• Бугунги сана: Payshanba, Oktabr 19, 2017

АҚШ: “Ҳакерлик ҳужумларни Путиннинг ўзи бошқарган”

АҚШ Марказий разведка бошқармасининг (МРБ) Россия Трампнинг ғалаба қозонишига ёрдам бериш учун ҳакерлар орқали АҚШда бўлиб ўтган сайлов кампаниясига аралашганини даъво қилаётгани, Президент сайловида ғалаба қозонган Дональд Трамп 11 декабрь куни “Fox News” телеканалига берган интервьюсида МРБ ушбу гумонига ўз муносабатини билдиргани ҳақида хабар берган эдик. Бу борадаги тортишувлар ҳали-бери тинадиганга ўхшамайди.

Мазкур мавзуни биринчи бўлиб “Вашингтон пост” газетаси қўзғаган эди. Газетада чоп этилган мақолада муаллифи махфий таҳлилий ҳисоботлар ҳамда ўзининг манбаларига асосланиб бу ҳақда хабар берган. Оқ уйнинг айни пайтдаги раҳбари Барак Обама разведкачиларга сайлов вақтида АҚШга қилинган киберҳужумлар ҳақидаги шикоятлар юзасидан тергов ўтказишга топшириқ берган бўлиб, текширув натижаларини унга 20 январгача, яъни Президентлик ваколатининг сўнггигача етказиб беришни сўраган.

АҚШ президенти маъмурияти Россия президенти Владимир Путин АҚШдаги сайлов жараёнига ҳакерлик ҳужумлари орқали бевосита аралашган бўлиши мумкин деб баёнот бермоқда. Президент Обаманинг маслаҳатчиси Бен Роудснинг айтишича, Путин Россия ҳукумати амалга оширадиган барча амалиётларни қаттиқ назорат қилиши ҳисобга олинса, шундай хулосага келиш табиийдир.

“Вашингтон пост”даги мақолада ёзилишича, МРБ маълумотларига кўра Россиянинг мақсади сайловларда Клинтоннинг имкониятларини пасайтириб, Трампнинг обрўсини кўтаришга қаратилган, аммо бу АҚШнинг 17 та разведка хизматларининг умумий нуқтаи назарини ифодаламаслиги ҳам қайд этилади.

Ҳакерлар ҳужуми уюштирилганига далил борми?

АҚШ оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган хабарларнинг мазмунидан ҳакерлар қўлга киритган маълумотларни оммага ошкор қилишга Россия президенти Путиннинг шахсан ўзи буйруқ бергани англашилади. Аммо бу даъвога аниқ далиллар келтирилмайди. Воқеалар ривожини таҳлил қилган “Евроньюс” ҳам масаланинг ўу жиҳатига эътибор қаратиди. Гўёки Кремлнинг буйруғи бўйича ҳаракат қилган ҳакерлар ҳақидаги хабарлар АҚШ матбуотида бундан аввал ҳам бир неча марта пайдо бўлгани, бироқ ҳозиргача уларни тасдиқловчи ҳеч қандай далил-исбот тақдим этилмаганини таъкидлайди.

Барак Обама эса сайлов жараёнига аралашишга ҳаракат қилган Россия ҳакерларига нисбатан жавоб берилишини маълум қилган: “Хорижий давлат бизнинг сайловларимиз адолатли ўтишига таъсир қилмоқчи бўлса, шубҳа йўқки, бунга қарши чора кўришимиз керак”. Унинг таъкидлашича, АҚШ вақти келганда ҳакерлик ҳужумларига жавобан қатъий чоралар кўради.

Трамп бунга нима деяпти?

АҚШнинг янги сайланган президенти жамоаси юқоридаги мақола дунё юзини кўрган заҳотиёқ махсус хизматларнинг хулосасини рад этди. Трамп тарафдорлари бу Саддам Ҳусайннинг  оммавий қирғин қуролига эга деб тахмин қилган экспертларнинг фикри деб ҳисоблашган эди.

Доналд Трамп эса россиялик ҳакерлар Демократик партия аъзоларининг электрон почталарини бузиб киргани, бундан мақсад эса Ҳиллари Клинтоннинг рақибига ёрдам бериш бўлгани ҳақида даъволарга ишонмаслигини айтган. У айни масалада МРБ томонидан тайёрланган ҳисоботда илгари сурилган шубҳа-гумонларни рад этган.

Россиянинг жавоби

Россия расмийлари мазкур даъволар янграй бошлагандан буён ҳакерлик ҳужумларига алоқалари йўқлиги ҳақида бир неча бор баёнот беришди. Мамлакат ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса бу айбловларни рад қилар экан, “бу даъволарга кимнидир ишонтиришга ҳаракат қилиш аҳмоқлик”, деб айтган.

“Tafsilot.uz” воқеалар ривожини кузатиб боради.

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>