• Бугунги сана: Chorshanba, Avgust 16, 2017

Арчибалд Маклиш (1943 йил 6 май, АҚШ)

Бизнинг йиғилишимиз деярли юбилей хусусиятига эга дейиш мумкин. 1933 йил 10 майда фашистлар китоб ёқиш маросимини уюштиришган эди, тўрт кундан сўнг ушбу машъум ҳодиса юз берганига ўн йил тўлади. Ўшанда йигирма беш мингта китоб ҳалок бўлган эди.

Ўнинчи майда Берлиндаги гулханда китоблар ловуллаб ёнган эди, олтинчи майда эса Нью-Йоркда ўзини китобга бахш этган одамлар банкетга йиғилдилар — мен бу гапларни тасодифан ушбу саналар бир-бирига тўғри келиб қолганига алоҳида эътибор қаратиш учун гапираётганим йўқ; шунинг учун гапираяпманки, у воқеа ҳам, бу воқеа ҳам китобнинг нақадар улкан қудратга эгалигини кўрсатади.

Аниқроғи, мен бу икки воқеани шунинг учун таққослаяпманки, маълум маънода Берлиндаги ёнғин, гарчи уни уюштирувчилар буни истамаган бўлсалар ҳам, китоб қандай қудратга эгалигининг энг ёрқин далили бўлган эди. Яна шунинг учун гапираяпманки, бу ёнғин баъзи бир оқибатларни келтириб чиқарди.

Фашистлар — нотўғри йўлдан юрган нодон ўспиринлардир, ҳаётда ўз ўрнини топа олмаган қаланғи-қасанғилар, ўғри, қотил, босқинчилардан ташкил топган, ўз фашистча «тартиби»ни ўрнатган тўдалардир. Фашистлар китоб ёқишдек ушбу жирканч шармандагарчиликни уюштиришди, чунки нақадар нодон, жоҳил, қаҳру ғазабнинг қули бўлсалар ҳам китобнинг қурол эканлигини, озод инсонлар яратган китоб озод инсонларга хизмат қилувчи, ўзида озод инсонларнинг юксак тафаккурини акс эттирувчи шунчалик ўткир, қудратли, зўр қурол эканлигини, озодликни тиз чўктиришга қасд қилганлар энг аввал китобни — озодлик ўз ҳуқуқлари учун курашувчи қуролни йўқотишлари кераклигини яхши билишган.

1933-may-10-berlin-book-burning
Берлин, 1933 йил 10 май                Фото манбаси: commons.wikimedia.org

Шу боис мен сизга бир савол бермоқчиман, барчамиз — ўз ҳаётини китобсиз тасаввур қила олмайдиган ёзувчилар ва китобчилар, ноширлар ва кутубхоначилар, олимлар ва жамоат арбоблари жавоби ҳақида ўйлаб кўришимиз керак бўлган савол бу: биз, китобни таҳқирлаган фашистлардан шунчалик оташин бўлаётганлар, биз, китоблар устида ишлайдиган, уларни ўрганадиган ва улар ҳақида чиройли гапларни гапирадиганлар китобнинг қудратига уни оловга ирғитувчи фашистларчалик баҳо бера оламизми? Биз, китоб ёзувчилар ва уларни тарқатувчилар, уларнинг рўйхатини тузувчилар китобнинг аҳамиятини миридан-сиригача, тўлиқ англай оламизми, уни фақат оғизда эмас, бутун вужудимиз билан англай оламизми, китоблардан нақадар қўрққанлиги учун уларни ёқишгача борганлар англаганчалик англай оламизми?

Бу риторик савол эмас, жиддий савол. Мен жиддий сўраяпман. Назаримда, унинг жавобини ҳам биладигандайман. Сиз ҳам билсангиз керак. Аммо, гапимга ишонаверинг, агар хоҳласа иблиснинг адвокати1 биз учун унчалик ҳам ёқимли бўлмаган чала жавобни қулоғимизга шипшитиши мумкин.

