарага олинган. Ушбу хонадонлар замонавий компьютер ва видеоназорат воситалари, мебеллар билан жиҳозланган.

Ташкилотчи У.Эшмуҳаме­дов ва шериклари М.Эгамназаров, С.Акбаров, Н.Мўминов, Э.Абдуллаев ва К.Жетибоев замонавий компьютер техникаси ёрдамида гўёки Фарғона шаҳрида рўйхатдан ўтган «Аvto savdo» масъулияти чекланган жамияти ва «Автотеххизмат» акциядорлик бирлашмаси Фарғона вилоят бирлашмасининг муҳри акс эттирилган сохта шартнома бланкаларини тайёрлаганлар. Сохта шартнома ва ғазна кирим чипталарини тайёрлашда Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани ҳокимиятида 2005 йил 27 июль куни рўйхатдан ўтказилган, 2005 йил 16 август куни фаолияти тўхтатилган «Lifttrans servis» масъулияти чекланган жамиятининг муҳридан фойдаланишган.

Гуруҳга аъзо бўлиш учун «аъзолик бадали» сифатида пул тўлаш шарт бўлган. Аъзоларнинг жиноий йўл билан топилган маблағлардан улуш олишлари кўзда тутилган. Уларга даромадлардан бозор нархларида автомашина олиб бериш ваъда қилинган. Кафолат сифатида топширилган пулга сохта олди-сотди шартномалари ҳамда тўлов чипталари тақдим этилган.

Масалан, уюшма ташкилотчилари З.Рустамовга 7 та «Нек­сия» автомашинасини автосалондан 40-45 кунда олиб беришни ваъда қилишади. Ундан 2007 йилнинг декабрь ойи бошларида Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани «Чиғатой» бозори ёнида 98000 АҚШ долларини қабул қилиб олишади. «Аvto savdo» МЧЖ номидан қалбаки шартномалар тузилиб, бу ҳақда «Lifttrans servis» МЧЖ муҳри босилган қалбаки касса ордери расмийлаштирилади. Уларни З.Рустамовга тақдим этиб, қўлга киритилган пулни ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборишади.

Шунингдек, фуқаро Х.Ҳожиабдуллаевни 4 та «Нексия» автомашинасини автосалондан 40 кунда олиб беришга ишонтириб, 2007 йил 29 октябрь куни Собир Раҳимов тумани А.Содиқов кўчасида 60000 АҚШ долларини оладилар. Унга ҳам қалбаки шартнома ва касса ордери расмийлаштирилади.

А.Саидов ҳам ўз пулига куйганлардан. У 2007 йилнинг ноябрь ойи охирларида таниши Ш.Зафаровга битта «Матиз» учун 10000 АҚШ долларини беради. Лекин автомашинадан ҳамон дарак йўқ.

Жабрланувчи Б.Турғунбоев эса 2007 йилнинг ёз ойларида қўшниси У.Эшмуҳамедов автомашиналар олди-сотдиси билан шуғулланаётганини эшитиб қолади. Унинг олдига бориб, учта «Нексия» ва битта «Дамас» учун 59700 АҚШ доллари беради. Шартнома ва квитанциялар сохта экани унинг хаёлига ҳам келмаган.

Шунингдек, фуқаро А.Акбаров 2008 йил 16 январь куни гуруҳ аъзоси Ш.Набиев билан биргаликда Мирзо Улуғбек туманидаги «Полянка» кафесининг ёнидаги офисга биргаликда боради. Ш.Набиев ундан иккита «Дамас» учун 20800 АҚШ долларини олиб, офис­га кириб пулларни «тўлаб» чиқади.

Бундай операциялар 360 ҳолатда амалга оширилади. Фирибгарлик йўли билан фуқароларнинг жами 4 миллион 830 минг АҚШ доллари ва 1 миллиард 470 миллион сўмдан ортиқ маблағи талон-торож қилинади.

Берилган ваъдаларнинг ёлғонлиги маълум бўла бошлагач, пулига куйганлар орасида норозилик пайдо бўлади. Ҳуқуқ-тартибот органларига қилинган мурожаатлар натижасида жиноят иши очилиб, уюшма аъзолари қўлга олинади.

Суд уларга қилмишига яраша қонуний жазо тайинлади. Лекин бошқа нарса ташвишланарлидир. Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан фирибгарлик билан шуғулланган гуруҳларни фош этиш, фаолиятига барҳам бериш борасида олиб борилаётган чора-тадбирларга, матбуотда уларнинг қилмиши тинимсиз ёритилаётганига қарамасдан фуқароларнинг алданиб қолиш ҳолатлари тўхтагани йўқ. Одамларимизнинг соддалиги, ишонувчан экани бунинг асосий сабабидир. Бинобарин, фирибгарликларга барҳам беришнинг ягона йўли – аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишдан иборат.

Абдураҳмон Мустафоқулов

————————————

«Huquq va burch» журнали,

2012 йил 3-сон

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>