• Бугунги сана: Payshanba, Dekabr 14, 2017

Аслида ким бой?

Кузатсак… кундан-кунга ҳар борада шароит қулайлашиб боряпти. Ҳаёт тарзимизни яна ҳам гўзаллаштиришга интилишимиз ҳам шунга мувофиқ – эҳтиёжларимиз ортиб, сарф-харажатларимиз кўпайган. Сўнгги урфдаги либослар, уй жиҳозлари, машина, яна бир қатор нарсалар – ҳаммасини олиш керак, фақат олиш… Катта-кичик дўконлар, бозор, кўча-куй – тўрт томонда шу ўй билан кезинамиз. Демак, қўлимизда шунга етарли маблағ бор. Демак, иқтисодий аҳволимиз мустаҳкамланиб бормоқда…

Кузатсак… ашёларимиз шунча кўпайганига қарамай, кундан-кунга ғариблашяпмиз – маънавиятимиз, кўнглимиз, туйғуларимиз… Яна ҳам бой, яна ҳам тўкисроқ яшаш ҳақидаги орзулар сабаб имон қувватимиз заиф, туйғуларимиз ғариб, самимиятимиз унут…

Ваҳоланки, Расулуллоҳ (с.а.в.): «Мол-дунёси кўп одам бадавлат эмас, балки нафси тўқ одам бадавлатдир», деб марҳамат қилганлар (Муттафақун алайҳ). Яъни, кўзи оч бўлмаган, қаноатли кўнгил соҳиби ҳақиқий бадавлат саналади.

Биз ана шу ҳақиқатни унутганмиз гўё. Фақат йиғамиз, уйимиз, ўзимиз, машинамиз, борингки, қўлимизда нимаики бўлса, зеб бериш пайидамиз. Буларнинг ҳаммаси бир-биридан зарур, муҳим. Уларнинг чиройи, ёруғлигидан қамашган кўзларимиз олдида кўнгил хазиналари сочаётган нур тобора хира тортиб боради…

Аслида икки дунёмиз учун манфаатли бўлган энг қимматбаҳо бойликлар қалбда, кўнгилда – Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ (с.а.в.)га, жамики мўминларга муҳаббат, имон, ихлос, самимият, илму ирфонга муҳаббат; гўзал ахлоқли, маънавиятли бўлиш истаги. Зотан, Пайғамбар (а.с.) дуоларида шундай деганлар: «Аллоҳим, Сендан ҳидоят узра бўлишни, тақвони, иффатни ва (кўнгил) бойлигини тилайман» (Муслим ривояти).

Ҳазрати Умар (р.а.) халифалик даврларида устма-уст уч ямоқ тушган либос кийиб юрганларига Анас ибн Молик­ (р.а.) гувоҳлик берганлар. Ҳолбуки, у зот (р.а.)да тўкис яшаш имконияти жуда катта бўлган. Шундай бўлгач, ҳазрати Умарни ким фақир дея олади? Донолар шунинг учун айтишмаганми: «Неча одамлар борки – кийгани кийими йўқ. Қанча либослар борки – ичида одам йўқ!»

Аҳли суффа Саодат асрининг энг фақир кишилари саналган – фақат иқтисодий жиҳатдан. Аммо маънавий томондан қаралса-чи? Бу саволга жавоб бериш учун биргина мисол кифоя – Расулуллоҳ (с.а.в.)дан энг кўп ҳадис ривоят қилган етти саҳобадан биттаси Абу Ҳурайра (р.а.) аҳли суффадан эдилар! Шунда ҳам қўлимиздаги мулклар, қимматбаҳо буюмлар, чиройли либосларнинг ўзи билангина боймиз дея қувонишимиз тўғри бўладими?

Сиз нима дейсиз: аслида ким бой?

«Ирфон» тақвимидан олинди


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>