Иблиснинг билимдон адвокати биздан қутурган фашистларнинг жоҳиллигидан бироз чалғишни ва ўзимизнинг охирги ўн йилликдаги хатти-ҳаракатларимизни ёдга олишимизни сўраши, кейин эса тўғрисини айтишимизни талаб қилиши мумкин: агар биз, ҳаётини китобга бағишлаган одамлар, китобнинг буюк таъсир кучига эга эканини, у инсонлар ва халқларнинг ҳаётини ўзгартирувчи восита эканини англаган бўлсак, шу йилларда ўзимизни қандай тутишимиз керак бўлган бўлса шундай тутдикми ёки, аксинча, китобга товарга, пластмассадан ясалган тиш чўткалари, лосьон бутилкалари ва патентланган дори-дармонлар сингари пештахтани безаб турувчи нарсаларга қарагандай қарадикми? Бундай саволга жавоб бериш осон бўлмайди. Биз иккиюзламачилик қилмасдан, 1920-йилларда ишлаб чиқилган ва 1930-йилларда кенг қўлланган китоб савдоси методлари туфайли сотиладиган китоблар сони анча кўпайди, бозоргир китобларнинг тиражи эса  шундай суръатлар билан ошдики, тез орада бундай китоблар учун тираж чеклови деган нарса умуман йўқолади деган хаёлга борганмиз деб жавоб берган бўлур эдик. Бироқ кўп-кўп китоб сотганимиз ҳақидаги ҳикояларимизни тинглаган иблиснинг адвокати биздан сўрайди: «Айнан қандай китобларни сотдингиз? Кенг кўламда тарқатишга мўлжалланган бу китоблар қандай тамойилга кўра танланди? Ва ниҳоят уларнинг кенг кўламда тарқатилиши нимага олиб келди?».

Бир нарса аниқ, — дейди у бизга, — ушбу китобларнинг бадиий қиммати масаласини бир четга қўйиб турган тақдиримизда ҳам (ўйлашимча, иблиснинг адвокати мазкур масалани кўтармаса, биз учун айни муддао бўлади) ушбу китоблар ва сизнинг уларга бўлган муносабатингизда сиз китобларга мамлакат ҳаётига ва унинг келажагига таъсир ўтказувчи қудратли қурол каби ёндашганингизни тасдиқловчи жиҳатлар жуда кам. Агар буюк мамлакатнинг халқи қачонлардир атрофда юз бераётган сирли ўзгаришларни пайқамаган бўлса, замона зайлидаги ғайриоддий ўзгаришларга тайёр бўлмаган ва улардан хабарсиз қолган бўлса, америкаликлар фашизмнинг тобора кучайиб бораётганидан ғафлатда қолгани ва бунга тайёр бўлмаганининг сабаби шу, бошқа изоҳга ҳожат йўқ. Харидоргир китоблар рўйхатида Эрнест Хемингуэйнинг «Қўнғироқ кимни чорлаяпти?» ёки Эд Тейлорнинг «Қўрқув стратегияси» ёхуд «Билл Ширернинг кундалиги» сингари бугун биз яшаётган дунё ҳақидаги, халқимиз эътибор билан ўқиганида душман Гонолулу2ни бомбардимон қилмасидан ва Атлантика қирғоқларини (бу ерда муаллиф адашаяпти, Гонолулу Тинч океандаги Гавайи архипелагида жойлашган — Ҳ.К.) ҳалок бўлганларнинг жасадлари босиб кетмасидан бурун унга мамлакатга хавф-хатар булути соя солаётганини англаш имконини берувчи атиги бир нечта китоб бор эди холос. Аммо сотувга чиқарилган китобларнинг аксариятини жаҳон тарихининг охирги ўн йиллиги ҳаммамиз учун ўлим хавфи юзага келиши билан тугаши мумкинлиги ҳақида; Испанияда фашистлар уюштирган тўнтариш фашистларнинг оламшумул юриши бошланганини англатиши, у бизнинг ҳам эркинликларимизга, ҳаётимизга хавф солиши ҳақида; Чехословакия3нинг фашистлар томонидан оккупация қилиниши фақат Судет вилоятининг фашизм томонидан босиб олинишини эмас, балки бошқа, Германиядан анча узоқ мамлакатларни ҳам, шу жумладан бизнинг диёрни ҳам забт этишга уринишни англатиши ҳақида заррача ҳам тушунча бермайдиган асарлар ташкил қиларди.

Bundesarchiv_Bild_102-14597,_Berlin,_Opernplatz,_Bücherverbrennung
Берлин, 1933 йил 10 май                Фото манбаси: commons.wikimedia.org               

Америка ёзувчилари, гарчи ўшанда ёзувчилардан ташқари жуда кам одам Испаниядаги воқеалар ҳақида ҳақиқатни айтишга журъат қилган бўлса-да, франкочилар тўнтаришини ўз номи билан тўнтариш деб атаб, мамлакатимизда фашизмга қарши илк ва жасур курашчилар сифатида майдонга чиққани; америкалик ноширларнинг аксарияти антифашистик китобларни чоп этиш учун бор куч ва маблағини аямагани; халқни хавфдан огоҳ этишни ватанпарварлик бурчи деб билган ёзувчиларнинг асарлари қўлма-қўл бўлиб кетган ҳолатлар ҳам бўлгани сингари далилларни қалаштириб ташлаб ушбу хаёлий мунозарани яна давом эттиришга ҳожат йўқ. Буларнинг ҳаммасини, яна кўп далилларни иблиснинг адвокатига эътироз сифатида келтириш мумкин. Шунга қарамай шу нарса аниқки, умуман олганда биз китоб воситасида эришишимиз керак бўлган мақсадларни рўёбга чиқариш учун китобнинг имкониятларидан самарали фойдаландик дея олмаймиз.

Америкада охирги йигирма йил мобайнида бу борада қилинган ишлар қониқарли эмас десам, барчангиз фикримга қўшилсангиз керак. Барчангиз фикримга қўшилсангиз керак, тарихимизни ёдга олганда устма-уст қилинган хатоларни таҳлил қила туриб Батаан4 таслим бўлган ўша фожеали кундан, Коррехидор қўлдан кетган ўша фожеали кундан хаёлан фожеийликда улардан қолишмайдиган, ўзимизнинг масъулиятсизлигимиз ва калтабинлигимиз туфайли олдинги урушда қўлга киритган ҳамма нарсамиздан мосуво бўлган кунларга ўтишимизга тўғри келади. Энди ортга бир назар ташласак, тарихимизнинг охирги йигирма тўрт йили жинояткорона бепарволикдан муқаррар бахтсизлик сари йўлдай — баайни Европада юз берган фожеа сингари албатта босиб ўтилиши лозим бўлган, машъум ва даҳшатли йўлдай туюлади, буни ҳеч ким инкор этмаса керак. Орамизда бугун ҳаммамизнинг бошимизга тушган кўргулик учун жавобгар бўлмаган, айниқса ҳаёти китоб билан боғлиқ бўлгани учун ҳам ҳаммамизнинг бошимизга тушган кўргулик учун жавобгар бўлмаган одам ёки жамоат йўқ, бу фикримга ҳам барчангиз қўшилсангиз керак.

Аммо энди шунчаки ўтмишни кавлаштириш ва йўл қўйилган хатолар учун пушаймон қилиш етарли эмас, умумий масъулият ҳисси ўзининг алоҳида, айнан унга юклатилган бурчини англаб етган ҳар бир кишининг шахсий масъулиятига айланишига эришиш шарт. Бу туйғу масъулият билан қилинадиган ҳаракатга айланмоғи лозим. Гап, масалан, кино саноати ҳақида кетганда унинг вакиллари бир, икки ё беш йил илгари кинонинг ягона вазифаси томошабиннинг кўнглини ёзишдир, кинотеатрларнинг электр чироқлари билан чароғон остоналаридан узоқларда нима бўлса бўлар деб ишонтирганларнинг бошига таъна тошларини ёғдириши етарли эмас. Эндиликда кино саноати кўплаб ҳақиқатларнинг кўзига тик боқиши ва ўзи учун зарур хулосаларни чиқариб олиши даркор. Ушбу ҳақиқатларнинг энг асосийси шуки, кинофилмлар мамлакатимиз ҳаётига кучли таъсир кўрсатади, картина муаллифи хоҳлайдими-йўқми, уларнинг таъсири бир кунмас-бир кун ўз мевасини беради, чалғитувчи ёки ҳаёт ҳақида ёлғон тасаввур уйғотувчи картиналар томошабинларга ҳаққоний, ҳаётни ойнадагидек акс эттирувчи картиналар сингари кучли таъсир қилади, аммо уларнинг таъсири иллюзияга, ўз-ўзини алдашга олиб келади. Кино саноати тан олиши керак: унинг шунчаки халқнинг димоғини чоғ қилишга интилаётгани ва ижтимоий фикрни шакллантиришга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини баҳона қилиб Америкадаги ижтимоий фикрнинг хусусияти учун жавобгарликни ўзидан соқит қилишга уриниши асоссиз ва ножўя уринишдир. Эътироф этиш лозимки, Америка халқи ҳозирги замон қандай хусусиятларга эгалиги ва қандай хавф-хатарларни келтириб чиқариши мумкинлигини илгарироқ, анча илгарироқ англаб етмагани учун кино саноати радио, матбуот, китобчилик, коллежлар, мактаблар, биз ҳаммамиз каби шак-шубҳасиз жавобгардир.

Librarian's Conference, December 5, 1944
Кутубхоначилар конференцияси, 5/12/1944 й.                         Фото манбаси: www.loc.gov

Илгарилари кино саноати кўнгилочар кино билан одамларга таъсир ўтказувчи кино ўртасида фарқ борлигини даъво қилган бўлса-да, тафовут мавжуд эмас. Дунёни ҳаққоний тасвирлашга уриниш томошабинга қандай таъсир қилса, уни аслидагидан бошқача тасвирлашга уриниш ҳам кўрарманга шундай таъсир қилади; бизнинг фожеали, хавф-хатарга тўла замонамизда одамлар дуч келаётган ҳақиқий муаммолар кўрсатилмайдиган, бироқ сизга сон-саноқсиз келишган оёқчалардан ҳамда ҳаммасида бир хил табассум порлайдиган чеҳралардан баҳра олиш таклиф қилинадиган, ҳақиқатдан анча узоқ Ҳолливуд ленталари қандай «тарғибот филмлари» бўлса, «Бир шингил қаҳр»5 ва «Испан диёри»6 шундай «тарғибот филмлари» ҳисобланади, заррача ортиқ эмас. Қолаверса, кўпроқ ушбу оёқчалар ва табассумларни «тарғибот» деб аташ тўғрироқдир, чунки америкаликларнинг кўпчилиги уларда тасвирланадиган дунё, аниқроғи, антидунё ҳақиқатан ҳам мавжудлигига аста-секин ишониб қолишди, то осмондан бомбалар ёғилиб, кўз олдини чанг-тўзон қоплаб, олдиларида нурафшон экран ўрнига кинотеатрнинг сувоқлари кўчиб тушган оддий ғишт девори намоён бўлмагунча ишонишди.

Аммо китоб ёзувчилар, вазифаси китобни ўқувчиларга етказиш бўлган инсонлар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Ҳаммамизнинг зиммамизда масъулият бўлгани сингари китоб сотиш ҳам масъулиятли иш, демак кино саноати каби, ёзувчилар, кутубхоначилар ва бошқалар каби китобчилик ҳам ўз айбини тан олиши керак. Йигирманчи ва ўттизинчи йилларда амал қилинган китоб тарқатиш тамойиллари кинодаги шунга ўхшаш томойиллар қандай оқибатларга олиб келган бўлса шундай оқибатларни келтириб чиқарди. Китобчиликда ҳам — унчалик ошкора ва аниқ бўлмаса-да — китобга товар сифатида, талаб бўлгани учун сотилиши керак бўлган товар сифатида қараш шаклланган, харидорга топширилган пакетдаги нарсалар учун сотувчи жавоб бермагани каби сотилган китобнинг мазмуни учун китобчи жавоб бермайди деган фикр кенг тарқалган эди. Китоблар емакхоналарда арзон нархларда сотилгани боис китоб сотувчилар уларга фақат нарх-наво билан қизиқувчи емакхона эгаларининг кўзи ила қарашга ўрганиб қолишди. Китоб баҳоси уч доллар ёки тўқсон саккиз цент бўлган товар ҳисобланар, товар сифатида сотиларди. Китобнинг машҳурлиги юз минг ё беш юз минг ёки миллион нусхада сотилишига қараб ўлчанарди. Йирик дўконларда китоблар муайян бичимдаги костюмлар танлангандек танланарди, иккаласида ҳам харидорга айнан ушбу модел ёқади деган тамойилга амал қилинарди.

Бошқача айтганда, кинода нима юз берган бўлса, китобчиликда ҳам деярли шу нарса юз берди, аммо оқибати жуда аянчли бўлиб чиқди. Ёдда тутиш керакки, йигирманчи йилларгача китобчилик билан бу ишнинг масъулиятини тўла ҳис қилган одамлар шуғулланган, кейинчалик уларнинг издошлари бу масъулиятдан қочишга ҳаракат қилишди. Китобчилик, шубҳасиз, масъулиятни ҳис қилиш жуда ҳам зарур бўлган касблардан бири эди. Ўтган асрда, ундан аввалги асрда ҳам китоблар уларга товар эмас, китоб сифатида қараган кишилар томонидан; ўзи сотаётган китоб ҳақида маълум бир фикри бўлган ва бу фикрини асослаб бера оладиган кишилар томонидан; харидорлари улар билан бирон-бир роман неча нусхада сотилгани ҳақида эмас, ўша романнинг ўзи ҳақида, унинг ютуқ ва камчиликлари, фазилатлари ҳақида гурунглашадиган кишилар томонидан сотилган.

Гарчи бу афсусланарли ҳолат бўлса-да, фожеа китобчиликда китоб савдосининг эски тамойилларига амал қилмай қўйилганидагина эмас. Фожеа шундаки, китоб сотувчилар ўз вазифаларини буткул унутиб қўйишди — ушбу жудаям муҳим вазифа туфайли уларнинг фаолияти китобларда ифодаланган ғояларнинг кенг ёйилишида муҳим аҳамият касб этарди. Китоблар, ҳақиқий китоблар ўз-ўзидан сотилиб кетмайди. Ҳақиқий китобнинг муқоваси қанчалик чиройли бўлмасин, унда китобнинг мазмун-моҳияти қанчалик маҳорат билан акс эттирилган бўлмасин, китобнинг ташқи кўриниши одамларда уни албатта сотиб олиб ўқиб чиқиш керак экан деган фикрни уйғотолмайди. Ҳақиқий китоблар уларнинг қандай китоблигини биладиган ва уларга ҳурмат билан муносабатда бўладиган одамларнинг ғайрат-шижоати туфайли сотилади. Бу ғайрат-шижоат эса аввало китобни варақлаб чиқаётган ўқувчини ишонтиришга қаратилган бўлиши керак. Энг ҳурматли танқидчи томонидан ёзилган энг беназир тақриз ҳам ўқувчининг ўқувчи билан суҳбатидан камроқ фойда келтиради. Бундай гурунгларда эса ҳар доим ўз китобларини ҳам, ўз харидорларини ҳам яхши биладиган китобчи энг обрўли суҳбатдош бўлади. Агар китоб савдосида шундай сотувчилар қолмаса бу савдо ҳамма нарсани улкан ва ёрқин реклама плакатлари ҳал қиладиган, муваффақият ва муваффақиятсизлик ҳақида эса олинган даромадга қараб баҳо бериладиган совун ёки консерва савдоси каби оддий, ўртамиёна савдога айланади.

    Китоб савдосида яна ҳақиқий китобчининг вазифаси ҳақидаги ғоя қарор топмас экан, китоблар ўзининг юксак ролини, даврнинг ижтимоий руҳини белгилаш ролини бажара олмайди; урушаётган мамлакатимизнинг минг-минглаб ўқувчилари ўқиб чиқиши лозим бўлган китоблар уларнинг ўндан бири, ҳатто юздан бирининг ҳам қўлига етиб бориши гумонлигича қолаверади. Мамлакатимиз учун китоб ҳали ҳеч қачон бугунгидек аҳамият касб этмаган эди. Кўпинча ҳал қилиниши зарур бўлган муаммоларни, бартараф этилиши керак бўлган ғовларни аниқлаш қийин, уларни бехато белгилашга фақат китобгина қодирдир. Фақат китобларгина, масалан, урушдан кейинги дунё қандай бўлиши сингари ҳаммамизни қаттиқ хавотирга солаётган масалаларни муҳокама қилиш учун майдон бўла олади. Ниҳоят, олдимизда турган энг асосий масала — давримиз қандай давр эканлиги масаласи — фақат бунинг учун етарли ўрин ва имкон берувчи китоблардагина ўртага ташланган ва муҳокама қилинган бўлиши мумкин. Бизнинг замонда яшовчи одамлар ҳали унинг ўзига хос хусусиятларини англаб етмаган экан, китоб бизни ундаётган тўхтовсиз изланишгина ҳозирги замон маънисини англаш имконини беради.

Шунинг учун ҳам ҳали кўп ойлар, эҳтимол, йиллар давомида китоблар тарихимизни шакллантириб, ҳаётимизда ғоят катта ва жуда муҳим рол ўйнайди. Мен фақат иқтисод ва сиёсатга оид китоблар ҳақида гапираётганим йўқ. Эндиликда сўз усталарининг, шоирларнинг ҳаётнинг маъноси ва паст-баландини ҳаммамиз учун аниқ-равшан кўрсатиб берадиган асарлари, романчиларнинг биз яшаётган алғов-далғов ва чалкаш ҳаётга тартиб ва маъно бағишловчи асарлари ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Китоблар бундан кейин ҳам ёзилади — бунга шубҳа қилмасангиз ҳам бўлади. Замона эҳтиёжлари давр талабига мос китобларни юзага келтираверади. Аммо китоб ёзишнинг ўзи етарли эмас. Жиддий тақризлар босиладиган кам сонли газета ва журналларнинг адабиёт саҳифаларида улар ҳақида тақриз эълон қилишнинг ўзи етарли эмас. Агар биз китобларда кўтарилган масалалар жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинишини хоҳласак, бу жуда зарур, бундай китоблар уларга эҳтиёжи бор ўқувчиларнинг, шундай эҳтиёжни ҳис қилувчи, аммо уни қандай қондиришни билмайдиган ўқувчиларнинг қўлига етиб боришига эришишимиз керак.

Китобчиларнинг ҳар қачонгидан ҳам аниқ-равшан бурчи, қоғозга ўралган босма маҳсулотларни пуллаш билан шуғулланувчи одамлар бажара олмайдиган, бажаришга уриниб ҳам кўриши керак бўлмаган бурч мана шу. Бу замон ўзгаришларини ҳис қиладиган ҳар қандай кишини илҳомлантирувчи бурч, ҳар ким ўзини унга қувонч ва ғурур билан бахш этиши мумкин бўлган бурчдир. Бошқача айтганда, бу айнан китоблар ва одамларни жуда қаттиқ севувчи, уларни бир-бирига яқинлаштириш учун жонини ҳам беришга тайёр инсонларнинг бурчидир. Улар учун бундан муқаддасроқ бурч бўлмайди.

Бу бурчга риоя қилиш учун киши аввало ўзининг оғир, аммо муносиб вазифасини — нафақат профессионал, шу билан бирга инсоний вазифасини — ўз талабларини билдираётган одамлар ва бизнинг давримизда яратилаётган адабиёт ўртасида воситачи бўлиш вазифасини англаши ва зиммасига олиши лозим. Ҳақиқий китобчигина китобни ҳам, ўқувчини ҳам жуда яхши билгани каби бу вазифага уларни миридан-сиригача билувчи одамгина лойиқдир. Илм одами илмий даражаларни қандай билса у ҳам замонавий китобларни шундай билиши, маҳаллий врач ўз ҳудудидаги одамларни беш қўлдай билиб олгани сингари у ҳам ўз ҳамшаҳарларини шундай билиб олиши даркор. Бошқача айтганда, у ўқувчилар китоблардан нима олишни хоҳлаётганини ва китобларнинг муаллифлари уларга нимани ўргата олишини билиши керак. Ва у ўқувчи билан китобни sub specie aeternitatesэмас, келажак кунларнинг бирида эмас, бизнинг оловли, қайғули, аммо умид чироғи ўчмаган шу кунларимизда, бугуноқ юзма-юз учраштириб қўйиши шарт.

Ҳасан Карвонли таржимаси 

 

1 Ўрта асрларда Европада бирон-бир руҳонийни авлиё деб тан олиш учун черковда муҳокама ўтказилган. Бир киши унинг фазилатларини, яна бир киши нуқсонларини айтиб турган. Нуқсонларни сановчи кишини «иблиснинг адвокати» деб аташган.

2 Гавайи оролларининг пойтахти, у ва Пёрл-Харбор  япон авиацияси томонидан 1941 йил 7 декабрда бомбардимон қилинган.

3 Чехия ва Словакия 1993 йил 1 январгача битта давлат бўлган.

4 Филиппиннинг энг йирик оролларидан бири бўлмиш Лузонадаги бурун, 1942 йил 9 апрелда япон қўшини томонидан босиб олинган. Америка қўшини Коррехидор қалъасига чекинган ва бир ойдан сўнг таслим бўлган.

 5 Ж.Стейнбекнинг шу номли романи асосида режиссёр Жон Форд томонидан 1940 йилда суратга олинган бадиий филм.

6 Голланд режиссёри ва оператори Йорис Ивенс томонидан Э.Хемингуэй билан биргаликда 1937 йили суратга олинган ҳужжатли филм.

7 Абадият нуқтаи назаридан (лотинча).

Tafsilot.uz маълумоти

Арчибалд Маклиш (1892–1982) — америкалик шоир, драматург, мунаққид, педагог ва жамоат арбоби. У 1933, 1953 ва 1959 йилларда АҚШнинг журналистика, мусиқа ва театр соҳасидаги нуфузли мукофотларидан бири Пулитцер мукофоти (ингл. Pulitzer Prize) соҳиби бўлган. Йель университети (санъат бакалаври), Гарвард ҳуқуқ мактаби (ҳуқуқ бакалаври)ни тамомлаган Арчибальд 1930—1938-йилларда “Fortune” журнали муҳаррири, 1939—1944-йилларда Конгресс кутубхонаси мудири, 1944—1945-йилларда давлат котибининг ёрдамчиси бўлиб фаолият юритган. 1949—1961-йилларда Гарвардда нотиқлик санъатидан дарс берган. 1953—1956-йилларда Америка санъат ва адабиёт академиясининг президенти бўлган.

Арчибалд Маклиш “Китобнинг қудрати” деб номланган юқоридаги нутқини Америка китобчилар ассоциациясининг 1943 йил 6 майдаги мажлисида сўзлаган.

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>